Тайван борасида АҚШ ва Хитой ўртасидаги кескинлик

Саволга жавоб

Тайван борасида АҚШ ва Хитой ўртасидаги кескинлик

Савол:

АҚШ ва Хитой ўртасидаги Тайван билан боғлиқ кескинликнинг ортида нима турибди? Ушбу кескинликнинг сабаблари нимада? Нега АҚШ конгрессдаги вакиллар палатаси спикери ва унинг бошқа аъзоларини Тайванга юбориш билан Хитойни провокация қилди? Оролнинг Хитой ва Америка учун аҳамияти нимада? Ушбу кризис уруш томон кетяптими ёки тинчланиш сарими?

Жавоб:

Тайван борасида кучайиб бораётган ушбу кескинлик ва унинг мотивлари ҳамда қилинаётган провокацияларнинг ҳақиқатига ойдинлик киритиш учун баъзи фактларни эслатиб ўтиш лозим:

Биринчи: Америка Хитойни халқаро миқёсда ўзининг биринчи рақамли рақиби, деб билади. Зеро, Хитой иқтисодиёти анча катта бўлиб, Америка иқтисодидан кўра тезроқ ўсяпти. Яқин йиллар ичида, Хитой дунёнинг 1-рақамли иқтисодий қудрати ўрнини эгаллаш билан таҳдид солмоқда. Хитойнинг бу иқтисодий қудрати аста-секин ҳарбий қудратга айланаётгани ҳам кўриниб турибди. Чунки унинг ҳарбий харажатлари йилдан-йилга ортиб, армиясининг анъанавий ва ядровий салоҳияти ривожланмоқда. Бунга қўшимча, унинг сиёсий амбициялари ҳам ортиб боряпти. Жумладан, «Ипак йўли» лойиҳаси бир қатор мамлакатларда, хусусан, Осиёда Хитойнинг сиёсий ва иқтисодий таъсирини оширмоқда. Буларнинг барчаси Хитой билан савдо урушини эълон қилган ҳамда Хитойга қарши туриш ва унинг юксалишига йўл қўймаслик учун Осиёда ҳарбий иттифоқлар тузишни бошлаган Қўшма Штатларга ёқмайди.

Иккинчи: Тайван – майдони 36 минг квадрат километрни ташкил қилувчи, 24 миллион аҳолига эга бўлган катта оролдир. У ривожланган иқтисодиёти билан дунёда 26-ўринни эгаллаган бўлиб, электрон чип саноати билан машҳурдир. Шу сабабли, Тайван бугунги халқаро стандартларга кўра, тўлиқ ҳуқуқли мамлакатдир. Аммо унинг тарихи, аҳолиси хитойлардан ташкил топгани ва Хитой материгидан атиги 140 км. узоқликда жойлашганлиги Хитойни унга исёнчи минтақа, деб қарашга ундайди. Тайван ўзининг сиёсий тарихида Хитой билан жуда қайноқ муносабатларга эга. Чунки Коммунистик партия 1949 йилда Хитойнинг материк қисми устидан назорат ўрнатгач, мағлубиятга учраган Хитой ҳукмдорлари (Хитой миллий партияси-Гоминьдан) ўша пайтда ўзларининг ҳукмронлиги остида бўлган Тайванга кўчиб ўтишган. Коммунистик партияга душман бўлган икки миллион хитойликлар ҳам улар билан бирга кўчиб келиб, пойтахт Тайбэйга асос солишган. Шундай қилиб, Хитойнинг собиқ ҳукмдорлари (коммунистлар ҳокимиятни қўлга олишдан олдин) Тайван оролини ўз ҳукмронлиги остида ушлаб келишар эди. Бу борада уларга АҚШ томонидан тақдим этилган ҳарбий соябон ҳам ёрдам берган. Шу боис, АҚШ 1955 йилда Хитой Коммунистик партияси томонидан бошқариладиган Хитой Халқ Республикасини тан олмагани учун Тайванга «Хитой Республикаси» сифатида қараб, у билан мудофаа шартномасини имзолади. У Тайванни ҳимоя қилиш учун бир неча бор аралашди ва Хавфсизлик Кенгашидаги Хитойнинг доимий ўрнини Тайванга берди.

