Нондан заҳарланиб ўлган тожик маҳбусларининг таналарида қийноқ излари бўлган

Нондан заҳарланиб ўлган тожик маҳбусларининг таналарида қийноқ излари бўлган

Айниган нон еб ўлгани хабар қилинган 14 нафар тожик маҳбусидан айримларининг қариндошлари уларнинг тана аъзолари моматалоқ бўлиб кетгани ва синганини кўргач, расмий баёнотга шубҳа билан қараяпти.

Воқеанинг расмий талқинига кўра, заҳарланиш ҳокимият идоралари 128 нафар маҳбусни Тожикистон шимолидаги Сўғд​ вилоятидан бир неча уловда Душанбе ва мамлакат жанубидаги бошқа жойларга кўчираётган пайт юз берган.

Прокурорларнинг айтишича, бир маҳбус уч буханка нонни 16 нафар маҳбусга бўлиб берган. Бунинг оқибатида улар заҳарланиб, бир неча соат ичида ўлган. Нон еганлардан фақат икки киши тирик қолган.

− Ўғлимнинг бурни синган экан, юзидан кимлигини таниб бўлмайди, − деди Саодат Солеҳова 9 июлда Озодлик радиосига. Қўшимча қилишича, у 34 яшар фарзанди Некқадам Солеҳовнинг танасида ўласи қилиб калтакланганининг бошқа изларини ҳам кўрган.

Тожик прокурорларига кўра, Некқадам 7 июль куни қамоқхона автомобилида озиқ-овқатдан заҳарланиб ўлганлардан биридир.

Солеҳова Душанбе чеккасидаги Варзоб қишлоғида экстремизм айблови билан 13 йиллик қамоқ жазосини ўтаётиб ўлган ўғлини 8 июлда дафн қилди.

Солеҳов билан бирга ўлган бошқа тожикистонлик маҳбуслар янги қамоққа кўчирилаётган бўлган. Уларнинг шошилинч дафн маросимини маҳалла қўмиталари ва хавфсизлик хизмати вакиллари кузатиб турган.

Баъзи қариндошларнинг Озодлик журналистларига хабар қилишича, ҳокимият идоралари уларга дафн маросимидан чеккароқ туришни буюрган.

Айрим оила аъзолари ўлган қариндошларининг танасида калтаклаш изларини кўрган ва бу ҳол ҳокимият идораларининг улар қандай ўлгани хусусида берган тушунтиришига шубҳа уйғотмоқда.

Бир дафн маросимида қатнашиш учун қамоқдан вақтинча чиқарилган маҳбуснинг онаси ўғлининг танасида “кўкармаган жойнинг ўзи қолмагани”ни айтди.

Душанбе ғарбида жойлашган Боғалак қишлоғида қариндошлари 42 яшар Валижон Одинаевни дафн қилди, у экстремизм айбловлари билан қамалган эди.

Одинаевнинг оила аъзолари журналистлар билан гаплашишдан бош тортди. Ҳокимият идоралари уларга ОАВ вакиллари билан гаплашмасликни тайинлагани маълум бўлди. Аммо исмини айтишни истамаган бир қариндошининг фикрича, майитнинг юзи моматалоқ бўлиб кетган, бошининг орқа тарафида “худди болға билан урилгандай” яра ҳам бўлган.

Оилага майит кечаси соат 1 ларда келтириб берилган. Ўша қариндошнинг билдиришича, “фуқаро кийимидаги бир неча амалдор” дафн этиш билан боғлиқ турли маросимларда қатнашган ва оиладан Одинаевни тезроқ кўмишни талаб қилган.

Душанбе шаҳридаги Гулбутта маҳалласида Ҳасан Абдураҳмонов 22 яшар ўғли Абдураҳмонни дафн қилди. У чет эл террорчилик ташкилотига аъзо бўлишга уринганликда айбланиб, 12 йилга кесилган эди.

Абдураҳмонов 8 июль эрталаб бир неча полиция ходими ўғлининг жасадини олиб келганини, бироқ оила аъзоларига уни кўздан кечиришга рухсат бермаганини маълум қилди. Отага қисқа дафн маросимини ўтказишга мажбурланишдан олдин майитни “фақат 5 дақиқа” кўришга рухсат берилган. Отага ўғлининг жасадини кўздан кечириш учун вақт берилмаган бўлса-да, у ўлимга овқатдан заҳарланиш сабаб бўлганига ишонмади.

Total Views: 354 ,

Добавить комментарий

Москва полицияси Кремлда пикет ўтказган қримтатарларни қамоққа олди

Москва полицияси Кремлда пикет ўтказган қримтатарларни қамоққа олди Москва полицияси...

Закрыть