Бутун Американи қамраб олаётган оммавий норозилик намойишлари ва бунинг АҚШ ташқи сиёсатига таъсири

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Саволга жавоб

Бутун Американи қамраб олаётган оммавий норозилик намойишлари ва бунинг АҚШ ташқи сиёсатига таъсири

Савол:

Икки ҳафтадан бери Қўшма Штатларда оммавий норозилик намойишлари давом этмоқда. Бу намойишлар давомида зўравонликлар содир этилди, савдо дўконлари таланди ва полиция участкалари ёқиб юборилди… Хўш, битта қора танли америкаликнинг ўлдирилиши шунчалик норозилик оловини ёқдими? Ваҳоланки, илгари бундай ҳолатлар кўп содир бўлган, лекин бу каби норозиликлар келиб чиқмаган эди! Бунинг оқибати АҚШ ташқи сиёсатига таъсир қиладими?

Жавоб:

Ушбу саволларга жавоб тиниқ бўлиши учун қуйидагиларни келтириб ўтамиз:

1 – 2020 йил 25 май куни АҚШнинг Миннесота штатидаги Миннеаполис шаҳрида Америка полициячиси афро-америкалик бўлган Жорж Флойдни шафқатсизларча ўлдирди. Полиция ходими ушбу даҳшатли жиноятни полиция корпусида ўрганган бўғиш техникасидан фойдаланган ҳолда содир этди. Яъни, Флойднинг асфалтга ётқизиб, унинг каротис артериясини тиззаси билан бўғди. Бу ҳолат тўққиз минут давом этди, бу орада Флойд «нафас ололмаяпман», дея хириллади… сўнг жон таслим қилди. Бу манфур жиноятни барча америкаликлар кўрди, Америка полициясининг қора танлиларга нисбатан нақадар шафқатсиз эканига ўз кўзлари билан гувоҳ бўлишди. Эртасига одамзодга нисбатан шу даражада ваҳшиёна муносабатда бўлинганини қораловчи намойишлар тўғридан-тўғри шу шаҳарда аланга олди. Кейин бундай аламли бўғиш тасвирланган видеолавҳа ижтимоий алоқа тармоқларида кенг тарқалиши манзарасида, намойишлар АҚШнинг бошқа шаҳарларига ҳам уланиб, ҳатто мамлакатнинг 50дан зиёд штатида бошланиб кетди… Кейин ҳукумат намойишларни тўхтатиш мақсадида комендантлик соати эълон қилди, чунки намойишларга қотиллик, талончилик, савдо дўконлари ва полиция участкаларини ёқиб юбориш каби қатор зўравонликлар қўшилиб кетди. Америка полицияси намойишчиларга шафқатсиз муносабатда бўлишга ўтиб, турли шаҳарларда 4 мингдан зиёд шахсни қўлга олди, бир неча шахснинг ўлганини маълум қилди. Хавфсизликни таъминлаш ва кўчаларни назоратга олиш учун Миллий гвардия чақирилди. Ҳатто пойтахт Вашингтонда хавфсизликни ўрнатиш учун армия жалб қилинди, бу АҚШ тарихида илгари учрамаган эди. Намойишчиларнинг Оқ уйга бостириб киришларидан қўрқиб, президент Трампни ер ости яширин жойига ўтказишди.

