ОАВ: Украинанинг Россияга бостириб кириши урушни тезроқ тугатиши мумкин
ОАВ: Украинанинг Россияга бостириб кириши урушни тезроқ тугатиши мумкин
Украина қўшинлари томонидан Россиянинг Курск вилоятидаги босиб олинган ҳудудлар Россия Федерацияси томонидан эгалланган Украина ҳудудларига алмаштирилиши мумкин. Бу ҳақда “Foreign Policy” ёзмоқда.
Нашр томонидан эъон қилинган таҳлилий мақолада таъкидланишича, агар Киев босиб олинган ҳудудларни сақлаб қола олса, бу Украинага Россия Федерацияси билан музокаралар учун зарур бўлган муҳим таъсир кўрсатади. Бундан ташқари, Кремлнинг “қизил чизиқлари” энди кўпроқ заифлашган, чунки Украина қўшинларининг Россия ҳудудида Ғарб қуролларидан фойдаланиши учинчи жаҳон урушига олиб келмади.
“Зеленский можаро динамикасини ўзгартириш ва тезлаштириш, жумладан, агар музокаралар кутилганидан эртароқ бошланса, кўпроқ таъсирга эга бўлиш учун гаров ўйнашга қарор қилган бўлиши мумкин”, деб ёзган журнал.
Тўрт кун ичида Россия-Украина уруши кескин ўзгарди. Украина кучларининг Россиянинг Курск вилоятига бостириб кириши 2022 йил кузида Харьков ва Херсонда Украинанинг муваффақиятли қарши ҳужумидан буён икки томоннинг энг йирик ҳудудий ютуғига айланди.
Украина расмийлари ҳужум ҳақида бир неча бор изоҳ беришдан бош тортган бўлсада, уларнинг Россияда жанг қилаётган аскарлари ижтимоий тармоқларга Курскда ва яқинда Россиянинг иккинчи чегарадош вилояти Белгородда ҳаракатланаётганини кўрсатадиган кўпроқ видео ва фотосуратларни жойлаштира бошлади.
“Тhe Washington Post” нашрининг ёзишича, Россияга Курск вилоятининг йўқолган ҳудудларини қайтариш учун бир йил керак бўлиши мумкин. Нашрда қайд этилишича, Украина Қуролли кучларининг тўсатдан муваффақият қозониши Россия Президенти Владимир Путин учун “Вагнер” қўзғолонидан кейинги энг жиддий синовдир.