Ливиядаги сўнгги воқеалар ривожи

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Саволга жавоб

Ливиядаги сўнгги воқеалар ривожи

Савол:

Америка малайи Ҳафтар кучлари билан Европа Малайи Саррож кучлари ўртасида узуқ-юлуқ тўқнашувлар давом этиб тургандан сўнг, Ҳафтар кучлари яна пойтахт Триполи томон ҳужумларни бошлади. Наҳотки Ҳафтар ва унинг ортидаги Америка бугунги кунда Триполини эгаллаш мумкин, деб ҳисоблаётган бўлса? Нима ўзгардики, тўқнашувлар бу даражада қутуриб кетди? Кейин, турк ҳукуматининг Триполидаги Файз Саррож ҳукуматини қўллаб-қувватлаши аслида нимани англатади? Россиянинг Ливияга аралашиши ҳақиқийми ёки пўписа учун бўляптими? Германиянинг Ливия инқирози бўйича чақирган Берлин конференциясидан нималар кутилади?

Жавоб: Ушбу саволларга жавоб тиниқ бўлиши учун қуйидагиларни баён қиламиз:

Биринчи: Америка ўз малайи Ҳафтарни Ливиядаги кураш саҳнига кучли фигура сифатида зўрлаб тиқиштиришга муваффақ бўлгач, Ливия икки қисмга, яъни, бир томонда Америка малайи, иккинчи томонда Британия билан Европа малайлари назорат қилаётган минтақаларга бўлиниб қолди. Американинг Ливиядаги нуфузи – ўз малайи Ҳафтарга кўрсатаётган ҳарбий ёрдамларини айниқса Миср орқали ошириб юборганидан кейин – янада кучайди. Бу нарса айниқса Ҳафтарнинг юрт жанубига ҳужум қилишида яққол кўзга ташланди. Европа нуфузи эса, хусусан, Ҳафтарнинг 2019 йил апрел бошида Триполига ҳужум қилиши ортидан пасайиб қолди. Шундан сўнг, Ҳафтар ҳамда унинг ортида турган Америка Триполидаги европапараст Саррож ҳукуматига босимни кучайтириб, шу орқали сиёсий музокараларда шернинг улушини қўлга киритишни истади. Зеро, Ҳафтар Жазоирнинг ўзи билан овора бўлиб турганидан фойдаланиб, жануб устидан ўз назоратини ўрнатиб олгандан кейингина 2019 йил апрел ойининг бошида Триполига ҳужум қилган эди. Ҳужумда Ҳафтар кучларининг қўли баланд келди. Америка Триполидаги халқаро даражада тан олинган ҳукуматнинг қонунийлигини бузиб ўтиб кетишга ҳаракат қилди. Шунинг учун Ҳафтар билан – у худди расмий ҳукумат мулозимидек – очиқчасига алоқа ўрнатди. Хабарларда бундай дейилган: «АҚШ президенти Ҳафтарга қўнғироқ қилди». (Sky News Arabia, 2019 йил 19 апрел).

Иккинчи: Европа буларнинг олдида Ливия масаласини сиёсий йўл билан ҳал қилишга уринишдан ўзга йўл тополмади. Шунинг учун Германия канцлери Меркел Ливия инқирозини ҳал этиш учун Берлинда халқаро конференция уюштириш ташаббуси билан чиқди. Тўғри, айни ташаббуснинг аниқ санаси маълум этилмаган эди. «Германия пойтахти Берлинда ўтказилиши кутилаётган конференциянинг аниқ санаси мавжуд эмас». (Германиянинг «DW» телеканали, 2019 йил 7 декабр). Бироқ, декабр охирларида ўтказилиши ҳақида норасмий хабарлар бор эди. Нима бўлганда ҳам, Европа ушбу конференция орқали ўз истакларини амалга оширишни кўзлаган бўлиб, уни саноати ривожланган Катта еттилик давлатлари гуруҳи G7 учрашувидан бери ўтказмоқчи бўлиб келаётган эди. «Саноати ривожланган Катта еттилик давлатлари гуруҳи Ливиядаги можарога бағишланган халқаро конференция чақирди. Душанба куни Франциянинг Биарриц шаҳрида бўлиб ўтган саммит якунида G7 гуруҳи манфаатдор томонлар ва минтақавий кучларнинг конференцияда иштирок этишлари кераклигини таъкидлади». (Қудс Арабий, 2019 йил 26 август). Европа давлатлари Берлин конференциясига ўзларининг Ливиядаги малайларини муҳофаза қилишда, бинобарин, ўз нуфузларини сақлаб қолишда умид чироғи сифатида қараб келишмоқда: «Сешанба куни Саррож Триполида Италия Ташқи ишлар вазири Луижи Ди Майони кутиб олди. Луижи унга юртда хавфсизлик ва барқарорлик ўрнатиш йўлида олиб бораётган саъй-ҳаракатларининг Италия томонидан қўллаб-қувватланишини айтди. Шунингдек, Ливия инқирозини ҳарбий йўл билан ечиб бўлмаслигини, унинг мамлакати Ғассон Саломанинг сиёсий йўлга қайтиш ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини таъкидлаб, Берлин конференциясининг Ливия ишларига алоқадор барча давлатларни бирлаштиришидан умидвор эканини билдирди». (Индепендент Арабийя, 2019 йил 17 декабр).

