Ҳукумат ёпиб қўйган масжид майдонида намоз ўқиш мумкинми?

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Ҳукумат ёпиб қўйган масжид майдонида намоз ўқиш мумкинми?

Савол:

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.

Тунис ҳукумати масжидларни ёпиб қўйгандан сўнг, баъзи йигитларимиз аҳоли билан бирга масжидлар ёнида жума намозини ўқишди. Баъзи имомлар буни ботил, жума намози масжиддан бошқа ерда ўқилмайди, дейишмоқда.

Бизга бунинг шаръий ҳукмини ҳамда масжидлар ёпиб қўйилса, одамлар нима қилиши кераклигини кўрсатиб берсангиз.

Аллоҳ Таоло сизларга барака ато этиб, қилган ҳаракатларингизни муносиб мукофотласин.

Жавоб:

Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.

Жума намози масжидда ҳамда умумий мулк доирасига кирадиган очиқликда (яъни, майдонлар ва ҳоказо жойларда) ўқилиши жоиз. Бу иккиси ҳам мавжуд бўлса, яъни, масжид очиқ бўлиб, намозхонлар тиқилинч бўлмаса, намоз масжидда ўқилади. Агар жой етишмаса, очиқликда ўқиш мумкин. Муҳими, ҳар икки ҳолатда ҳам хусусий жой бўлмасин. Бошқача айтганда, жума намозини уйларда ўқиш жоиз эмас. Балки одамлар киришдан ман қилинмайдиган масжид ёки очиқликда ўқилиши керак. Аммо масжидлар қулфланган бўлса, очиқликда ўқиш дурустдир, бунинг ҳеч қандай ножоиз ери йўқ. Бундан тўсган киши гуноҳкор бўлади. Бу ҳақда биз қуйидаги нашрларимизда айтганмиз:

1 – Ҳижрий 1441 йил 18 шаъбон, милодий 2020 йил 11 апрелдаги нашримизда бундай дейилган: «Агар давлат жума намозини масжидларда ёки умумий бўлган майдонларда ўқишни тақиқласа, гуноҳкор бўлади. Чунки нусуслар шуни ифодалайди ва Аллоҳ Субҳанаҳунинг

﴿يَا أيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِذَا نُودِيَ لِلصَّلَاةِ مِنْ يَوْمِ الْجُمُعَةِ فَاسْعَوْا إِلَى ذِكْرِ اللَّهِ وَذَرُوا الْبَيْعَ ذَلِكُمْ خَيْرٌ لَكُمْ إِنْ كُنْتُمْ تَعْلَمُونَ﴾

«Эй мўминлар, қачон Жума кунидаги намозга чорланса (яъни азон айтилса), дарҳол Аллоҳнинг зикрига шошиб боринглар ва олди-сотдини тарк қилинглар! Агар биладиган бўлсангизлар, мана шу ўзларингиз учун яхшироқдир» [Жума 9]

деган оятидан шу нарса тушунилади. Шу боис, мусулмон жума намозига ҳеч бир тақиқсиз бориши керак.

﴿فَاسْعَوْا إِلَى ذِكْرِ اللَّهِ وَذَرُوا الْبَيْعَ﴾

(Дарҳол Аллоҳнинг зикрига шошиб боринглар ва олди-сотдини тарк қилинглар). Демак, жумага саъй-ҳаракат қилмоқ фарз бўлиб, бунинг қаринаси мубоҳни тарк қилишдир… Масжидларни ёпган давлат эса – жавобда айтганимиздек – қаттиқ гуноҳкор бўлади».

2 – Ҳизб нашр қилган «Намоз аҳкомлари» китобида ҳам бу нарса батафсил баён қилинган бўлиб, қуйидагича келади:

«Жума намозини шаҳарда, қишлоқда, масжидда, шаҳардаги биноларда ва уларнинг саҳнида ўқиш дурустдир:

– Чунки Росулуллоҳ ﷺ жума намозини Мадинада ўқиганлар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу бу ҳақда бундай ривоят қилади: «Росулуллоҳ ﷺнинг масжидида ўқилган жума намозидан кейинги илк жума намози Баҳрайннинг Жувосийидаги Абдуқайс масжидида ўқилган намоздир». Жувосий Баҳрайндаги қишлоқлардан биридир. Абу Ҳурайра бундай ривоят қилади: «Мен Баҳрайнда жума намозини ўқишга рухсат сўраб, Умарга мактуб ёздим. Чунки мен Баҳрайнда омил эдим. Умар эса, ўзинглар турган жойда тўпланиб, ўқийверинглар, деб жавоб ёзди». Аммо Росулуллоҳ ﷺдан «Шаҳардаги масжиддан бошқа ерда жума намози ҳам, ҳайит намозлари ҳам ўқилмайди», дея қилинган ривоят эса, саҳиҳ эмас. Имом Аҳмад бу ривоятни ҳадис эмас, деганлар.

– Жума намозини очиқликда ўқиш жоиз. Чунки масжидни шарт қилувчи бирор бир нусус келмаган. Жума намози ҳам бошқа намозлар каби барпо этилиши талаб қилинган. Агар адо этишни вожиб қиладиган умумий нусусдан бошқа яна бирор нарса шарт қилинганда эди, бунинг учун нусус келган бўлиши керак эди.

