Капитализмнинг аччиқ мевалари (2)

Капитализмнинг аччиқ мевалари (2)

Капитализмнинг қулашини кечиктираётган сабабларни ўрганар эканмиз, биз бунинг бир неча сабабларини топамиз. Бу сабаблардан бир қанчаси мабданинг ўзидан келиб чиқади. Буларга ўртача ечим ва манфаатпарастликни мисол қилиш мумкин. Яна бир қанчаси мабданинг ўз жинсидан эмас, балки зарбалар қаршисида уни сақлаб қолиш учун унга ташқаридан қўшилган. Буларга ислоҳотларни (капитализмга киритилган тузатишларни), мустамлакачилик шаклини ўзгартириш ва халқаро низомни мисол қилиш мумкин. Биз қуйида буларни қисқача баён қилишга ҳаракат қиламиз:

1 – Ўртача ечим: Капиталистик мабда ўртача ечимга (муросасозликка) асосланади. Бу муросасозлик дин билан илм-фан ўртасида бўлмаган, балки дин арбоблари билан олимлар ўртасида бўлган. Демак, у икки томон ўртасидаги келишувдир. Бу ечим дин ҳақидаги ва илм-фан ёки фикр ҳақидаги жиддий ақлий баҳсдан келиб чиқмаган. Шунинг учун, ақида муаммосини динни ҳаётдан ажратиш орқали ва жамият муаммосини динни сиёсатдан ажратиш орқали ечган капиталистик ечим инсоний ечим эмас, балки индивидуал (якка шахсга хос) ечимдир. Ечимнинг индивидуаллигидан келиб чиқиб, капиталистик мабда шахс учун кичик бир туйнукни (нафасни ростлаб олиш учун қолдирилган ҳаво йўли) қолдиради. Шахсга дунё тор бўлиб кетганида ҳамда ақидавий ва ижтимоий кризислар уни бўғиб юборганида, у нафас ростлаб олиш учун ўзини шу туйнукка уради. Шахснинг нафас ростлаб олиши учун қолдирилган ушбу туйнук инсон табиатидаги тадайюн ғаризасининг бир қисмини қисман қондириш ҳисобланади. Бу туйнук нафас ростлаб олиш учун қолдирилган қўшимча туйнук бўлса-да, капиталистик фикр деворини бироз вақт давомида қулашдан сақлайди. Ушбу туйнук ёрдамида ғарбий фикр борлиқнинг барча эҳтимолли изоҳлари олдида – гарчи бу изоҳлар хато ва ақлга зид бўлса-да – эшикни очиқ қолдиради.

2 – Манфаатпарастлик ўлчови: Капиталистик фикрдаги амаллар ўлчови айни шу ақидавий туйнукдан келиб чиқади. Капитализмнинг халқларга нисбатан зулмини кучайтиришига ҳамда халқлар бойлигини жирканч йўллар билан эксплуатация қилишига қарамасдан, нега давом этаётганини ушбу манфаатпарастлик ўлчовидан тушуна оламиз. Манфаатпарастлик – у иқтисодий жиҳатдан прагматизм, сиёсий жиҳатдан макиавеллизм деб аталишидан қатъий назар – капиталистик мабдани сақлаб қолишга ундовчи инстиктив омилдир. Капитализмда мулк эркинлигидан тортиб ишлаш эркинлигигача, шахс эркинлигидан тортиб фикр эркинлигигача бўлган эркинликлардан шахс ўзи учун фойдали деб билганини олади ва зарарли деб билганини тарк этади. Чунки, барча эркинликларни рўёбга чиқаришга ундовчи асосий омил манфаатпарастликдир. У шахсни ҳаётдаги энг юксак орзуларни, яъни мумкин қадар кўпроқ жисмоний ҳузур-ҳаловатни қўлга киритишга ундайди. Манфаатпарастлик қондириш масаласида чегара билмагани ҳамда одамларни товар ва хизматлар устида курашишга ундагани сабабли уни бирор механизм билан тартибга келтириш керак бўлиб қолди. Мана шундан келиб чиқиб, нарх барча эркинликларни ҳамда талаб ва таклиф қонунига мувофиқ манфаатларни тартибга келтирувчи механизмга айланди. Бироқ бу ерда шундай муаммо бор эдики, ким етарли нархга эга бўлмаса манфаатлардан фойдалана олмайди ва ким эга бўлса барча манфаатларни монополия қилиб олади. Шундай қилиб, ҳатто ушбу тартибга келтирувчи механизм ҳам мабданинг ўзи учун хатарли бўлиб, уни ҳам чеклаб қўйиш керак бўлиб қолди. Шу боис, капитализм ўзининг эрта қулашини олдини олиш учун ислоҳотлар (тузатиш киритиш) босқичига кирди.

