Коронавирус касаллиги ҳақидаги савол-жавоб нашрамиз хусусида келган сўровларга жавоблар

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Коронавирус касаллиги ҳақидаги савол-жавоб нашрамиз хусусида келган сўровларга жавоблар

Қуйида коронавирус касаллиги ҳақидаги савол-жавоб нашрамиз хусусида келган сўровларга жавоб берамиз:

1 – Вабо билан ўлатнинг ёки коронавирус билан ўлатнинг ўртасида юқумли касаллик эканлиги жиҳатидан ҳеч қандай фарқ йўқ. Чунки куч-қудрат эгаси бўлган Аллоҳ Таоло ўлатни ҳам, коронавирусни ҳам юқиши мумкин бўлган суратда яратган. Касаллик бактерия орқали юқадими ёки вирус орқалими, фарқсиз, унда юқиш имконияти мавжуд. Шунинг учун юқиши мумкинлиги жиҳатидан уларнинг ҳукми бир хил. Савол-жавоб нашраси айни шу мавзуни ўз ичига олган эди.

2 – Биз ўз жавобимизда ҳозирги коронавирус касаллиги инсон томонидан ишлаб чиқилмаганини айтгандик. Шу тўғрида ҳам савол берилиб, «бунда Ғарб ҳисоботларига таяниб айтилибди, уларнинг ҳисоботларига таяниб бўлмайди», дейишди… Бу гап унчалик тўғри эмас. Чунки илмий нуқтаи назарларни ҳар қандай манбадан олиш мумкин, муҳими у нарсанинг ҳақиқатдан тўғри экани оғир босиб, бундан қалб қаноатлансин. Шунинг учун коронавируснинг инсон томонидан ишлаб чиқилмаганлиги тўғрисидаги Ғарб ҳисоботларига таяниш мумкин. Дарҳақиқат, савол-жавоб нашрасида бу вируснинг инсон томонидан ишлаб чиқилмасдан, табиий суратда пайдо бўлганини, яъни, инсон томонидан маълум бир мақсадда ишлаб чиқилган деган фикрдан кўра табиий суратда пайдо бўлган, деган фикрнинг эҳтимоли кўпроқ эканини, айниқса Хитой ва АҚШ каби коронавирус касаллигини тарқатганликда айбланаётган давлатларнинг ўзида ҳам кенг тарқалганлиги бу нарсани исботлаб турганлигини айтиб ўтганмиз. Савол-жавоб нашрамизда бундай деган эдик: «Шундай қилиб, коронавирус (Covid-19, SARS-CoV-2)нинг тарқалиши тўғрисида Америка билан Хитой ўртасида даҳанаки жанг бошланди. Иккала давлат ҳам бир-бирини ушбу касаллик тарқалишининг бевосита сабабчиси эканлигида айбламоқда. Шундай бўлса-да, Хитой ҳукуматининг ҳам, АҚШ ҳукуматининг ҳам касаллик тарқалиши ортида турганлиги эҳтимолдан холи эмас. Бироқ, биз масалани ўрганиб чиққанимиздан кейин, Қўшма Штатларнинг ҳам, Хитойнинг ҳам коронавирусни бошқа мамлакатларга олиб борганига ёхуд уни ишлаб чиқиб, бошқа давлатларга кўчирилиши учун имконият яратиб берганига етарли далиллар йўқ, деган хулосага келиб, шу вариантнинг эҳтимоли кўпроқ, деб биляпмиз». Бу тўғрида савол-жавоб нашрамизда муфассал айтиб ўтдик. У фейсбукдаги саҳифамизда турибди, мурожаат қилиш мумкин.