Учинчи: Америка Пекин билан бўлган келишувлардан сўнг Хитойнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги ўрнини Пекинга, яъни Хитой Коммунистик партиясига ўтказишга рози бўлиб, Тайванни БМТдан чиқариб юборди. Шундан бери «Ягона Хитой» сиёсатини қўллаб-қувватлашини, яъни Тайван мустақиллигини тан олмаслигини айтиб келади. Лекин Хитойнинг Тайванни қўшиб олишига йўл қўймаслик учун Тайван билан бўлган мудофаа шартномасини сақлаб қолган. Буларнинг барчаси етмиш йилдан ортиқ вақт давомида Американи Тайван масаласида фаол элементга айлантирди. Бугунги кунда ҳам Тайванни расман мустақил деб тан олмаса-да, бироқ уни мустақил давлат сифатида кўриб, у билан сиёсий, савдо, иқтисодий ва ҳарбий алоқаларни ўрнатиб келмоқда. Бундан ташқари, Тайван Америка флотлари томонидан ҳимоя қилинади. Тайбэйда Американинг гарчи расмий равишда элчихона деб аталмаса-да, бироқ ҳақиқий элчихона фаолиятини олиб борадиган институти мавжуд.

Тўртинчи: Булар Хитойдан мустақил сиёсий вужуд сифатидаги Тайван тарихи давомида содир бўлган ишлардир. Бугунги кунда эса, Хитойнинг қудрати сезиларли даражада ошиб, халқаро майдонда эътиборли давлатга айланди. Осиёда ҳам айниқса, иқтисодий жиҳатдан сезиларли таъсирга эга бўлди. Бироқ, исёнкор минтақа сифатида кўриб келган Тайван муаммосини ҳал қила олмаслиги унинг энг катта заиф нуқтаси бўлиб қолмоқда. У Тайваннинг ҳарбий қудратидан ўтмишда ҳам қўрқмаган, ҳозир ҳам қўрқмайди, оролни куч билан қайтариб олишига ишонади. Бироқ унинг аввал ҳам, ҳозир ҳам хавфсираётган нарсаси Тайван туфайли Америка билан урушга киришишдир. Америка Хитойга қарши кескин позицияда турган ҳозирги кризисда бу нарса яққол кўриниб турибди. Зеро, Хитой шу пайтга қадар дунё давлатлари томонидан Тайван мустақиллиги тан олинмагани билан кифояланиб келди. Бундан ташқари, «Ягона Хитой» деб аталган ва АҚШ билан келишилган барчага маълум сиёсат бор. Шунга қарамай, АҚШ бошчилигидаги бу давлатлар Тайванга мустақил давлат сифатида қараб келса-да, бироқ Хитой Тайван борасида ўзининг дунё давлатлари билан савдо алоқаларига тўсқинлик қиладиган бирор бир жиддий кризисни келтириб чиқармади.

Бешинчи: Америка Хитойни провокация қилиш, таҳқирлаш ва агар АҚШ провокациясини қабул қилса, унинг заифлигини кўрсатишда Тайванни бир майдон қилиб олди. Бордию Хитой АҚШ провокациясини рад этиб, ўзини ҳимоя қилишни бошласа, Тайван унинг учун том маънода ботқоққа айланади. Бошқача айтганда, Хитой иккита танлов ўртасида қолган бўлиб, иккаласи ҳам аччиқдир. Бугун Тайван инқирозида айни шу нарса бўляпти. Қўшма Штатлар ҳеч қандай сабабсиз АҚШ конгресси вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелосининг 2022 йил 3 август куни Тайванга сафар қилишини билдирди. Шунда Хитой қаттиқ ғазабга келиб, Пелоси Тайванга сафар қиладиган бўлса, бунинг бадали оғир бўлишини айтиб, Қўшма Штатларни огоҳлантирди. (Пекин Тайван ҳаво ҳудудида учиш тақиқланган ҳудудни бузган самолётлар уриб туширилиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Шуруқ газетаси сайти, 2022 йил 2 июл). Бироқ Америка ўз провокациясини янада кучайтирди. Пелоси Хитойнинг таҳдидли жавобларига қарамай, АҚШ ҳарбий самолёти бортида, Япониядаги ҳарбий базадан ҳавога кўтарилган 13та ҳарбий самолёт ҳамроҳлигида Тайванга ташриф буюрди.

