Ироқ, Ливан ва Эрондаги халқ ҳаракатлари

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Саволга жавоб

Ироқ, Ливан ва Эрондаги халқ ҳаракатлари

Савол: 2019 йил 5 ноябрдаги нашрамизда айтилганидек, Ироқ, Ливан ва Эрондаги халқ ҳаракатларининг ўз-ўзидан табиий бошланганини биламиз. Ҳозир ҳам шундай турибдими? Бу уч давлатда Америка асосий нуфуз эгаси экан, у ерда Европанинг ҳам бирор роли борми? Бу уч давлатдаги вазият қандай бўлса, ўшандай қоладими ёки Америка у ёки бу малайларини нормал тарзда ёхуд армия орқали алмаштирмоқчими, масалан, Судан ва Мисрда қилгани каби? Аллоҳ ажрингизни берсин.

Жавоб: Ушбу саволлар жавоби ойдин бўлиши учун қуйидагиларни баён қиламиз:

Биринчи: Норозилик намойишлари ва унинг сабаблари:

Тўғри, учала давлатдаги норозилик намойишлари ўз-ўзидан табиий бошланди ва бунинг сабабларини қуйидагича айтиб ўтамиз:

1 – Ироқ норозиликлари:

Ироқдаги халқ норозилик намойишлари 2019 йил октябр ойининг бошроғида бошланиб, Бағдоддаги кўприк ва бошқа асосий йўлларни беркитиш даражасига етиб борди. Бу намойишлар юртдаги иқтисодий аҳволнинг ёмонлашгани ҳамда ҳукумат органларида маъмурий ва молиявий коррупция кенг илдиз отиб, ишсизликнинг кенг ёйилгани сабабли келиб чиқди. Одамларнинг сабр косаси тўлиб, турмушлари оғирлашиши ортидан ўз-ўзидан табиий бошланди. Чунки 16 йиллик режим шунча вақтдан бери на электр муаммосини ҳал этди, на ёшлар ва битирувчиларни иш билан таъминлади ва на одамларнинг бирор эҳтиёжини қондирди. Ваҳоланки, юрт йирик нефт бойлигига эга. Сўнг норозилик намойишлари аланга олди… Унда 350 нафар инсон қурбон бўлди, минглаби жароҳат олди ва қамоққа ташланди. Ҳукуматнинг ҳамкори ва Эроннинг дўсти бўлган партияларга қарашли офислар ёқиб юборилди. Кейин 2019 йил 4 ноябрда намойишчилар Карбалодаги Эрон консуллиги яқинида ўт ёқиб, тошлар отиб консулнинг шаҳардан чиқиб кетишини талаб қилишди. 2019 йил 29 ноябрда Нажафдаги Эрон консуллигини ёқишди… Бу норозиликлар Ироқ ҳукумати учун қаттиқ бош оғриғи бўлди ва нима қилишини билмай қолди… Айниқса, Бағдод, Носирия, Карбало, Нажаф каби жануб шаҳарларида шундай бўлди. Бу ҳудудлар режим ўзини салмоқли даражада халқ базасига эгаман деб ҳисоблайдиган ҳудудлардир. Намойишларнинг шиддатлиги тус олганлиги сабабли Абдулмаҳдий ҳокимиятга ортиқча чирмашолмай қолди ва 2019 йил 30 ноябр куни истеъфо берди, парламент уни 2019 йил 1 декабрда тасдиқлади.

2 – Ливан норозиликлари:

Ливандаги иқтисодий вазият тўлиқ ёки деярли қулаш арафасида турибди! «Ливаннинг давлат қарзи 2019 йил бошида 85.32 миллиард долларни ташкил қилди». (Арабий Жадид, 2019 йил 15 март). Бу – улкан қарз бўлиб, унинг тўлаш керак бўлган фоизи Ливан давлати даромадининг қарийб ярмини еб юборади: «Давлат қарзи ялпи ички маҳсулотга нисбатан 152 фоизни ташкил қилади ва қарздан келиб чиққан фоиз давлат даромадининг қарийб ярмини еб юборади». (Би-Би-Си, 2019 йил 28 октябр). Бу капитализм жиноятларидир. У (Ливанда юқори даражадаги ишсизликни келтириб чиқарди. Натижада, 35 ёшгача бўлган ишсизлар 37 фоизни ташкил қиладиган бўлди». (Би-Би-Си, 2019 йил 26 ноябр). Сиёсий синфнинг халққа келтирган бундай иқтисодий вайронагарчилиги манзарасида, «WhatsApp» мессенжеридан фойдаланишига солиқ жорий қилиниши 2019 йил 17 октябрда Ливан кўчаларида намойишлар аланга олишига олиб келди… Юрт жанубидаги депутатларга тегишли офисларга ўт қўйилди… Байрут, Набатия ва Сур шаҳарлари олов исканжасида қолди… Натижада, оммавий намойишлар бошланди. Сўнг кўп ўтмай, норозиликларда нафақат ҳукумат истеъфоси, балки сиёсий элитанинг ёппасига ўзгартирилиши талаб қилина бошлади. Давлат хавфсизлик хизмати «маслаҳати» асосида, Эрон Ҳизби (ҳизбуллоҳ) тарафдорлари 2019 йил 24-25 октябр кунлари барча норозилик майдонларига суқилиб кириб, намойишчиларни қўрқитишга уринди… сўнг Эрон Ҳизби ва Амал ҳаракати тарафдорлари яна Байрутга қайтишди!

