Риёд Украина, Россия ва АҚШ музокараларига мезбонлик қилади
Риёд Украина, Россия ва АҚШ музокараларига мезбонлик қилади
Украина президенти Володимир Зеленский Киев ва Вашингтон Украина ва Россия армиялари ўртасида қисман ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар ўтказишини тасдиқлади. Учрашув 24 март куни Саудия Арабистонида бўлиб ўтади, деди у 20 март, пайшанба куни Ослода Норвегия бош вазири Йонас Гар Стёр билан ўтказилган матбуот анжуманида.
Унинг сўзларига кўра, музокараларда Украинани «техник гуруҳ» тақдим этади. Шу билан бирга, аввалига Украина ва Америка томонлари ўртасида учрашув бўлиб ўтади, кейин америкаликлар руслар билан учрашади, деди у Вашингтон таклифига ишора қилиб. Зеленскийнинг таъкидлашича, музокаралар мавзуси энергия объектларига нисбатан ўт очишни тўхтатиш режимини ўрнатиш бўлади.
Шу билан бирга, Украина раҳбари фуқаролик инфратузилмаси объектларини ушбу рўйхатга киритишни қатъий талаб қилишини таъкидлади. Экспертлар гуруҳлари бундай объектлар рўйхатини тайёрлайди, дея қўшимча қилди у. «Томонлар келишиб олган нарса турлича талқин қилинишини истамайман», деди Володимир Зеленский. Унинг сўзларига кўра, бундай қарор ўт очишни тўлиқ тўхтатиш ва урушни тугатиш йўлидаги биринчи қадам бўлиши мумкин.
Шу куни Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков 24 март куни Ар-Риёдда Россия ва АҚШ делегацияларининг учрашуви бўлиб ўтиши режалаштирилганини эълон қилди. Муҳокамада Қора денгизда кемалар хавфсизлиги бўйича ташаббусни янгилаш масаласи ҳам муҳокама қилинади, деди у. Музокараларда Россия томонидан Федерация кенгашининг Халқаро алоқалар бўйича қўмитаси раҳбари Григорий Карасин ва ФСБ директори маслаҳатчиси Сергей Беседа иштирок этади.
Ўз навбатида, Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков Саудия Арабистонидаги музокараларда Россиянинг Украинага қарши урушини тугатишнинг бошқа «нюанслари» ва «аспектлари» ҳам муҳокама қилинишини айтди.