3 – Тузатиш киритиш: Капиталистик мабдага давлат социализми ва ижтимоий таъминот деган номлар орқали тузатиш киритилди. Давлат социализмига келсак, у ўн тўққизинчи асрнинг иккинчи ярми бошларида Европада пайдо бўлди. Уни социалистик партиялар (Англияда Роберт Оуэн, Францияда Сен-Симон) ҳақиқий социалистик партияларга – улар хусусий мулкчиликни бутунлай бекор қилишга чақирадиган партиялар ёки капитал социализмига ва қишлоқ хўжалиги социализмига чақирадиган партияларми, бундан қатъий назар – қарши туриш учун номигагина қабул қилишган. Давлат социализми банк ва транспорт воситалари каби жамиятдаги айрим муҳим секторларни давлат мулкига айлантиришни кўзда тутади. Шунингдек у ишчиларни ҳимоя қилиш учун сиёсий ва касаба уюшмаларни ташкил қилиш ҳуқуқини бериш билан бирга ойлик-маошларнинг энг қуйи, фойданинг энг юқори даражасини белгилашни ҳам кўзда тутади. Ижтимоий адолатга келсак, у йигирманчи асрнинг биринчи ярмида Россияда большевиклар партияси ҳокимиятга келганидан кейин пайдо бўлди. У камбағалларга таълим олишни ва тиббий хизмат кўрсатилишини бепул қилишда ҳамда ишчи ва хизматчилар ҳуқуқини кафолатлашда ўз ифодасини топадиган муайян тизимни англатади.

Иқтисодий хусусиятлари Адам Смит ва Рикардо томонидан белгиланган капиталистик мабдага ушбу тузатиш ва кафолатларнинг киритилиш сабаблари қуйидагичадир: Мутлақ иқтисодий эркинлик қўлланиши натижасида юзага келган зулмларга қарши капиталистик низомда асил бўлмаган (капитализмнинг ўзидан келиб чиқмаган) фавқулодда муолажа сифатида давлат социализми ва ижтимоий адолат пайдо бўлди. Капитализмнинг ҳақиқий социализмга қарши реакцияси сифатида пайдо бўлган ушбу тинчлантирувчи муолажа капитализмни қулашдан сақловчи ҳимоя девори вазифасини ўтади. Ушбу тузатишлар таъсирида капитализм янада кенгайди ва халқлар устидан ҳукмронлик қилиб, эксплуатация қилиш қобилияти ошди. Қолаверса, социализм омадсизликка учраб қулаганидан кейин ва халқаро саҳнада капитализмга қарши курашадиган Исломий давлат йўқ бўлиб турган бир манзарада халқлар капитализмнинг зулмини осон ҳазм қиладиган бўлиб қолди.

4 – Мустамлакачилик шаклининг ўзгариши: Мустамлакачилик шаклининг ўзгариши капитализмнинг фикрий ва сиёсий етакчилик ўрнидан қулашини кечиктиришга ёрдам берадиган сабаблардан бири ҳисобланади. Яъни, узоқ вақт давомида қуртлар уни кемириб келаётган бўлса-да, у мустамлакачилик шаклини ўзгартириш орқали ўзини қулашдан сақлаб келмоқда. Албатта, капиталистик мабдани дунёга ёйиш тариқати мустамлакачиликдир. Бошида бунинг услуби бевосита ҳарбий босқинлар бўлган ва ҳимоя қилиш, мандат ва васийлик номи остида капитализм ушбу босқинчиликларни яшириб келган. Йигирманчи асрнинг иккинчи ярми бошланиши билан, хоссатан исломий минтақа ўз ерларидан капитализмнинг ҳарбий вужуди чекинганига гувоҳ бўлди. Бироқ, у ҳарбий босқиндан кўра хатарлироқ ва даҳшатлироқ янги мустамлакачилик номи остида кириб келди… Бу – хусусан ҳокимлар ва партияларни, яъни ҳукмрон синфларни малай қилишда гавдаланган сиёсий мустамлакачилик эди… У – қаттиқ назорат қилинадиган халқаро пул системасига минтақани боғлаш орқали хом-ашёни назорат қилишда гавдаланган иқтисодий мустамлакачилик эди… У шунингдек, таълим сиёсатини белгилаб беришда гавдаланган сақофий мустамлакачилик эди. Ғарб услубида белгилаб берилган ушбу таълим сиёсати фикр, таълим ва динда малайларнинг етишиб чиқишини таъминлади. Минтақанинг миллий ва регионал бўлакларга бўлиниб кетиши аҳволни янада оғирлаштирди. Чунки кофир мустамлакачилар қўли билан Усмоний Халифалик қулатилганидан кейин Уммат мустамлакачилик зулми остида азоб чекадиган бўлиб қолди.

