Турк режими ҳамда Шом аҳли қони устида савдолашиш!

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Турк режими ҳамда Шом аҳли қони устида савдолашиш!

Ҳозирда халқаро сиёсатдаги сиёсий тенгламаларнинг ўлчови моддий манфаат ва фойдага асосланади. Бу ўлчов бир қанча хусусиятларга эга бўлиб, улар инсоний, ахлоқий ва руҳий қадриятларнинг барчасини ўчириб-эритиб ташлайди. Айни хусусиятлардан асосийси шуки, унда манфаат деган нарса ҳеч қачон барқарор турмайди, воқеалар ва вазиятларга қараб ўзгараверади. Кечаги кунги дўстлар манфаат тугагач, эртасига душманга айланишади. Сиёсат оламидаги бугунги шерикчилик фойда олдида эртага хоинлар бозорида товар каби сотиб юборилади. Бинобарин, манфаат устига қурилган муносабат вақтинча. Қачон манфаат тугаса, муносабат ҳам тугайди. Сиёсий ишлар ўлчови бўлган манфаат эса, ўзидан каттароқ манфаатларнинг қурбони бўлади. Айни шу нарса тақдирий масалаларни пудратчилар қўлида сотиб юбориладиган қилиб қўяди. Бунга Шом қўзғолони тирик мисол бўлса, ажаб эмас.

Ишбилармон сиёсатчиларга эътибор беринг! Улар манипуляция ва чап беришга, ҳалолни ҳаром, ҳаромни ҳалол қилиб олишга шунчалик уста бўлиб кетишганки, ҳатто ўз зиммаларидаги ишларда ўзгариб, товланиб, ҳар мақомга ўйнашяпти, манфаат чиқадиган ишни кўришса, тўғри йўналишни қўлларидан келганча ўзгартиришга уринишяпти. Бу ишда «Мақсад воситани оқлайди» қоидасини ўзларига дастак қилиб олиб, макр, алдов, тузоқ, адаштириш, ҳақиқатни бузиб кўрсатиш кабилардан восита сифатида фойдаланишяпти. Буни оқлаш учун ҳар нарса қилишга тайёрлар… Масалан, ўзларининг жарчи ахборот воситалари армиясини сафарбар қилиб, ямоқчи таъмирчилар командасини ишга солишяпти, ўз жавобгарликларини бошқалар устига отиб, ўзларининг одамлар қони устидаги савдода асосий сармоядорликларини оқлашга уринишяпти.

Шулардан келиб чиқиб, турк режими ҳақида сўз юритишимизга тўғри келади. Унинг Сурия қўзғолонидаги роли сурияликлар қони савдосида – ҳозиргина айтиб ўтганимиздек – асосий сармоядорликдан иборат. У Сурия қўзғолони тижоратида халқаро миқёсда ҳам, Туркия ичкарисида ҳам, ҳатто Шом аҳлининг орзу-умидлари, аламлари ва хаёллари даражасида ҳам моҳир савдогар ҳисобланади. Бу режим ушбу муборак қўзғолон бошланган вақтдан бошлаб ўзининг таъсирли чиройли баёнотлари билан Шом аҳлини ўзига ром қилди. Масалан, «Ҳалаб қизил чизиқдир» каби гаплардан тортиб, «Иккинчи Ҳамага йўл қўймаймиз» каби мафтункор сўзлари билан Шом аҳлида Туркия қўзғолоннинг стратегик иттифоқчиси, деган ишонч пайдо қила олди. Шом аҳли бу режимни ўзлари учун аҳдга вафо қилувчи дўст, қўзғолонлари ғалабаси учун, ҳеч бўлмаса мағлуб бўлмаслик учун ягона кафил, деб ўйлашди. Турк режими уларни ўзига ишонтира олгач, Шомдаги жангчи гуруҳ раҳбарларини ўзига боғлади ва қарорларига эга чиқиб, уларни қонларини, азиз нарсаларини ва жонларини фидо қилган катта минтақалардан воз кечишга ундади. Уларни, шунингдек, охири кўринмайдиган ва Шом тоғути фойдасига вақтдан ютишига сабаб бўладиган фойдасиз халқаро музокаралар тоннелига тиқди. Шу орқали уларни сулҳ тузоғига илинтиришга муваффақ бўлди. Бунинг оқибатида Сурия шимолига кўчиришлар бошланди. Бундан ташқари, турк режими кўплаб сурияликларни Озарбайжон ва Ливияда Америка фойдасига жанг қиладиган ва Туркиянинг Сурия чегаралари бўйлаб миллий хавфсизлигини мудофаа қиладиган ёлланма аскарларга айлантиришга муваффақ бўлди. Бу йўлда шундай катта энергияни сарфлаб-совурдики, бунинг ўрнига бу энергияни Сурия режимини ағдариш ва Ислом бошқарувини барпо қилишга сарфласа тўғри бўлур эди. Буни ҳамма тушуниб етди, аммо вақт ўтгандан кейин. Xaлқаро Ҳамжамият Сурия қўзғолонини йўқ қилиш учун анча аввал «тендер» эълон қилган… Tурк режими айни тендерда ғалаба қозониш ва қўзғолонни энг кам харажат билан бир ёқли қилишга уринмоқдa. Мақсади, шу орқали миллий хавфсизлик даражасида ўзининг шахсий манфаатларини рўёбга чиқариш ва ҳокимият тепасида қолиш бўлди.

