Шавкат Мирзиёевнинг Америкага сафари тафсилотлари

Шавкат Мирзиёевнинг Америкага сафари тафсилотлари

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 18 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида иштирок этиш учун Нью-Йорк шаҳрига келди. Мирзиёевни Жон Кеннеди номидаги халқаро аэропортда Америка–Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм кутиб олди.

Шавкат Мирзиёев Нью-Йорк шаҳридаги биринчи учрашуви Халқаро валюта жамғармаси фармойиш берувчи директори Кристин Лагард билан бўлди. 

Учрашувда Ўзбекистон билан Халқаро валюта жамғармаси ҳамкорлигини кенгайтириш, Ўзбекистонда ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини такомиллаштириш масалалари бўйича фикр алмашилди. 

Шу билан бирга Шавкат Мирзиёев АҚШнинг етакчи компаниялари раҳбарларини қабул қилди. Компаниялар раҳбарлари билан бўлган суҳбатда «Женерал Электрик» компанияси билан Ўзбекистон газ транспорти тизимини техник янгилаш, модернизация қилиш ва ривожлантириш дастурини амалга ошириш, гидроэлектр станциялари қуриш, замонавий тиббий ускуналар ва ёритиш мосламалари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, «СиЭнЭйч Индастриал» компанияси билан Ўзбекистонда ўрим-йиғим, мелиорация ва йўл қурилишида қўлланиладиган, газда ишлайдиган замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқаришни ташкил этиш, «Дир энд Компани» компанияси билан мева-сабзавотчилик ва узумчиликда қўлланиладиган трактор ва махсус техника воситаларини ишлаб чиқариш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.

19 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳридаги БМТ Бош қароргоҳида ўз ишини бошлаган Бош Ассамблея 72-сессиясида Шавкат Мирзиёев БМТ минбарида илк бор чиқиш қилди. Шавкат Мирзиёев ўз нутқида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, бола меҳнатидан фойдаланмаслик, шунингдек, давлат органларининг халққа хизмат қилиши ва Марказий Осиёдаги энг оғриқли ва азалий муаммолардан бири, яъни Орол ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масаласи ҳақида гапирди. Мирзиёев Ўзбекистонда олиб борилаётган айрим ўзгаришларга ҳам тўхталиб ўтди. "Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой бўлади. Сентябрь ойида барча тижорат банкларда миллий валютанинг эркин конвертация амалиётига ўтиши таъминланди, мамлакатда илк бор бизнес-омбудсман лавозими жорий этилди”, деди Мирзиёев.

БМТ минбарида Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги БМТ конвенциясини қабул қилишни таклиф қилди. Мамлакат президенти бунга асос қилиб, ёшларнинг сони икки миллиарддан ортиб қолгани, халқаро “терроризм” ва “эсктремизм” шиддат билан ўсиб бораётган бир пайтда ёшларга ҳимоя зарурлигини муҳим омиллар сифатида кўрсатди. 

Шавкат Мирзиёев қўшни Афғонистон муаммосига ҳам тўхталиб ўтди. Унда минтақа муаммоси афғон ҳукумати ва вакилларисиз ҳал бўлмаслигига урғу қилиб, низолар тинч йўл билан ҳал бўлишини айтиб ўтди. Шунингдек, Мирзиёев Афғонистон муаммосини ижобий ҳал этиш мақсадида АҚШ президенти Дональд Трампни яқиндан ҳамкорлик қилишга чақирди.

Мирзиёев сессия доирасида турли давлатлар, ташкилотлар раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди. 19 сентябрь куни БМТнинг Нью-Йорк шаҳридаги бош қароргоҳида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашди. Шавкат Мирзиёев Антониу Гутерришга БМТ Барқарор тараққиёт мақсадларига эришишнинг "йўл харитаси" бўлган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини қўллаб-қувватлаётгани учун миннатдорлик билдирди. Президент Стратегия доирасида давом эттирилаётган кенг миқёсли янгиланишлар тўғрисида сўзлаб берди. Жумладан, бош мақсади "Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак", деган ғояни ҳаётга татбиқ этишдан иборат Маъмурий ислоҳотлар концепцияси тасдиқланди.

Шундан сўнг Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн билан учрашди. Учрашувда Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш, чинакам демократик ҳуқуқий давлат барпо этишнинг қатъий тарафдори эканини таъкидлаб ўтган. 

Мирзиёевнинг кейинги учрашуви Жаҳон банки президенти Жим Ёнг Ким билан бўлди. Учрашувда ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича аниқ таклифлар, истиқболли лойиҳалар муҳокама этилди.

20 сентябрь куни Нью Йоркда Мирзиёевнинг АҚШга сафари доирасида ташкил этилган Ўзбек-Америка бизнес форуми бўлиб ўтди. Анжуманда АҚШнинг 100 дан ортиқ етакчи компаниялари вакиллари иштирок этди. Форум якунида умумий қиймати 2,6 млрд долларлик ҳужжатлар тўплами имзоланди.