5 – Капиталистик мабда халқаро низом ёки дунё тинчлиги номи остида ер юзида янада туғёнга тушди ва бузғунчилик қилди. Биз капитализмнинг қулаши кечикаётгани сабабларини тушуна олишимиз учун халқаро низомнинг пайдо бўлиш сабабини ва унинг бугунги воқесини билиб олишимиз керак бўлади. Чунки, ушбу низом капитализмнинг доимий услубига айландики, у ўз вужудини сақлаб қолишда ва бутун дунёда ўз ҳукмронлигини ўрнатишда унга таянмоқда.

Усмоний Халифалик Константинопол фатҳидан сўнг Росулуллоҳ Aнинг Румнинг фатҳ қилиниши ҳақидаги башоратларини рўёбга чиқариш умидида Ватиканга кўз тика бошлаганидан кейин Европа давлатлари, хусусан Англия «дунё тинчлиги» ғоясини кўтариб чиқди ва бу ғоя ҳақида халқаро жамоатчилик фикрини шакллантиришга ҳаракат қилди. Капитализмнинг бу ташвиқотлардан кўзлаган мақсади олдинига жиҳод ва исломий даъватнинг давом этишини тўхтатиш бўлди. Жиҳод ҳаракатлари тўхтагач «дунё тинчлиги» ғояси Усмоний давлат фатҳ қилган Европа ерларини қайтариб олишни англатадиган бўлиб қолди. Сўнг, ушбу ерлар қайтариб олингач ва улар Истанбулдан ажратилиб сиёсий жиҳатдан мустақил бўлгач «дунё тинчлиги» ғояси «касал одам» (Усмоний давлат) меросининг қолдиқларига кўз тикиш бўлиб қолди. Йигирманчи аср бошларида ва Усмоний давлат қулаши билан «дунё тинчлиги» ғояси ушбу меросни урушда ғалаба қилган капиталистик давлатлар нуфузи остидаги минтақалар сифатида бўлиб олишни англатадиган бўлиб қолди.

Халқаро низом раҳбарлари ўзгаришига қарамай, низомнинг ўзи қандай бўлса шундайлигича қолди. Яъни, капитализм манфаатларини сақлаб қолиш учун мустамлакачиликнинг барча турларига қонунийлик тусини бериш ўзгармади. Ушбу воқеликка ойдинлик киритиш учун, Америка Ироқ ҳукмдорлари устидан ғалаба қилганидан кейин илгари сурган халқаро низомнинг кўламларини ўрганиб чиқамиз.

Биринчи: Капитализмнинг сиёсий етакчилигига бўйсунмай қўйган ёки унинг ҳазорати ва фикрий етакчилигига хавф туғдирган давлатлар суверенитетига аралашиш. Бу аралашув Америка «хавфсизлик чоралари» деб атаган ишларнинг бир қисмидир.

Иккинчи: Оммавий қирғин қуролларини (бактериал, кимёвий ва ядровий қуролларни) назорат қилиш ва муайян кучлар нуфузи остида бўлган минтақаларга анъанавий қуролларнинг кириб келишини тартибга солиш. Буларнинг назоратга олиниши яҳудий вужудининг ҳарбий устунлигини сақлайди ва Ислом оламидаги мавжуд хоин ҳукуматлар вужудини ҳимоя қилади.