3 – Жумъа намози масжидда адо этилади. Баъзи фуқаҳолар майдонларда, яъни, намозхонларнинг кириши ман қилинмайдиган умумий жойларда ҳам адо этилишини жоиз санаганлар. Бироқ, жумъа намозининг хусусий жойларда (уйларда) барпо этилмаслиги ва дуруст бўлмаслигининг эҳтимоли кўпроқдир (рожиҳроқдир). Шунинг учун масжид ёки майдон топилмаса, у ҳолда, уйда тўрт ракатли пешин ўқилади. Агар давлат масжидларда ёки майдонларда ўқишни тақиқласа, гуноҳкор бўлади. Чунки нусуслар шуни ифодалайди ва Аллоҳ Субҳанаҳунинг

﴿يَا أيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِذَا نُودِيَ لِلصَّلَاةِ مِنْ يَوْمِ الْجُمُعَةِ فَاسْعَوْا إِلَى ذِكْرِ اللَّهِ وَذَرُوا الْبَيْعَ ذَلِكُمْ خَيْرٌ لَكُمْ إِنْ كُنْتُمْ تَعْلَمُونَ﴾

«Эй мўминлар, қачон Жумъа кунидаги намозга чорланса (яъни азон айтилса), дарҳол Аллоҳнинг зикрига шошиб боринглар ва олди-сотдини тарк қилинглар! Агар биладиган бўлсангизлар, мана шу ўзларингиз учун яхшироқдир»       [Жумъа 9]

деган оятидан шу нарса тушунилади. Шу боис, мусулмон жумъа намозига ҳеч бир тақиқсиз бориши керак.

﴿فَاسْعَوْا إِلَى ذِكْرِ اللَّهِ وَذَرُوا الْبَيْعَ﴾

(Дарҳол Аллоҳнинг зикрига шошиб боринглар ва олди-сотдини тарк қилинглар). Демак, жумъага саъй-ҳаракат қилмоқ фарз бўлиб, бунинг қаринаси мубоҳни тарк қилишдир. Бундан тақиқлаш жоиз бўладиган уйлар каби хусусий жойларда жумъа намози адо бўлмаслиги тушунилади… Шунинг учун жавобда ҳукмдорларнинг масжидларни ёпиб, у ерда намоз ўқишни тақиқлашларининг ножоизлиги ва бунда ўша ҳукмдорлар учун гуноҳи азим борлиги айтилган. Шунга кўра, агар ҳукмдорлар масжидда жумъа намози адо этилишини тақиқлашса ва уйлардан ташқари намоз учун аталган бошқа ер бўлмаса, уйда тўрт ракатли пешин ўқилади. Масжидларни ёпган давлат эса – жавобда айтганимиздек – қаттиқ гуноҳкор бўлади.

4 – Энди, «демак – тушунишим бўйича, валлоҳу аълам – бугунги кунда ҳукмдорлардан зулм етиши хавфи бўлса, шу сабабли жумъа ва жамоат намозлари соқит бўлар эканда», деган саволга келсак, бу масалани тафсилоти билан баён қилиш лозим. Жавобимизда бундай келган: (Хавф-хатарда қолган кишига ҳам жумъа вожиб бўлмайди. Бунга Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг ушбу ривояти далил: Набий ﷺ айтдилар:

«مَنْ سَمِعَ النِّدَاءَ فَلَمْ يُجِبْهُ فَلَا صَلَاةَ لَهُ إلَّا مِنْ عُذْرٍ، قَالُوا: يَا رَسُولَ اللهِ وَمَا الْعُذْرُ؟ قَالَ: خَوْفٌ أَوْ مَرَضٌ»

«Кимда-ким азонни эшитса-ю, узрсиз намозга келмаса унинг намози намоз эмас. Фақат узр ҳолати бундан мустасно. Ё Росулуллоҳ, нима узр бўлади? деб сўрашди. Пайғамбар алайҳиссалом: Хавф-хатар ёки касаллик, деб жавоб бердилар». Байҳақий «Сунани кубро»да ишлаб чиққан). Ушбу хавф-хатар ҳақида Ибн Қудома ўзининг «Муғанний»сида (1/451) бундай деган: «(881) фасл: хавф-хатардаги кишига ҳар иккаласини тарк этиши узрга ўтади. Бунга Набий ﷺнинг

«الْعُذْرُ خَوْفٌ أَوْ مَرَضٌ»

