Пайғамбарлик минҳожи асосидаги рошид Халифаликнинг вақти келдими?!

Пайғамбарлик минҳожи асосидаги рошид Халифаликнинг вақти келдими?!

Ҳозирги пайтда Ўрта Шарқ деб аталаётган араб минтақаси тарихини, шунингдек мусулмонларнинг бугунги тарихини ўқир эканмиз, тарих такрорланаётганига ва бугунги тарих билан кечаги тарих ўртасида деярли фарқ йўқлигига гувоҳ бўламиз.

Масалан, араблар жоҳилиятда ўша даврдаги кучли ва таъсирга эга икки давлат, яъни Форс ва Рум давлатларига солиштирганда, на қадр-қиммат ва на вазнга эга эди. Чунки, ўша пайтда араб минтақаси шу икки империянинг таъсири ва нуфузи остида бўлган. Форс империяси Ироқ, Баҳрайн, Яман ва ярим оролнинг шимоли-шарқий қисми устидан ҳукмрон бўлса, Рум империяси Шом, Миср, Шимолий Африка соҳиллари ва Мағриб юртларига ҳукмрон эди. Бу минтақалар улар томонидан босиб олинган бўлиб, ҳокимлари ушбу икки давлатнинг бирига бўйсунар эди. Аммо Ислом рисолати бешиги бўлмиш Араб ярим оролининг марказида тарқоқ, ўзаро бир-бири билан урушадиган ва саҳро ҳаётида яшайдиган одамлар жойлашган эди. Улар асосан чорвачилик билан шуғулланиб, деҳқончилик ва саноатдан йироқ эдилар. Улар яйловлар ва сув ресурслари борасида бир-бири билан урушар эдилар. Уларни бирлаштирадиган фикри ва яхшилик сари жамлайдиган етакчиси бўлмаган. Форс ва Рум чегаралари яқинида икки кичик давлат, яъни Румга тобе Ғассонийлар мамлакати ва Форсга тобе Лахмийлар мамлакати жойлашган эди. Бу икки мамлакат ўз чегараларидан ташқарида ҳеч қандай ҳукмронликка эга эмас эди. Араб ярим ороли аҳолиси, яъни марказдаги халқлар ҳамда Ғассонийлар ва Лахмийлар буларнинг барчаси Форс ва Рум зўравонлигига на ҳарбий жиҳатдан ва на сиёсий жиҳатдан қарши чиқа олар эди… Мана шу асл мавзу ва ундаги муҳим қисмдир… Лекин Аллоҳнинг иродаси барча нарсадан устундир.

Аллоҳ Таоло Пайғамбар ва элчиларнинг охиргиси бўлмиш Муҳаммад Aни юборишидан олдин араб ярим ороли қабилалар ўртасидаги кўп урушларга гувоҳ бўлди. Бу урушлар Ислом келгунича давом этди. Ўша урушлардан бири Дохис ва Ғабро билан Абас ва Забён ўртасидаги уруш бўлиб, у сулҳ билан ниҳоясига етди. Иккинчиси Бикр ва Тағаллуб қабилалари ўртасидаги Басус уруши бўлиб, у Тағаллуб ғалабаси билан тугади. Учинчиси Қурайш иттифоқчиси Кинона билан Ғатафон ва Ҳавозин иттифоқчиси ўртасидаги Фижор уруши бўлиб, у сулҳ билан тугади. Урушларнинг яна бири Ғассонийлар билан Лахмийлар ўртасидаги Явми Халима уруши бўлиб, унда Ғассонийлар ғалаба қилди. Охирги уруш эса, ҳижратдан беш йил олдин бўлган Авс ва Хазраж қабилалари ўртасидаги урушдир… Бундан ташқари яна бир қанча урушлар бўлди-ки, уларнинг айримлари узоқ йиллар давом этди. Бу урушларни кузатган киши уларни араб қабилалари бошига тушган фалокат бўлган деб гумон қилади. Лекин бу урушлар Аллоҳнинг иродаси билан бунинг акси бўлган эди. Чунки бу урушларда ўз қабилаларига кучли таъсири бўлган тоғутлар қулади. Бу урушларда зулму туғёнга ботган мутакаббир қабила бошлиқлари туфайли ҳўлу қуруқ баробар ёнди. Аллоҳ Таоло бу урушлар орқали кучли жангчи бўлган уруш кишилари ва моҳир сиёсий қўмондонларни тайёрлашни хоҳлади. Аллоҳ Таоло ушбу яланғоч, ялангоёқ ва оддий одамлардан Пайғамбар (с.а.в.) ва динга ёрдам берадиган кишиларни чиқишини хоҳлади. Аллоҳ Таоло ушбу буюк рижоллар орқали ўз дини ва Пайғамбарини ғолиб қилди. Улар Аллоҳнинг фазли туфайли ушбу динни ер юзига тарқатишди. Оламдаги икки кучли империяга якун ясашди ва уларни бурнини тупроққа ишқашди. Уларнинг аксарияти Исломга кирди. Олдин ялангоёқ бўлган кишилар оламдаги энг буюк давлат, яъни исломий давлатни тиклашди.

