Шарқий Туркистон қамоқхонасидан келган нидо!

Шарқий Туркистон қамоқхонасидан келган нидо!

Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.

       Эй, бу хатларимизни Роббимизнинг ҳаққи учун кўриш ва эшитиш насиб бўлган биродарлар!

Сизларга шундай бир диёрдан, ҳар тарафдан ёғилаётган зулмлар остида нидо ва илтижолар қилиб турибмиз. Бизда Роббимизга қўл кўтариб дуо қилиш имкони ҳам қолмаяпти; покиза, тўкис таҳорат олган ҳолда, хотиржам икки ракъат намоз ўқиб Роббимизга юзланиш биз учун гўзал орзу бўлиб қолаяпти; қиз-аёлларимиз ўзларининг кийимларига ўзлари эга бўлолмай қоляпти. Бизларга шундай бир тарихий унутилмас синовлар келаяпти-ки, янги туғилган чақалоқлар онасининг қирқ кунлик сутини ҳам тўлиқ эмишга муяссар бўла олмай қоляптилар, баъзи чақалоқлар ўлиб ҳам кетди. Кексайган чол ва кампирларнинг бошидаги оқ сочлари ҳам қонхўрларнинг қалбида заррача хижолатни уйғотишга ярамай қолди. Бўлаётган азоб ва қийноқларни санаб тугатиб бўлмайди – ҳоҳ қамоқ ичида бўлсин ёки ташқарида яшаш имкониятлари бўғиб ташланганлар ёки ўлимга олиб боради деб ташхис қўйилган касал билан уйга берилган — бизлар бўлайлик, ҳар вақт Роббимизга қалбларимизда шундай бир дуони такрорлаб турибмиз:

      Эй, Роббим, бу синовлар ва қийноқларни бизга берганинг учун розимиз! Бошқа ташқаридаги биродарларимизга бермагин, бошқа ҳеч бир мусулмон биродаримизни бу қаттиқ азобларга дучор қилмагин! Биз билан тугатиб юборгин, бошқа биродарларимизга бериладиганни ҳам бизга бер, биз тортиб тугатайлик. Бу тасаввурга сиғмас зулм-қийноқларни ташқаридаги ҳеч бир мусулмон биродаримизга кўрсатмагин! Ўлим нақадар гўзал нарса! Ўзимизни ўлдириш ҳаромлигини билганимиз учун ўзимизни ўлдирмаймиз.

 Эй, Роббимиз! Лекин Сен бизларга тезроқ ўлим бер деб илтижо қиламиз! Кўз ўнгимизда ўлиб кетаётганлар нақадар муваффақиятли! Ҳа! Ўлимни тилаб қамоқхона камераларидаги касалларни илтижо қилаётганларини кўриб турибсан. Баъзида жанг майдонида ўқдан ўзини мудофаа қилаётганларни кўриб ахмоқ деб қолдик, ўқни ўзига қаратса ўлим ҳозир-ку деяпмиз. Бизнинг эркинликларимиз, шахсий имкониятларимиз шу қадар маън қилинган-ки, уйни эшигидан ташқарига чиқиш ўлим билан баробар. Бугунги кунда урушда уйи вайрон бўлган Бағдод шаҳар фуқароси узоқ қишлоқларга бориб ёки тоғ орасига кириб, дарахт илдизини еб бўлса ҳам ҳалол еб, шаръий кийиниб юриш эркинликлари бўлса керак.

  Коммунистик ҳокимият миллиондан ошиқроқ уйғур мусулмонларини қуёш нури тушмас, қора бетон камераларига қамаганига сукут қилиб эътироф қилган бўлса-да, лекин бу рақам ҳақиқатда ундан жуда ҳам кўп, тўғрисини Аллоҳ Ўзи билгувчироқ. Қанча дарвозалар қурфланиб печатлар ёпиштирилди, қанча гўдаклар болалар уйига олиб кетилди, туққан аёллар ҳафтада бир марта бўлса ҳам болаларини эмизишга муяссар бўла олмай қолди, қанча жонлик очликдан ўлди, ўлиб кетганидан хурсанд ҳам бўлди… ўша қора зулматли қамоқда рамазон ойида мажбурий ароқ ичирдилар… ташқаридаги оиламизга ислом динига ишонмайман, Худо йўқ деган ҳужжатга қўл қўясан деб мажбурлашади… худди шундай қоғозларни бизга ҳам олиб келишди қўл қўясан деб… мен бу зулмларни ҳаммасини айтиб бера олмаяпман, маълумотларим янги зулмлар воқеасига боғланишга ярамай қоляпти.

     Ҳозир мен ва уч биродаримизни воқеасини қисқа баён қилиб бермоқчиман. Ҳозир қамоқдан чиқаётган одамлар тўрт қисмга бўлинади: биринчиси – ичкарида ўлиб кетган, ташқарида уни суриштирувчи бир яқини борлар; иккинчиси – ақлидан айрилиб қолганлар; учинчиси – жуда кўп доктор ва мутахассислар текшириш орқали тасдиқлаган умрбод тузалмайдиган мажруҳлар ёки умри оз қолган касаллар. Масалан: кўр, соқов, оёқ –қўли фалаж бўлганлар, йўл юролмай қолганлар, юрак касали, миясига қон тушганлар… Бу касаллар олдинги икки йил жараёнида кўпинча қоронғи зиндонларда ўлиб кетаётган эди, бир-икки ой бўлди, қўйиб бериляпти. Тўртинчиси – тирикми, ўликми, қайси қамоқхонада хабари йўқлар, бундайлар жуда кўп.

     Мен ва уч биродарим шифохонага даволаниш учун берилган эдик, даволашдан тўхташга рухсат берилмади. Биримиз қамоқхонада миясига қон тушган деган ташҳис билан жиддий жарроҳликни укол ичида кутяпти. Яна бириси юракка кўприк қўймаса аҳволи хатарли бўлиб қолган, бир дақиқада 39 марта урадиган бўлиб қолди, белини тубан қисми ишламаганлиги сабаб касал аравачада ўтириб қолган. У ҳам жарроҳликни кутиб ўтирибди. Даволанмасдан уйида ўтирса, ҳукумат одамлари уни ёлғондан касал бўлиб олди деб, диагнозни ўзини йўли бўйича исботлашга ўтади. Ва бундан сўнгра бизни янада қаттиқроқ қоронғулик кутиб тургани аниқ. Чунки бизга доктор олиб келишдан олдин полиция ходимлари ўзлари оғир қийноқлар билан қийнашади. Қиш кунларида оёғидан осиб бошини сувга тиқиб қўйиш, оёғини ерга теккизмай осиб қўйиш, итларга тишлатиш, ҳаттоки нажосатларни едириш, авратларини очишга мажбурлашлар… билан касални тузатишга ҳаракат қилишган, лекин касалларимиз бу қийноқлар ортидан яна ҳам оғирлашиб кетишган. Биз ҳозир шифохонада ҳам касал кроватида ўлимни кутиб ётишимиз ҳам бўлмаяпти…

Эй, Роббим! Бизларга Ўзинг рози бўлган ҳолатдаги ўлимни тезроқ муяссар қилиб бергин!

Бу хатни сизларга етказишни Аллоҳга омонат қилдик.

Total Views: 625 ,

Добавить комментарий

Марк Эспер Пентагон раҳбари этиб тайинланди

Марк Эспер Пентагон раҳбари этиб тайинланди Пентагон раҳбари вазифасини бажарувчи...

Закрыть