Ислом академиясида рўмоли ечтирилган талаба қизнинг отаси судга шикоят қилди

Ислом академиясида рўмоли ечтирилган талаба қизнинг отаси судга шикоят қилди

5 февраль куни Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани маъмурий ишлар бўйича суди рўмоли ечтирилган талаба қизнинг отаси киритган даъво аризасини кўриб чиқишни бошлади.​

Халқаро Ислом академияси қошидаги лицейда таҳсил олувчи 17 ёшли қизнинг отаси ўқув юрти раҳбариятининг рўмол ўраган қизларни ўқишга киритмаслик қарори устидан судга шикоят аризаси киритган.​

Озодликка маълум бўлишича, маъмурий ишлар бўйича Шайҳонтохур суди рўмоли ечтирилган талаба қизнинг отаси киритган даъвосини кўриб чиқишни 7 феврал кунига кечиктирган.​

Арзчи томон маъмурий ишлар бўйича Шайҳонтохур туман суди раиси Санжарбек Зулуновга ишонсизлик билдирганидан сўнг ишни кўриб чиқишга янги судя тайинланган.

— Суд 7 феврал куни бўлиб ўтади, ишни янги тайинланган судя кўриб чиқадиган бўлди, — деб билдирди Абдувоҳид Ёқубов.

Асли адвокат бўлган талаба қизнинг отаси Абдувоҳид Ёқубовнинг Озодликка айтишича¸ суд шикоят аризасини уч ой давомида қабул қилмай келган.

Аммо Тошкент шаҳар прокуратураси Ёқубовнинг ўз қизи манфаатини кўзлаб берган аризаси биринчи инстанция суди томонидан асоссиз равишда қайтарилган, деб хулоса чиқарганидан сўнг туман суди аризани кўриб чиқишни бошлаган.

Жабрланувчи сифатида кўрилаётган ​талаба қиз ҳали 18 ёшга тўлмагани боис¸ Абдувоҳид Ëқубов унинг ҳуқуқий манфаатларини судда ўзи ҳимоя қилаётганини айтди.

— Мен ўзим адвокатман. Ислом академияси ва лицейининг қизларга рўмолда ўқишга келишларини тақиқловчи ички қарорларини бекор қилишни сўраб, судга шикоят киритдим. Чунки рўмол ўраган қизларнинг ўқишга киритилмаслиги Ўзбекистон имзолаган халқаро ҳужжатлар ҳамда мамлакат Конституциясидаги меъёрларга зиддир, — дейди Абдувоҳид Ёқубов.

Озодликка маълум бўлишича, Халқаро Ислом академиясида шу пайтгача камида тўрт талаба рўмолсиз ўқишга боришни хоҳламай, дарс қолдиргани учун ўқишдан ҳайдалган.

Шу талаба қизлардан бири 19 ёшли Луиза Мўминжонова 5 феврал куни Озодлик билан суҳбатда рўмолга тақиқ сабаб Ислом академиясида ўқишни давом эттиролмаганини айтди.

— Менга айтишди ё рўмол ё ўқиш дейишди, мен рўмолни танладим, — дейди Ислом академиясининг 1-босқич талабаси бўлган, аммо ўқишдан ҳайдалган Мўминжонова.

Total Views: 723 ,

Добавить комментарий

Евроиттифоқ АҚШ санкцияларини четлаб ўтган ҳолда Эрон билан ҳамкорлик қилмоқчи

Евроиттифоқ АҚШ санкцияларини четлаб ўтган ҳолда Эрон билан ҳамкорлик қилмоқчи...

Закрыть