Тошкентда Россия фойдасига жосусликда айбланган ҳарбийлар устидан суд бўлиб ўтмоқда

Тошкентда Россия фойдасига жосусликда айбланган ҳарбийлар устидан суд бўлиб ўтмоқда

10 февраль куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Юнусобод суди биносида Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар ва халқаро муносабатлар институти собиқ директори¸ 61 яшар сиëсатшунос Рафик Сайфулин устидан ëпиқ суд мажлиси бошланди.

Жараëндан бевосита хабардор Озодлик манбаларига кўра¸ бу Сайфулин устидан ўтаëтган суднинг иккинчи мажлисидир.

Биринчи мажлис февраль бошида Республика ҳарбий суди биносида бўлиб ўтган. Бу ҳақда маълумот берган суд ходимига кўра¸ “ҳарбий суд биноси ремонт бўлгани боис¸ иш туман суди биносида кўрилмоқда”.

Сайфулин ишини Ўзбекистон ҳарбий суди ҳакамлари кўриб чиқмоқда. Сайфулин Ўзбекистон Жиноят кодексининг 157-моддаси — давлатга хоинлик қилишда айбланмоқда.

Сайфулин билан биргаликда ўнга яқин собиқ ҳарбий ҳам Россия фойдасига жосуслик қилиш¸ давлат сирларини фош қилиш ва бошқа жиноятларда айбланиб¸ судга тортилган.

Қамоққа олиниб иши судга оширилганлар орасида Ўзбекистон қуролли кучлари бирлашган штаби бошқарма бошлиғи Акбар Ярбабаев ҳам бор. Ярбабаев ҳам Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 157-моддасида кўзда тутилган жиноят — давлатга хоинлик қилишда айбланмоқда.

Акбар Ярбабаевнинг акаси Россия федерациясининг Санкт-Петербург шаҳрида яшайдиган Алексей Ярбабаев Озодлик билан суҳбатда укаси устидан тергов жорий йилнинг 1 февралида тугалланиб¸ судга оширилганини айтди.

Россия авиацияси зобити Алексей Ярбабаевнинг Озодликка билдиришича¸ унинг укаси Ўзбекистон қуролли кучлари штаби бошқарма бошлиғи Акбар Ярбабаев ва хотини Елена 2019 йил 15 июль куни ҳибсга олинган.

Бундан олдин 2019 йилнинг 2 июль куни Тошкентда истеъфодаги подполковник, Ўзбекистон Мудофаа вазирлигига қарашли ​“Ватанпарвар” газетаси мухбири Владимир Калошин ҳибсга олингани ҳақида Озодлик ҳабар берган эди. Калошин Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 162- моддасида (“Давлат сирларини ошкор қилиш”) назарда тутилган жиноятда айбланган эди.

“Давлатга хоинлик қилиш”да айбланиб суд қилинаëтган Рафик Сайфулин ўз хизмат фаолиятини совет даврида Давлат хавфсизлик қўмитаси (КГБ) заҳирасидаги форс¸ дари ва пуштун тилларини яхши билган ходим сифатида бошлаган.

Ўзбекистон мустақил бўлганидан кейин Сайфулин 1994 йилдан 1995 йилгача Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси Статистика қўмитасида ишлаган.

Кейинчалик у Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар ва халқаро муносабатлар институтининг директори сифатида фаолият юритди. Унинг Ўзбекистон МХХ собиқ раиси¸ қудратли генерал Рустам Иноятовга жуда яқин бўлгани айтилади.

Сиëсатшунос сифатида танилган Сайфулин ўз мақолаларида Ғарб ва АҚШдан узоқлашиш ва Россия билан яқинлашиш ғоясини илгари суриб келган.

Айни “давлатга хоинлик қилиш” жиноятида айбланиб суд қилинаëтган Ўзбекистон қуролли кучлари бирлашган штаби бошқарма бошлиғи Акбар Ярбабаев 2006 йилнинг 26 августида Ўзбекистоннинг ўшандаги президенти Ислом Каримов томонидан “Шон-Шараф” ордени билан мукофотланган эди.

Total Views: 1999 ,

Добавить комментарий

Қоҳирада Муҳаммад ибн Салмон ва Биньямин Нетаньяҳунинг учрашиши кутилмоқда

Қоҳирада Муҳаммад ибн Салмон ва Биньямин Нетаньяҳунинг учрашиши кутилмоқда Яқинда...

Закрыть