НАТОнинг юбилей саммитида Франция ва Туркия раҳбарлари келиша олишмади

НАТОнинг юбилей саммитида Франция ва Туркия раҳбарлари келиша олишмади

«Бугун биз Болтиқбўйи давлатлари ва Польша билан боғлиқ янгиланган режани тасдиқлашга келишиб олдик. Мен бу қарорни олқишлайман, бу — биз ўз позицияларимизни, жумладан Болтиқбўйи ва Польша мудофааси бўйича режаларни қайта кўриб чиқиб, янгилаб олдинга юра олишимизни кўрсатиб берди», дейди саммитдан кейин НАТО бош котиби Йенс Столтенберг. 

Туркия Лондонда бўлиб ўтган саммитда Польша, Франция ва Германия етакчилари ҳамда альянс бош котибининг илтимоси билан НАТОнинг Польша ва Болтиқбўйи давлатларини ҳимоя қилиш режасини маъқуллади, деб маълум қилди Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған.

Аввалроқ альянс Туркиянинг суриялик курд жангариларига қарши курашида уни қўллаб-қувватламагани учун НАТОнинг Польша ва Болтиқбўйи давлатларини ҳимоя қилиш режасини маъқуллашни рад этганди.

Лондон яқинидаги Уотфорд шаҳарчасида бўлиб ўтган, НАТО ташкил топганининг 70 йиллигига бағишланган икки кунлик учрашув давомида альянсга аъзо мамлакатлар етакчилари — айниқса АҚШ ва Франция президентлари Дональд Трамп ва Эммануэль Макрон — Туркиянинг Суриядаги ҳаракатлари, иттифоқнинг стратегик мақсадлари ва Европа ҳудудида ҳарбий кучлар ортиши бўйича қаттиқ баҳслашишди.

Эммануэль Макрон ноябрь ойи бошида Economist  журнали учун берган интервьюсида НАТОдаги «миялар ўлими» ҳақидаги сўзлари билан шовқин кўтарганди ва саммитда бу мавзу яна давом этди.

Ўша интервьюда Франция президенти Европадаги НАТО давлатлари альянс ролини қайта кўриб чиқиши, «ҳарбий суверенитет»ни қайтариши, шунингдек Украина масаласида қатъий туриши ва Россия билан стратегик мулоқотни тиклаши кераклигини айтди.

Бундан ташқари, Макронни Туркиянинг Суриядаги хатти-ҳаракатлари иттифоқчилар билан келишилмагани ташвишлантиради — у Лондон яқинидаги саммитда бу ҳақда яна бир бор гапирди.

«Афсуски, бизда терроризм ҳақида ягона тушунча қабул қилинмаган. Мен Туркияга қарайман — улар ҳозир ўз вақтида ИШИДга қарши биз билан елкама-елка туриб курашган кучларга қарши жанг қилишмоқда. Шунингдек, улар баъзи ўринларда ИШИДга алоқадор гуруҳлар билан ҳам ҳамкорлик қилишмоқда. Бу эса — стратегик масала! Агар биз бундай вазиятга аниқ ёндашувни белгилаб олмасдан фақат қанча пул тўлашимиз кераклигини муҳокама қилсак — бу вазиятга енгил қараш бўлади! Бу бизнинг аскарларимизга нисбатан юзакилик, бу бизнинг халқимизга нисбатан юзакилик қилишдир!», деган Макрон журналистларга.

Дональд Трамп Макрон томонидан НАТОда «миялар ўлими» ҳақида гапирилганини ҳаддан ташқари назокатсизлик деб атади.

«28 мамлакатга нисбатан, жумладан Францияга нисбатан ҳам ёқимсиз баёнот», деди АҚШ президенти ва ўз сўзини давом эттириб, Францияда ишсизлик юқорилиги, ҳукумат эса Америка интернет-компанияларини катта солиқларга тортишни исташи, у эса бунга жавобан француз виноси учун бож жорий этишни режалаштираётгани ҳақида гапирди.

Дональд Трамп саммит чоғида Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан алоҳида учрашув ўтказди. Ярим соатлик учрашувда нималар муҳокама қилингани ҳақида ҳеч ким ҳеч нарса демади, фақат бу учрашув «конструктив руҳда ўтгани» айтилди.

Лондондаги саммит арафасида НАТО бош котиби Йенс Столтенберг бу йил якунларига кўра альянснинг АҚШдан ташқари 8 аъзоси ЯИМнинг 2 фоизига тенг бўлган ҳарбий харажатлар планкасига эришгани, НАТОнинг Европадаги давлатлари ва Канаданинг ҳарбий ажратмалари миқдорининг умумий ўсиши кузатилгани ва бир йилда 130 млрд долларни ташкил қилгани ҳақида ҳисобот берганди.

Саммит вақтида Дональд Трамп ўз твитида Столтенбергнинг бу маълумотини катта ўсиш деб атади.

 

Total Views: 259 ,

Добавить комментарий

Die Welt нашри: НАТОнинг асосий рақиби Россия эмас, балки Хитой

Die Welt нашри: НАТОнинг асосий рақиби Россия эмас, балки Хитой...

Закрыть