АҚШ махсус вакили Қозоғистонга ташриф буюради. Америка Қозоғистонда ҳарбий база очадими?

АҚШ махсус вакили Қозоғистонга ташриф буюради. Америка Қозоғистонда ҳарбий база очадими?

АҚШнинг Афғонистон масалалари бўйича махсус вакили Залмай Халилзод 13 июнь куни ўтказилган онлайн-брифингда Қозоғистонга ташриф буюришдан мақсади ҳақида сўзлади.

Қўшма Штатларнинг Қозоғистондаги элчихонаси маълумотига кўра, элчи “Афғонистон билан тинч музокаралар, АҚШ қўшинларининг олиб чиқиб кетилиши, шунингдек минтақавий алоқалар, савдо ва ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилиш учун” Қозоғистоннинг юқори мартабали мулозимлари билан учрашади.

Элчига кўра, “АҚШ Марказий Осиё мамлакатларининг суверенитети ва мустақиллигини мустаҳкамлашга интилмоқда, уларнинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлайди ҳамда Афғонистонда тинчлик ва муросага эришиш билан боғлиқ вазифаларни ҳал қилишда уларнинг ишончли ва кучли ҳамкори бўлишни хоҳлайди”.

Унинг айтишича, бу масалаларга “фақат бирга ҳаракат қилиш билан” ечим топиш мумкин.

“Минтақа, Қозоғистон ва АҚШ хавфсизлиги учун ҳамкорликда ишлашимиз жуда муҳим. Афғон халқи 40 йиллик уруш мобайнида қанча азият чекканини ҳисобга олиб, тинчликка эришиш устида иш олиб бориш тўғри қарор бўлур эди. Қозоғистон дунёда тинчликпарвар мамлакат сифатида танилган”, дея таъкидлаган Халилзод.

15 апрель куни New York Times нашри АҚШ расмийлари минтақадаги базалардан фойдаланиш имкониятлари хусусида Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматлари билан боғланганини хабар қилган эди.

“Озодлик” радиоси қозоқ хизматининг Марказий Осиёда ҳарбий база ташкил қилиш ҳақидаги саволига жавобан Залмай Халилзод “Қўшма Штатлар Афғонистонда тинчлик ўрнатилишига кўмаклашиш ва келгусида уни дастаклашда ҳамкорлик қилиш, АҚШ қўшини мамлакатни тарк этганидан сўнг "терроризм" таҳдидига қарши биргаликда кураш олиб бориш стратегиясини минтақадаги ва ундан ташқаридаги бошқа давлатлар билан муҳокама қилаётгани”ни маълум қилган.

“Ҳозирда биз муҳокама босқичидамиз. Айтишим керакки, муҳокамалар ижобий, умидбахш бўлди. Бироқ мен бу ерга бирон воқеа ҳақида эълон қилиш ёки муайян мамлакатлар билан аниқ ҳарбий қадамлар бўйича маълум келишувга эришганимизни билдириш учун келганим йўқ, аммо муҳокамалар кенг кўламли бўлиб, алоҳида саъй-ҳаракатларни, шунингдек иқтисодий ривожланиш, гуманитар эҳтиёжлар ҳамда хавфсизлик талабларига оид саъй-ҳаракатларни қамраб олади. Ҳам инсонпарварлик ёрдамлари, ҳам хавфсизлик масалалари тўғрисида гап кетмоқда. Келажакни ўйлаб, мустақил фаолият юритиш ва ўзини ўзи таъминлашда афғон хавфсизлик кучларига кўмаклашиш имкониятларига эга бўлиш, шунингдек потенциал террористик хуружларга биргаликда қарши тура олиш учун бу ишлар қилиняпти, зеро бу бизнинг умумий манфаатларимиздир”, деган ўз жавобида АҚШ махсус вакили.

Афғонистоннинг АҚШ қўшинлари мамлакатни тарк этганидан кейинги тақдири хусусида тўхталаркан, Халилзод “Америка қўшинлари чиқиб кетаяпти, лекин Америка кетмайди”, дея урғулаган ва Афғонистонда вазиятни барқарорлаштиришнинг энг мақбул чораси “низоларни қурол кучи билан эмас, балки сиёсий йўллар билан ҳал қилиш” эканини қўшимча қилган.

Total Views: 122 ,

Добавить комментарий

«Исроил»да янги ҳукумат тасдиқланди. Нетаняҳу лавозимидан четлатилди

«Исроил»да янги ҳукумат тасдиқланди. Нетаняҳу лавозимидан четлатилди Кнессет бир овоз...

Закрыть