Учинчи: Американинг Берлин конференциясини ўтказиш масаласида Европанинг йўлини тўсишга жиддий уринаётгани, хусусан буни Ливиядаги ўзига қарашли халқаро вакилнинг Берлин конференцияси олдига қўяётган шартлари орқали амалга оширмоқчи бўлаётгани кўриниб турибди. «БМТнинг Ливиядаги махсус вакили Ғассон Салома Берлин конференцияси учун учта шарт қўйганлигини ошкор қилди. У шунингдек, Хавфсизлик Кенгашининг бўлиниши сабабли Ливия инқирозини ҳал этиш бўйича конференция ҳаракатлари қийинлашиб қолганини таъкидлади». (Баввоба Васат, 2019 йил 13 ноябр). БМТ вакилининг пайсалга солишидан Американинг Берлин конференциясини пайсалга солаётганини кўриш мумкин. Афтидан, конференция вақтининг аниқ белгиланмагани сабаби ҳам шу бўлса керак! Лекин Америка шу билан кифояланмади, балки Ливия саҳнасига Россия билан Туркияни олиб кирди. У шу орқали Ливия билан боғлиқ минтақавий ва халқаро ўйин қартасини аралаштириб, Европа уринишларини чалкаштириб юборди. Қолаверса, Россия билан Туркияни Ливия саҳнасига киритиш орқали, конференцияга ҳали ўтказилишидан олдин таъсир ўтказди… Бу билан Европа Америка билан биргаликда Ливия масаласини ҳал қилишдаги асосий томон бўлмай қолди. Балки Россия ҳамда Туркия Европа билан рақобатлашадиган ёки уни ортда қолдирадиган, натижада Европанинг у ердаги роли заифлашадиган бўлиб қолди…

Шундай қилиб, Берлин конференцияси агар ўтказиладиган бўлса, унинг натижалари Европа умид қилгандек бўлмаслиги мумкин! Шунинг учун Американинг конференцияда қатнашиши ва уни қўллаб-қувватлаши учун Европа турли-туман воситалар билан АҚШ позициясига таъсир ўтказишга ҳаракат қиляпти. Ҳатто европалик расмийлар Американи қийин аҳволга солиб қўйиш учун Американинг конференциядан манфаатдор экани тўғрисида баёнотлар беришяпти! «Германия Ташқи ишлар вазири Хайко Маас италиялик ҳамкасби Луижи Ди Майо билан бирга берган матбуот конференциясида Қўшма Штатлар Берлин конференциясидан манфаатдор эканини, унинг муваффақиятли ўтишида ўзининг ижобий таъсирини ўтказишини билдирди». (Айн Либия, 2019 йил 10 ноябр). Бу баёнотларни Америка эмас, Европа беряпти! Америкага келсак, унинг кўзлари Ливия саҳнасидан узилгани йўқ. Масалан, 2019 йил 17 сентябрда «Берлин конференциясига тайёргарлик кўриш йиғинидан сўнг АҚШнинг Ливиядаги элчиси Ричард Норланд Жазоирга сафар қилиб, унинг ташқи ишлар вазири Сабри Буқадум билан учрашди. Ҳолбуки, Жазоир Берлин конференциясига таклиф қилинмаган эди». (Қудс Арабий, 2019 йил 2 ноябр). Бу эса, Американинг кўзлари Жазоирдан узилмаганига, яъни, Жазоирнинг Ливияга кириб, Ҳафтарга қарши ҳаракат қилишидан хавфсираётганига далолат қилади.