Учинчи: Маблағ ва бойликнинг, хусусан нефтнинг оқиб киришини таъминлаш ҳамда минтақадаги бозорларни чет эл товарлари истеъмолига яроғли қилиш учун уларнинг тақсимотини тартибга солиш. Бу ишлар Америка манфаатига хизмат қилади ҳамда унинг дунё ҳукмронлигида Европа ва Япониядан устунлигини сақлаб қолади. Яҳудий вужуди билан ўтказилган сулҳ ва тинчлик конференцияси маблағлар оқиб киришини тартибга келтиришнинг бир қисми холос. Бу ишлар яҳудий вужуди билан минтақа давлатлари ўртасида ошкора иқтисодий ҳамкорликни йўлга қўйиш учундир. Бундан мақсад амалда қўлланаётган сиёсатни, яъни «тинчликни ерга алмаштириш» ва ҳатто «тинчликни тинчликка алмаштириш» сиёсатини қабул қилишга Умматнинг ақли ва руҳиятини тайёрлашдир. БМТ, Халқаро Валюта Фонди, Халқаро ширкатлар, шунингдек булардан бошқа халқаро ва регионал ташкилотлар капитализмнинг дунёдаги сиёсий ҳукмронлигига, иқтисодий босқинчилигига қонуний тус берувчи сиёсий ва молиявий қуролдан бошқа нарса эмас.

Биз капитализмнинг қулаши кечикиши сабабларининг ушбу баёнидан кейин қуйидаги саволни ташлаймиз: Капитализмнинг такаббурлиги ундан қочиб қутулиб бўлмайдиган «қисмат»ми? Ёки у бир сиёсий воқелик бўлиб, у ҳам ҳар қанча кучли бўлишига қарамай, бошқа сиёсий ва тарихий воқеалар каби тадовул (ғалаба ва мағлубиятнинг айланиб туриши) қонунига ҳамда ҳақ билан ботил, Ислом билан куфр ўртасидаги кураш қонунига бўйсунадими?

Тўртинчи: Капитализм қулашининг муқаррар сабаблари: Кураш мувозанатининг ўзгариши ва етакчилик ўрнининг алмашиб туриши Аллоҳнинг қонуни бўлиб, бу қонун Ислом тонги отганидан бери тарих давомида фақат Уммат тарафида турган эмас. Балки Ислом Уммати тарихига ҳукмронлик қилган ягона мувозанат Ислом билан куфр ўртасидаги кураш мувозанатидир. Бу кураш гоҳида фикрий кураш бўлса, гоҳида қонли бўлади. Ер юзида Ислом ва куфр, мусулмонлар ва кофирлар мавжуд экан, бу мувозанат янгиланиб тураверади. Ушбу мувозанатга асосланиб бемалол айта оламизки, биз Ғарб ҳазоратининг ўлим топиб, қулаши ва Ислом ҳазоратининг туғилиб, ҳукмронлик қилишга ўзини тайёрлаши босқичининг остонасида турибмиз. Капиталистик ҳазоратнинг ўлим топиши, сўнг муқаррар қулашини кўрсатадиган қандай белгилари бор? Исломий ҳазоратнинг яна ҳаётга қайтиб, аниқ ғалаба қилишининг белгилари қандай?

Биз биринчи саволга жавоб беришдан бошлаймиз ва иккинчи саволга кейинги мавзуда жавоб берамиз.

1 – Ўртача ечимнинг хатолиги: Капиталистик мабда борлиқ ва қисматга доир саволларга боғлиқ бўлган асосий муаммони ҳал қилишда шахс учун (нафас ростлаб оладиган) туйнукни қолдирган бўлса ҳам, бироқ шу туйнукнинг қолдирилиши, инсон муаммосини ёки халқлар муаммосини ҳал қилишга ожизлик қилишидан ташқари шахснинг муаммосини ҳам ҳал қилмайди. Чунки, инсон табиатидаги тадайюн ғаризаси яратувчини муқаддас деб билишда кўринганидек, ҳаёт ишларини тадбир қилишда ҳам кўринади. Тадайюн ғаризаси эътиқод ва ибодатлар билан қондирилганидек, ҳаёт ва муомалалар низоми билан ҳам қондирилади. Инсоннинг ожизлиги ва унинг мудаббир яратувчига муҳтожлиги фақат инсоннинг роббиси билан ёки ўз нафси билан бўлган алоқасидагина кўриниб қолмайди, балки инсоннинг бошқа инсон билан бўлган алоқасида ҳам очиқ кўринади. Инсонлар ўртасидаги муносабатлар мураккаблигини, эҳтиёж ва ғаризаларни қондириш воситаларининг ривожланишини эътиборга олиб айтиш мумкинки, мудаббир яратувчига муҳтожликнинг мавжудлиги шу алоқаларнинг ўзида тасдиқини топади. Чунки, динни умуман ҳаётдан ва хусусан сиёсатдан ажратиш инсон фитратига зиддир. Шундай экан, капиталистик мабда фитрий ва ақлий жиҳатдан муваффақиятсизликка учради. Чунки у инсоннинг ушбу дунё ҳаётида инсоннинг мавжуд бўлиши маъносини ҳамда унинг турмуш тарзини белгилайдиган энг муҳим ишда ўртача ечимни қабул қилди. Шунинг учун капиталистик мабда салбий мабдадир. Чунки у динни шахсий масалага айлантирди ва уни инсоннинг ҳаётдаги муаммоларини ҳал қилишдан йироқлаштирди.

