Украина уруши ҳамда инфляция хатари

Украина уруши ҳамда инфляция хатари

Капиталистик молия тизимининг иқтисодий ҳаётнинг барча жиҳатларига салбий ва сезиларли таъсир кўрсатадиган жиддий хавфларга дучор бўлиши биринчиси эмас ва бу охиргиси ҳам бўлмайди. Пул ва валюта тизими… банк ва фонд биржалари каби молиявий муассасалар… Халқаро Валюта Фонди ва Жаҳон Банки каби кредит ташкилотлари… Swift, Bitkoin ва булардан бошқа келишилган капиталистик тизимлар орқали савдо айирбошлаш тизими… товар ва хизматларнинг қиймати… ходимларнинг иш ҳақи ва булардан бошқа кўплаб кўп қиррали масалалар ушбу молиявий тизимга тез ва фаол тарзда таъсир кўрсатади.

Милодий 1929 йилда, яъни биринчи Жаҳон урушидан кейин Жаҳон иқтисодиётида, хусусан, Америкада содир бўлган тартибсизлик натижасида Буюк Депрессия деб аталган ҳолат юзага келди. Бу ҳолат молиявий тизимда, шу жумладан, ушбу тизимнинг барча тармоқларида юз берган жиддий ўзгаришларга олиб келди. Биржалар бир кун ичида силкиниб, миллиардлаб зарар кўрди. Молиявий бозорда Dow Jones индекси бир кунда ўз қийматининг тахминан 22 фоизини йўқотди. Бир неча кун ичида Америка йўқотишлари – кризис бошлангандан бери – тахминан 30 миллиард долларни ташкил этди; Бу АҚШ федерал бюджетидан ўн баробар кўп эди. Бу ҳолат Америкагагина чекланиб қолмади, балки Франция, Германия ва бошқа Европа давлатларига ҳам кўчди. Кризис ўнлаб йиллар давом этиб, кейин секин-аста тиклана бошлади. Америка иттифоқчи давлатлар билан бирга иккинчи Жаҳон урушига кирганидан кейингина ушбу ҳалокатли кризисдан чиқа олди. Кўпчилик иқтисодчиларга кўра, ушбу кризис урушнинг тўхташи, бинобарин, Америка саноат машинасининг ишлаб чиқаришни тўхтатиб қўйиши ва ишсизлар армиясининг пайдо бўлиши натижасида бозорларда юз берган турғунликдан келиб чиққан. Бу таклифнинг кўплиги ва талабнинг озлиги сабабли тўғридан-тўғри молиявий бозорларга ва кескин тушиб кетган акциялар нархига таъсир кўрсатган!! Айни шу фожиа иккинчи Жаҳон урушидан кейин Европада ҳам такрорланди. Чунки Европа иккинчи Жаҳон урушидан иқтисодий жиҳатдан қаноти синган ҳолда чиқди. Агар Американинг «Маршал режаси», яъни кетма-кет ўн йил давомида Европани қутқариш лойиҳаси орқали аралашуви бўлмаганида Европа деярли қулаган бўлар эди. Милодий 1990 йилда Афғонистондаги ҳаддан ташқари кўп уруш харажатлари, социалистик иқтисодий тузумнинг нуқсонлари, шунингдек, юлдузлар уруши лойиҳасида Америка билан Совет Иттифоқи ўртасидаги катта харажатларни талаб қилган қуролланиш пойгаси ва бошқа ҳарбий лойиҳалар натижасида Шарқий лагерда фалокат юз берди. Бу молиявий таназзул бошқа омиллар қатори бутун социалистик тузумнинг парчаланишига, молиявий тизимнинг емирилишига, социализмнинг ҳаёт ҳақидаги нуқтаи назар ва инсон ишларини тартибга солувчи тузум сифатида емирилишига олиб келди. 1997 йилда молиявий бозорларда сунъий фожиа юз берди. Унда Осиё йўлбарсларининг қулаши глобал молиявий бозорларга таъсир кўрсатди ва бутун бир мамлакатларни деярли йўқ қилиш даражасига етган катта йўқотишларга олиб келди.