Тўртинчи: Энди, Американинг Европа позициясини, сўнг Саррож позициясини заифлаштириш мақсадида Россия билан Туркияни Ливия саҳнасига киритиш орқали қандай қилиб ўйин қарталарни аралаштириб юборганига келсак, буни қуйидагиларда кўрамиз:

а) Америка Россиянинг Ливияга киришига ва у ердаги ўз малайи Ҳафтарни қўллаб-қувватлашига яшил чироқ ёқиб қўйди. Россиянинг «Вагнер» ташкилоти Ливияда ҳам кўрина бошлади. У АҚШнинг Ироқда фаолият қилган «Blackwater» номли жиноятчи ташкилотига ўхшайди. Бу ерда Ҳафтарни қўллаб-қувватлаш учун Америка Россияни «Вагнер»нинг Ливияга киритишга илҳомлантиргани кўриниб турибди. «Вагнер» Россиянинг замонавий ҳарбий техникалари билан таъминланган бўлиб, учоқлар сигналига халақит берувчи тизимларга (жаммер тизимларига) эга. Шу жиҳатдан олганда, «Вагнер» Ҳафтар учун рақиблари қаршисида ҳарбий устунлигини оширадиган муҳим элемент бўлиб турибди. Бу ташкилот президент Путинга жуда яқин бўлиб, хорижий ҳарбий контрактлар орқали пул ишлайди.

Россиянинг АҚШ талабларини қабул қилганини Путиннинг ўзи эътироф этиб қўйди. У жумладан бундай деди: «Россия Ҳафтар билан ҳам, Саррож ҳукумати билан ҳам алоқаларга эгадир». (RT Arabic, 2019 йил 19 декабр). Бир вақтнинг ўзида, Америка Ҳафтарни қўллаб-қувватламоқда: «Оқ уйнинг таъкидлашича, Трамп терроризмга қарши кураш ва Ливиядаги нефть ресурслари хавфсизлигини таъминлашда Ҳафтарнинг роли улкан эканини эътироф этди». (Германиянинг «DW» телеканали, 2019 йил 24 ноябр). Америка бу билан Ливияни АҚШ-Россия ўртасидаги кураш майдони қилиб тасвирламоқчи бўляпти. Германиянинг «DW» телеканали 2019 йил 24 ноябрда АҚШнинг расмий доиралари чиқарган ушбу баёнотни хабар қилди: «Россиянинг Ливиядаги курашдан халқнинг истагига қарши фойдаланиб қолмаслиги учун АҚШ Ливия суверенитетини ва унинг ҳудудий яҳлитлигини қўллаб-қувватлайди».

б) Туркияга келсак, унинг Ливия инқирозидаги роли яққол кўриниб турибди: «2019 йил 27 ноябр куни Туркия президенти Эрдоган билан Ливия бош вазири Файз Саррож ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Бу меморандум Анқара-Триполи ўртасида хавфсизлик ва ҳарбий соҳадаги ҳамкорликка хусусан, денгиз ҳудудларини деморкация қилиш бўйича ҳамкорлик қилишга қаратилган. Матбуот ходимлари билан ўтказилган учрашувда Эрдоган «Ливияда Миср нима қиляпти? Абу Даби ҳукумати нима қиляпти?», деди. Россия роли ҳақида эса, Эрдоган «Улар Вагнер, деб номланган гуруҳ орқали – том маънода – Ливиядаги Ҳафтар фойдасига ишлашяпти. Уларни ким молиялаштираётгани маълум», деди. Сўнг «Вазият мана шундай. Буларнинг барчаси қаршисида биз қўл қовуштириб турсак, тўғри бўлмайди. Биз шу кунгача қўлимиздан келганини қилганмиз ва бундан кейин ҳам шундай қиламиз», дея қўшимча қилди». (Ал-Жазира нет, 2019 йил 20 декабр). Кейинчалик турк парламенти Эрдоганнинг лойиҳасини тасдиқлади: «Туркия парламенти Триполидаги Саррож бошқаруви остидаги халқаро даражада тан олинган ҳукуматни қўллаб-қувватлаш учун аскарлар юбориш билан боғлиқ президент лойиҳаси баённомасини 184 нафар овозга қарши 365 нафар овоз билан мақуллади. Ушбу баённомага кўра, Анқаранинг Халифа Ҳафтар кучларига қарши урушда халқаро жиҳатдан тан олинган ҳукумат кучларига жанговар бўлмаган қўшинларни маслаҳатчи ва мураббийлар сифатида юбориши мумкин бўлади». (Би-Би-Си Арабий, 2020 йил 2 январ).

