Венесуэлада нима бўляпти? Бу биз учун нимани англатади?

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيم

Роя газетаси:

Венесуэлада нима бўляпти? Бу биз учун нимани англатади? Бунинг АҚШга қандай алоқаси бор?

Асъад Мансур қаламига мансуб

2019 йил 23 январда Венесуэла парламенти раиси Хуан Гуайдо ўзини муваққат президент деб эълон қилиб, тарафдорларидан ташкил топган оломон олдида қасамёд қилди! Армия буни давлат муассасалари, демократия ва конституцияга қарши давлат тўнтариши, деб ҳисоблади ва президент Николас Мадурони қўллаб-қувватлашини маълум қилди. Олий суд ҳам Мадурони қўллаб-қувватлашини билдирди. Америка эса, ўз президенти Трамп тилидан Гуайдони Венесуэла президенти сифатида эътироф этилишини эълон қилди. АҚШ Ташқи ишлар вазири Помпео Гуайдонинг ҳимоя қилиниши талаби билан чиқди ва Венесуэла билан доимий алоқада бўлиб туриш учун у ерга махсус вакил тайинлади. Сўнг Америка Гуайдони президент сифатида тан олган позициясини халқаро жиҳатдан қўллаб-қувватлайдиган қарор чиқариб олиш учун 2019 йил 26 январда Хавфсизлик Кенгашига талабнома тақдим қилди. Бироқ Россия билан Хитой бунга норозилик билдириб, айни мавзунинг баҳсга қўйилишини ҳокимиятга тажовуз ва хорижий аралашув, деб ҳисоблашди. Мадуро ўз мамлакати АҚШ билан дипломатик алоқаларни узганини маълум қилди. Минтақадаги 11 давлат Гуайдони президент деб тан олди, Америка Давлатлари Ташкилоти1, шунингдек Британия Гуайдони табриклади. Европа эса, саккиз кун ичида сайловлар ўтказилмайдиган бўлса, Гуайдони президент сифатида тан олиш билан огоҳлантирди. БМТ вазият мураккаблашиб кетиб, назоратдан чиқиб кетиши мумкинлигидан огоҳлантирди ҳамда зудлик билан сўзлашувлар ўтказиш билан тобора аланга олаётган вазиятни тинчлантиришга чақирди.

Буларнинг барчаси Венесуэлада тартибсизликни келтириб чиқариб, ички бўлиниш ва хорижий аралашувга, хусусан, Лотин Америкаси устидан ҳукмронлик соҳиби бўлган ва минтақани ўзининг томорқаси, деб ҳисоблайдиган АҚШ аралашувига сабаб бўлди. Маълумки, Америка Венесуэла нефтини энг кўп импорт қилиб олувчи ҳисобланади. У Венесуэла нефтининг 39 %ни сотиб олади. Шу боис мабодо Америка Венесуэладаги нефть экспортига санкциялар жорий қилгудек бўлса, бунинг оқибатлари Венесуэлага нисбатан жуда оғир бўлади. Бироқ бунинг АҚШнинг ўзига ҳам салбий таъсири бор. Чунки бу билан Америкада нарх-наво кўтарилиб кетиши мумкин… Шунинг учун ҳам Америка бундай қилмаяпти. Дарвоқе, Венесуэлага – унинг олтинини сотиб олмаслик каби – баъзи санкцияларни қўллади. Венесуэла иқтисодиётининг 90 % нефть даромадига таянади ва бир баррел нефть баҳоси 100 долларга етган вақтда мамлакатдаги вазият анча яхши эди… Аммо нефть нархи тушиб кетганда энг кўп зиён кўрган ҳам шу давлат бўлди: унинг маҳаллий валютаси қадрсизланиб, инфляция 147000 %га етди, товарлар нархи ғоят кўтарилиб кетди. Шу сабабдан мухолафат парламент сайловларида 65 %ни қўлга киритиб, ҳукмрон партияни боши берк кўчага киритиб қўйди. БМТ ҳисоботига кўра, 3 миллион венесуэлалик юртни ташлаб чиқиб кетди. Шу боис, бу юртнинг иқтисодиёти жуда заиф, Америка чангали остида қолган.

