Швеция ва Финляндиянинг НАТОга аъзо бўлиши

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Саволга жавоб

Швеция ва Финляндиянинг НАТОга аъзо бўлиши

Савол:

2022 йил 18 май куни Финляндия билан Швеция Россиянинг Украинага бостириб кириши туфайли Шимолий Атлантика альянси (НАТО)га аъзо бўлиш учун унинг Брюсселдаги штаб-квартирасига расман ариза топширди. Бироқ Туркия ушбу мурожаатдан ҳеч қанча вақт ўтмай, ўзининг курд қуролли гуруҳлари, хусусан Курдистон Ишчилар Партияси (PKK)га қарши олиб бораётган курашига нисбатан Финляндия ва Швециянинг тутган позицияси сабабли бунга эътироз билдирди. Маълумки, аъзо бўлишнинг зарурий шарти сифатида барча ўттизта аъзо давлат, жумладан Туркия ҳам бу икки давлатнинг НАТОга аъзо бўлишини маъқуллаши керак. Шундай экан, бу ишларнинг ортида нима турибди ва уларнинг мотивлари нимада?

Жавоб:

Жавоб тиниқ бўлиши учун қуйидагиларни кўриб чиқамиз:

Биринчи:

НАТОга аъзо бўлиш учун Швециядан олдин ариза берган Финляндия агар альянсга қўшиладиган бўлса, Россиянинг ҳозирда «душман альянс» сифатида кўраётган НАТОга аъзо давлатлар билан бўлган умумий чегарасининг узунлиги икки баробарга узайиб, 2600 км.га етади. Маълумки, Россия-Финляндия чегарасининг узунлиги 1300 км.ни ташкил қилади. Швециянинг Россия билан тўғридан-тўғри чегараси бўлмаса-да, лекин у альянсга қўшиладиган бўлса, НАТОнинг Болтиқ денгизида кенг қамровли ва самарали ҳаракатлар олиб бориши осонлашади. Бундай ҳолатда Болтиқ денгизига чиқиш имконига эга бўлган Россиядан ташқари барча давлатлар НАТО аъзосига айланиб, Россиянинг Болтиқ денгизидаги стратегик мавжудлиги заифлашади ва Болтиқ денгизи Ғарб альянси назорати остидаги денгизга айланади. Бундан ташқари, Швеция НАТОга қўшиладиган бўлса, унинг Готланд ороли ҳам НАТО назорати остига ўтади. Кейин Россиянинг айни минтақада жадал фаолият олиб бориши, ҳарбий машғулотлар ва манёврлар ўтказиши, ҳатто минтақадаги доимий мавжуд бўлиб туриш имкониятларини мустаҳкамлаши қийинроқ бўлиб қолади. Бу ерда Швециянинг бешта ультра замонавий сув ости кемасига эга эканини ҳам кўздан қочирмаслик керак. Бу сув ости кемалари Польша ва Германия флотларига қўшимча сифатида, Россиянинг минтақадаги ҳар қандай ҳарбий фаолиятини блокада қилади.

Иккинчи:

Ҳарбий нуқтаи назардан қараганда, Финляндия ва Швециянинг альянсга қўшилиши Кремлни жуда мураккаб ва қийин танловларга рўпара қилади. Совуқ урушдан кейинги энг хавфли ривожланиш сифатида, бу нарса фақатгина ҳарбий ва стратегик жиҳатлари билан чекланиб қолмайди. Чунки сиёсий жиҳатдан Кремль Украина урушига НАТОнинг Шарққа томон кенгайиш хавфини бартараф этиш ва қўшни Украинада НАТО таъсирини кучайтирмаслик каби шиорлар билан кирганди. Шундай экан, Финляндия ва Швеция альянсга қўшилгандан кейин нима бўлади? Ҳеч шубҳа йўқки, бу нарса Украина урушининг энг жиддий сиёсий оқибатларидан бири бўлади. Чунки НАТО Санкт-Петербург шаҳридан деярли 200 километр узоқликка келиб қолади. Бу эса, президент Владимир Путиннинг амбицияларига жиддий сиёсий зарба бўлиб, Украинага қарши бу каби жиддий оқибатларни ҳисобга олмасдан қилинган урушнинг қанчалик мақсадга мувофиқ бўлгани ҳақида Россия ичкарисида саволларни пайдо қилади!