2 – Америкадаги бу норозилик намойишлари бирин-кетин келаётган ҳукуматлар оғиз кўпиртириб мақтаниб келган ички барқарорликни издан чиқариб юборди… Оловнинг аланга олиши, дўконларнинг талон-торож қилиниб, полиция участкаларининг хонавайрон этилиши америкаликларни шу пайтгача ўз ҳукуматлари бошқа давлатларда ёқиб келган жаҳаннам оловидан огоҳлантирди. Американинг бутун дунёга нисбатан қўллаган зўравонлик ва бебошлиги ўзларининг ҳам бошига етаётгани билан таҳдид қилди. Манзара ҳар қандай ўлчовда даҳшатга соладиган даражада бўлди: президент Оқ уй атрофидаги намойишчиларни уларга қарши қутурган итларни қўйиб юбориш билан, агар Оқ уйнинг деворларидан ошиб ўтишга журъат қиладиган бўлишса, дунёдаги энг қирғинбарот қуролларни қўллаш билан таҳдид қилди. Ваҳоланки, улар қалин темирли ва бетонли девор эди. Трамп штат губернаторларидан ўз штатларидаги намойишчиларни шафқат қилмай қайтаришни, хавфсизликни куч билан ўрнатишни талаб қилди. Уларга Миллий гвардиядан ёрдам олишни таклиф қилди. АҚШ армиясини тайёр ҳолатга келтириб, агар полиция ва соқчилар хавфсизликни ўрнатишга муваффақ бўлолмасалар, армияни 4 соат ичида аралашишни буюрди. Ҳақиқатда ҳам, армия пойтахт Вашингтонга жойлаштирилди, аммо кейинчалик бу қадамни ўзгартиришга тўғри келди, чунки АҚШ қўшинлари халққа қарши қўйилиши ортидан президент қатор танқидларга учради. Бошқа томондан олганда, ғазабланган оламонни на полиция тўхтата оларди, на соқчилар ва на коронавирус хавфи. Намойишнинг бир қисми тинч намойишчилар бўлиб, улар фуқаролик ҳуқуқлари таъминланишини, қотилларни жазога тортилишини ва полиция аппаратида ислоҳот ўтказилишини талаб қилишди. Иккинчи қисми ҳукумат марказларига, айниқса, полицияга ҳужум қилишни, у ерларни ёқиб, вайрон этишни қасд қилганлар бўлиб, президент Трамп уларни радикал анти-капиталист «Антифа» ҳаракати, деб атади! Учинчи қисмдагилар талаш, ўғирлаш ва фитна чиқариш каби ишлар билан шуғулланди.

3 – Оқ танлилар АҚШ полициясини ўзларининг асл таянчи деб ҳисоблайди. Шу боис, полиция қора танли аҳолини таҳқирлашга одатланган. Полиция ходимлари қўлида кўплаб қора танлилар ўлдирилган. Бу ҳодисалардан баъзилари ҳужжатлаштирилган ва тасвирга олинган, улардан навбатдагиси, Флойднинг ўлдирилиши бўлди. Булар жуда кам ҳолатларда учрайдиган ҳодисалар эмас, аксинча жуда кўп такрорланиб туради. Чунки Қўшма Штатлардаги ирқий камситиш уларнинг жамиятида кўзга яққол ташланувчи ҳис этилган иллатга айланган.

Лекин бу ерда маълум сабаблар ҳам борки, 2020 йил 25 май куни Миннеаполис шаҳридаги Флойднинг ўлдирилиши халқ ғазаби кўламини кенгайтириб юборди. Ва бу АҚШдаги давлат органларининг асосан қора танлиларга қарши систематик равишда содир этаётган ирқий камситиш сиёсатига қарши ғазаб бўлди. Баъзиси эски ва баъзиси янги бўлган бу сабаблардан айримларини мисол тариқасида келтириб ўтамиз:

а)   АҚШ жамиятида интеграцион жараённинг барбод бўлиши:

Ҳозирги Америка жамияти ўзига хос ирқчилик асосида шаклланган. Масалан, инглизлар ва бутун европаликлар Американи юртнинг асл эгаси бўлган миллионлаб қизил танли одамларни қирғин қилиш билан мустамлака қилишган. Босиб олинган янги минтақаларда ишчи кучига эҳтиёж сезилганда эса, Африкадан қуллар олиб келинган эди. Шу боис, америкаликлар келиб чиқиши африкалик бўлган ҳар бир инсонга ўзларининг қуллари, деб қарашади. Бу ҳолат бир неча аср давомида расман шундай давом этди. Ушбу давр мобайнида афро-америкаликлар ирқий ажратишларга ҳамда оқ танлиларнинг плантациялари ва корхоналарида мажбурий меҳнатга дучор бўлдилар. Милодий 1790 йилда қабул қилинган гражданлик ҳуқуқи қонунига кўра, қора танлиларни фуқаро деб тан олишдан бош тортилиб, Америка фуқаролиги фақат оқ танлиларга берилди. Гарчи афро-америкаликлар ўн тўққизинчи асрнинг олтмишинчи йилларида овоз бериш каби айрим ҳуқуқларга эга бўлсалар-да, бироқ то фуқаролик уруши тугагунга қадар ирқий камситиш Америкада расман амал қилинди. Ўн тўққизинчи аср ўрталаридан кейин «гражданлик ҳуқуқи», деб аталган йирик ҳаракат пайдо бўлди ва унда Мартин Лютер Кинг қора танлиларнинг Америкадаги раҳбари сифатида шуҳрат қозонди. Бунинг натижасида, қора танлиларнинг ҳақ-ҳуқуқлари америкалик фуқаролар сифатида расман тан олинди. Шундан бошлаб афро-америкаликлар ота-боболаримиз эришолмаган фуқаролик ҳуқуқига эришдик, деб ўйладилар. Бироқ бу оқ танли америкаликлар миясида деярли ўзгариш пайдо қилгани йўқ, уларга нисбатан ирқчилик билан муомала қилишда давом этишди. Америка раҳбарлари ирқчиликка барҳам берилгани тўғрисида оғиз кўпиртириб баёнотлар беришса-да, бироқ кўплаб ҳужжатлар бу юртда келиб чиқиши афро-америкалик бўлганларга қарши ирқчилик илдиз отганидан дарак берарди. Америкада қора танлиларга нисбатан ирқчилик иллатининг сақланиб қолганига, турмаларда қора танли америкалик маҳбусларнинг оқ танли америкалик маҳбуслардан бир мунча кўплиги ҳам, қора танли ишсизларнинг анча кўплиги ҳам айтиб турибди. Шунингдек, афро-америкалик оилаларнинг ўртача даромади билан оқ танли америкаликлар даромадини солиштирилганда ҳам ўртада улкан фарқ борлигини яққол кўриш мумкин. Соғлиқни сақлаш ва бошқа хизматлар ҳам аксар аҳолиси қора танли фуқароларни ташкил қиладиган «қоралар квартали», деб аталувчи районларда, тараққий топган, деб ҳисобланувчи районларга нисбатан бир мунча қисқартирилган. Ушбу кўпроқ тараққий топган районларда соғлиқни сақлаш хизматлари керагича тўла таъминланган ҳамда оқ танли америкаликлар истиқомат қилувчи уй-жойларнинг ижаралари ҳам анча қиммат.

б)   Ҳокимиятга ирқчи Трамп маъмуриятининг келиши:

Президент Трампни қўллаб-қувватловчи гуруҳ оқ танлиларни бошқалардан устун, деб ҳисоблайди. Бу гуруҳдагилар Оқ уйга Трамп келганидан бошлаб қўллаб-қувватланадиган бўлди. Улар ўзларини миллий жиҳатдан қўллаб-қувватловчи раҳбарни Трамп мисолида кўришди. Улар айни ирқий устунликка диний тус берувчи евангелист масиҳийлар билан қоришиб-бирлашишди. Улар президент Трампнинг мусулмонларга қарши очиқ баёнот беришларини, улардан айримларининг Америкага кириш визаларини олишдан тақиқлаганини, мексикаликларга қарши баёнотлар бераётганини, Мексика чегаралари бўйлаб девор қуриш каби тузган баъзи режаларини, Хитойга қарши савдо уруши эълон қилганини, коронавирусни хитойлар вируси, деб атаётганини, АҚШ ичкарисидаги хитойликларга қарши тўлқин пайдо бўлишини қўллаб-қувватлашди. Шунингдек, бу гуруҳдагилар Трампнинг 2017 йилда Виржиния штатидаги фашистлар намойишларига бағрикенглик қилганини, этник озчилик халқларга нисбатан оғзидан доим таҳқирловчи сўзлар чиқишини ҳамда Флойд ўлими ҳақида «қора одам», дея изоҳлаб, АҚШдаги «қора одамлар» намойишини қўлловчи ҳаракатни бостириш зарур, деган гапларини ҳам қўллаб-қувватлашди. Шуларнинг барчасининг оқибати ўлароқ, Америкадаги иқрчиликка гижгижловчи асосий омил президент Трамп бўлиб қолди. Шунинг учун ҳам бу кимсанинг қудратдалиги пайтида Америкада қора танлилар, мусулмонлар, мексикаликлар ва хитойликларга қарши душманона муносабатлар ғоят таранглашди… Бу этник озчиликка америкаликлардан ишларни тортиб олиш ва бойликларига эга чиқиш учун келган бузғунчилар, деб қараладиган… кейин Америка жамиятидаги аксар секторларда ирқчилик яққол кўзга ташланадиган бўлиб қолди.

