Қорабоғнинг таслимидан сўнг Ереванда йирик намойишлар бошланди
Қорабоғнинг таслимидан сўнг Ереванда йирик намойишлар бошланди
Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси 20 сентябрь куни пешинда таслим бўлиб, ўт очишни тўхтатганини билдирди. Шундан сўнг Ереванда оммавий норозилик акциялари бошланиб кетди: ҳукумат жойлашган маҳаллада намойишчилар ва полиция ўртасида тўқнашувлар бўлиб ўтди.
Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ расмийлари Озарбайжон томонининг барча талабларини бажаришга рози бўлди. Жумладан, қуролланган арман гуруҳлари тарқатиб юборилади. 21 сентябрдан эса Озарбайжоннинг Евлах шаҳрида Озарбайжон ҳукумати вакиллари билан Қорабоғнинг арман жамоасини интеграциялашуви юзасидан музокаралар бошланади. Бу эса келажакда Тоғли Қорабоғнинг барча ҳудуди Баку назоратига ўтишини англатиши мумкин.
Воқеаларнинг бундай ривожи арман халқини жунбушга келтирди. Ереван марказига норозилар йиғила бошлаган. Улар Арманистон Тоғли Қорабоғдаги вазиятга аралашиши лозимлигини айтиб, ҳукумат истеъфосини талаб қила бошлаганлар.
Намойишчилар Ереван марказидаги кўчалардан бирини ёпиб қўйган. Улар "Арцах, Арцах!" ва "Никол, сотқин!", дея Бош вазир Николь Пашинянни истеъфосини талаб қилмоқда.
Намойишчиларнинг яна бир гуруҳи Россия элчихонаси олдида митинг ўтказмоқда. Намойишчилар Россия паспортларини йиртиб ташлаб, "Россия, кет" ва "Россия — ёвузлик империяси" шиорларини баралла қайтармоқдалар.