Яқинда турк режимининг Сурия қўзғолонига нисбатан позициясини, яъни ташқи ишлар вазири Човушўғлининг «мухолафат»ни Шом тоғути билан бўлган сулҳга чақирганини кўрган баъзи одамлар бунга Туркия сиёсатида ўзгариш бўлди, деб қараяпти. Шубҳасиз, бу содда-онгсиз қараш бўлиб, бундай қарашдаги киши халқаро сиёсат луғатини, услуб ва воситалари, ўлчов ва тактикаларини тушунмайди. Чунки турк режими позицияси бошдан бери асло ўзгаргани йўқ. Ҳалаб яшил чизиққа ва Суриянинг барча шаҳарлари иккинчи Ҳамага аллақачон айланиб бўлган. Шом тоғути Суриянинг аксар ерларида ҳукмронликни қайта олиб, аввал муҳожирларга «раҳнамо» бўлган Эрдоган шу қонхўр билан учрашишни режалаштирмоқда. Шом қўзғолонини бўғизлаб ўлдириш ва бунинг катта даромадини қўлга киритишдек сўнгги миссиясини тамомлашга ҳаракат қиляпти.

Хулоса қилиб айтганда, ўз масаламизни бировга топшириш сиёсий жиҳатдан ўз жонига қасд қилиш демакдир. Чунки биз бу билан ўзимизни ўзимиз халқаро хоинлар бозорига арзон товар қилиб берган бўламиз. Шунингдек, бу нарса бизни қуллик доирасига тиқиб, ундан чиқолмай тинмай айланаверадиган қилиб қўяди. Унда қилиш мумкин бўлган максимал иш, янги хўжайиннинг розилигидан кейин, қуллик шартларини такомиллаштириш бўлади.

Қулликдан озод бўлиш йўли биздан қароримизни қайтариб олишга астойдил ҳаракат қилишни ва биринчи қадам сифатида ўз қароримизга ўзимиз эга бўлишимизни талаб қилади. Чунки қулларда истак ва мустақил қарор бўлмайди. Бизнинг қўзғолон эса, асло қул эмас. Кимда-ким ўз қарорига эга эмас экан, унинг фикрлари тўғри ва ечимлари самарали бўлса ҳам тўғри йўлга қадам қўя олмайди. Чунки фикр соҳиби мустақил қарор ва истагини қўлдан бой бергани учун унинг бу фикрлари амал босқичига кўчиб ўтолмайдиган фикрлар бўлади. Хорижга сотилган жангчи гуруҳларнинг омборида улкан миқдорда қурол-аслаҳанинг борлиги ҳеч кимга фойдаси йўқ. Захда занг босиб, чирийди, сўнг муддати тугаганда топшириб юборилади. Қишин-ёзин «илтимос чизиғи»дан чиқмай яшаётган мужоҳид тез орада Шом тоғути аскарларига осон нишонга айланади. У биронта ҳам фронтни очмайди. Чунки фронтни очиш учун аввало қарор керак. Бу нарса қўзғолоннинг барча потенциал ва кучларига тааллуқли.

Қарор ҳам ҳарбий, ҳам сиёсий жиҳатни ўзида мужассам этиши ҳамда ваколат соҳиби бўлган раҳбарият ушбу қарорни назариядан амалиётга кўчира олиши учун, энг аввало онгли, сиёсий ва холис етакчилик лозим. Қулликдан озод бўлиш учун ҳам унга эргашилади. Чунки у онгли тадбирли ақлга ёки бошқарувчига ўхшайди. У йўлга кўмилган сиёсат қопқонларини ва миналарини четлаб ўтувчи пешво бўлиб, унинг қўлида собит мустақил йўлга кўрсатувчи сиёсий лойиҳа компаси бўлади. Бу компас миллари муроса қилувчи қинғир йўлларни асло кўрсатмайди. Шу боис, қачон халқ ва қўшин мана шундай етакчилик ортига тизилса, нусрат Шом аҳлига ёр бўлади, тоғут режимларига қарши қўзғолонларида зафар қучадилар ва берган шунча қурбонликлари самараларини териб олиш ва мустамлакачиликнинг барча шаклдаги кишанларидан озод бўлишга муваффақ бўладилар. Шунингдек, бошларидаги малай ялоқхўр режимлардан қутулиб, бутун инсониятга яроқли раббоний ягона тузум сифатида Ислом тузумини татбиқ қиладилар. Аллоҳ Таоло бундай деган:

﴿مَنْ عَمِلَ صَالِحاً مِنْ ذَكَرٍ أَوْ أُنْثَى وَهُوَ مُؤْمِنٌ فَلَنُحْيِيَنَّهُ حَيَاةً طَيِّبَةً وَلَنَجْزِيَنَّهُمْ أَجْرَهُمْ بِأَحْسَنِ مَا كَانُوا يَعْمَلُونَ﴾

«Эркакми ё аёлми – кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирон яхши амал қилса, бас, Биз унга покиза ҳаёт ато этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган амалларидан чиройлироқ ажр-савоблар билан мукофотлаймиз»   [Наҳл 97]

Устоз Аҳмад Абдулваҳҳоб

Роя газетасининг 2022 йил 14 сентябр чоршанба кунги 408-сонидан

Total Views: 62 ,

Добавить комментарий

Электр энергияси ва табиий газ нархининг ошишига сабаб Туркиядаги капиталистик сиёсатдир

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ Электр энергияси ва табиий газ нархининг...

Закрыть