Бешинчи: АҚШнинг Туркияни Ливияга киритишдан кўзлаган мақсадларига келсак, бу Эрдоган даъво қилаётганидек Саррож ҳукуматини қўллаб-қувватлаш учун эмас. Воқеа-ҳодисаларни диққат билан кузатсак ва синчиклаб ўрганиб чиқсак, бу ерда маҳаллий, минтақавий ва халқаро мақсадлар борлиги ва кўпроқ қуйидагича бўлиши мумкинлиги аён бўлади:

1 – Маҳаллий мақсад: Ливияда Саррож ҳукумати байроғи остида курашаётган ва «мўътадил исломий», дея ҳисобланган ҳарбий гуруҳлар мавжуд. Туркия у ерга кирмасдан олдин ҳам айни гуруҳлар билан алоқада бўлиб келган. Шунинг учун Туркия уларни осонгина ҳалокатга етаклаши турган гап. Чунки у бундай ишни аввал Сурияда исботлаб берган. Ўшанда, у ўзига мойил гуруҳларни қонхўр Асадга минтақаларни топширишга ундаган эди. Шундай қилиб, Туркия Ливия урушига Саррож ҳукуматини ўзига мойил қилиш ва Ҳафтар кучлари қаршисида уни заифлаштириш учун кирмоқда.

Саррож Эрдоганнинг Америка таъсири доирасида юришини, Ливияга унинг ҳукуматини қўллаб-қувватлаш мақсадида кирмаганини, балки алдаб-авраш учун кирганини, бундан – худди Сурияда қилгани каби – у ердаги гуруҳларни нозик минтақалардан чиқариб юбориб, уларни заифлаштириш орқали Ҳафтарни кучайтиришни кўзлаганини билган бўлиши керак. Шунинг учун Саррож Европа билан келишган ҳолда, Туркияга яқинлашишни ва бу билан Американи қийин аҳволга солиб қўйишни истаяпти. Яъни, халқаро жиҳатдан расман тан олинган ҳукумат бўлгани ҳамда ҳар қандай давлатдан ёрдам сўрашга ҳақли бўлгани учун Туркияга яқинлашиш орқали Эрдоган Туркиясини ўз ҳукуматига ёрдам беришга мажбур қилиб қўймоқчи бўляпти… Кейин Европа Туркиянинг ҳамда унинг ортидаги Америка ва Мисрнинг Ливияга аралашаётгани ҳақида халқаро майдонда шов-шув кўтаради… Саррож ва унинг ортидаги Европа Американи қийин аҳволга солиб, шов-шув кўтарсак, бу нарса Ҳафтар билан Мисрни Саррожга қилаётган босимларини енгиллатишга ундайди, деб умид қилишмоқда.

2 – Минтақавий мақсад: Жазоир ўзидаги танг вазият сабабли Саррож ҳукуматини қўллаб-қувватлашга қийналаётган бир пайтда, Миср Туркиянинг ҳарбий қўллаб-қувватловини дастак қилиб, Ҳафтарни доимгидан ҳам кўпроқ қўллаб-қувватлаши ва у ерга тўғридан-тўғри ўз кучларини юбориши мумкин. Туркиянинг Саррож ҳукуматини қўллаб-қувватлаши эса, худди ўзига қарашли суриялик гуруҳларни қўллаб-қувватлагани каби рамзий-юзаки, ҳеч қандай аҳамият касб этмайдиган шаклда бўлади. Аслини олганда, Туркия Ливиядан узоқ. Унинг мақсадлари гўё Ливияни қўллаб-қувватлаши билан ноғора қоқишдан нарига ўтмайди. Ваҳоланки, бу қўллаб-қувватлови ҳам жуда ҳам озгина бўлиб, бундан Ливия кучларини Туркия тузоғига тушириш кўзланган. У ердаги кучлар ҳаллослаб чопиб борган қўллаб-қувватлов – худди Сурияда бўлгани каби – сароб бўлиб чиқади!