Шунингдек, Тошкент шаҳрида Вебстер университети филиалини очиш тўғрисида келишув имзоланди. Бу АҚШ олий ўқув юртининг МДҲ мамлакатларидаги биринчи тўлақонли филиали бўлади.

АҚШга ташрифи давомида Мирзиёев америкалик ҳамкасби Дональд Трамп билан ҳам учрашган.

Шавкат Мирзиёев 21 сентябрь куни кечқурун Тошкентга қайтиб келди.

Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан кейин Ўзбекистонда бир қанча ўзгаришлар қилишга ҳаракат қиляпти. Давлат структураларидан тортиб, таълим-тарбия ва қўшни давлатлар билан бўлган чегара муносабатларида ҳам бир қанча ўзгаришлар юз берди. Каримов даврида Ўзбекистондан чиқариб юборилган баъзи оммавий ахборот воситаларига ҳам яна ўзбекистонга қайтишларига руҳсат берилди. Инсон ҳуқуқлари билан шуғулланадиган ташкилотлар билан алоқалар қайтадан йўлга қўйилмоқда. Банк ва валюта тизимига ҳам ўзгартиришлар киритилди.

Ўзбекистонда бўлаётган бу ўзгаришлар ва Мирзиёевнинг БМТ ассамблеясида сўзлаган нутқларидан шуни англаш мумкинки, Мирзиёев Каримов олиб борган сиёсатдан ўзгача йўл тутмоқда. Мирзиёевнинг олиб бораётган сиёсатида ғарб билан яқин муносабатда бўлишга интилиш сезилмоқда. Америкада етакчи компаниялар раҳбарлари билан бўлган учрашувлар ва ўзбек-америка бизнес форуми арафасида катта миқдорда тузилган битимлар, БМТ бош котиби, Жаҳон банки президенти ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари билан бўлган учрашувлар, бу учрашувдаги икки томоннинг бир-бирига бўлган илиқ муносабатлари бунга мисол бўла олади. Албатта бу ташкилотлар Америка манфаатлари учун ҳизмат қилувчи ташкилотлар бўлиб, Америка ўз нуфузини бошқа давлатларга ўтказишлик учун бу ташкилотлардан фойдаланади. Америка шу сабабдан бу ташкилотлар орқали Ўзбекистон билан муносабатларини чуқурлаштиришга ҳаракат қилмоқчига ўхшайди.

Лекин Ўрта Осиё давлатларини ўзининг томорқасидек кўрадиган Россия ҳам бўлаётган бу ишларга бефарқ эмас албатта. Чунки Ўрта Осиё давлатлари Россиянинг СССРдан қолган меърос мустамлака давлатлари бўлиб бу давлатлар Россия учун ҳом ашё базаси ҳисобланади. СССР парчаланганидан кейин Шарқий Европа давлатлари унинг қўл остидан чиқиб кетди. Шу боисдан ҳам Россия Ўрта Осиё давлатларини ушлаб қолишлик учун имкони борича курашишга ҳаракат қилади. Чунки бу давлатлар Россия учун ҳам иқтисодий ҳам стратегик муҳим нуқталар ҳисобланади.

Биз мусулмонлар юқорида номи зикр қилинган ташкилот ёки компанияларнинг Ўзбекистон учун амалга ошираётган ёрдамлари ва маблағларига алданиб қолмаслигимиз керак. Бу ташкилот ва компаниялар АҚШга тобе бўлганлигидан уни нуфузини бизнинг давлатларимизга ўрнашиб олишилигида хизмат қилишади. Улар ажратаётган маблағ ва ёрдамлар албатта бизнинг манфаатимиз учун эмас аксинча АҚШ манфаатлари учундир. Улар шу тариқа бизнинг диёрларни қарзга ботириб мустамлакачи давлатларнинг қўл остидаги мустамлакасига айлантириб беради.

Биз мусулмонлар учун ҳақиқий ечим Аллоҳ ва Росули кўрсатган шариатда эканлигини ҳеч қачон ёдимиздан чиқармаслигимиз лозим. Ислом уммати шу тариқа азизликка эришди, бу нарсадан юз ўгирганда эса тубанлик ботқоғига ботди. Биз яна қачонки Аллоҳ буюрган йўлга юришлигимиз билангина яна ўша азизликка эришамиз инша Аллоҳ.

Абдуллоҳ

23.09.2017й.

Total Views: 2474 ,

Добавить комментарий

Туркия Идлибга қўшинларини жойлаштиришни режалаштирмоқда

Туркия Идлибга қўшинларини жойлаштиришни режалаштирмоқда Россия, Туркия ва Эрон Суриядаги...

Закрыть