Саммит манзарасида қирғиз-тожик чегарасидаги зиддият

Саммит манзарасида қирғиз-тожик чегарасидаги зиддият

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) саммити баробарида авж олган Тожикистон-Қирғизистон ўртасидаги тўқнашув саммит якунланар экан, босилди, томонлар ўт очишни тўхтатишга келишди. Президентлар Имомали Раҳмон ва Садир Жапаров Самарқандда зиддият юзасидан музокара ўтказди.

Тожикистон ва Қирғизистон чегара қўшинлари ўртасида икки кун давом этган бу тўқнашувни ҳар икки давлат президенти Самарқанддан кузатди.

Бу вақт давомида улар турли давлат раҳбарлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказди. Саммит якунланиши ортидан камида икки киши ўлгани, 10 дан ортиғи яралангани айтилаётган тўқнашув муҳокамасига вақт топишди.

Бунгача бир шаҳарда, бир мажмуада бўлиб турган президентлар зиддиятни тўхтатиш ҳақида бевосита, билвосита ҳам гаплашмади, томонларни муросага чақирган воситачи лидер ҳам кўринмади.

“Озодлик” радиосининг Марказий Осиё бўйича мухбири Брюс Панниер тожик-қирғиз зиддиятида кузатилган шу ғалати ҳолатга диққат қаратади.

Унинг таъкидлашича, Самарқанддаги анжуман доирасида кўришиб турган президентлар зиддиятни ўзаро мулоқотда тўхтатиши мумкин эди, аммо бунга вақт топишмагани бу тўқнашувга ғалати тус берди.

“Агар Қирғизистон ва Тожикистон президентлари гаплашишни истамаган тақдирда ҳам, Шанхай ташкилоти етакчилари Си Цзиньпин ёки Путин томонларни муросага чақириши мумкин эди, лекин менинг билишимча улар ҳам, бошқа етакчилар ҳам бундай ташаббус кўрсатгани йўқ. Бу жуда ғалати кўринади”, — дейди Панниер "Озодлик"нинг қирғиз хизматидаги интервюсида.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити 16-сентабр куни Самарқанд декларациясини қабул қилиш билан ўз ишини якунлади. Саммитда ташкилот аъзолари ўртасидаги зиддият муҳокама қилинганига доир маълумот йўқ.

Тўқнашув саммит ортидан икки давлат раҳбарларининг алоҳида учрашувида муҳокама қилинди. Томонлар чегара ҳудудидан оғир қуролларни олиб чиқиш, можаро юзасидан суриштирув ўтказишга келишиб олган.

 “Озодлик” мухбири Брюс Панниер саммит манзарасида юз берган қирғиз-тожик тўқнашуви россияпараст кучлар томонидан қўзғатилганини эҳтимол қилади.

Аммо бу тўқнашувда россияпараст кучлар ким томонда эканини айтиш қийин. Россия Қирғизистонда ҳам, Тожикистонда ҳам ҳарбий базаларини жойлаштирган. Ҳар икки давлат Москва иттифоқчиларидан саналади.

Айрим қарашларга кўра, хусусан қозоқ шарҳловчиси Эржан Турғунбойнинг таъкидлашича, Имомали Раҳмон Путиннинг минтақадаги энг содиқ иттифоқчиларидан бири ҳисобланади.

“Қирғиз-тожик чегарасидаги зиддият ўчоғи Москва учун босим дастакларидан бирига айланган. Диктатор Имомали Раҳмон ҳозирги вазиятда Путининг минтақадаги энг содиқ иттифоқчиси, унинг бир ишораси билан зиддиятни алангалатиб бериши мумкин. Бундай вазиятда Садир Жапаровда Путин ҳузурига югуриш, Москвага таъзим қилишдан бошқа имконият қолмайди”, — дейди Турғунбоев.

Самарқанд саммити манзарасидаги бу тўқнашувга доир мулоҳазаларга кўра, ШҲТ доирасида вазиятнинг айланиб ўтилиши минтақа зиддиятларини Россия ваколатидаги масала сифатида қолдирилаётганига ҳам ишора.

Total Views: 604 ,

Добавить комментарий

“Етти йилга ва бир марта”. Тўқаев Конституцияга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонунни имзолади

“Етти йилга ва бир марта”. Тўқаев Конституцияга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги...

Закрыть