Россияда сафарбар қилинганларнинг қариндошлари флешмоби кучайиб бормоқда
Россияда сафарбар қилинганларнинг қариндошлари флешмоби кучайиб бормоқда
Сафарбарликка чақирилган россияликларнинг қариндошлари уларни фронтдан қайтаришга интилиб, Украина урушини қўллаб-қувватлаш белгиларидан фойдаланган ҳолда автомобилларга шиорлар ёзилган стикерларни ёпиштириб, умумроссия флешмоби уюштирди. 28 ноябр, сешанба куни бутун мамлакат бўйлаб сафарбар қилинганларнинг яқинларини бирлаштирган «Уйга йўл» Telegram-каналида флешмобда иштирок этган машиналар тасвирлари эълон қилинди.
Куни кеча сафарбар қилинган россияликларнинг қариндошлари ва дўстлари уларни фронтдан қайтаришга уриниб, ёрдам сўраб «Россиянинг кўп миллатли халқига» мурожаат қилди.
«Бу барчага мурожаат, тўғрироғи, ёрдам чақириғи. Бизнинг фожиамиз сизнинг кўз ўнгингизда рўй бермоқда, бунга ёлғиз чидаб бўлмайди! Биз ҳамма эшикларни тақиллатганмиз. Давлатимиз ёрдам чақириғига биринчи бўлиб жавоб берганлардан юз ўгирди. Биринчи навбатда, сафарбар этилганларнинг ўзлари ва яқинларидан», — дейилади мурожаат бошида.
Унинг муаллифлари «деярли умид қолмаган» деб ёзган. «Ҳеч биримизнинг ишончимиз қолмаган. Кўпчиликнинг келажаги ҳам йўқ. Лекин, маълум бўлишича, биз сайловчилар ёки фуқаро эмасмиз, балки энди умуман одам эмасмиз», дейилади мурожаатда. Улар Россияда захирадагилар чақирилмаслигига ваъда берилгани, кейин эса «аслида ваъдалар сохта бўлиб чиққанини» эслатди.
«Кўпчилик қайтиб келмайди. Сафарбарлик даҳшатли хато бўлиб чиқди. Биз қонунга бўйсунувчи табиатимиз учун жазоландик. Эркакларимиз барқарорлик учун қон билан, биз эса соғлик ва кўз ёшлар билан товон тўлаймиз», — дейилади мурожаатда. Муаллифлар ҳалок бўлганлар ва ярадорлар учун давлат томонидан тақдим этилаётган тўловлар ва имтиёзларни уларнинг «оғзини ёпишга» уриниш деб атади. «Одамнинг ҳаёти нархи ҳақида гап кетганда, мен бундай жирканч таклифни беришга журъат этганлардан нафратланаман», деб таъкидлайди улар.
Сўнгги ойларда Россияда сафарбар қилинганларнинг оилалари Украинадаги урушда бир йилдан ортиқ вақт ўтказган эркакларнинг ватанга қайтишини талаб қилиб, тобора кўпроқ акция уюштирмоқда. Улар урушга сафарбар этилганларнинг максимал муддатини бир йил билан чеклашни, барча ярадорларни ортга қайтаришни ва армияга чақириб бўлмайдиган касалликлар рўйхатини кенгайтиришни талаб қилмоқда.
Маҳаллий ҳокимиятлар COVID-19 пандемияси сабаб фуқароларга Россия бўйлаб митинг ўтказишга рухсат бермаяпти. Кремл талабларга изоҳ бермади.