Учинчи:

Финляндия ва Швециянинг НАТОга қўшилиши Ғарб билан Хитой ўртасидаги қарама-қаршиликни кучайтиради. Зеро, 2022 йил июн ойи охирида Мадридда бўлиб ўтадиган НАТО саммитида Хитой таъсирига қарши кураш миссияси НАТО стратегиясида алоҳида таъкидланиши кутилмоқда. Бу нарса НАТО тарихида илк бор кузатиляпти. Ҳеч кимга сир эмаски, НАТО Ғарб дунёсидан ташқарига чиқиш амбицияларига эга. Шунинг учун Япония, Жанубий Корея, Австралия ва Янги Зеландия ташқи ишлар вазирларига ушбу саммитда қатнашиш учун таклифнома юборди… Шу нуқтаи назардан, Финляндия ва Швециянинг НАТОга аъзо бўлиш учун берган расмий аризаси АҚШ президенти Жо Байден учун сиёсий ғалаба, Путин учун муваффақиятсизлик, Хитой раҳбари Си Цзиньпин учун эса хатар ҳисобланади.

Тўртинчи:

НАТО иккинчи жаҳон урушидан кўп ўтмай тузилган бўлиб, ҳозирда 30та давлатдан иборат иттифоқдир. Туркия унда АҚШдан кейинги иккинчи йирик ҳарбий куч ҳисобланади. Бирорта давлат НАТОга аъзо бўлиш учун ариза топширса, альянс аъзолари уни бир овоздан маъқуллаши керак. Бу икки Европа давлатининг НАТОга аъзо бўлишига Туркия томонидан вето қўйилишининг аҳамияти ҳам шу ерда… Ваҳоланки, Туркия 70 йил аввал альянсга аъзо бўлганидан бери НАТОнинг кенгайишини расман қўллаб-қувватлаб келади. Бугун эса, Эрдоган тўрт сабабга кўра Швеция ва Финляндиянинг НАТОга аъзо бўлишига эътироз билдирмоқда:

1 – Мамлакат иқтисодий таназзулга юз тутган бир пайтда Эрдоган ҳокимиятда қолишга ҳаракат қиляпти. Дарҳақиқат, лиранинг қадрсизланиши туфайли Туркиядаги инфляция 3 хонали рақамга кўтарилди. Натижада аллақачон тебраниб турган иқтисод кризис ботқоғига янада чуқурроқ ботди. Бу нарса 2023 йилги сайловлар олдидан президент учун бир қанча муаммоларни пайдо қилиб, Эрдоганнинг позициясини қарийб 20 йил аввал ҳокимиятга келганидан бери ҳар қачонгидан ҳам заиф ҳолатга тушириб юбормоқда. Зеро, сўнгги сўровларга қараганда, унинг халқчиллиги тобора орқага қараб кетмоқда. Шу боис, Эрдоган ўзини Финляндия ва Швециянинг НАТОга қўшилишига қарши қилиб кўрсатиб, альянсга босим ўтказяпти ва шу орқали аъзо давлатлардан иқтисодий ва ҳарбий ёрдамни умид қилмоқда. Бу эса, сайловлар олдидан Эрдоганнинг халқчиллигини оширади.