«Узр – хавф-хатар ёки касалликдир», деган ҳадислари далил. Хавф-хатар уч хил бўлади: жон учун, мол учун, аҳли оила учун. Жон учун бўлган хавф кишининг ҳоким ёки душман томонидан қамоққа олинишидан хавфсираши ёки шунга ўхшаш жонига бирор азият етказишидан қўрқишидир…». «Муҳаззиб фи фиқҳи имом Шофеий ли Шерозий» китобида ҳам бундай келган: (… чунончи, ўзига ёки молига зарар етишидан ёхуд мақсаднинг амалга ошишини қийинлаштириб қўядиган бир касалликдан қўрқишидир. Бунга далил Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилган Набий ﷺнинг қуйидаги ҳадисларидир:

«مَنْ سَمِعَ النِّدَاءَ فَلَمْ يُجِبْهُ فَلَا صَلَاةَ لَهُ إلَّا مِنْ عُذْرٍ، قَالُوا: يَا رَسُولَ اللهِ وَمَا الْعُذْرُ؟ قَالَ: خَوْفٌ أَوْ مَرَضٌ»

«Кимда-ким азонни эшитса-ю, узрсиз намозга келмаса унинг намози намоз эмас. Фақат узр ҳолати бундан мустасно. Ё Росулуллоҳ, нима узр бўлади? деб сўрашди. Пайғамбар алайҳиссалом: Хавф-хатар ёки касаллик, деб жавоб бердилар»). Яъни, мусулмон киши золим ҳукмдор томонидан адолатсиз равишда таъқиб қилинса, узрли ҳисобланади. Масалан, ҳукмдорнинг малайлари жомеда уни қамоққа олиш ва зиён етказиш учун кутиб туришганига аниқ ишонса ёки бунга кўпроқ гумони ғолиб келса, у ўша масжидда жумъа намозини адо қилишдан узрли ҳисобланади ва жумъа намозини адо қилиш учун бошқа масжидни қидириши лозим бўлади. Қидириш учун қилган ҳаракати ҳам фойда бермаса, у ҳолда, хусусий жойда тўрт ракатли пешин ўқийди… Агар савол берган киши бизнинг жавобимиздан шу нарсани тушунган бўлса, тўғри тушунибди, валлоҳу аълам ва аҳкам.

5 – Имом Бухорий ривоят қилган «لَا عَدْوَى… касаллик юқиши йўқ…» деган ҳадисга келсак, баъзи уламолар нафи маъносида, яъни, касаллик юқмайди, дея тафсир қилганлар. Бироқ, унинг талаб маъносидаги хабар бўлишининг эҳтимоли кўпроқ. Шунинг учун агар мусулмон юқумли касалликка чалинса ёки унинг касаллиги Аллоҳ Субҳанаҳу яратгандек юқиши мумкин бўлса, бундай ҳолатда мусулмон киши бошқа намозхонларга юқтириб қўйишдан хавфсирагани учун жумъа ва жамоат намозларига боришдан узрли ҳисобланади. Шунингдек, бу юқоридаги «الْعُذْرُ خَوْفٌ أَوْ مَرَضٌ узр – хавф-хатар ёки касалликдир», деган ҳадисда келган узрлардан бири ҳамдир.

6 – Имом Бухорий ривоят қилган

«إِذَا مَرِضَ الْعَبْدُ أَوْ سَافَرَ كُتِبَ لَهُ مِثْلُ مَا كَانَ يَعْمَلُ مُقِيماً صَحِيحاً»

«Агар банда касал бўлиб қолса ёки сафар қилса, унга муқимлиги ва соғломлигида қилган амалининг ажридек савоб ёзилади», деган ҳадисга келсак, бу ҳадис мусофир ёки касал одамга, яъни, жамоат ва жумъа намозларига боришдан узрли бўлган кишига нисбатан айтилган. У намозларини шариатда кўрсатиб бергандек ўқийверади ва Аллоҳнинг изни ила, худди муқим ёки соғлом ҳолида намоз ўқиганининг савобини олади. Шунинг учун узрсиз жумъа намозига бормаётган соғлом ёки муқим кишига бу ҳукм тўғри келмайди.