2 – Инсон томонидан ишлаб чиқилган низомнинг қўлланиши: Ақида масаласи ечимининг индивидуаллигидан (якка шахсга хослигидан) келиб чиқиб, капиталистик мабдада инсон ҳаётдаги низомни ўзи ишлаб чиқади ва энг юксак орзуни ҳам ўзи белгилайди. Инсон томонидан белгиланган ҳар қандай жамият низоми қарама-қаршиликка мойил ва у муҳитнинг таъсирига учрайди. Шунинг учун капитализмда инсоннинг руҳий бўшлиқ гирдобида қолиши ҳамда капитализмнинг инсон муаммоларини ҳал қилишга ожизлик қилишини яшириш учун конституцияга ва қонунларга тузатиш киритилиши ажабланарли эмас. Заволга юз тутаётган капитализм ва қулаб вайрон бўлган коммунизм ҳаёт низомини инсоннинг ўзи ишлаб чиқиши масаласида бир хил фикрда. Бу икки мабда инсоннинг энг юксак орзуси ва унинг бахти масаласида ҳам якдил. Уларга кўра, инсон жисмоний ҳузур-ҳаловатни мумкин қадар кўпроқ кўлга киритса энг юксак орзуга ва бахтга эришади. Социалистик мабданинг ҳаётига айни шу юксак орзу ва айни шу бахт тушунчаси нуқта қўйди. Капитализм ҳаётига ҳам айни шу тушунчалар нуқта қўяди. Чунки жисмоний ҳузур-ҳаловатни ҳаётдаги юксак орзу қилиб олиш билан инсон узвий эҳтиёжлари ва ғаризаларини қондириш ортидан телбаларча чопадиган бўлиб қолади. Лекин инсон белгилаган юксак орзу чекланган бўлганлиги учун капитализм олдида икки даҳшатли вазият юзага келади. Биринчидан: Агар инсон етарли нархга (имкониятга) эга бўлиб, ўз эҳтиёж ва ғаризаларини тўлиқ қондиришга эришса унинг ҳаётида бўшлиқ пайдо бўлади. Бу бўшлиқ уни ўз жонига қасд қилишга ёки эҳтиёжларини ғайриоддий йўллар билан қондиришга олиб келади ёки у учун ҳаёт бир хилда, қизиғи йўқ нарсага айланиб қолади. Иккинчидан: Агар инсон етарли нархга (имкониятга) эга бўлмай, эҳтиёжларини тўлиқ қондиришга эриша олмаса, бу ҳолат уни умидсизликка туширади ва у турли руҳий касалликларга учрайди.

3 – Ғарб оламида жиноятчилик, гиёҳвандлик, спид касаллиги ва маргиналлашувнинг (жамиятда ишсиз, уйсиз ва дайдиларнинг кўпайиши) кучайиши капиталистик мафкуранинг инқирозга учраганини ифодалайди. Гарчи бу мафкура олдин Ғарбни уйғотган бўлса ҳам, бироқ бу уйғониш хато уйғонишдир. Бунинг сабаби шуки, бу мафкуранинг асоси руҳий бўлмаган ва у ақлга асосланмаган. Шунингдек, у асосий муаммонинг ечимида фитратга мос келмаган. Ҳатто уйғонишнинг моддий жиҳатини гавдалантирган иқтисодий ўсиш ва саноат соҳасининг ривожланиши ҳам капитализм тарихининг оғир кризис босқичига кира бошлади.