Исломий Уммат бугун бошдан кечираётган аҳволига қараган одам тарих такрорланаётганини кўради. Фақат бу ерда бир фарқ мавжуд, у ҳам бўлса, араб қабилалари Аллоҳга ишонмас ва бутларга ибодат қилар эдилар. Бугун эса, одамлар мусулмон. Лекин мустамлакачи кофир Ғарб исломий давлатни қулатиб, уни арзимас давлатчаларга бўлиб юборди. Уларга ўзига хос чегараларни белгилаб, бир бири-билан урушадиган қилди. Шунингдек, ҳар бир давлат учун ўзига хос байроқ, гимн, паспорт ва виза ҳужжатлари тайинлади… Уларнинг ичига ватанга бўлган муҳаббат, миллатчилик, ирқчилик ва мазҳабпарастлик уруғини экди. Таълим программаси ва ахборот воситалари орқали одамлар қалбида ушбу тубан тушунчаларни қадрлаш туйғусини кучайтирди. Ҳар бир давлат тепасига бойликларни талон-тарож қилиш, Ғарб таълими, ақидаси ва ҳаёт ҳақидаги нуқтаи назарини ёйиш, Уммат фарзандлари миясида Ислом таълимини ўчириш ва ёшларни суюлтириш каби ишларда ўзига вакил бўлиши учун малай ҳокимларни қўйди… Ғарб мақсадига эришди, чунки Умматнинг аксар ёшлари тубанлашиб, арзимаган ишлар тўғрисида фикрлайдиган бўлиб қолди. Уларнинг кўпчилиги спорт, санъат ва модага берилиб кетди. Бу борада Американинг Голливуд ва Ҳиндистоннинг Болливуд фильмларида ўйнайдиган артист ва актрисалар ҳамда фоҳишалардан ибрат олишди. Аслида бугун Уммат ёшлари худди кечагидек Исломни ҳидоят нури ва рисолати сифатида кўтариб чиқишлари, давлат етакчилари бўлишлари керак эди. Шунингдек, улардан шариат соҳасида ёки астрономия, физика ва химия каби экспериментал (тажрибага асосланган) фанларда етук уламолар етишиб чиқиши керак эди…

Лекин бугун, хусусан золим режимларга қарши қўзғолонлар бўлган юртларда Уммат бошдан кечираётган аҳволга келсак, қўзғолон натижасида тоғутлар қулади. Ушбу тоғутлар ўзларини ўз халқидан ҳимоя қилиш учун хавфсизлик тизимини, бойликларни талон-тарож қилиш учун эса, молиявий империяларни ташкил қилишган эди. Улар кўз очиб юмгунича қулади ва парчаланди. Одамлар улардан тахтдан кетишини талаб қилгач, кофир Ғарб уларни йўлнинг ўртасида ташлаб кетди. Агар кофир Ғарб қўзғолонларни ўз томонига оғдириб олмаганда, мусулмонлар ўз мақсади, яъни адолатга эришган бўлар эди. Адолатни эса, Халифаликдан бошқаси рўёбга чиқармайди. Мана шу нарса Уммат ёшларининг эътиборини ўзартирди. Чунки ёшлар ҳокимларни қулатиш ва ўзгартириш мумкин эканини ва бунинг учун фикрларни ўзгартириш зарурлигини тушунишди. Қўзғолондан сўнг минтақа қуролли курашга кўчди ва ёшлар икки қисмга бўлиниб қолди. Биринчиси: Урушга киришдан қочадиган қисм. Иккинчиси: Урушдаги икки тарафнинг бирида жанг қиладиган қисм.