7 – Энди, бизнинг жумъа намозидаги адад учта деган гапимизга эътироз билдириб, Шофеийда қириқталиги айтилган саволга келсак, бу бошқа мавзудир ва бунга Моликийдаги ўн икки нафар, деган фикрни ҳам қўшиш мумкин… Бу ерда ҳеч бир қарама-қаршилик йўқ. Чунки гап мусулмон кишининг шариат тасдиқлаган саноқдаги кишилар билан жумъа ва жамоат намозларини ўқиши учун масжидларни беркитиб қўймаслик ҳақида кетяпти. Маълумингизким, жавобда айтилганидек, уч кишининг жумъа намозини ўқий олиши тўғри фиқҳий раъйдир.

8 – Сабабларни ушлаш мавзусига келсак, бу тўғри. Лекин шариатга хилоф келмаслиги лозим. Бу ерда касал кишининг жумъага бормай, соғломларнинг бориши сабабларни ушлаш, демакдир… Биз савол-жавоб нашрамизда соғлом кишилар намоз ўқий олишлари учун масжидлар ёпиб қўйилмаслиги кераклигини ва юқумли касали бор кишилар масжидга келмасликлари учун барча керакли чора-тадбирлар кўрилиши лозимлигини етарлича баён қилганмиз. Шунинг учун соғлом кишилар ҳам коронавирус касаллигига чалинган бўлади, бироқ, унинг симптомлари кўринмайди, шу боис, ҳаммани масжиддан тақиқлаш керак, яъни, бутун ер курраси аҳолисини масжидларга қўймаслик лозим, деб айтиш нотўғри! Чунки бу на бир ҳужжатга асосланган ва на бир ғолиб гумонга!! Билъакс, юқумли касалликка чалингани аниқ бўлган киши масжидга киритилмайди. Шунингдек, юқумли касалликка чалингани гумон қилинган киши ҳам киритилмайди. Аммо бошқалар намоз ўқийверадилар…

9 – Коронавируснинг умуртқа поғонаси йўқ, деган кишининг саволига келсак, бу киши коронавирус инсон каби эмас, демоқчи бўлган бўлса керак. Ҳа шундай, у инсон каби эмас. Бироқ, афтидан, бу мавжудотда бўғинларнинг борлиги сабабли инглиз манбаси уни «Backbone», деб аташга мажбур бўлган кўринади. «Backbone», деб тиббиёт тилида умуртқа поғонасини айтилади. Зеро, ушбу бўғинларнинг боғланиши инсон умуртқасидаги боғланишларга ўхшайди… Шу сабабдан буни шундайлигича қолдирган эдик… Бундан савол келиб чиқади, деб ўйламаган эдик!

10 – Маййитни ювиш масаласига келсак, унинг шаръий ҳукми қуйидагича:

а)   Мусулмон маййитни ювиш фарзи кифоя бўлиб, мана шу раъй рожиҳроқдир. Бунинг далилларини қуйида келтириб ўтамиз:

– Туяси зарар етказиши натижасида вафот топган эҳромдаги киши ҳақида Росулуллоҳ ﷺ бундай деганлар:

«اغْسِلُوهُ بِمَاءٍ وَسِدْرٍ وَكَفِّنُوهُ فِي ثَوْبَيْهِ»

«Уни сув ва сидр (хушбўй ўсимлик қўшилган сув) билан ювиб, икки либоси билан кафанланглар». (Бухорий Ибн Аббосдан ривоят қилган).

Набий ﷺ ўз қизини ювган аёлларга бундай деганлар:

«اغْسِلْنَهَا وِتْراً ثَلَاثاً أَوْ خَمْساً»

«Тоқ қилиб, уч марта ёки беш марта ювинглар». (Муслим Умму Атийядан ривоят қилган).

– Ушбу икки ҳадисдан маййитни ювганлар шу ишга кифоя қилгудек бир неча нафар мусулмонлар бўлганлиги ҳамда Росулуллоҳ ﷺ шу билан кифояланганликлари очиқ кўриниб турибди. Бундан ташқари, Росулуллоҳ ﷺ ўз ҳаёти давомида барча мусулмон маййитларига шу ҳукмни қўллаб келганлар ва маййитни ювишни ҳеч қачон истисно қилмаганлар. Фақат Бадр ва Уҳуд жанглари каби, жангда шаҳид бўлганларни ювмаганлар. Шунинг учун маййитни ювмоқ фарзи кифоядир.

