Си Цзиньпин: Барча томонлар Украинадаги жанговар ҳаракатлар тўхтатилишидан манфаатдор
Си Цзиньпин: Барча томонлар Украинадаги жанговар ҳаракатлар тўхтатилишидан манфаатдор
Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин Венгрия бош вазири Виктор Орбан билан учрашуви чоғида барча томонлар Украинада ўт очишнинг тўхтатилишидан манфаатдор экани, бироқ йирик давлатлар «ижобий энергия» намоён эта бошлагандагина бунга эришиш мумкинлигини таъкидлади, деб ёзади Xinhua.
Агентлик хабарига кўра, Си Цзиньпин ва Виктор Орбан Украинадаги кризисни батафсил муҳокама қилишган. Венгерия бош вазири Киев ва Москвага ташрифи борасида Хитой етакчисини бохабар қилган. Ўз навбатида ХХР раиси Орбаннинг саъй-ҳаракатларини юқори баҳолаб, Хитой позицияси ҳақида сўзлаб берган.
Xinhua агентлиги ёзишича, Си Цзиньпин ўт очишни тўхтатиб, урушни якунлаш, сиёсий ечим топиш барча томонлар учун манфаатли эканини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, айни пайтда жанговар ҳаракатлар зонаси кенгайиши, уруш янада авж олишининг олдини олиш, вазиятни имкон қадар совитишга бор диққатни қаратиш керак.
«Халқаро ҳамжамият томонларга тўғридан тўғри мулоқот ва музокаралар ўтказиш учун шарт-шароитлар яратиши ва ёрдам бериши керак. Барча йирик давлатлар ижобий энергия намойиш этсагина ўт очишнинг якунланиши тезда содир бўлади. Хитой кризисни тинч йўл билан ҳал бўлишига хизмат қилувчи тинчлик музокараларини фаол илгари сурмоқда», — дейилади хабарда.
Хабарда қайд этилишича, Хитой ва Венгрия бу масалада асосий ёндашувлар ва йўналишлар бўйича ҳаммаслак. Пекин Будапешт ва бошқа томонлар билан алоқаларни сақлаб туришга тайёр.