3 – Халқаро мақсад: Туркиянинг ҳарбий аралашуви Ливияни у билан Россия ўртасидаги жанжал-тортишув саҳнасига айлантириб қўяди, худди айни дамда бўлаётгани каби. Эрдоган ўзининг ҳужумкор баёнотлари билан Россиянинг Ливиядаги ҳарбий аралашувини қоралаяпти… Россия ҳам Туркия аралашувига норозилик билдиряпти… Кейин бу баёнотлар ортидан, Туркия билан Россия ўртасида Ливия масаласида келишувлар бўлаётгани ҳақида бошқа бир баёнотлар янграмоқда! Бу эса, иккала давлатнинг Сурия масаласидаги тил бириктирувига тамоман ўхшайди.

4 – Энди, Эрдоганнинг Саррож билан бўлган келишув газ ва нефть қидирув ишларида ундан фойдаланишга қаратилганлигини айтиб, одамларни алдашга уринаётганига тўхталиб ўтамиз. «Туркия Энергетика вазири Фотиҳ Дўнмез «денгиз чегараларини демаркация қилиш шартномаси тасдиқланиб, БМТ рўйхатидан ўтказилиши биланоқ, Туркия минтақада нефть ва газ қидириш ва қазиб олиш учун лицензиялар олишга киришишини» таъкидлади. Сўнг – мен бу амалиётни 2020 йилнинг илк ойларида бошлашимизга ишонаман, деди». (Рейтер, 2019 йил 18 декабр). Кўриниб турибдики, Эрдоган ўзининг Ливиядаги аралашуви ортида газ ва нефть қидириш ишлари турганини даъво қилар экан, буни одамларни алдаш учун қулай имконият деб биляпти. Шунинг учун ушбу шартномани имзолади. Зеро, 2018 йил октябр ойидан бери Анталия соҳилларидан 100 км. узоқликда Ўрта ер денгизида олиб борилган газ қидириш ишлари жиддий уриниш бўлмади… Барчаси беҳуда уринишлар бўлди. Зеро, энергетика вазири газ ва нефть қидириш ишлари учун кемалар юборилганига қарамай, бу иш ҳалигача бошланмаганини эътироф этди. Ҳозир эса, Эрдоган нефть ва газ қидириш ишлари олиб борилаётгани, Туркия манфаатларини кўзлаб Ливияга аскар жўнатилгани тўғрисида гапириб, одамларни лақиллатмоқчи бўляпти. Аслида эса, бу алдамчи ролни Американинг Ливиядаги манфаати учун ўйнамоқда.

Олтинчи: Триполи жангининг ҳал этилишга келсак, сўнгги ойларда тарози палласини Ҳафтар томонга оғдирадиган баъзи омиллар юзага келди:

Биринчи омил: Американинг Россия билан Туркияни Ливияга киритиши оқибатида Европанинг қийин аҳволда қолганлиги. Шунингдек, юқорида баён қилганимиздек, Миср ролининг фаоллашуви Ҳафтарни шижоатлантириб юборди… Бу нарсалар уни Триполидаги ҳарбий операцияларини кучайтиришга ундади: «Ливия Миллий армияси бош қўмондони Халифа Ҳафтар 12 декабр пайшанба куни оқшомда Триполи сари кескин жанг бошлаб, олдинга силжишини маълум қилди ҳамда олдинги сафдаги ҳарбий бўлинмаларни ҳарбий амалиёт қоидаларига амал қилишга чақирди. Ҳафтар телевидениеда ҳарбий форма билан чиқиш қилиб, Триполидаги барча ҳарбий бўлинмаларга «нол соат» эълон қилди ва жумладан, «бугун биз пойтахт маркази сари ҳал қилувчи жанг эълон қиламиз ва олға босамиз» деди». (Германиянинг «DW» телеканали, 2019 йил 12 декабр). Унинг ҳарбий ҳаракатлари ҳануз авж олмоқда.