Олтинчи: Хитой Тайван бўғозида баллистик ракеталар учиришни ўз ичига олган йирик ҳарбий машғулотлар бошланганини билдириб, Қўшма Штатларни 1971 йилдан бери икки томон ўртасида келишилган «Ягона Хитой» сиёсатига амал қилишга чақирди. Агар Америка ўзининг провокацияларини кучайтирмаганида эди, Пелосининг ташриф саҳифаси деярли ёпилган бўларди. Чунки Америка Хитойга қарши туришдаги қатъиятини намойиш қилиш учун конгресснинг навбатдаги делегациясини Тайванга юбориш билан яна провокацияни бошлади. (Вашингтоннинг Тайбэйдаги элчихонаси деб ҳисобланган институтга кўра, АҚШ конгресси делегацияси Тайванга 14 август якшанба куни, яъни АҚШ Вакиллар палатаси спикери Ненси Пелосининг ташрифига жавобан Хитойнинг Тайван атрофида ҳарбий машғулотлар ўтказганидан бир неча кун ўтиб етиб келган. Индепендент арабий, 2022 йил 14 июл). Хитой бунга жавобан бўғозда янги ҳарбий машғулотларни бошлади. Қўшма Штатлар эса, навигация эркинлигини тасдиқлаш учун ўзининг денгиз флоти ва ҳаво кучлари томонидан Тайван бўғозида транзит операциялари амалга оширилаётганини билдирди. Тайван ҳам тишларини кўрсатиб, Хитойнинг ҳужумларини қайтарадиган ҳарбий машқларни бошлади. Шундай қилиб, Америка ва Хитой ўртасида Тайван кризиси аланга олди. Буни қуйидагича умумлаштириш мумкин:

Хитой ғазаб отига минган бўлиб, уруш эҳтимолига тайёрланмоқда. (Хитой мудофаа вазирлиги ўз баёнотида конгрессменларнинг ташрифи бир тарафдан Хитой суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини бузса, иккинчи тарафдан, «Тайван бўғозидаги тинчлик ва барқарорликни издан чиқараётган АҚШнинг ҳақиқий юзини очиб беради», дея таъкидлади. Баёнотда яна бундай дейилади: «Хитой халқ озодлик армияси урушга тайёргарлик ва машғулотларни давом эттириб, миллий суверенитет ва ҳудудий яхлитликни қатъий ҳимоя қилади, шунингдек, Тайван мустақиллиги сепаратизмини ва чет эл аралашувининг ҳар қандай шаклини куч билан йўқ қилади». Индепендент арабий, 2022 йил 16 июл).

Америка эса, Хитойни провокация қилишда ҳамда ўз иттифоқчиларини сафарбар қилиб, Хитойга қарши гижгижлашда давом этмоқда. (АҚШнинг еттинчи флоти вице-адмирали Карл Томас 16 август сешанба куни Сингапурда бўлиб ўтган учрашувда Хитойнинг Тайван устидан ракеталар учириш сиёсатига «масъулиятсизлик» деган эътиборда эътироз билдириш кераклигини таъкидлади. Индепендент Арабий, 2022 йил 16 июл). Айни шу манбага кўра, Карл Томас («Агар қарши турмасангизлар, Тайван ҳам Жанубий Хитой денгизидаги ҳозир кунда ҳарбийлаштирилган оролларга ўхшаб қолиши мумкин», дея Осиё давлатларини Хитойга қарши гижгижлади. Бундан олдин АҚШ президенти Байден ҳам агар Хитой бостириб кирса, Америка Тайван билан биргаликда жанг қилишини очиқ таъкидлаган эди. (АҚШ президенти Жо Байден Хитой Тайван масаласида «ўт билан ўйнашмоқда» дея огоҳлантириб, агар Тайван ҳужумга учраса, оролни ҳимоя қилиш учун ҳарбий ҳаракатларни бошлашга ваъда берди. Байден шунингдек, агар Хитой ҳужум қиладиган бўлса, Қўшма Штатлар Тайванни ҳимоя қилиш учун ҳарбий аралашувга киришадими, ваҳоланки Украинага қилинган ҳужумда бундай қилмади, деган тўғридан-тўғри саволга «Ҳа, бу биз олган мажбуриятдир», деб жавоб берди… Би-Би-Си, 2022 йил 5 май). АҚШнинг Хитойга қарши амалга ошираётган юқори даражали провокациялари, Хитойнинг Тайван атрофида ўз ҳарбий қудратини намойиш қилиши, бундан кейинги бўлаётган таҳдидлар ҳамда АҚШнинг ўз ҳарбий кемалари ва самолётларини бўғозга йўналтириши, шунингдек, тумшуғининг тагига келиб олиб, Хитойни курашга чорлаши, буларнинг барчасини ҳисобга олганда ушбу кризис ғоят хатарли кризис ҳисобланади. Зеро, кризисни янада кескинлаштиришга ҳаракат қилаётган ҳам, Хитой билан ҳарбий тўқнашув эҳтимоли борлиги сабабли Осиёда бир неча йиллардан бери ўз қўшинларини сафарбар қилаётган ҳам айнан Американинг ўзидир. Шу боис, Америка Австралия ва Британия билан Хитойга қарши тузилган AUKUS каби янги ҳарбий альянсларни тузишга ҳамда Япония, Ҳиндистон ва Австралия билан тузилган «QUAD» каби мавжуд иттифоқларни кучайтиришга зўр бермоқда. Бошқача ибора билан айтганда, янада самаралироқ, деган эътиборда иқтисодий таҳдид билан бир қаторда ҳарбий таҳдидни ҳам синаб кўрмоқда.