в)   Коронавируснинг АҚШ ичкарисидаги оқибатлари:

Америкада Флойднинг ўлдирилишига қарши норозиликлар оловини янада алангалатган сабаблардан бири, бу ҳодисанинг коронавирус тарқалишига қарши кўрилган карантин чоралари билан бир вақтга тўғри келганидир. Зеро, карантин чоралари америкаликларни анча ташвишга солиб қўйган эди. Бошқа томондан эса, ишсизлик нисбати жуда юқорилаб кетиб, америкаликлар ўз келажакларидан хавотирга тушиб қолишди. Учинчидан, америкаликлар юртда ўз ҳукуматларининг коронавирус тарқалишига қарши ўз вақтида курашда аянчли муваффақиятсизликка учраганини кўришди. Зеро, тиббий ашёлар ва жиҳозларнинг жуда қаттиқ танқислиги сезилаётган эди. Ваҳоланки, коронавирус зарбаси Америкага Хитой ва Европадан кейин етиб келди, бу вақт Америка учун фойдаланиб қолиш зарур бўлган имконият эди. Бундан ташқари, АҚШ маъмурияти айни эпидемияга қарши курашда адашди ва бу нарса Америкадаги расмий доираларида Трамп маъмуриятининг коронавирус кризисини ҳал этиш услуби хусусида бўлинишни келтириб чиқарди.

Мамлакат ичкарисидаги оғир ва муҳим масалалардан яна бири шуки, Америка жамияти капиталистик тузумнинг носозлигини ҳар қачонгидан кўпроқ ҳис эта бошлади. Чунки Америкада бойликнинг бир ҳовуч капиталист элита фойдасига, яъни, сиёсатга ўз таъсирларини ўтказувчи лобийистлар манфаатига мувофиқ тақсимланиши жуда кенг тус олган. Бундай сиёсат айни элитанинг солиқлардан кўпроқ озод этилишини таъминлади. Ҳолбуки, солиқнинг ҳалокатли қисми ўртача ва чекланган даромад кўрувчи фуқаролар бўйнига тушади. Ҳақиқатдан ҳам, Америкадаги бу норозиликлар анти-капиталист ҳаракат «Антифа»нинг қуввати тобора кучаяётганини кўрсатди. Трамп томонидан террорчи, дея таснифланган бу ҳаракат, 2008 йилги молиявий кризисдан сўнг капитализмнинг асосий маркази бўлиб келаётган «Уолл-стрит» биржаларини босиб олишга чақирди… Ҳаракат тарафдорлари сони ортди ва АҚШ жамиятида чуқур илдиз отди… капитализмга қарши ҳайқириқлар кўпайди… Бугун ушбу ҳаракат намойишчиларни полиция участкалари каби ҳукумат бўғинларини вайрон этишда ва ёқишга чақирганликда айбланмоқда.

4 – Буларнинг барчаси АҚШ ташқи сиёсатига сезиларли даражада таъсир қилди. Бунинг сабаблари қуйидагича:

а)   АҚШдаги бўлиниш ҳолати:

Трамп маъмурияти Американинг мустаҳкам бирлашган давлат эмаслигини 2017 йилдан бери исботламоқда. Бир талай сиёсатлар америкаликларни бўлиб ташлади, масалан, урушлар сиёсати, АҚШнинг дунёдаги малайларига кўрсатаётган халқаро ёрдамлари сиёсати, солиқ сиёсати ҳамда этник озчиликка бўлган муносабат, иммиграция ва бошқа кўплаб сиёсатлар. Лекин Трамп қудратга келишининг ўзи бу юртдаги бўлинишга асосий сабаб бўлди. Бу кимсадаги ғоят такаббурлик, амалпарастлик, бебошликни ҳаддан зиёд яхши кўриш, ақлипастлик, ички курашларни келтириб чиқаришга мойиллик, душманни синдириш билан роҳатланиш… каби қатор иллатларнинг барчаси ё президент Трамп томонида тур ёки унга қарши тур каби ҳақиқатан ҳам Американинг Трамп масаласида бўлинишига, олиб келди. Унинг маъмуриятида ишдан бўшатишлар ва истеъфо беришлар шу даражада кўпайдики, илгариги президентлар даврида бунчалик бўлмаган. Бир томондан коронавирус кризиси, бошқа томондан президент билан штат губернаторлари ўртасидаги даҳанаки жанглар Америкадаги бўлиниш кўламини янада кенгайтирди. Ушбу бўлиниш Американинг сиёсий ва молиявий ҳолатига салбий таъсир кўрсатиб, бутун жамиятида акс этмоқда. Бу президент ва унинг маъмуриятининг халқ норозиликлари кризисига ирқчиликдан келиб чиқиб, муносабатда бўлиши юртдаги бўлиниш оловига мой сепиб баттар аланга олдирмоқда. Чунки Трамп Флойд ўлимидан кейин бошланган норозилик ҳаракатига қарши чиқди ва хавфсизликни куч билан ўрнатмоқчи бўлди. Бундай позициясига нафақат Демократлар билан штат губернаторлари, ҳатто ўзининг мудофаа вазири ҳам қарши чиқмоқда. Мудофаа вазири президент Оқ уй яқинидаги черковни зиёрат қилганида унга ҳамроҳлик қилгани учун узр сўради. Чунки президент келишидан олдин хавфсизлик хизмати томонидан намойишчилар ҳайдаб чиқарилган эди. Зеро, Трампнинг бундай ҳаракатлари унинг сиёсий ташвиқоти ўлароқ баҳоланди. Қуйидаги хабар ушбу ички можароларга яққол мисол бўлади: «Америкалик собиқ мудофаа вазирлари ва ўнлаб ҳарбий амалдорлар қўшма баённомада президент Трампни намойишчиларга қарши армияни жалб қилиш тўғрисидаги фикри учун қасамёдини ва конституцияни бузганликда айблашди. Баённомага имзо чекканлар орасида собиқ мудофаа вазири Жеймс Маттис ҳам бор». (Ал-Жазира, 2020 йил 7 июн). Бу норозилик фақат собиқ вазирларга чеклангани йўқ, балки кескин равишда ҳозирги вазирларни ҳам ўз ичига олди. Айни манбада яна бундай дейилган: «CNN ахборот агентлиги АҚШ мудофаа вазирлиги (Пентагон)даги бир расмийнинг сўзларини келтирди. Унга кўра, президент Дональд Трамп пойтахт Вашингтон ва бошқа шаҳарларга ўн минг нафар аскар жойлаштирилишини талаб қилган. Мудофаа вазири Марк Эспер билан АҚШ Бош штаби бошлиғи Марк Майли бу талабга норози бўлишди. Бу Вашингтонда ва Америка билан Европанинг бошқа шаҳарларида АҚШ полициясининг зўравонлиги ва ирқчилигига қарши оммавий норозиликлар бошланиши ортидан юз берди. «The New Yorker» журналининг Оқ уйдаги бир манбага таяниб айтишича, президент Трамп билан генерал Марк Майли ўртасида даҳанаки жанг бўлиб ўтган. Журналга кўра, генерал Майли Трампнинг норозиликларни бостириш учун кўчаларга армияни жойлаштириш талабига овозини баланд қилиб қаршилик билдирган. Майли армиянинг кўчаларга жойлаштирилишини қонунга хилоф, деб ҳисоблайди».

б)   Президентлик сайловлари вақти:

Масалани янада мураккаблаштираётган нарсалардан бири бу норозиликларнинг Демократлар номзоди Жо Байден билан Республикачилар номзоди Трампнинг сайловолди кампаниялари вақтида аланга олгани бўлди. Тўғри, президент Трамп ўзининг президент сифатидаги келажагидан қаттиқ ҳавотирда ва у шу йилнинг ноябр ойида қайта сайланишни истайди, ҳатто бу унинг учун биринчи рақамдаги масала. Бироқ унинг хавотирига асосий сабаб, коронавирус оқибатлари ва унинг АҚШ иқтисодиётига таъсир қилиб, миллионлаб америкаликларнинг ўз иш жойларидан ажралишлари ҳамда унинг коронавирус кризисини нотўғри муолажа қиляпти, деган гап-сўзлардир. Чунки у демократ рақибларининг сайловолди кампанияда айни фактлардан унга қарши фойдаланишидан қўрқмоқда. Қолаверса, бу норозилик намойишлари тўлқини авж олар экан, президент Трамп ўз шахсини хавфсизликни ўрнатишга ва мол-мулкларни сақлаб қолишга қодир кучли инсон сифатида кўрсатмоқчи ва бу унинг сайлов имкониятларини оширади. Аммо рақиби Жо Байден, Демократлар партияси ва бошқа кучлар эса, бу ҳолатни аксинча тасвирлашмоқчи. Улар Трампни Американи бўлиб ташлашга ҳаракат қилаётган, Флойднинг ўлими ва намойишлар ҳодисаси оқибатида АҚШ жамияти учраган жароҳатга малҳам бўла олмайдиган кимса сифатида кўрсатишмоқчи. Намойишчиларга қарши ўзининг фашистик баёнотлари сабабли шунча зўравонлик ва тартибсизликларга президент Трампни жавобгар қилиб кўрсатишмоқда.

в)   Давлатнинг норозиликларни бостириши:

АҚШ ҳукуматининг халқ норозиликларига нисбатан қўллаган шафқатсиз ва ваҳшиёна услубларига ҳамда президентнинг хавфсизликни куч билан, қутурган итларни ишга солиб, қирғинбарот қуроллар ёрдамида ўрнатиш ҳақидаги сўзларига бутун дунё давлатлари гувоҳ бўлди. Америкада минглаб намойишчиларнинг қамоққа олиниши, полиция уларни таёқлари билан ураётгани, уларга қарши кўздан ёш оқизувчи газ қўллаётгани… ҳамманинг кўз ўнгида содир бўлди. Ваҳоланки, бундай ишлардан бу юрт ўнлаб йиллардан бери холи эди. Буларнинг барчаси Американинг инсон ҳуқуқлари, сўз эркинлиги, мухолафатни қўллаб-қувватлаш каби дунё бўйлаб ўз душманларига қарши фойдаланган ҳужжатларини пучга чиқармоқда. Буларнинг ҳаммаси АҚШнинг ташқи сиёсатидаги энг катта оқловидан маҳрум бўлишига бевосита таъсир қилмоқда. Буни Россия ташқи ишлар матбуот воизаси Мария Захарованинг «2020 йил май ойи охирлари ва июн бошларидан эътиборан, АҚШ Ер куррасидаги бирор инсонга инсон ҳуқуқлари масаласида мулоҳаза билдириш ҳуқуқини йўқотди», деган сўзлари ҳам тасдиқламоқда. Захарова АҚШ ҳукуматининг намойишчиларга ва ирқий камситишга ва Америка полициясининг зўравонлигига қарши норози бўлганларга нисбатан муносабатига изоҳ берар экан, «Тамом, шу лаҳзадан бошлаб, АҚШда айни ҳуқуқ йўқ энди!», деди. (Явмус сабиъ, 2020 йил 2 июн).

5 – Шундай қилиб, демак, ирқчилик Қўшма Штатларда илдиз отган. Бир оз вақт пасайиши мумкин, аммо қайта янада авж олаверади. Чунки бу асли Американинг капиталистик тузуми пайдо бўлганда шаклланган фикрий касалликдир. Зотан, инсон ўйлаб топган ҳар бир тузум бу иллатдан холи эмас. Чунки бундай тузумлар оқ танлини қора танлидан афзал билган инсон истагига ва нафс-ҳавосига бўйсунади. Зеро, бундай истакка эга бўлган инсон, гарчи оқ танлини қора танлидан афзал деб билиш бошқаларга, қолаверса, вақти келганда ўзларига зарар етказишини билсалар ҳам ўз истакларидан қайтишмайди.

