Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Тошкентдаги учрашуви якунланди

Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Тошкентдаги учрашуви якунланди

29 онябрь куни Тошкентда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг иккинчи Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев, Қирғизистон президенти Сооронбой Жээнбеков, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ва Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедовлар иштирок этди.

Учрашувда савдо тўсиқларини бартараф этиш, саноат кооперациясини янада кучайтириш, энергетика инфратузилмасини модернизация қилиш ва минтақанинг транзит имкониятларини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилгани маълум қилинди. 

Томонлар ҳудудлар даражасида фаол алмашинувлар ва  мулоқотни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, илм-фан, таълим, туризм, маданият ва спорт соҳаларида қўшма тадбирларни мунтазам ўтказишга келишиб олдилар.

Музокаралар чоғида минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш учун кўп томонлама ҳамкорлик масалаларига жиддий эътибор қаратилгани айтилди.

Саммит якунида Қўшма баёнот қабул қилинди ҳамда Маслаҳат учрашувларига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш регламенти маъқулланди. 

Транспорт коммуникациялари бўйича минтақавий кенгаш тузилишини, Марказий Осиё транспорт тизимини биргаликда ривожлантириш бўйича дастур ва битимнинг келишилишини тезлаштириш муҳимлиги қайд этилди. Президент Шавкат Мирзиёев  “Марказий Осиё бўйлаб саёҳат” халқаро туризм конференциясини ўтказиш таклифини билдирди.

Шавкат Мирзиёев учрашув иштирокчиларини ўзаро ҳамкорликнинг асосий мақсад ва тамойилларини келишиб олишга, инсон, капитал, товар ва хизматларнинг ҳаракати, шунингдек, кенг маданий-гуманитар алмашинувлар учун қулай шароитлар яратиб бериш, Марказий Осиёда дўстлик, яхши қўшничилик ва шерикликни мустаҳкамлашнинг амалий механизмларини шакллантириш ва йўлга қўйишга чақирди.

Қозоғистоннинг Биринчи Президенти — Элбоши Нурсултон Назарбоев бир овоздан Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Маслаҳат учрашувининг Фахрий раиси этиб сайланди.

Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашуви келгуси йили Қирғизистонда ўтказилади.

Total Views: 113 ,

Добавить комментарий

Макрон: «Бизнинг бугунги кундаги асосий душманимиз-террорчиликдир»

Макрон: "Бизнинг бугунги кундаги асосий душманимиз-террорчиликдир" Франция президенти Эммануэл Макрон...

Закрыть