б)   Бу ҳукмни кўплаб фуқаҳолар олган:

– Сарахсийнинг «Мабсут»ида бундай дейилади: «Билингки, маййитни ювмоқ вожиб бўлиб, мусулмоннинг мусулмон устидаги ҳаққидир. Муҳаммад алайҳиссалом «Мусулмоннинг мусулмон устида олтита ҳаққи бор», деган ҳадисларида вафот этгандан сўнг ювишни ҳам зикр қилганлар. Лекин баъзи мусулмонлар уни адо этсалар, мақсад ҳосил бўлгани учун қолганлардан соқит бўлади».

– Имом Шофеий «Умм» китобида бундай деганлар: «Одамларга маййитни ювмоқ, жаноза ўқимоқ ва дафн қилмоқ вожибдир. Бу иш мусулмонларнинг ҳаммасини ўз ичига олмайди. Балки бу ишга кифоя қиладиган айрим мусулмонлар адо этсалар, шунинг ўзи етарли, инша Аллоҳ».

– Ибн Қудоманинг «Шарҳул Кабир»ида бундай келган: «(Маййитни ювмоқ фасли): (Масала): (Маййитни ювмоқ, кафанламоқ, жаноза ўқиб, дафн қилмоқ фарзи кифоядир). Чунки туяси зарар етказиши натижасида вафот топган киши ҳақида Росулуллоҳ ﷺ бундай деганлар:

«اغْسِلُوهُ بِمَاءٍ وَسِدْرٍ وَكَفِّنُوهُ فِي ثَوْبَيْهِ»

«Уни сув ва сидр (хушбўй ўсимлик қўшилган сув) билан ювиб, икки либоси билан кафанланглар». (Муттафақун алайҳи)».

в)   Маййитни ювиш маъзур бўладиган баъзи бир сабаблар ҳам бор. Масалан, сув йўқ бўлиши мумкин ёки жасад куйиб кетиб, сув билан ювганда титилиб кетиши мумкин ёхуд маййит мохов, ўлат ва коронавирус сингари касал туфайли вафот этиб, ғассолга касаллик юқиши мумкин, ва ҳоказо. Биз бу масалада бирор ҳукмни табанний қилмоқчи эмасмиз. Мусулмон киши кўнгли таскин топиб, рожиҳ деб билган фиқҳий раъйлардан бирига тақлид қилаверади. Мен фуқаҳоларнинг баъзи шаръий раъйларини келтириб ўтмоқчиман:

– Ҳанафийлар агар сув йўқлиги сабабли маййитни ювмоқ маъзур бўлиб қолса, уни тупроқ билан таяммум қилинади, деганлар. Масалан, «Иноят» китобида (16/261) «Сув йўқлиги сабабли ювиш маъзур бўлиб қолса, уни тупроқда таяммум қилинади», дейилган. Аммо маййитни ушлаш маъзур бўлгани сабабли ювиш ҳам маъзур бўлиб қолса, устидан кўпгина сув қуйиб юборилади. Бу ҳақда «Мароқил Фалоҳ»да (224) бундай дейилган: «Шишиб кетгани сабабли ушлаш маъзур бўлиб қолган пайтда, маййитнинг устидан сув қуйиб юборилади».

– Моликийлар раъйи бўйича, сув йўқлиги сабабли ювиш маъзур бўлиб қолса, маййит таяммум қилинади… Агар танадаги яралар ёки куйиш ёхуд қичима ё-да чечак касаллиги сабабли маййитни ювиш маъзур бўлса, яъни, сув билан ювганда жасад шилиниб ёки уқаланиб-титилиб кетадиган бўлса, бундай вазиятда шу ҳолатларга олиб бормайдиган даражада устидан сув қуйилади. Агар сув қуйиш ҳам маъзур бўлса, маййит таяммум қилинади… Бу шайх Аҳмад Дардирнинг «Мухтасари Халил»га ёзган «Шарҳи Кабир»ида келган.