Мадуро ҳокимиятга 2013 йил Уго Чавес ўлими ортидан келди ва 2018 йил 20 майда қайта сайланди, АҚШ уни сайловни сохталаштирганликда айблади. 2018 йил 5 августда Мадурога қарши суиқасд ва армия ичида исён чиқариш каби уринишлар бўлиб ўтди. Мадуро Америка ҳукмронлигини Венесуэладан йўқ қилиш ёки пасайтиришга уриниш билан Чавес сиёсатига эргашади ва Америка бутун Лотин Америкасини ўз таъсири остида ушлаб, озод бўлишларига йўл қўймай келади. Америка 2002 йилда Чавесга қарши инқилоб уюштирди, бироқ у қайта қудратга чиқишга муваффақ бўлди. Гаитининг сайланган президентини 2004 йил ағдарган ҳам Америкадир. Чунки бу мустамлакачи давлат Лотин Америкасида ўз нуфузини сақлаб туриш учун инқилоблар уюштириш сиёсатини қўллайди. Шу билан бирга тўғридан-тўғри ҳарбий аралашув ҳам содир этиб келган. Масалан, у ердаги бир неча давлатларга аввал бурнини суққан эди. У Мексиканинг ярмини босиб олиб, ўзига қўшиб олган. Дарҳақиқат, Америка Лотин Америкасини 1823 йилги Монро доктринасидан бери ўз нуфузи остидаги минтақа, деб ҳисоблайди. Айни доктринада Лотин Америкасига бўлган ҳар қандай аралашув, Америкага қарши аралашув, дея эътибор қилиниши айтилган. Ўшандан бошлаб, минтақадаги сиёсий ишларни Американинг ўзи идора қиладиган, керак бўлса минтақа давлатларининг ишларига аралашадиган бўлиб қолди. У ҳеч кимни ўз итоати доирасидан чиқармаслик учун хоҳлаган раҳбарни ағдаради, хоҳлаганини олиб келади. Унинг кирдикорлари фош бўлиб, бутун минтақа халқлари уни ёмон кўриб қолган.

Шунинг учун Обама даврида Америка айни халқлар билан ярашишга, улар олдида ўз башарасини тузатиб олишга уриниб, Венесуэла билан, кейинроқ Куба билан муносабатларни қайта тиклади. Вице-президент Байден бир неча бор Лотин Америкаси давлатларига сафар қилди. 2009 йил Чилига борганида «Қўшма Штатлар буйруқ қиладиган замон тугади, у энди Лотин Америкаси билан ҳамкорлик қилиб, мулоқот уюштиришни истайди», деб айтди. Ҳақиқатда ҳам, 2003 йил кичик Буш даврида Америка Майами шаҳрида Шимолий ва Жанубий Америка саммитини уюштириб, унда эркин савдо минтақасини барпо этиш мақсадида шартнома имзоламоқчи бўлди. Аммо буни уддалай олмади. Ўшанда Чавес айни саммитни мустамлакачилик воситаси, деб атаган эди. У Американи минтақа давлатларини Шимолий ва Жанубий Америка ўртасида эркин савдо минтақасини жорий қилишга қаратилган келишувларни имзолашга мажбурлаётганликда айблади. Америка саммитда бирор бир ютуққа эриша олмади. Саммит шу тарзда ниҳоя топди. Шимолий ва Жанубий Америка ўртасидаги муносабатлар музлади. Америка Лотин Америкаси давлатларини шу каби шартномаларни имзолашга кўндириш учун иккинчи марта уриниб ҳам, буни уддалай олмади. Масалан, 2005 йил Аргентинада ўтказилган Шимолий ва Жанубий Америка саммитида яна шунга уриниб, омади чопмади.

Американинг Жанубий қитъадаги мақсадларидан бири шуки, у минтақани эркин савдо минтақасига айлантириб, минтақа бойликларини юрт аҳолисининг розилиги билан ташиб кетишни ҳамда ўзининг маҳсулотларини киритишни хоҳлаяпти. У шунингдек, минтақани камбағал минтақага айлантириб, мустамлакасидан қутулишига йўл қўймай, ўз ҳукмронлиги остида ушлаб турмоқчи… Жумладан, Мексикани шундай қилишга муваффақ бўлган. Обама маъмурияти бу ишни бошқача услуб ва номлар билан тиқиштиришга уриниб келган. Масалан, «тенг ҳуқуқли ҳамкорлик» барпо этишга даъват қилгани каби.