Сўнг 2008 йилда ипотека кризиси деб аталмиш молиявий кризис юз берди. Зеро, унда молиявий бозорлар ўз қийматининг катта қисмини йўқотди. Бу эса, молиявий муассасалар ва банкларнинг қулашига олиб келди ва Америкадаги бутун молия тизимини деярли йўқ қилди. Ўшанда глобал миқёсда, хусусан, Америкада Ғарб иқтисодий тузумининг энг муҳим қоидаси бўлган бозор эркинлигини бузиш орқали давлат аралашиб, баъзи муҳим муассасаларни қутқармаганида эди молиявий тизим бутунлай йўқ бўлган бўларди.

Бу дунёда вақти-вақти билан содир бўлаётган ва ҳали ҳам такрорланаётган баъзи намуналардир. Бугун дунё ўзини кўрсата бошлаган янги фожиага дуч келмоқда. Бу Украина уруши ва Россияга қарши иқтисодий санкцияларнинг натижаси бўлиб, тез орада Хитойга ўтиши ҳам мумкин. Шундай экан, ушбу ҳарбий кризис бевосита таъсир қиладиган нарсалар нималардан иборат ва инсониятни унинг буюк фожиаларидан қутқаришнинг йўли қандай?

Украинадаги уруш кўплаб иқтисодий муаммоларни келтириб чиқаради. Уларнинг энг муҳимлари: Инфляция ва нархларнинг ошиши, бозорларда товарларнинг кўпайиши ҳисобига пул қийматининг пасайиши, ишчи ва хизматчилар иш ҳақининг камайиши.

Инфляция масаласи капиталистик тузумдан ажралмайди ва у барча давлатларда турли даражада мавжуд. Унинг сабаби бир нечта бўлиб, улардан энг эътиборлиси ўз қийматида ўзига таянмаган самарасиз пул тизимидир. Улардан бозорда мавжуд бўлгани ҳам ҳақиқий қийматини гавдалантирмайди. Бу эса инфляцияга олиб боради. Бу ерда бошқа сабаблар ҳам мавжуд бўлиб, улар тўғрисида молия тизимидаги камчиликларни бартараф этиш йўллари ҳақида гапирганда умумий тарзда айтиб ўтамиз. Бозордаги пул миқдори мавжуд иқтисодиёт ҳажмига нисбатан ошганда, яъни талаб қилинган даражадан юқори бўлса, бу инфляцияни келтириб чиқаради. Натижада одамлар қўлидаги пулнинг қиймати пасаяди, нархлар кўтарилади, шунинг учун иш ҳақининг қиймати бошқа товар ва хизматларга нисбатан автоматик тарзда пасаяди. Мамлакатлар одатда татбиқ бўлиб турган тузумда мавжуд эгри йўллар билан инфляцияни муолажа қилишга ҳаракат қиладилар ва ставкалар кўтарилади. Шунинг учун пул миқдори бозордан банкларга олиб қўйилади шу билан пул қиймати товар ва хизматлар олдида кўтарилади ҳамда иш ҳақининг қиймати яхшиланади. Гарчи бу муолажа инфляция муаммосига таъсир қилса-да, иқтисодиётнинг бошқа жабҳаларига фожиали таъсир кўрсатади. Кредит беришда банк фоизларининг юқорилиги сабабли лойиҳалар етишмайди. Бу эса бошқа товарнинг қийматини кўтаришда худди шу фожиани такрорлайди. Шунингдек, бу ишсизликка таъсир қилади, зеро жамиятда иқтисодий лойиҳаларнинг йўқлиги ишсизликни кучайтиради.

Кўпгина Ғарб давлатлари, айниқса Америкада инфляция содир бўлди. Ҳатто Америкадаги иқтисодчилар тушкунлик, юқори товар нархлари, ишлаб чиқариш етишмаслиги, иш ҳақининг пасайиши, бунинг натижасида штатларда ижтимоий тартибсизликлар юзага келиши ҳақида огоҳлантиришмоқда.