Иккинчи омил: Россиянинг, хусусан «Вагнер» ташкилотининг Ҳафтар томонида туриб жанг қилиши. Америка Россияга Ливия ишига аралашиши ва ўз малайи Ҳафтарни қўллаб-қувватлаши учун яшил чироқ ёқиб берди. Маълумки, «Вагнер» Россиянинг замонавий ҳарбий техникалари билан таъминланган бўлиб, учоқлар сигналига халақит берувчи тизимларга (жаммер тизимларига) эга. Шу жиҳатдан олганда, «Вагнер» Ҳафтарнинг рақиблари қаршисида ҳарбий устунлигини оширадиган муҳим элемент бўлиб қолмоқда. Дарҳақиқат, Россия президенти Путиннинг ўзи Америка талабларини қабул қилганини эътироф этиб, «Россия Ҳафтар билан ҳам, Саррож ҳукумати билан ҳам алоқага эга», деб айтиб ўтди. (RT Arabic, 2019 йил 19 декабр).

Учинчи омил: Туркиянинг Ливиядаги ҳарбий ҳаракатлари. Маълумки, Ливияда Саррож ҳукумати байроғи остида курашаётган ва «мўътадил исломий», дея ҳисобланган ҳарбий гуруҳлар мавжуд. Туркия у ерга кирмасдан олдин ҳам айни гуруҳлар билан алоқада бўлиб келган. Шунинг учун Туркия уларни осонгина ҳалокатга етаклаши турган гап. Чунки у бундай ишни аввал Сурияда исботлаб берган. Ўшанда, у ўзига мойил гуруҳларни қонхўр Асадга минтақаларни топширишга ундаган эди. Шундай қилиб, Туркия Ливия урушига Саррож ҳукуматини ўзига мойил қилиш ва Ҳафтар кучлари қаршисида уни заифлаштириш учун кирмоқда. Бу бир жиҳатдан. Иккинчи жиҳатдан, Туркиянинг Ливия ишига аралашишини очиқ эълон қилиши Мисрнинг Ливияга аввал яширин қилаётган аралашувини очиқ эълон қилишига туртки бўлди!

Тарози палласини Ҳафтар томонга оғдирадиган омилларнинг тўртинчисига келсак, бу – Туркия-Россия ўртасидаги ёлғон тортишувдир. Туркия Ливияга киришдан мақсадини Саррожни қўллаб-қувватлаш қилиб кўрсатяпти. Масалан, Эрдоган Россиянинг Ҳафтарни қўллаб-қувватлаётгани тўғрисида ҳужумкор баёнот бериб, «Улар Вагнер, деб номланган гуруҳ орқали – том маънода – Ливиядаги Ҳафтар фойдасига ишлашяпти. Уларни ким молиялаштираётгани маълум», деди. Яна қўшимча қилди: Вазият мана шундай. Буларнинг барчаси қаршисида биз қўл қовуштириб турсак, тўғри бўлмайди. Биз шу кунгача қўлимиздан келганини қилганмиз ва бундан кейин ҳам шундай қиламиз», дея қўшимча қилди». (Ал-Жазира нет, 2019 йил 20 декабр). Икки кундан сўнг Эрдоганнинг Путин билан учрашиши ҳақида баёнот янгради: «Эрдоган ва рус раҳбари Путин Ливиядаги воқеаларни муҳокама қилиш учун иккита делегация туздилар, яқин орада иккала давлат расмийлари учрашади». (Туркиянинг NTV телеканали, 2019 йил 18 декабр). Бошқача айтганда, Эрдоган кечаю кундуз Сурия аҳлини бомбалаётган Россия билан учрашиб, ҳамкорлик қилиб келмоқда. Бир вақтнинг ўзида, ўзини Суриядаги гуруҳларни ва сурияликларни қўллаб-қувватлаш мақсадида кирганини даъво қилиш билан мунофиқлик қилиб келди! Улар гўё ўйин ўйнаётгандек ва ҳеч ким буни билмайди, деб ўйлашяпти. Ваҳоланки, бу нарса ҳаммага очиқ кўриниб турибди. Дарҳақиқат, 2019 йил 20 декабрда Ал-Жазира нет Италиянинг «Soso Oil» веб-сайтига таянган ҳолда бундай хабар нашр қилди: «Ливия саҳнаси Туркия-Россия ўйинига гувоҳ бўляпти. Иккала давлат ўртасида Қора денгизда келишув шакллана бошлади… Яъни, улар Суриядаги тинчлик тажрибасини энди Ливияда такрорлашга тайёрлар». Мудом, Туркия-Россия ўртасидаги ёлғон кураш очилаётган экан, бу Ҳафтарга енгиллик яратиб, ҳаракатини фаоллаштиради.