Трамп келгач, у Американинг мустамлакачилик сиёсатини очиқдан-очиқ, юзсизларча зўрлаб ўтказиш орқали ўзининг йиртқич услубларини қўллай бошлади. Истаган давлатига аралашиб, истаган ҳукмдорни таҳқирлаяпти, ҳатто Мексика, Саудия ва Туркия президентлари каби америкапараст бўлсалар ҳам таҳқирламоқда. Мадурога ўхшаганларга эса, уруш эълон қилмоқда. Мадуро «Америкага қарши эмаслигини, лекин мустамлакага қаршилигини, америкалик халқ билан эмас, балки Трамп ҳукумати билан алоқани узганини, Америкага нефть, ўрдак, товуқ ва пиёз сотишга тайёр эканини» таъкидлади. Маълумки, Мадуро иккинчи марта президентлик вазифасини бошлаш учун 2019 йил 10 январда қасамёд келтирар экан, «энди янги олам бошланди, унда битта давлат орқали ёки унинг сиёсати доирасидан чиқмайдиган бир неча давлатлар ёрдамида ҳукмронлик қилувчи режимлар бўлмайди», деди. Аммо бугун Мадуронинг аҳволи танг. Ўз армияси томонидан қўллаб-қувватланаётганига қарамай, ҳам ички, ҳам ташқи босимлар остида қолди. Россия билан Хитой уни қўллаб-қувватлаётган бўлса-да, Венесуэла ичкарисига таъсир қилишолмаяпти. Чунки у ердаги таъсир кучи Америка қўлида. Ҳозир Америка Венесуэлага ҳарбий аралашув билан таҳдид қилмоқда, масалан, президент Трамп «ҳамма вариант ўртада», деди. Европа давлатларининг эса, бу юртда ҳеч қандай мавжудлиги йўқ. Улар ҳам мустамлакачи давлатлар бўлиб, ўзгарувчан позиция эгаллашмоқда. Дарҳақиқат Европа агар саккиз кун ичида сайлов ўтказилмаса, Гуайдони президент сифатида тан олишини билдирди. Мадуро Американинг куч-қудратини билгани учун у билан ва мухолафат билан мулоқот ўтказишга тайёргарлик кўрди. Қайта сайлов ўтказилиши ҳам эҳтимолдан холи эмас.

Венесуэла билан Лотин Америкасининг биз учун аҳамиятга моликлиги шундаки, уларнинг халқлари фақирлик ва қолоқликдан азият чекмоқда. Бу минтақа Америка мустамлакаси остида қолган, ундан қутулишни истайди, аммо қутулолмайди. У ердаги режимларнинг бари коррупцияга ботган бўлиб, бундан қутулиши мумкин бўлган ҳеч қандай мафкураси йўқ. Шу жиҳатдан, биз инсонлар учун чиқарилган энг яхши Уммат эканмиз, ушбу халқларни, умуман, бутун башариятни мустамлакачиликдан, давлатлар ҳукмронлигидан, заиф халқларга қилинаётган зўравонликдан қутқариш, мустамлакачи режимларга итоат қилишдан озод этиш бизнинг бурчимиздир. Аллақачон анави Американинг қулаш вақти етди, чунки бутун дунё халқлари олдида унинг шармандаси чиқиб, барчаси уни ёмон кўрадиган бўлиб қолди. Уни қулатишга эса, фақат биз қодирмиз, халоскор ҳақ мабда-система фақат бизда. Демак, Пайғамбарлик минҳожи асосидаги рошид Халифалик давлатини барпо этиш учун шахдам қадам ташлашимиз вожибдир. Ана шунда ушбу халқларни, шунингдек, бутун башариятни мустамлакачилик зулмидан Ислом адолатига олиб чиқамиз.

1 Америка қитъасида жойлашган давлатларни ўз ичига олган регионал ташкилот бўлиб, 1948 йил 30 апрелда тузилган.

Роя газетасининг 2019 йил 30 январ чоршанба кунги 219-сонидан

Total Views: 599 ,

Добавить комментарий

Ҳиндистон Кашмирда юз берган портлашда Покистонни айблаяпти

Ҳиндистон Кашмирда юз берган портлашда Покистонни айблаяпти Ҳиндистон Жамму ва...

Закрыть