Инфляция 1981 йилдан бери энг юқори даражага кўтарилиб, 8,5 фоизни ташкил этди. Би-Би-Си сайтининг 2022 йил 13 апрел куни хабар беришича, АҚШдаги инфляция Украина урушининг биринчи ойида ёқилғи товарларининг нархи ошиши оқибатида сўнгги 40 йил ичида энг юқори даражага кўтарилган. Товар нархлари 8,5 фоизга кўтарилган ва бу 1981 йилдан бери энг юқори даражадир. Америка меҳнат вазирлиги 2022 йил 12 январда бундай деб огоҳлантирган: «Инфляция даражасининг ошиши АҚШ Федерал захира тизимини ўзи эга бўлган облигациялар ва қимматли қоғозларни қисқартириш ва фоиз ставкаларини эса ошириш орқали пул-кредит сиёсатини кучайтиришга мажбур қилади. Ҳозирда инфляция даражаси АҚШ марказий банки томонидан ўрта муддатли истиқболда 2 фоизга мўлжалланган кўрсатгичдан анча юқоридир». Германия вице канцлери ва иқтисодиёт вазири Роберт Хабек 2022 йил Давос иқтисодий конференциясида бундай деди: «Қаршимизда тўртта кризис, юқори инфляция, энергия кризиси, озиқ-овқат етишмовчилиги ва иқлим кризиси бор… Агар биз фақат битта кризисга эътибор қаратсак, муаммоларни ҳал қила олмаймиз…». У яна бундай деб қўшимча қилди: «Агар муаммоларнинг ҳеч бири ҳал этилмаса, мен глобал барқарорликка катта таъсир кўрсатадиган глобал рецессияга дуч келишимиздан қўрқаман!».

Бу инфляция тўхтамайди, аксинча, уруш давом этиши билан ортиб боради. Бу уруш ва Россия қамали Жаҳон иқтисодиётининг кўплаб масалаларига таъсир қилади. Ёқилғи нархининг ошиши, сайёҳлар сонининг камайиши, товар ва хизматлар нархининг ошиши, экспортнинг камайиши, молиявий бозорлардаги тебранишлар ва ҳоказолар шулар жумласидандир… Жаҳон миқёсида инфляция даражасининг юқори бўлишининг сабаби шундаки, иқтисодиёт масалалари бир-бири билан боғлиқ. Улар бир-бирига таъсир қилади ва бир-биридан ажралмайди. Бу нарса Америка каби битта мамлакатда рўй берадими ёки бошқаларда ҳам бўладими фарқи йўқ. Дарҳақиқат, уруш кўп нарсаларда салбий таъсир кўрсатди ва шу билан бутун Жаҳон иқтисодиёти учун хавфли бўлган ушбу масалаларга олиб келди. Масалан Россияга қўйилган эмбарго кўплаб ҳаётий товарлар нархининг ошишига олиб келди; Айниқса, энергия ва ғаллага ҳамда саноат ва экспорт ҳажмига таъсир қилди. Шунингдек, у бошқа муҳим товарлар нархига, туризм ҳажмига, импорт ва экспортга, Жаҳон молия бозорига таъсир кўрсатди. Қамал мазкур ишларнинг бирига таъсир қилар экан, олам бўйлаб иқтисоднинг бошқа соҳаларига ҳам таъсир қилди. Кўриниб турибдики, масалалар чигаллашиб бормоқда ва тўхтамаяпти. Юқорида айтиб ўтганимиздек бу ишлар Хитой ва унинг иттифоқчиларигача етиб бориши ва воқеалар фожиа устига фожиага айланиши мумкин.

Агар низом тўғри бўлса ва пуллар ўзининг қийматига таянса, инфляциянинг асосий сабаби биз айтиб ўтган ишларда яширинмайди. Балки бу нарса нотўғри ва муваффақиятсиз пул тизими туфайли содир бўлди. Чунки бу пул тизими ўзининг ички қийматига ҳамда мустаҳкам товар ва хизматларга таянмайди. Асосий сабаб – глобал тарзда сузиб юрган ва ҳақиқий қийматга асосланмаган пул системасидир. Шунинг учун инфляция масаласи сиёсий, ҳарбий ва иқтисодий силкинишлар билан таъсирланганидан ташқари капиталистик пул тизимига хос бўлган муаммо бўлиб қолмоқда. Агар иш тўғри бўлганида, яъни пулнинг қиймати тилла ва кумушга таянганида на инфляция ва на молиявий тизимга боғлиқ иқтисодий муаммолар содир бўлар эди.