Ушбу кризиснинг хусусиятлари энг муҳим сектор ҳисобланган электроника ва компютер секторларида ҳам кўринди. Бу икки сектор иккинчи жаҳон урушидан кейин пайдо бўлди. Гарчи бу икки сектор доимий ўсишини сақлаб қолиб, автомобиллар, электр-энергия ва кимёвий маҳсулотлар каби бошқа саноатлар босиб ўтган даврий ўзгаришлар ва кризисларга учрамаган бўлса-да, бироқ Кўрфаз урушидан кейин, шунингдек, оммавий қирғин қуроллари устидан ва анъанавий қуроллар савдоси устидан назорат ўрнатилганидан кейин бу икки сектор ҳам бошқа саноат соҳалари каби оғир кризис босқичига кирди. General Motors ҳамда IBM ширкатлари босиб ўтган кризис, шунингдек Pan American ширкатининг йўқ бўлиб кетиши ушбу оғир босқичнинг бир кўриниши, холос. Бу ҳолат Европа, Америка ва Япониядаги кўп ширкатлар ҳамда майда банкларни банкротликдан ва дефицитдан сақланиш, шунингдек иқтисодий кризисларнинг қайталанишига қарши тура олиш учун йирик молиявий ва тижорий муассасаларда бирлашишга ундади.

Капиталистик давлатларда иқтисодий ўсишнинг пасайиши сиёсатчиларни ташвишга солиб қўйди. Масалан, Америка ўз бюджетида катта тақчилликни, экспортнинг сезиларли даражада тушиб кетишини бошдан кечирмоқда ва у рақобатбардошлигини йўқотмоқда. Австралия, Британия, Канада ва Франция каби давлатларга келсак, уларнинг аҳволи ҳам Американинг аҳволидан ёмон. Япония ва Германияга келсак, глобал кризисни ҳамда бу икки давлатнинг Америка сармоядорлари ва ширкатларига боғланганлигини эътиборга олганда, улар секин ўсишга гувоҳ бўлишмоқда. 1991 йил давомида Япония ва Германия иқтисодининг ўсиши 1,5 %ни ташкил этган. Бу – Америка маъмуриятини қўрқувга соладиган ҳамда унинг халқаро ва ички вазиятига таъсир қиладиган ҳолатдир. Шунинг учун Жорж Буш Японияни Америкага яқинлаштириб, Европадан узоқлаштириш учун у билан иттифоқ тузишга ҳаракат қилган. Европа умумий бозори президенти Жак Делор Европа-Япония ҳамкорлигини амалга ошириш учун дарҳол Японияга сафар қилди. Бундан мақсад Америка-Япония дифференциясига (алоҳида ажралиб устунликка эга бўлишига) ўрин қолдирмаслик эди. Совет Иттифоқининг қулашидан келиб чиққан иқтисодий беқарорликлар ва бунинг ортидан Шарқий Европа давлатлари иқтисодининг таназзулга юз тутиши капиталистик иқтисодий сиёсатнинг ташвишини кучайтирди. Биз капиталистик дунёни бўғзидан олган иқтисодий кризис кўламлари таҳлилидан қуйидаги хулосани чиқарамиз: Капиталистик мабда ақидасининг энг кўзга кўринган натижаси капитализмнинг иқтисодий низоми бўлиб, Ғарбда уни сармоядорлар бошқаради. Шунинг учун капитализмда сиёсий ва фикрий етакчиликнинг қулаши кўп жиҳатдан иқтисодий кризисларнинг давом этиши ва кучайиши билан боғлиқ. Буни капиталистик давлатлар яхши билади. Шунинг учун бутун дунёдаги, хусусан исломий минтақадаги ташқи кучлар нуфузи остида бўлган минтақалар ва бойликлар устида кечаётган улар ўртасидаги кураш кескин кучаймоқда.