– Шофеийларнинг раъйига кўра, баъзи бир сабаблар боис, маййитни ювиш узрли бўлиб қолса, масалан, сув йўқ бўлса ёки жасад куйиб кетган бўлиб, ювиш оқибатида шилиниб-титилиб кетиши хавфи бўлса, бундай ҳолатларда маййит ювилмайди, балки уни таяммум қилинади. Шофеийлар – агар ғассолга маййитни ювишда бирор зарар етиши хавфи бўлса, уни таяммум қилиш вожиблигини аниқ қилиб, айтиб ўтганлар. Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ «Мажму»да бундай дейди: «Агар сув йўқлиги сабабли ёки куйиб кетиб, ювганда жасаднинг шилиниб-титилиб кетиши сабабли маййитни ювиш маъзур бўлиб қолса, уни ювилмайди, балки таяммум қилинади ва бу таяммум вожибдир. Чунки таяммум поклаш бўлиб, нажосатни тозалашга алоқаси йўқ. Худди жунуб бўлган киши сув билан ғусл қилолмаган пайтда таяммум қилгани каби, бундай ҳолатда ҳам таяммум қилинади. Масалан, маййитнинг бадани тилка-пора бўлиб, ювиш натижасида жасад титилиб кетадиган бўлса ёки ғассол учун хавф мавжуд бўлса, бундай ҳолатда маййит таяммум қилинади».

– Ҳанбалийларда икки ривоят бор, биринчи ривоят мана бу: «Агар бирор моне туфайли маййитнинг баданини ишқаб ювиш узрли бўлса, ишқамасдан устидан кўпгина сув қуйиб юборилади. Бунинг иложи бўлмаса, таяммумга ўтилади».

Иккинчи ривоят: «Ювиш узрли бўлиб қолса, маййит таяммум қилинмайди. Балки ювмаган ва таяммум қилинмаган ҳолда жаноза ўқилаверади. Чунки ювишдан мақсад тозалашдир. Таяммум билан эса, тозалаш амалга ошмайди».

– Шайх Муҳаммад ибн Муҳаммадмухтор Шанқитий «Умдатул Фиқҳ» шарҳида бундай дейди: «Бирортасининг зарар берувчи юқумли касаллиги бўлса – албатта маййит тўғрисида гап кетяпти – ва тирик ғассолга зарари тегиши мумкин бўлса, яъни, ўқиб ўрганиш билан ҳамда мутахассислар гувоҳлиги асосида унинг юқумли касали ювиш пайтида ғассолга юқиши исботланса, бундай ҳолатда маййит таяммум қилинади».

Кўриб турганингиздек, бу борада икки раъй бор экан. Биринчиси: агар маййитни ювиш маъзур бўлиб қолса, уни таяммум қилинади ва жаноза ўқиб, дафн этилади. Иккинчи раъйга кўра, маййитни ювиш маъзурли бўлса, уни таяммум қилинмайди, балки жаноза ўқиб, дафн қилинаверади. Биз ушбу жавобимиз бошида айтганимиздек, мусулмон киши тўғрилигига кўнгли таскин топиб, хотиржам бўлган раъйга тақлид қилиши лозим.

11 – Бизнинг ақида ва ибодатлар масаласида табанний қилмаслигимизга келсак, бу тўғри. Лекин биз асосий ақидаларда ва Уммат бирлиги билан боғлиқ ибодатларда, масалан, ҳар қандай юртда ой кўринган пайтда рўза ва ҳайит кунларини бошлаш каби масалаларда табанний қилганмиз. Масжидларни ёпилиши масаласида ҳам табанний қилдик. Яъни, жавобда айтганимиздек, керакли вақтларда масжидлар очиқ туриши вожиб.

18 шаъбон 1441ҳ

11 апрел 2020м

Total Views: 367 ,

Добавить комментарий

Британия ТИВ: Хитой коронавирус бўйича оғир саволларга жавоб беришига тўғри келади

Британия ТИВ: Хитой коронавирус бўйича оғир саволларга жавоб беришига тўғри...

Закрыть