«Ҳокимият учун кураш». Тўқаев вазиятдан фойдаланиб қолмоқчими?

"Ҳокимият учун кураш". Тўқаев вазиятдан фойдаланиб қолмоқчими?

Қозоғистонда бир неча кунлик тартибсизликлардан сўнг норозиликни шафқатсизлик билан бостириш давом этаркан, Озод Европа-Озодлик радиосининг Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси Брюс Панниернинг ёзишича, режим ичида – катта эҳтимол билан президент Қосим-Жомарт Тўқаев ҳамда унинг салафи Нурсултон Назарбоев ўртасида кураш кечаётгани белгилари ҳам кузатилмоқда.

Тинч норозилик ўлароқ бошланган чиқишлар жадаллик билан барча ҳудудларни қамраб олиб, бутун мамлакатни қаттиқ ларзага солди, бу воқеалар ортида эса, афтидан, мутлақо бошқа нарса – ҳокимиятнинг юқори эшелонлари устидан назорат ўрнатиш учун пинҳона жанг кетяпти.

Сўнгги кунларда мамлакатнинг ўнлаб шаҳарларида оғир ижтимоий-иқтисодий аҳволга қарши кўтарилган оммавий намойишлар иккинчи планга сурилди. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев маъмурити билан мамлакатнинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев ўртасидаги ҳокимият учун кураш тобора воқеалар марказига кўчмоқда.

Миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) собиқ раҳбари Карим Масимовнинг 8 январь куни давлатга хиёнатда гумон қилиниб, қўлга олингани ҳақида хабар – кучишлатар идоралар “аксилтеррор” амалиётини давом эттираркан, Қозоғистон сиёсатидаги энг қудратли икки шахс бир-бири билан урушаётганининг ёрқин далилидир.

5 январь куни МХҚ раиси лавозимидан озод этилган Масимов, гарчи сўнгги ойларда ОАВларда кам тилга олинганган бўлса-да, Қозоғистон сиёсат денгизидаги йирик наҳанглардан биридир.

Назарбоев тарафдорининг ҳибс этилиши – Тўқаев, “чет элда таълим олган террорчилар” мамлакатга кириб олганини пайқамаган ички разведка ва хавфсизлик кучларининг муҳтамал муваффақиятсизлигидан ҳукуматни Назарбоев кадрларидан тозалаш учун фойдаланаётганини кўрсатади.

Қозоғистонни 2019 йилгача – қарийб 30 йил идора қилган 81 ёшли Назарбоев президентликдан истеъфо берганидан сўнг ҳам муҳим лавозимларни эгаллаб келаётганди. Назарбоев ва унинг оила аъзолари ҳануз мамлакатда нуфузли кишилар саналади. Шу қадарки, танқидчи ва таҳлилчилар ўз чиқишларида Қозоғистонни ҳамон Назарбоев бошқараётганини таъкидлаб, Тўқаевни “собиқ президентнинг қўғирчоғи” дея масхара қиладилар.

Ялпи норозилик бошланганидан кейин сиёсий майдонда рўй берган воқеалар, хусусан Назарбоевнинг 5 январь куни Хавфсизлик кенгаши раислигидан бўшатилиши ва кетидан Масимовнинг ҳибс қилиниши – Тўқаев “уйини тозалаш”га киришганини англатди.

Масимов 20 йилдан зиёд вақтдан бери жуда баобрў шахс эди. Назарбоев даврида у икки марта бош вазир лавозимига ўтирган. Ундан олдин транспорт ва коммуникациялар вазири, иқтисодиёт ва бюджетни режалаштириш вазири, давлат котиби ва президент маъмурияти бошлиғи бўлиб ишлаган, МХҚга эса 2016 йилда раҳбар этиб тайинланган.

Масимов ушлангани ва оғир жиноятларда гумон қилинаётганлиги намойишлар бошланганидан буён қорасини кўрсатмаётган Назарбоев ва унинг бадавлат ва нуфузли қариндошлари учун сира ҳам хайрли муждага ўхшамайди.

8 январь куни Назарбоевнинг матбуот котиби Айдос Укибай “Twitter”да “Элбоши Қозоғистондан кетмаган ва у ҳозир пойтахт Нур-Султон шаҳрида”, деб ёзди.

Мазкур қисқа хабар санаси ва тузилиши жуда муҳим, чунки 7 январда Қозоғистон ҳукумати вакиллари пойтахтни 2019 йилда берилган янги номи билан атамай қўйгани тўғрисида тасдиқланмаган маълумот пайдо бўлган эди.

Бу Тўқаев Назарбоев ва унинг меросини сиёсатдан буткул сиқиб чиқаргани ҳақидаги миш-мишларга мой сепгандек бўлди. Зеро, Назарбоевнинг эски тарафдори ва энг содиқ кишиларидан бири ўлароқ 2019 йил 19 мартда ҳокимиятни ундан қабул қилиб олгач, собиқ президент истеъфога чиққанидан кейиноқ пойтахт номини “Астана”дан “Нур-Султон”га ўзгартирган Тўқаевнинг ўзидир.

Total Views: 36 ,

Добавить комментарий

Женевада АҚШ ва Россия делегациясининг илк учрашуви бўлиб ўтди

Женевада АҚШ ва Россия делегациясининг илк учрашуви бўлиб ўтди Россия...

Закрыть