2 – Эрдоган Швеция ва Финляндиянинг НАТОга аъзо бўлиш масаласини ўзининг Туркия-Сурия чегарасида курд қуролли гуруҳларидан холи буфер зона ташкил этишдек кўп йиллик мақсадига эришиш учун бир имконият, деб биляпти. Зеро, Туркия озод қилинган ҳудудларни кенгайтириб, мухолафатга кўра муаммо туғдираётган суриялик қочқинларни бу ҳудудларга юбориши мумкин. Шунингдек, Суриядаги ҳарбий операция режалари ҳам Эрдоганнинг ишончини акс эттириб турибди. Яъни Ғарб Швеция ва Финляндиянинг НАТОга аъзо бўлишида Анқаранинг ёрдамига муҳтож бўлиб турган бир пайтда, Эрдоган бу каби амалиётларга унинг ҳаргиз қарши чиқмаслигини биляпти. Эрдоганнинг ҳарбий операция ўтказиш тўғрисидаги баёноти ҳам келаси йилги оғир сайловларга тайёргарлик кўрилаётган бир пайтда миллатчиларнинг қўллаб-қувватловини янада кучайтиришга қаратилган. Маълумки, ўтмишда чегаралар бўйлаб амалга оширилган ҳарбий амалиётлар Эрдоган рейтингининг кўтарилишига хизмат қилган эди. Шу боис, Эрдоган бошлаган ҳарбий амалиётлар иқтисодий муаммолар авжига чиққан бир шароитда ижтимоий сўровлар Эрдоган ва унинг ҳукмрон Адолат ва Тараққиёт партиясини қўллаб-қувватлаш камайиб бораётганини кўрсатаётган бир пайтда амалга оширилмоқда.

3 – Эрдоган Америка президенти билан учрашишга ошиқяпти. Ўтган апрел ойида Эрдоган журналистларга берган интервьюсида Байден билан бўлган муносабатлари собиқ президентлар Доналд Трамп ва Барак Обама билан бўлган муносабатларидек бўлмаётганидан шикоят қилган эди: (Эрдоган айтгандики, «Албатта, вақти-вақти билан учрашувлар бўлиб турибди. Лекин янада ривожланган бўлиши керак. Мен кейинги жараёнларда бунга эришамиз, деган умиддаман». https://arabic.cnn.com, 2022 йил 24 май). Бошқача айтганда, гап бу ерда Швеция ва Финляндия ҳақида кетмаяпти. Балки Эрдоган бу қулай фурсатдан фойдаланиб, Байден билан бўлган учрашувини тезлаштирмоқчи бўляпти. Зеро, Байден туркиялик ҳамкасбини ўзидан узоқроқда тутиб келмоқда.

4 – Эрдоган Ғарбдан курд қуролли гуруҳларига кўрсатилаётган ёрдамларни тўхтатишини ва «Хизмат» ҳаракати аъзоларини топширишини истаяпти. У ҳамон «Хизмат» ҳаракати аъзоларини таъқиб қилишда давом этмоқда: (Tуркиянинг «Заман» газетасининг маълум қилишича, ҳукумат 40 нафар шахсни қамоққа олиш тўғрисида ордер берган. Уларнинг орасида даъватчи Фатҳуллоҳ Гуленнинг «Хизмат» ҳаракатига мансубликда айбланиб ишдан бўшатилган давлат хизматчилари ва ҳарбийлар ҳам бор. Газета қидирувдаги шахсларни қўлга олиш учун марказлари Истанбул ва Анқара бўлган кўплаб шаҳарларда хавфсизлик кампанияси бошланганига эътибор қаратган… https://www.zamanarabic.com/, 2022 йил 1 июн). Ғарбнинг курд қуролли гуруҳларини қўллаб-қувватлашига келсак, Европа Иттифоқи Курдистон Ишчилар Партияси (PKK)ни террорчи ташкилот деб ҳисобласа-да, кўплаб Европа давлатлари Анқара назарида PKKнинг Суриядаги давомчиси бўлган Демократик Иттифоқ Партияси (PYD)нинг ҳарбий қаноти бўлмиш Халқ Мудофааси Отрядлари (YPG)ни қурол-яроғ билан таъминлаб келган. Шунинг учун Туркия қурол ёрдамини қаттиқ танқид қилиб келади. Анқара шунингдек, баъзи Европа давлатларида курд ташкилотларининг ваколатхоналари очилиб, ташкилот аъзоларининг кутиб олинишига ҳамда уларнинг Европа ҳудудида ўз сиёсий тадбирларини ўтказишларига рухсат берилишига ҳам эътироз билдириб келади. Аксар Европа давлатлари уларни экстрадиция қилиш тўғрисидаги Анқара сўровларига жавоб бермаган. Эрдоган Финляндия ва Швециянинг НАТОга аъзо бўлишига Туркиянинг қарши эканини айтиб, бу масалани кун тартибига олиб чиққан экан, шу масаладан фойдаланиб, Ғарб томонидан курд қуролли гуруҳларига берилаётган ёрдамни тўхтатиб қўйиш ёки камайтиришга ҳамда «Гулен гуруҳи» аъзоларининг экстрадиция қилинишини таъминлашга ҳаракат қиляпти.