Бундай ирқчиликка барҳам берган ва бундан кейин ҳам барҳам берадиган фақат Исломдир. Исломда инсон инсондан на рангда ажратилади ва на обрўда, на бойликда, аксинча, ҳамма инсоният бир бўлиб, бир-бирларидан фақат тақво билан афзал ҳисобланадилар. Аллоҳ Субҳанаҳу бундай дейди:

﴿يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّا خَلَقْنَاكُمْ مِنْ ذَكَرٍ وَأُنْثَى وَجَعَلْنَاكُمْ شُعُوباً وَقَبَائِلَ لِتَعَارَفُوا إِنَّ أَكْرَمَكُمْ عِنْدَ اللَّهِ أَتْقَاكُمْ إِنَّ اللَّهَ عَلِيمٌ خَبِير﴾

«Эй инсонлар, дарҳақиқат Биз сизни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирингиз билан танишишингиз (дўст-биродар бўлишингиз) учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила-элатлар қилиб қўйдик. Албатта сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлигингиз тақводорроғингиздир. Албатта Аллоҳ билгувчи ва огоҳдир» [Ҳужурот 13]

Байҳақий Абу Назрадан, у Жобир ибн Абдуллоҳдан қилган ривоятда айтиладики, бизга  Росулуллоҳ ﷺ ташриқ кунлари ўртасида видолашув хутбасини қилиб, бундай дедилар:

«يَا أَيُّهَا النَّاسُ، إِنَّ رَبَّكُمْ وَاحِدٌ، وَإِنَّ أَبَاكُمْ وَاحِدٌ، أَلا لا فَضْلَ لِعَرَبِيٍّ عَلَى عَجَمِيٍّ، وَلا لِعَجَمِيٍّ عَلَى عَرَبِيٍّ، وَلا لأَحْمَرَ عَلَى أَسْوَدَ، وَلا أَسْوَدَ عَلَى أَحْمَرَ، إِلا بِالتَّقْوَى، إِنَّ أَكْرَمَكُمْ عِنْدَ اللهِ أَتْقَاكُمْ، أَلا هَلْ بَلَّغْتُ؟»، قَالُوا: بَلَى يَا رَسُولَ اللهِ، قَالَ: «فَلْيُبَلِّغِ الشَّاهِدُ الْغَائِبَ»

«Эй инсонлар, албатта Роббингиз битта, отангиз биттадир. Огоҳ бўлингизки, арабнинг ажамдан, ажамнинг арабдан, қизил танлининг қора танлидан, қора танлининг қизил танлидан афзаллиги йўқ, фақат тақводагина афзалдирлар. Сизнинг Аллоҳ наздида энг ҳурматлигингиз энг тақволигингиздир. Огоҳ бўлинглар, деди. Сўнг: Етказдимми? – дедилар. Ҳа, етказдингиз, ё Росулуллоҳ дейишди. Шунда Росулуллоҳ: Бас, бу ерда ҳозир бўлганлар ҳозир бўлмаганларга етказсин, дедилар». (Шу каби ривоятни Бусайрий ҳам ривоят қилган). Табарий ҳам шундай ривоят қилган ва ривоятида «қора танли оқ танлидан, оқ танли қора танлидан афзал эмас» деган.

Ҳа, ирқчиликни йўқ қилувчи фақат Исломдир, чунки уни бутун олам Парвардигори нозил қилган. Ислом одамларни ҳаққа етаклайди ва бутун оламга эзгулик улашади.

20 шаввол 1441ҳ

11 июн 2020м

Total Views: 2057 ,

2 thoughts on “Бутун Американи қамраб олаётган оммавий норозилик намойишлари ва бунинг АҚШ ташқи сиёсатига таъсири

  • 10.08.2020 at 22:52
    Permalink

    Assalamu alaykum va rohmatullohi va barakatuh. Qilgan hayrli ishlaringdan Alloh rozi bölsin.
    Quyida kichkina tushunmovchilikga aniqlik kiritib qöysangiz:
    «… мамлакатнинг 80дан зиёд штатида бошланиб кетди…» — Amerikada 80 ta emas 50 shtat bor.

    Reply
    • 11.08.2020 at 11:33
      Permalink

      Va alaykum assalom va rohmatullohi va barokatuhu. Sizdan ham Alloh rozi bulsin. Ha tugri hato yozilib qolgan ekan. Alloh ajringizni bersin!

      Reply

Добавить комментарий

Хитой ҳукумати қайта тайёрлаш лагерларидаги уйғур аёлларининг сочларини ҳам сотмоқда

Хитой ҳукумати қайта тайёрлаш лагерларидаги уйғур аёлларининг сочларини ҳам сотмоқда...

Закрыть