Ўзбекистонда Қозоғистон мавзуси чекланди, блогерлар «огоҳлантирилмоқда»

Ўзбекистонда Қозоғистон мавзуси чекланди, блогерлар "огоҳлантирилмоқда"

Қозоғистонда бўлаётган ҳодисаларни ёритишга уринган қатор ўзбек блогерлари, журналистлари ва оддий тармоқ фойдаланувчилари ички ишлар бўлимларига “суҳбат”га чақиртирилганликларини айтишмоқда.

Озодликка исми очиқланмаслиги шарти билан гапирган блогерлардан бири буйруқ Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) дан келиб тушганини айтади:

— Қозоғистондаги воқеалар авж олиб кетмаслиги учун у ердан келаётган видеолар, хабарлар ва аудиоларни электрон саҳифаларга қўйишни тақиқлашяпти. Буйруқ норасмий! Мен ўзим админлик қиладиган каналларга 2-3та видео қўйгандим, Қозоғистондаги мародёрлар ва дўконларни ўғри уриб ётгани тўғрисида. АОКАдан телефон қилишди дарҳол, олиб ташлашни ва бошқа тарқатмасликни сўрашди. Бизга у жараён ҳақида гапирманглар, кўрсатманглар, муҳокама қилманглар, деган талаб қўйишди, — дейди маҳаллий блогер.

У ўз тажрибасидан келиб чиқиб, бутун республика бўйича шундай тартиб амал қилаётганини тахмин қилади.

"Телеграмга қарасангиз, бирорта марказий нашр, радио ва ТВ Қозоғистондаги воқеаларни ёритмаяпти, ҳатто катта блогерлар айланиб ўтди бу масалани, ваҳоланки, роса эътибор қаратадиган мавзу! Телевидение ишлайдиган бир дўстим айтяпти, “Хавфсизлик хизматидан бу масалада махсус буйруқ бўлган, бошингизни оғритманг, мумкин эмас ҳозир, ҳатто муҳокамага кириш бу масалада”.

Унинг тахминича, Ўзбекистон ҳукумати қўшни давлатдаги воқеаларнинг ўз ҳудудида такрорланишидан хавотирга тушган бўлиши мумкин.

Суҳбатдош АОКА ва махсус хизматлар назоратида бўлмаган мустақил блогерва журналистларнинг Интернетдаги фаолияти, расмийлар эътиборини ўзига тортган ва шуларгина “огоҳлантириш” олмоқда. Унинг сўзларига кўра, АОКА мутасаддилари бу буйруқ Давлат хавфсизлик хизматидан келиб тушганини айтишган.

Озодликка хабар йўллаган яна бир андижонлик “Фейсбукдаги Қозоғистон ҳақида постлар қўйиб, улашганим учун турли хил комментлар ёзганимга ДХХ ва профилактика нозири чақиртириб, тушунтириш хати олди”, деб ёзди.

Ўзбек сегментида танилган яна бир қатор фаоллар Озодликка охирги кунларда турли аноним профиллардан "таҳдидлар" бўлаётгани, Қозоғистон мавзусига оид постлар ва комментлар "ҳужумга учраётгани"ни ҳам айтишди.

Озодлик суҳбатлашган блогерларга кўра, Қозоғистон мавзуси тармоқлардаги ёпиқ гуруҳларда ҳам қизғин муҳокама қилинмоқда.

Тармоқларда фаол яна бир ўзбекистонлик шу кунларда ички ишлар идорасига “суҳбатга” чақиртирилганлардан бири. У “Ўзбеклар қачон уйғонади?!” номи остига тармоқда қўйган пости учун "назоратга олингани"ни айтади:

— Қозоғистондаги ҳодисаларга бағишлаб шу саволни қўйгандим, холос. “Бундай хавфли гапларни ёзманг, қозоқлар ҳақида ёзманг, тинч юринг”, дейишди ва тилхат ёздириб олишди. “Қозоғистондаги воқеаларни ёритмаслик мажбуриятини бўйнимга оламан, акс ҳолда жавобгарликка тортилишим тўғрисида огоҳлантирилдим”, деган гап ёзиб бердим. Хуллас, профилактик суҳбат бўлди.

Тармоқ фойдаланувчиси нафақат Қозоғистондаги ҳодисаларни ёритаётган, балки бу постларга шунчаки, кескинроқ муносабат билдирган ва изоҳ қолдирган шахслар билан ҳам “тушунтириш ишлари” олиб борилаётганини айтади.

Журналистлардан бирининг Озодликка айтишича, “қозоқ исёни” мавзуси “фақат сарой блогерлари ва махсус рухсат олганлар томонидан керакли оҳангда” кўтарилмоқда.

— Қозоқ иши масаласи мутлақо берилмаяпти, десак нотўғри бўлади. Бериляпти, лекин тафсилотларсиз ва қисқа маълумот тарзида, иложи борича ўзининг изоҳисиз. Яъни қандайдир чегара белгиланган. Қозоғистондаги ҳолат билан Ўзбекистонни таққослаш, “Бизда улардан ҳам баттар-ку”, дейиш, Тоқаев ҳукуматини танқид қилиш тақиқланган. Шунингдек, Олмаотадан митинг видеосини қўйсак, халқни қўзғолонга даъват қилган бўларканмиз! Мени ҳам чақиртиришди, “Кўпчилик маълумот бериб ётибди-ку!”, десам, "одамларда биз ҳам шундай қилайлик, дейдиганлар кўпайган”, деяпти. Қонунда, албатта, бундай нарса белгиланмаган, — дейди исми очиқланмаслигини сўраган маҳаллий журналист.

Total Views: 64 ,

Добавить комментарий

АҚШ Россиянинг НАТО бўйича талабларини рад этди

АҚШ Россиянинг НАТО бўйича талабларини рад этди Женевада ўтказилган хавфсизлик...

Закрыть