Россия ва АҚШ НАТО бўйича келишолмади

Россия ва АҚШ НАТО бўйича келишолмади

Швейцариянинг Женева шаҳрида АҚШ ҳамда Россия дипломатларининг Москва талаб қилаётган хавфсизлик кафолати борасидаги учрашуви бўлиб ўтди. Ёпиқ эшиклар остида ўтган учрашув 8 соат давом этиб, аниқ келишувга эришилмади. Томонлар учрашувдан кейин эҳтиёткорона баёнот бериб, мулоқот давомий бўлишига умид билдиришди.

Россия делегациясига ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков ҳамда мудофаа вазири ўринбосари Александр Фомин етакчилик қилди. Америкалик дипломатларга эса Давлат котибининг биринчи ўринбосари Уэнди Шерман ҳамда Давлат котибининг қуролланишни назорат қилиш бўйича ўринбосари Бонни Женкинс бош бўлди.

Россия томони ушбу учрашувни музокара деб атаб, у дангал ўтганини таъкидлаган бўлса, Америка дипломатияси буни «томонларнинг нуқтайи назарларини билиб олишга имкон берувчи мулоқот» деб атади. Ўз навбатида, Сергей Рябков Россия талаб қилаётган шартлар бажарилиши имконсиз эмаслиги ва мулоқот «умидбахш» тарзда ўтганини таъкидлади.

Россия делегацияси раҳбари Сергей Рябков мамлакат ҳамон НАТО кенгаймаслиги, Украина ҳеч қачон унга киритилмаслиги бўйича кафолат талаб қилаётганини такрорлади.

«Биз учун Украина ҳеч қачон НАТОга кирмаслиги бўйича кафолат берилиши талабининг қаноатлантирилиши шарт эканини таъкидламоқчиман. НАТОнинг Мадридда ўтажак навбатдаги саммитида 2008 йил Бухарестдаги саммитда қабул қилинган формуласи қуйидагича ўзгартирилишини хоҳлаймиз: «Украина ва Грузия ҳеч қачон НАТО аъзосига айланмайди». Бу Россия миллий хавфсизлиги масаласи.

Биз қуруқ гапдан иборат мулоқотлардан чарчадик. Ёпиқ эшиклар остида ўтадиган музокараларда кўп учрайдиган ярим ваъда ва нотўғри талқин қилинадиган сўзлардан ҳам. Биз бошқа тарафларга ишонмаймиз. Бизга қуруқ ваъда эмас, айнан кафолат керак: «мажбур», «шарт», «НАТО аъзосига айланмайди» сўзлари битилган кафолат», деди Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари.

АҚШ дипломатлари раҳбари бўлган Уэнди Шерман эса қисқа қилиб, бу талаб қаноатлантирилмаслигини маълум қилди.

«Биз ҳеч кимга бирор давлат учун НАТО эшикларини ёпишга йўл қўймаймиз. Биз иттифоқчиларимиз ва ҳамкорларимиз билан икки томонлама мулоқотни давом эттириш тарафдоримиз», деди америкалик дипломат.

АҚШ томони мулоқотдан кейин ўтказилган брифингда Россиянинг Украинага бостириб кириш масаласини ҳам кўтарди. Рус делегацияси раҳбари Россиянинг бундай мақсади йўқлигини айтди.

«Россия Украинага бостириб кирмоқчи эмас, бу масалада гаплашадиган гапнинг ўзи йўқ. Аксинча, биз Украина ёки умуман Ғарб томонидан бизга нисбатан уюштирилиши мумкин бўлган провокациядан хавотирдамиз», деди Рябков.

Америка дипломатлари етакчиси эса Россия Украина чегарасидаги аскарларини ортга қайтариш орқали айтган гапларини исботлаши мумкинлигини билдирди. «Россия бизга ҳам худди оммавий тарзда эълон қилгани каби Украинага бостириб кирмоқчи эмаслиги, бу шунчаки манёвр ва машғулотлар эканини айтган. Россияда бу айтганларини исботлаш учун яхши имконият бор: вазиятни юмшатиш ва аскарларни казармасига қайтариш орқали», деди Шерман хоним.

Музокараларда Россия вакили сифатида иштирок этган Рябковнинг айтишича, НАТО Россиядан ортга чекинишни кутмаслиги керак. «НАТО «этагини йиғиштириб» 1997 йилги ҳолатига қайтиши керак», деди дипломат.

Россия бўйича таниқли эксперт америкалик Майкл Коффманнинг фикрича, Вашингтон Россия истаётган форматда музокара ўтказмоқчи эмас. Экспертга кўра, АҚШ вазиятни қуролланишни ва ҳарбий машғулотларни назоратга олиш орқали юмшатмоқчи, лекин Россия фақат ва фақат юридик кафолат талаб қилиш билан банд.

АҚШ Давлат департаментининг собиқ ходими Самюэл Шарапнинг фикрича, фақат икки ҳолатда музокаралар самарали бўлиши мумкин: ёки Россия максимал талабларининг баъзиларидан воз кечади ёки АҚШ Россиянинг баъзи талабларини руслар сўраётган форматда бўлмаса ҳам қаноатлантиради.

«Тўғри, музокараларда қандайдир натижа бўлмади, аммо бундан бадтар бўлиши ҳам мумкин эди. Томонлар музокарадан уйга қайтиб, урушга тайёргарлик кўришмаяпти, мулоқот давом этишини айтишди. Бироқ ҳеч қандай олдинга силжиш бўлмагани ҳам яхши эмас», дейди Шарап. Унинг тахминича, томонларнинг фикри бир томондан чиқиши қийин масала. Аммо Америка кескинликни ўзининг устунлиги бўлмиш дипломатия орқали ҳал қилиши керак, акс ҳолда оқибат ҳеч ким учун ёқимли бўлмайди.

Total Views: 44 ,

Добавить комментарий

Ўзбекистонда Қозоғистон мавзуси чекланди, блогерлар «огоҳлантирилмоқда»

Ўзбекистонда Қозоғистон мавзуси чекланди, блогерлар "огоҳлантирилмоқда" Қозоғистонда бўлаётган ҳодисаларни ёритишга...

Закрыть