Бешинчи:

Ҳозирда бир томондан Туркия, иккинчи томондан Швеция, Финляндия, АҚШ ва НАТО аъзолари ўртасида қизғин музокаралар кетмоқда. Анқара Стокголм ва Хелсинкининг альянсга қўшилишини маъқуллаш эвазига ўз талабларининг бир қисмини қондиришга ҳаракат қилмоқда. (2022 йилнинг 18 май куни Туркия президенти матбуот котиби Иброҳим Калин Германия, Швеция, Финляндия, Британия ва АҚШдаги юқори лавозимли расмийлар билан телефон орқали мулоқот ўтказди. Мулоқот Швеция ва Финляндиянинг НАТОга аъзо бўлиши ҳақида бўлди… https://futureuae.com, 2022 йил 27 май). (Шу куни Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли америкалик ҳамкасби Энтони Блинкен билан Нью-Йоркда «Туркия-Америка стратегия механизми»нинг биринчи учрашувини ўтказди. Учрашувда Швеция ва Финляндиянинг НАТОга кириши масаласи муҳокама қилинди. https://mubasher.aljazeera.net, 2022 йил 18 май).

Олтинчи:

Шунга кўра, Туркия Европа давлатлари ва АҚШ билан Швеция ва Финляндиянинг НАТОга аъзо бўлиши борасида келишувга эришиши кутилади. Ҳозирги маълумотларга қараганда, бу икки давлатнинг НАТОга аъзо бўлишини бутунлай тўсиб қўйиш учун Анқаранинг охиригача оёқ тираб туриб олиши эҳтимолдан узоқ. Балки, Анқара юқорида айтилган тўртинчи моддадаги тўртта пунктнинг баъзиларида ўзини қониқтирадиган нарсаларни қўлга киритганидан кейин, гарчи бу бироз вақтни талаб қилса ҳам, охир оқибат бунга рози бўлиши кутилади. Олдин ҳам шунга ўхшаш воқеа бўлиб ўтган… Масалан, 2009 йилда Дания собиқ бош вазири Андерс Фог Расмуссеннинг НАТО Бош котиби этиб тайинланишига Туркия қарши чиққан эди. Бироқ бир қанча вақт давом этган музокаралардан сўнг, альянснинг сиёсий ва ҳарбий тузилмаси доирасидаги ўзини қониқтирадиган лавозимларни қўлга киритиши эвазига, Расмуссеннинг НАТО бош котиби бўлишига розилик берган.

2 зулқаъда 1443ҳ

1 июн 2022м

Total Views: 173 ,

Добавить комментарий

Дунё давлатларининг иттифоқларга бўлиниши ва холис мусулмонларнинг ҳаракатга келиши зарурлиги

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ Дунё давлатларининг иттифоқларга бўлиниши ва холис...

Закрыть