Таҳлилчилар: Кремл Қозоғистонда “рангли инқилоб” бўлишидан қўрқади

Таҳлилчилар: Кремл Қозоғистонда “рангли инқилоб” бўлишидан қўрқади

Ғарб дипломатлари ва таҳлилчилар назарида, Россия қўшни Қозоғистонда зудлик билан аскарларни сафарбар этиши Кремлнинг “рангли инқилоблардан” қўрқишидан далолатдир. Москва, дейди улар, Қозоғистондадаги намойишлар шиддатидан даҳшатга тушган бўлса ажаб эмас.

Ёқилғи қимматлаши кетидан бошланган намойишлар тез орада ҳукуматга қарши кенг қамровли норозилик акциясига айланиб, хавфсизлик кучлари одамларни ўққа тутди.

Намойишчилар тузум ўзгаришини, Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев ва 81 ёшли элбоши Нурсултон Назарбоевнинг ҳокимиятдан кетишини талаб қилмоқда. Турли шаҳарларда “Чол кет” деган чақириқлар янгради, Талдиқўрғон шаҳрида собиқ президентнинг ҳайкали қулатилди.

Намойишчилар Олматада ҳукумат бинолари ва аэропортга ҳужум қилган, тўқнашувларда ўнлаб одам ҳалок бўлгани маълум.

Россияда айрим расмийлар ва телеканаллар Қозоғистондаги ғалаён ортида Ғарб тургани, бу навбатдаги “рангли инқилоб” экани, мақсад НАТО ва АҚШ билан музокаралар олдидан Россияни чалғитиш эканини даъво қилмоқда.

“Собиқ Совет Иттифоқида, Россия аскарлари ва танклари Украинани уч томондан ўраб турган бир пайтда, вазият қалтис. Бу ҳолатда Москва ўзининг таъсир доирасида деб ҳисоблаган давлатда нозорилик намойишлари бўлиши унинг учун ортиқча. Кремл яширин кучларни қидиряпти, чунки Қозоғистонда норозилик акциялари ҳақиқий эканини қабул қила олмайди”, — дейди таҳлилчи Мелинда Ҳаринг.

Давлат котиби Энтони Блинкеннинг таъкидлашича, Қўшма Штатлар Қозоғистонда давом этаётган фавқулодда ҳолат юзасидан чуқур ташвишда.

“Ҳукуматни мутаносиб равишда, намойиш қилаётганларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилган ҳолда жавоб беришга ундадик. Қозоғистон ташқи ишлар вазири билан гаплашдим. Мамлакатнинг конституцион институтларини, ОАВ эркинлиги ва инсон ҳуқуқларини қўллаб-қувватлашимизни, интернетни тиклаш кераклигини билдирдим”, — дейди Блинкен.

КХШТ қўшинлари Қозоғистонга киритилгани юзасидан АҚШ бош дипломати шундай дейди:

“Бу мурожаатнинг моҳияти, сабаблари ҳақида саволларимиз бор. Кўпроқ маълумот олишга ҳаракат қилаяпмиз. Қозоғистон ҳукумати намойишларга нисбатан тегишли чора кўришга, буни қонун устуворлигини таъминлаган ва намойишчилар ҳуқуқини ҳурмат қилган ҳолда амалга оширишга қодир эканига шубҳа йўқ. Шундай экан, нега ташқи ёрдамга муҳтож эканликлари ноаниқ”.

“Тарихдан сабоқ шуки, руслар уйингизга кирса, баъзан уларнинг чиқиб кетиши жуда қийин”, — дея қўшади Блинкен.

“Америка Овози” билан гаплашган британиялик дипломат фикрича, Тўқаев намойишлар янада авж олган тақдирда хавфсизлик кучлари ходимларининг ҳаммаси ҳам буйруққа бўйсунмаслигидан хавотирланиб, Россиядан ёрдам сўраган бўлиши мумкин.

Айрим кичикроқ шаҳарларда, дея қўшади у, полиция намойишларни шунчаки кузатиш билан чекланган. Актўбеда, Россия билан чегара ҳудудда полициячилар намойишчилар тарафида бўлгани ҳақида хабарлар бор.

Total Views: 42 ,

Добавить комментарий

«Ҳокимият учун кураш». Тўқаев вазиятдан фойдаланиб қолмоқчими?

"Ҳокимият учун кураш". Тўқаев вазиятдан фойдаланиб қолмоқчими? Қозоғистонда бир неча...

Закрыть