Афтидан, бу режалар Американинг Хитойни жиловлашга қаратилган катта сиёсати билан боғлиқ эканини, масала фақатгина Тайванга хос эмаслигини Хитой тушуниб етган кўринади. У шунинг учун ҳам, ўзининг ҳарбий қудратини намойиш қилмоқда. Хитой армияси Шарқий қўмондонлиги томонидан берилган баёнотда келишича («Хитой халқ озодлик армияси 15 август куни Тайван атрофидаги денгиз ва ҳаво ҳудудида жанговар машғулотлар ўтказиш ҳамда жангларга тайёргарлик кўриш учун кўп қўшинли қуролли патрул ташкил қилган». Индепендент арабий, 2022 йил 14 июл). Бундан ташқари, (Хитой халқ озодлик армияси Тайван яқинида жанговар машғулотлар ўтказганини, бундан эса, сиёсий ҳийлалар қуришда ва Тайван бўғозидаги тинчлик ва барқарорликка путур етказишда давом этаётган Вашингтон ва Тайбэй учун асосий тўсиқни яратиш мақсад қилинганини билдирди. Хитой армияси Шарқий қўмондонлигига кўра, Халқ озодлик армияси Тайван яқинидаги денгиз ва ҳаво ҳудудида жанговар ўқлар ёрдамида ҳарбий машғулотлар ўтказган. Худди шу мазмунда Хитой мудофаа вазирлиги ҳам армия томонидан урушга тайёргарлик кўриш, машғулотлар ўтказиш ва қатъий тарзда миллий суверенитетни ҳимоя қилиш ҳамда Тайван мустақиллиги ва чет эл аралашувининг ҳар қандай шаклини йўқ қилиш тадбирлари давом эттирилаётганини билдирди. Мудофаа вазирлиги шунингдек, Хитойни ўраб олиш учун Тайвандан фойдаланиш муваффақиятсизликка учраши ҳақида Қўшма Штатларни ҳамда Тайбэйнинг ҳукмрон Демократик прогрессив партиясини огоҳлантирди. Ал-Жазира, 2022 йил 15 июл). Бундан ташқари, Хитой 2022 йил 17 август куни ўз ҳарбий кучларининг бир қисмини Россия армияси билан қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказиш учун Россияга юборди. У бу билан гўё Америкага таҳдид қилиб, Россия Тайван кризисида Хитой томонида турганини кўрсатмоқчи бўлди.

Еттинчи: Бу – Америка пайдо қилиб, Хитойни бўйсундирмоқчи бўлаётган Тайван кризисининг кўламларидир. Бундан ташқари, мавзуга алоқадор қуйидаги тўрт масалага ҳам эътибор қаратиш лозим:

Гарчи Америка Хитой иқтисодининг кучлилиги туфайли у билан иқтисодий урушга киришдан қўрқса-да, бироқ ҳарбий тўқнашувга киришишдан қўрқмайди. Чунки икки давлат ўртасида ҳарбий қувват жиҳатидан жуда катта фарқ бор. Шу сабабли, Тайван масаласининг кескинлаштирилишига Американинг Хитой билан бўлган курашни иқтисодиётдан ҳарбий соҳага ўтказиш бўйича энг аниқ ва зўравон сиёсати, деб қаралиши керак. Чунки Америка ҳарбий соҳада Хитойдан анча устун туради. Россиянинг Украинадаги уруш билан бандлигини ҳисобга олсак, бу нарса унинг Тайван атрофида уруш аланга олган тақдирда Хитойга ҳарбий ёрдам бериш эҳтимолини йўққа чиқаради. Зеро, бу уруш ядро уруши эҳтимолидан узоқдир.

