Оммавий намойишлар сабабли Боливия президенти истеъфога чиқди

Оммавий намойишлар сабабли Боливия президенти истеъфога чиқди

Боливия президенти Эво Моралес президентлик сайловлари натижаларини сохталаштиришда айбланиб, оммавий намойишлар бошланиши фонида истеъфога чиқди. Боливия армияси қўмондони ва полиция раҳбари президентни лавозимини тарк этишга чақирганди. Вице-президент Альваро Гарсиа Линера ҳам истеъфога чиққан. 

«Биз ютқазган партиялар тарафдорлари уюштираётган зўравонлик ва тажовузни бошдан кечираётганимиз оғриқлидир. Шу ва бошқа сабабларга кўра мен истеъфога чиқмоқдаман ва бу ҳақидаги тегишли мактубни Боливия парламентига жўнатмоқдаман», деб айтган Моралес матбуот анжуманда. 

Моралес мамлакатда юз бераётган тартибсизликлар тезда тўхташига умид билдирган. У, шунингдек, мамлакатда зўравонлик авж олмаслиги туфайли истеъфога чиққанини маълум қилган.  

У юзага келган вазиятни давлат тўнтаруви деб атаган.

«Ака-ука, опа-сингиллар. Шуни айтмоқчиманки, бизнинг кураш тўхтамайди, биз тенглик ва тинчлик учун курашни давом эттирамиз. Ҳозир президент сифатидаги вазифам вазиятни тинчлантириш йўлини топишдан иборат», деб қўшимча қилган у. 

Моралес, шунингдек, мамлакатни тарк этмаслигини айтган. «Мен Боливияни тарк этмайман. Менинг қочишим учун асос йўқ», дея таъкидлаб ўтган Моралес.

Оммавий намойишлар 20 октябрь куни ўтказилган сайловлар натижалари норозилик уйғотиши ортидан бошланганди.

Сайловда Моралес 41,7 фоиз овоз олган, унинг асосий рақиби, собиқ президент Карлос Меса эса 36,51 фоиз овоз олганди. 

Президент сайловлар қайта ўтказилишини маълум қилиб, сайлов органи таркибини алмаштирди, аммо намойишчилар бунга рози бўлишмади, бир неча соат ўтиб, армия ва полиция раҳбарлари талабидан кейин президент давлат телеканали орқали мурожаат билан чиқиб, ўз истеъфосини эълон қилди.

Моралес мамлакатни 14 йилдан ошиқ вақт давомида бошқарди, у республика тарихидани ҳиндулардан чиққан илк президент бўлганди.

Total Views: 199 ,

Добавить комментарий

Трамп америкалик евангелистларни ўзига мойил қилмоқчи

Трамп америкалик евангелистларни ўзига мойил қилмоқчи АҚШ президенти Дональд Трамп...

Закрыть