Жозеф Вотел: АҚШ Марказий ва Жанубий Осиёда кучли ҳамда мустақил ҳамкорлар билан иш олиб бориш истагида 

Жозеф Вотел: АҚШ Марказий ва Жанубий Осиёда кучли ҳамда мустақил ҳамкорлар билан иш олиб бориш истагида 

АҚШ Қуролли Кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондони генерал Жозеф Вотел Марказий ва Жанубий Осиё минтақасидаги хавфсизлик таҳдидларига қарши биргаликда курашга чақирмоқда, деб хабар беради Kun.uz мухбири. 

21 февраль куни пойтахтдаги «Hyatt Regency Tashkent» меҳмонхонасида Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари Бош штаб бошлиқларининг навбатдаги анжумани бошланди. Унда Ўзбекистон, Қозоғистон, Покистон, Туркманистон, Тожикистон ва Афғонистон қуролли кучлари бош штаби бошлиқлари, Қирғизистон Республикаси қуролли кучлари Бош штаби бошлиғининг биринчи ўринбосари, АҚШ Қуролли Кучлари CENTKOM қўмондони иштирок этмоқда.

«Ушбу йиғилиш минтақа тарихидаги энг долзарб ва муҳим даврда юз бермоқда. Минтақада хавфсизлик масаласи ҳамон очиқ қоляпти, шу туфайли биз фаолиятимизни янада яхши олиб боришимиз ва таҳдидларга қарши биргаликда курашишимиз лозим. Шу туфайли биз муносабатларимизни ҳам индивидуал, ҳам жамоавий жиҳатдан мустаҳкамлаш ва ривожлантириш имкониятини қидириб, бу жойга йиғилдик», — дейди Жозеф Вотел.

АҚШ қўмондонининг айтишича, Америка Марказий ва Жанубий Осиёда мустақил ва кучли ҳамкорлар билан ишлашни истайди.  

«Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари Бош штаб бошлиқларининг навбатдаги анжуманини ўтказишдаги кўмаги учун Ўзбекистон Президент Шавкат Мирзиёев ва Ўзбекистон Мудофаа вазирлигига ўз миннатдорчилигимни билдираман. АҚШ Қуролли Кучлари Марказий қўмондонлиги анжуман доирасида ҳамкорлик қилаётган Ўзбекистон Марказий ва Жанубий Осиё минтақасида хавфсизликни таъминлаш ва барқарорликка эришишда муҳим рол ўйнайди. 

Шунингдек, минтақада барқарорликни сақлаш учун таҳдидларга қарши кураш ҳамда минтақавий хавфсизлик масалаларида ҳамкорлик қилишга тайёр барча анжуман иштирокчиларидан миннатдорман.

АҚШ мазкур минтақада конструктив йўллар орқали шериклари суверенитети ва барқарорликни таъминлаш учун ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашдан қайтмайди», — дейди АҚШ қўмондони.

Жозеф Вотелнинг таъкидлашича, Мирзиёев шахсан анжуман ишига қизиқиш билдирган ва минтақавий хавфсизликни таъминлаш йўлида ҳамкорлик қилиш бўйича ўз мулоҳазаларини билдирган. 

АҚШ қўмондонининг айтишича, кўп маротаба медиа маконида янграётган Афғонистон бўйича бир томонлама «тинчлик музокаралари» миш-мишдан бошқа нарса эмас. 

«Фикримни аниқроқ ифодалашга рухсат бергайсиз: АҚШ Толибон билан ҳарбийларни олиб чиқиш бўйича бир томонлама музокаралар олиб бормаяпти. Бизнинг мақсадимиз  — Афғонистон ва Толибон ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашдан иборат. Ривожланиб бораётган ишончни сақлаб қолишда ўзаро ўт очишларни тўхтатиш муҳим вазифа ҳисобланади. Шу билан бирга, биз «Толибон»га нисбатан ҳарбий босимни давом эттирамиз. Нимаики қилмайлик, сиёсий барқарорлик ва ривожланиш учун хизмат қилиши зарур», — дейди у. 

Total Views: 742 ,

Добавить комментарий

Сурия ҳукумати курдларга автономия берилмаслигини маълум қилди

Сурия ҳукумати курдларга автономия берилмаслигини маълум қилди Сурия президентининг бош...

Закрыть