Мана шу тўрт омил Ҳафтар позициясини қўллаб-қувватламоқда ҳамда Триполи сари жангларини ривожлантириб, уни шижоатлантирмоқда. Табиийки, бу омилларни Америка идора қилиб, тартиблаштириб турибди. Ҳафтарга нисбатан шундай. Аммо Саррожга нисбатан эса, шубҳасиз, уни Европа, айниқса, Британия, Франция ва Италия қўллаб-қувватлаб келмоқда. Бундан ташқари, жангчи гуруҳлар ҳам, хусусан, Мисрота жангчилари жуда мустаҳкам турибди. Бироқ, юқорида айтганимиздек, Ливияга нисбатан аралашувларнинг тўхтамаётгани, Триполига ҳарбий босимларнинг кучайгани ҳамда Туркиянинг Саррож лагери ичидан ўзига тарафдорлар касб қилиши Европанинг Ливиядаги нуфузи бир мунча заифлашиб қолганига далолат қилади. Энди, Британия ва Европага тобе катта сиёсий доираларнинг айни таъсирни қайта тиклашлари қийин кечади. Хусусан, Американинг Ливия саҳнасига Туркия билан Россияни киритиш орқали ўйин қартасини аралаштириб юборганидан сўнг, кўринаётган воқеа-ҳодисалар ва маълумотларга кўра, Европа таъсирининг қайта тикланиши осон бўлмайди. Шундай бўлса-да, инқирозни ҳарбий йўл билан ҳал қилиш ҳам яқин орада осон кечмайди. Шунга биноан, икки томоннинг курашни ҳарбий йўл билан ҳал этиши қийинлашган экан, капиталистлар ўзларининг ўртача ечим услубларига мувофиқ сиёсий ечимга ўтишлари кутилади. Албатта, бу ҳолатда сиёсий ютуқлар пасангисини ҳарбий ютуқлар пасангисига мослаштиришга аҳамият беришади ва ҳозирда бу пасанги Ҳафтар, яъни, Америка томонга оғир босмоқда.

Еттинчи: Сўзимиз ниҳоясида шуни таъкидлаймиз: Энг аламлиси мусулмон юртларимиз мустамлакачи кофирлар ўртасидаги кураш майдонига айланиб қолганидир. Шунингдек, бизнинг ака-укаларимиз бу йўлда уларнинг қуролларига айланиб, куфр ва кофирлар манфаатига хизмат қилишмоқда. Юртларимиз тепасидаги ҳукмдорлар чириб-синиб бораётган курсиларини сақлаб қолиш учун кофирларни дўст тутмоқдалар! Оқибат тақводорларники ҳамда Ислом ва унинг аҳлиники эканини бу ҳукмдорлар билмайдилар. Эртага пушаймон фойда бермайдиган вақтда барчалари надомат чекадилар!

﴿فَتَرَى الَّذِينَ فِي قُلُوبِهِمْ مَرَضٌ يُسَارِعُونَ فِيهِمْ يَقُولُونَ نَخْشَى أَنْ تُصِيبَنَا دَائِرَةٌ فَعَسَى اللَّهُ أَنْ يَأْتِيَ بِالْفَتْحِ أَوْ أَمْرٍ مِنْ عِنْدِهِ فَيُصْبِحُوا عَلَى مَا أَسَرُّوا فِي أَنْفُسِهِمْ نَادِمِينَ﴾

«Сиз дилларида мараз бўлган кимсаларни – бизга бирон бало етишидан қўрқамиз, дея (кофирлар) томонга шошаётганларини кўрасиз. Шояд Аллоҳ мусулмонларга нусрат берса ёки ўз ҳузуридан бирон ишни келтирсаю, анавилар ичларида яширган нарсаларига надомат қилувчиларга айланиб қолсалар» [Моида 52]

11 жумодул-аввал 1441ҳ

6 январ 2020м

Total Views: 340 ,

Добавить комментарий

Ливандаги халқ қўзғолонлари ортидаги яширин ҳақиқий сабаблар

Ливандаги халқ қўзғолонлари ортидаги яширин ҳақиқий сабаблар Минтақада юз берган...

Закрыть