Қозоғистонда туркий давлатлар учун TURAN махсус эркин иқтисодий зонаси барпо этилади
Қозоғистонда туркий давлатлар учун TURAN махсус эркин иқтисодий зонаси барпо этилади
Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўтган Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ)га аъзо давлатлар савдо ва иқтисодиёт вазирлари йиғилишида Қозоғистонда TURAN эркин иқтисодий зонаси барпо этиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Бу ҳақда Туркия савдо вазири Ўмер Бўлат ТДТ Истанбулда ўтган савдо ва иқтисодиёт вазирларининг 12-учрашуви ҳамда иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ишчи гуруҳнинг 14-йиғилишида маълум қилган.
«Бугун бўлиб ўтган вазирлар иштирокидаги йиғилишимизда биз ТДТга аъзо давлатлар ўртасида рақамли иқтисодиёт соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича битим ҳамда мамлакатларимиз ўртасидаги иқтисодий ва савдо ҳамкорлигини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган TURAN махсус эркин иқтисодий зонасини яратиш каби янги авлод воситаларини жорий этиш бўйича келишиб олдик», — деган Бўлат.
Туркия вазирининг қайд этишича, XXI асрда хизматлар ва инвестициялар билан савдо қилишнинг аҳамияти тобора ошиб бораётганини ҳисобга олиб, мамлакатлар «Хизматлар ва инвестициялар билан эркин савдо қилиш тўғрисидаги битим»ни имзолаш имкониятлари устида иш олиб бормоқда.
«Бугун биз бу янги битим бўйича имкон қадар тезроқ музокараларни бошлаш ниятида эканлигимизни намойиш этдик», — деган Туркия савдо вазири Ўмер Бўлат.
Қайд этиб ўтиш жоизки, «TURAN эркин иқтисодий зонаси» барпо этилиши Қозоғистоннинг Туркистон области ҳудудидаги TURKISTAN эркин иқтисодий зонаси туркий давлатлар учун махсус иқтисодий зонага айлантирилиши билан амалга оширилади. Эркин иқтисодий зона янги TURAN номига эга бўлади. Унинг майдони 3987,39 ha’дан 4622,39 ha’гача кенгаяди. Кенгайиш саноат зоналарига тегишли 635 ha ер майдони қўшилиши эвазига рўй беради.