Қисқача айтганда, Уммат бугун бошдан кечираётган ҳодисалар биринчи Ислом давлати барпо бўлишидан олдин минтақа гувоҳи бўлган ҳодисалар билан бир хилдир. Чунки қўзғолонлардан кейин бошбошдоқлик тарқалди ва урушлар содир бўлди. Бўлаётган ҳодисалар гўё қийинчилик ва машаққатларни кўтара оладиган ёшларни пайдо қилаётганга ўхшайди.

Аксар минтақалар электр энергияси ва нефть инқирози, қимматчилик, қамал ва очарчилик каби салбий ҳолатларга гувоҳ бўлди. Шунингдек, самолёт, ракета ва ҳарбий кемаларнинг портлашини эшитишга кўникди. Лекин ушбу аламли вазиятлар гўё Умматни ўз ақидасига қайта боғлаётгандек. Чунки бу ҳодисалар одамларни ҳал қилувчи ечимни излаш ҳақида фикрлайдиган қилди. Энг муҳими бу ҳодисалар малай ҳокимлар, сарой уламоларидан иборат адаштирувчи шахслар, ахборот воситалари ва ўзларини Ислом ва мусулмонларни уйғотишга ҳаракат қилаётган қилиб кўрсатаётган жамоаларнинг сохталикларини фош қилди. Шунингдек, Ислом улардан ва уларнинг амалларидан пок эканини исботлади. Одамлар ичида жиҳод тушунчасини тирилтирди. Умматга кофир Ғарб, БМТ ташкилоти ва унинг ёвуз элчиларини фош қилди…

Бугунги аҳволимизга қараган киши уни Уммат бошига тушган фалокат деб ўйлайди. Лекин бу ҳолат Аллоҳнинг тадбири бўлиб, у уруш ва етакчилик кишилари ҳамда Халифалик тикланган кунда ушбу давлат билан ёнма-ён турадиган сиёсий кишилар чиқишидан дарак бермоқда. Чунки давлат мустамлакачи кофирга қаттиққўл ва мўминларга шафқатли кишилар билан бардавом туради. Бизни қайғуга ботирган ва бизга зарар етказган урушлар ва қон тўкишлар бўлишига қарамай, бугун Умматни ўз ақидаси, дини ва Исломига боғлаш осон бўлиб қолди…

Биз Аллоҳдан бу ишларнинг самараси буюк ва баракотли бўлишини сўраймиз. Шунингдек, Аллоҳга ёрдам берадиган, Пайғамбарлик минҳожи асосидаги иккинчи рошид Халифалик давлатига ёрдам берадиган кишилар шаръий вазифаларини бажарадиган бўлишини сўраймиз. Уларнинг вазифаси динга ва Пайғамбаримиз (с.а.в.) башорат қилган Халифаликни тиклаш учун ҳаракат қилаётган кишиларга ёрдам беришдир.

 يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا كُونُوا أَنْصَارَ اللَّهِ كَمَا قَالَ عِيسَى ابْنُ مَرْيَمَ لِلْحَوَارِيِّينَ مَنْ أَنْصَارِي إِلَى اللَّهِ قَالَ الْحَوَارِيُّونَ نَحْنُ أَنْصَارُ اللَّهِ فَآَمَنَتْ طَائِفَةٌ مِنْ بَنِي إِسْرَائِيلَ وَكَفَرَتْ طَائِفَةٌ فَأَيَّدْنَا الَّذِينَ آَمَنُوا عَلَى عَدُوِّهِمْ فَأَصْبَحُوا ظَاهِرِينَ

«Эй мўминлар, сизлар ҳам худди (ҳаворийлар каби) Аллоҳнинг ёрдамчилари бўлингиз! — Исо ибн Марям ҳаворийларга: «Аллоҳга (яъни Унинг динига даъват қилишимда) ким менинг ёрдамчим бўлур?» деганида, ҳаворийлар айтдилар: «Биз Аллоҳнинг (динига) ёрдам бергувчилармиз». Бас, Бану Исроилдан бир тоифа (одамлар Исога) имон келтирди ва бир тоифа кофир бўлди. Бас, Биз имон келтирган зотларни душманларидан кучли қилиб, улар (кофирлар устига) ғолиб бўлиб қолдилар».   [Соф 14] 

Total Views: 278 ,

Добавить комментарий

Владимир Зеленский Путинга Минскда учрашишни таклиф қилди

Владимир Зеленский Путинга Минскда учрашишни таклиф қилди Украина президенти Владимир...

Закрыть