Инфляция муаммоси – дунёга ҳукмронлик қилиб келаётган носоғлом капиталистик низомнинг камчиликларидан биридир. Капиталистик низом халқлар қонини сўришга ва ўзининг пул тизими орқали  бойликларни талон-торож қилишга таянади. Бундан ташқари, у дунёга ҳар доим янгиланиб турадиган турли кризисларни олиб келади. Ўша кризислардан бири инфляция муаммоси бўлиб, у одамларнинг жамғармалари ва маошларини тортиб олади. Шунингдек, товар нархларини оширади ҳамда иқтисодий ҳаётнинг барча соҳаларида хавф-хатарни ёяди.

Молиявий инфляция ва унинг иқтисодиёт бўғинларига келтираётган кўплаб фожиалардан халос бўлиш фақат пул ва инсон ҳаёти билан боғлиқ барча ҳаётий масалаларда тўғри тизимни жорий қилиш билан амалга ошади. Бундай тузум биринчи Жаҳон урушигача маълум даражада татбиқ қилингани учун ўша пайтдаги хатар бугунги кундагичалик бўлмаган. Бошқача айтганда, у пайтда нақд пул олтин балансига кўра белгиланган. Шунинг учун ҳам ўша даврда Жаҳон иқтисодиётига хавф солувчи муаммолар, айниқса, инфляция муаммоси камроқ бўлган.

Бу тўғри тузум тўлиқ ва яхлит тарзда татбиқ қилиниши лозим. Унинг фақат пулга тегишли жиҳатининг ёлғиз ўзи татбиқ этилиши мумкин эмас. Чунки бойликларни талон-торож қилишга кўникиб қолган, оғизларидаги ошни олдириб қўйишни истамайдиган дунё етакчилари бу тизимни дарҳол йўқ қилишга ҳаракат қилишади. Шунинг учун пул тизими ўша пул тизимини ўз ичига олган Исломдаги иқтисод тузуми билан биргаликда татбиқ қилиниши керак. Бу эса ушбу тузумни кафолатлайдиган давлат соясидагина бўлади. Бу давлат ўша тузумни аввало юртларимизда татбиқ қилади ва шундан сўнг уни бутун инсониятга яхшилик ва ҳидоят рисолати сифатида олиб чиқади. Ана ўшанда бу касал тузумлар қулайди ва ишлари фош бўлади. Аллоҳ Таоло бу ҳақида бундай дейди:

﴿أَفَمَنۡ أَسَّسَ بُنۡيَٰنَهُۥ عَلَىٰ تَقۡوَىٰ مِنَ ٱللَّهِ وَرِضۡوَٰنٍ خَيۡرٌ أَم مَّنۡ أَسَّسَ بُنۡيَٰنَهُۥ عَلَىٰ شَفَا جُرُفٍ هَارٖ فَٱنۡهَارَ بِهِۦ فِي نَارِ جَهَنَّمَۗ وَٱللَّهُ لَا يَهۡدِي ٱلۡقَوۡمَ ٱلظَّٰلِمِينَ﴾

«Бас, бу биноларини Аллоҳдан қўрқиш ва Унинг ризолиги асосига қурган киши яхшироқми ёки биноларига емирилаётган жар ёқасини асос қилиб олиб, шу сабабли ўзи ҳам жаҳаннам ўтига қулаган кимсами?! Аллоҳ бундай золим қавмни ҳидоят қилмас» [Тавба 109]

Биз Аллоҳ Таолодан ушбу ҳодисаларни Ислом яна ҳаётга қайтиши ҳамда аввалда Рум ва Форс давлатлари Ислом нури олдида фош бўлганидек фош бўлиши учун муқаддима бўлишини сўраймиз. Шунингдек, Ислом давлати тикланиши учун муҳит бўлишини сўраймиз. Эй Аллоҳим, дуоларимизни қабул эт, охирги дуойимиз оламлар Парвардигори Аллоҳга ҳамд айтмоқликдир.

Ҳамд Тобиб – Байтул Мақдис

Total Views: 118 ,

Добавить комментарий

Боткенда фавқулодда ҳолат эълон қилинди

Боткенда фавқулодда ҳолат эълон қилинди 17 сентябрь куни Қирғизистоннинг Боткен...

Закрыть