Агар Америка Хитойни Тайван урушига жалб қила олса, кейин худди Россияга нисбатан қўллаганидек иттифоқдошлари билан биргаликда унга ҳам иқтисодий санкцияларни жорий қилса, Хитойнинг иқтисодда гавдаланувчи буюклиги жуда катта хавф остида қолади. Бу билан Америка Хитой қудратини жиловлаб туришдан иборат ўз орзусига эришган бўлади. Хитой Тайванга бостириб кирган тақдирда, унга қарши жорий қилиниши кутилаётган санкцияларнинг – Америка наздида – Хитойнинг энг бой табақаси учун жуда оғриқли таъсири бўлади. Зеро, бу бой табақа ҳукмрон Коммунистик партиянинг юқори мартабали аъзоларидир. Агар бу нуфузли табақанинг манфаатларига шу даражада путур етгудек бўлса, улар Америка билан келишувга эришиш учун Хитой Коммунистик партияси ичида бешинчи колонна сифатида иш бошлайдилар!

Юқорида айтилганларнинг барчасидан маълум бўляптики, Тайван кризисини Америка келтириб чиқарган бўлиб, кризис борган сари кучайиб бормоқда. Американинг Украина уруши билан машғул бўлиши унинг Хитой билан зиддиятни кучайтиришига тўсқинлик қилмаслиги ҳам кўриниб турибди. Бунинг қўшимча исботи шуки, Полша Совет Иттифоқида ишлаб чиқарилган ўзидаги «Миг» қирувчи самолётларини Украинага бериш тўғрисида таклиф киритганда Америка буни рад этди. Ўшанда Полша бунинг эвазига АҚШнинг F-16 қирувчи самолётларини талаб қилганида Америка ўзининг самолёт ишлаб чиқарувчи заводлари Тайванга қирувчи самолётлар етказиб бериш устида ишлаётганини айтди. Бу эса, Украинадаги уруш сабабли Америка Хитойдан чалғиб қолмаганини англатади. Ҳозирги Тайван кризиси ва унинг сабаблари мана шу.

Ушбу кризис урушга олиб келиши ёки тинчланиш сари ҳаракатланишига келсак, кўпроқ эҳтимолга кўра, бундан Хитойни ўз остонасида кризислар билан банд қилиб қўйиш кўзланган. Чунки бу нарса Хитойни Украина урушида Россияни қўллаб-қувватлашига тўсқинлик қилади. Шундай қилиб, Америка Россия учун Украина, Хитой учун Тайван кризисини пайдо қилди. Агар Америка Украина ва Тайван кризисини кучайтириш орқали тайёрлаган ботқоқнинг қанчалик хавфли эканини Россия ва Хитой англаб етмаса, Америка учун ҳар икки томонни заифлаштириш имконияти пайдо бўлади! Биз буни кўпроқ эҳтимолга кўра, деб айтяпмиз. Зеро, уруш эҳтимоли ёки ҳеч бўлмаганда ҳарбий тўқнашувлар эҳтимоли ҳам бор. Чунки қўшинлар бир-бирига яқинлашиб, провокациялар кучайган ҳолатда кутилмаганда юзага келадиган ҳар қандай хато бу эҳтимолларни юзага келтириши мумкин.

Саккизинчи:  Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бугунги кунда дунёда адолат ва эзгуликни қадрламайдиган, аксинча, бошидан то товонига қадар зулм ва ёвузликка ботган йирик давлатлар ҳукмронлик қилмоқда. Улар шундай давлатларки, агар уларнинг манфаатлари экин ва авлодларни йўқ қилишни талаб қилса, албатта йўқ қилишади. Агар хоҳиш-истаклари вайронагарчилик ва бузғунчилик йўлида қон тўкишни талаб қилса, ҳеч иккиланмай тўкадилар… Гўё қадимда «йирик давлатлар» ҳисобланган форс ва рум давлатлари замонасидаги воқелик қайтиб келгандек. Ўша пайтда улар мўминлар қўли билан йўқ қилинганидек, бугунги йирик давлатлар ҳам мўминлар қўли билан йўқ қилинади. Шунингдек, Аллоҳнинг изни билан Рошид Халифалик қайта нур сочиб, бутун дунёга эзгулик улашади.

وَيَقُولُونَ مَتَى هُوَ قُلْ عَسَى أَنْ يَكُونَ قَرِيبًا

«Ҳали улар: «У (кун) қачон бўлур?» деб (сўрайдилар). «Шоядки яқин бўлса», деб айтинг!» [Исро 51]

15 муҳаррам 1444ҳ

23 август  2022м

Total Views: 64 ,

Добавить комментарий

Путин Жапаровга рус тилини қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирди

Путин Жапаровга рус тилини қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирди Россия Президенти...

Закрыть