– Битта юртда бир нечта жойда жума намозини барпо қилиш ҳам жоиз. Агар юрт катта бўлса, жума намозини бир неча масжидда ўқиш мумкин, бунга эҳтиёж бор ёки йўқлиги ҳисобга олинмайди. Чунки бир нечта жойда жума намозини ўқиш мумкин эмаслиги тўғрисида ҳам, бунга эҳтиёж бўлиши ёки бўлмаслиги тўғрисида ҳам нусус келмаган. Демакки, мутлақ келган нусус шу бўйича қолади. Аммо Набий ﷺнинг жума намозини фақат битта масжидда ўқиганлари биттадан ортиқ масжидда ўқиб бўлмаслигига далолат қилмайди. Чунки Росулуллоҳ ﷺнинг бир ишни қилмаганликлари уни қилмаслик кераклигини англатмайди. Росулуллоҳ ﷺнинг битта масжиди бўлганлиги ва ўша масжидда намоз ўқиганлиги биттадан кўпроқ масжидда намоз ўқишни хоҳламаганига далолат қилмайди». Иқтибос тугади.

3 – Ҳижрий 1360 йили вафот этган Абдураҳмон Жазирийнинг «Тўрт мазҳаб фиқҳи» китобида бундай дейилади:

«Жума намозини очиқликда ўқиш дурустми? Мазҳаб имомларининг учтаси жума намозини очиқликда ўқиш дурустлигига иттифоқ қилганлар. Фақатгина Моликийлар дуруст эмас, деганлар:

– Моликийлар айтади: жума намози уйларда ҳам, очиқликда ҳам дуруст бўлмайди, балки фақатгина масжидда адо этилмоғи даркор.

– Ҳанбалийлар айтади: модомики шаҳар биноларига яқин экан, очиқликда ўқилган жума намози саҳиҳ бўлаверади. Қанчалик яқин бўлиши урфга кўра белгиланади. Агар яқин бўлмаса, намоз дуруст бўлмайди. Агар халифа жума намозини саҳрода ўқиса, заифларга имомлик қилиб бериши учун шаҳарда бирор кишини қолдириши лозим.

– Шофеийлар айтади: модомики шаҳар биноларига яқин экан, очиқликда ўқилган жума намози саҳиҳ бўлаверади. Яқинлик ўлчови – уларнинг наздида – мусофир етиб келиб намозини қаср қилиши дуруст бўлмаган жойдир.

– Ҳанафийлар айтади: Жума намозининг саҳиҳ бўлиши учун масжид шарт қилинмаган. Балки уни очиқликда ҳам ўқиш мумкин. Шу шарт биланки, шаҳардан бир фарсахдан зиёд узоқда бўлмасин ҳамда шартларида айтилганидек, халифа у ерда жума намозини ўқишга рухсат берган бўлсин».

4 – Хулоса:

а)   Кўриб турганингиздек, имом Молик уни масжидда ўқимоқ вожиблигини айтяпти… У кишининг мана шу раъйига кўра, ҳукмдорнинг масжидни ёпиши жуманинг фарзлигини тўхтатиб қўяди. Агар ҳукмдор масжидда намоз ўқишга тўсқинлик қилса, Уммат ҳукмдорга қарши туриши керак.

б)   Бошқа фуқаҳоларга, айниқса учала мазҳаб имомининг раъйига келсак, улар жумани масжидда ҳамда очиқликда ўқишни жоиз, санаганлар.

в)   Аммо бизнинг таржиҳимизга келсак, биз буни юқорида баён қилиб бундай дедик: «Жума намози масжидда ҳамда умумий мулк доирасига кирадиган очиқликда (яъни, майдонлар ва ҳоказо жойларда) ўқилиши жоиз. Бу иккиси ҳам мавжуд бўлса, яъни, масжид очиқ бўлиб, намозхонлар тиқилинч бўлмаса, намоз масжидда ўқилади. Агар жой етишмаса, очиқликда ўқиш мумкин. Муҳими, ҳар икки ҳолатда ҳам хусусий жой бўлмасин. Бошқача айтганда, жума намозини уйларда ўқиш жоиз эмас. Балки одамлар киришдан ман қилинмайдиган масжид ёки очиқликда ўқилиши керак. Аммо масжидлар қулфланган бўлса, очиқликда ўқиш дурустдир, бунинг ҳеч қандай ножоиз ери йўқ. Бундан тўсган киши гуноҳкор бўлади…».

г)   Хуллас калом, сизларнинг масжид майдонида ўқиган намозингиз саҳиҳ намоздир. Давлат эса, икки марта гуноҳкор бўлди: биринчиси, масжидни ёпиш билан, иккинчиси, масжид ташқарисида ўқилишига тўсқинлик қилиш билан.

Аллоҳ Субҳанаҳудан тазарру ила сўраймиз, Халифаликни барпо бўлишини тезлаштирсинки, мусулмонлар намозларини тўғри шаклда адо этишга муяссар бўлсинлар.

﴿وَمَا أُمِرُوا إِلَّا لِيَعْبُدُوا اللَّهَ مُخْلِصِينَ لَهُ الدِّينَ حُنَفَاءَ وَيُقِيمُوا الصَّلَاةَ وَيُؤْتُوا الزَّكَاةَ وَذَلِكَ دِينُ الْقَيِّمَةِ﴾

«Ҳолбуки улар фақат ягона Оллоҳга, у зот учун динни холис қилган Тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни тўкис адо этишга ҳамда закотни (ҳақдорларга) ато этишга буюрилган эдилар. Мана шу тўғри йўлдаги (Умматнинг) динидир»  [Баййина 5]

Биродарингиз Ато ибн Халил Абу Рошта 

22 жумодулаввал 1442ҳ

6 январ 2021м

Total Views: 182 ,

Добавить комментарий

Садир Жапаров Қирғизистон президенти сайловларида ғалаба қозонди

Садир Жапаров Қирғизистон президенти сайловларида ғалаба қозонди Қирғизистон президенти сайловларининг...

Закрыть