4 – Капиталистлар ўртасидаги кураш: Капиталистик давлатлар ўртасидаги кураш гоҳида иқтисодий кўламни, гоҳида сиёсий кўламни олади. Бу икки кўлам капитализм бошдан кечираётган кризиснинг ҳақиқатини акс эттиради. Бизнингча, бу кризиснинг ечими бойликлар, бозорлар ва хом-ашё устидан ҳукмронлик қилиш учун биринчи давлат ўрнини эгаллаш билан бўлади. Капиталистик давлатларнинг мабдаийлиги миллий манфаатларга мувофиқ ўзаро ҳамкорликда ишлашни ман этмайди. Бу ҳолат мабданинг ўзидан келиб чиқадиган табиий ҳолатдир. Чунки капитализмда манфаат шахсга, давлат ва жамиятга алоқадор барча ишларнинг ўлчовидир. Шунинг учун бизнинг минтақадаги мавжуд улкан нефт бойлиги Америка ва Европа ўртасидаги курашнинг сабаби ҳисобланади. Айниқса, Совет Иттифоқи қулаб, социалистик мабда халқаро саҳнадан чекинганидан кейин бу кураш Европа ва Америка ўртасида кечмоқда. Шунинг учун Америка Британия ва Франциянинг шавкатини синдиришга ҳаракат қилмоқда. Шунингдек, Япония ва Германия муҳим иқтисодий салмоққа эга бўлгани учун Америка бу икки давлатнинг кучайиб, халқаро саҳнага таъсир ўтказишига йўл бермасликка ҳам ҳаракат қилмоқда.

Капитализм емирилиб бораётган жар ёқасига қурилган. Шунинг учун у бутунлай ботилдир ва у инсон фитратига мос келмагани учун инсоният учун яроғсиздир. Чунки унинг татбиқ қилиниши кетма-кет муаммолар ва кризисларни келтириб чиқаради. Бир муаммо тузатилмасидан, яна янги муаммо пайдо бўлаверади. Шунинг учун низом сифатида капитализмни ва ақида сифатида илмонийликни қулатиш ушбу кризиснинг ягона ечимидир. Чунки у башариятни вайрон қилишдан бошқага ярамайди. Айрим одамларнинг «капитализм бошқа рақиблари устидан ғалаба қилди ва унга бошқа рақиб қолмагани учун тарих тўхтади», деб оғиз кўпиртириб гапириши жуда ғалатидир. Бу гап социализмга нисбатан тўғри бўлса ҳам, Исломга нисбатан нотўғридир. Бугунги кунда Ислом даъватни бутун оламга кўтариб чиқадиган давлатда ўрнашмаган бўлса ҳам, Аллоҳни изни ила яқинда халқаро саҳнага қайтади. Ислом халқаро саҳнага қайтганида золим кимсалар қандай оқибатга қараб кетаётганларини билиб олурлар.

Капитализм, дея номланган бактерияга эга бўлган илмонийлик инсониятни батамом тугатишни кўзда тутади. Капитализм инсониятни тубанликнинг энг қуйи даражасига тушириб юборганини кўра туриб, «биз кофир Ғарбдан капитализм ва илмонийликни олишимиз лозим» деб айтиш тўғри бўладими? Яхши нарсани, яъни Аллоҳ ўз бандалари учун рози бўлган Исломни яроғсиз, паст нарсага алмаштирамизми? Аллоҳ Таоло айтади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اسْتَجِيبُوا لِلَّـهِ وَلِلرَّسُولِ إِذَا دَعَاكُمْ لِمَا يُحْيِيكُمْ

«Эй мўминлар, Аллоҳ ва Унинг пайғамбари сизларни абадий ҳаёт берадиган нарсага (яъни, динга) даъват қилар экан, уни қабул қилинглар» [Анфол 24]

Яна айтади:

وَمَنْ أَعْرَضَ عَن ذِكْرِي فَإِنَّ لَهُ مَعِيشَةً ضَنكًا وَنَحْشُرُهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ أَعْمَىٰ ﴿١٢٤

«Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, бас, албатта унинг учун танг-бахтсиз ҳаёт бўлур ва Биз уни қиёмат кунида кўр ҳолда тирилтирурмиз»   [Тоҳа 124]

Капитализм ва илмонийлик куфр бўлиб, у инсон қадрини пастга уради, қолаверса уни инсонийликдан чиқариб юборади. Ислом эса, инсон фитратидаги заифлик, ожизлик ва мудаббир яратувчига бўлган муҳтожликни тан олади. Мудаббир яратувчи инсоннинг барча эҳтиёжлари тўғри қондирилишини тартибга солиб, унинг хотиржамлиги ва бахтини таъминлайди.

Муҳаммад Зайлаий

Total Views: 412 ,

Добавить комментарий

Ливия миллий келишув ҳукумати Туркиядан ҳарбий ёрдам сўради 

Ливия миллий келишув ҳукумати Туркиядан ҳарбий ёрдам сўради  БМТ томонидан...

Закрыть