3 – Эрон норозиликлари:

Эрон режимининг аҳволи ҳам ўзининг атрофидаги – Ироқ, Ливан ва илгарироқ Сурия – режимлари аҳволидан яхши эмас. Чунки Эрон режими бошқарув назариясига эга эмас. Бу эса, Инқилоб Қўриқчилари Эрон иқтисодиётининг йирик тармоқларини назорат остига олишига олиб келди. Шунингдек, бу режим юрт четларидаги форсий бўлмаган минтақаларга эътиборсиз қаради ва бу давлат чеккаларида қатор танг аҳволдаги шаҳарларнинг пайдо бўлишига, давлат маркази ва чегаларидаги иқтисодий вазиятнинг портлаш арафасига келиб қолишига сабаб бўлди. Ўзининг ядровий дастури ва ракеталари билан мақтанувчи бир режимнинг халқи бензин танқислиги учун норозилик намойиши кўтариши, жуда хижолатли ҳол! Бензин танқислиги эса, нефтни қайта ишлаш заводларининг озлиги билан боғлиқ. Ваҳоланки, бу ўз халқининг ишларига ғамхўрлик кўрсатадиган давлатлар учун қийин саноат эмас. Кейин, 2017 йилдан бери Эронда бензин истеъмоли қарийб 40 фоизга ошди ҳамда Хормозган вилоятидаги нефтни қайта ишлаш заводи ишламай қолди. Бироқ шунга қарамай, нархлардаги тафовут туфайли бензиннинг аксар қисми жиноятчи тўдалар томонидан контрабанда йўли орқали хорижга олиб чиқиб кетиладиган бўлди. Ваҳоланки, давлат бу жиноятни билиб олиши қийин эмас. Бу эса, давлатнинг ўзидаги энг муҳим ресурслардан бири бўлган нефтни идора қила олмаётганига яна бир далилдир! Бундан ташқари, давлат бензин нархини 300 %га оширди ва бунинг оқибатида 2019 йил 15 ноябрда Теҳрон билан Эроннинг бошқа ўнлаб шаҳарларида норозилик намойишлари бошланди. Банклар ёқиб юборилиши, давлат мулкларига, хавфсизлик ва давлат идораларига ҳужум қилиниши манзарасида намойишлар кучайиб кетди. Ҳукумат намойишчилар бир-бирлари билан алоқа қилмаслиги учун Интернетни узиб қўйди. Дарҳақиқат, режим айни норозилик ҳаракатларига нисбатан юқори даражада зўравонлик қўллашга, темир ва олов билан бостиришга ўтди: «Айни дамда Эрон хавфсизлик хизмати намойишчилар билан репрессив муносабатда бўлмоқда. 23 ноябрда Эрон мухолафати қуйидагиларни таъкидлади: намойишларда ўлганлар сони 300дан ошди, улардан 99 нафарининг номлари ҳужжатлаштирилди, жароҳатланганлар 4000дан ошди, ҳибсга олинганлар 10 минг шахсни ташкил қилди… Инқилоб Қўриқчилари жасадларни касалхоналардан номаълум томонга олиб кетишди». (Индепендент Арабийя, 2019 йил 24 ноябр).

Иккинчи: Учала давлатдаги норозиликлар ҳамон Европа аралашувисиз табиийлигида давом этяптими?

Европа бу норозиликлардан фойдаланишга уринди… Бироқ унинг таъсири Американинг учала давлатдаги нуфузини ёриб киришга кучсизлик қилди. Буни қуйидагича баён қиламиз:

1 – Европанинг Ироқдаги уринишлари:

Ҳозиргина айтганимиздек, Ироқдаги норозиликлар жанубий ҳудудларда кучайиб, асосан, шиалар яшайдиган ерларда кўпроқ давом этмоқда. Европанинг, айниқса, Британиянинг бу норозилик намойишларидан фойдаланишга уриниши эҳтимолдан холи эмас эди. Гарчи намойишларда Британия аралашувининг борлиги тўғрисида бирор ишонарли далил йўқ эса-да, бироқ Эрон бу масалани эътибордан қочирмади, ҳатто уни ўзи учун хавф, деб ҳисоблади. Шунинг учун Теҳрон жомеси имом-хатиби Муҳаммадали Муваҳҳидий Кармо жума хутбаси чоғи ироқлик намойишчиларни «инглизлар шиаси», деб атади… У «айрим адашган жамоаларни биз инглиз шиалари, деб атаяпмиз, улар ироқлик халқ орасига суқилиб қириб олишди», дея қўшимча қилди. («Iran International» телеканали, 2019 йил 1 ноябр). Имомнинг бу гапидан кўриниб турибдики, Эрон расмийлари Британиянинг намойишлардан фойдаланишидан чўчишяпти. Бундан ташқари, Эрон намойишчиларни инглизларга малайлик қилишаётганликда айблашга уринди. Британиянинг намойишларни қўллаб-қувватлаётгани, яққол кўринди: «Британия элчихонаси ўзининг Твиттердаги расмий саҳифасида – бу тинчлик намойишлари Ироқ халқи ҳуқуқларидан биридир»…, «намойишчиларга зўравонлик қилиш, қабул қилиб бўлмас ишдир», «жароҳатланганларга ва қурбон бўлганлар оилаларига дуо қилиб қоламиз», каби сўзларни ёзди». (Россия Спутниги, 2019 йил 5 ноябр). Британиянинг давлат вазири Эндрю Мюрисоннинг «Айн» веб-сайтида 2019 йил 27 октябрда нашр қилинган сўзлари ҳам айнан шу йўсинда.

2 – Европанинг Ливандаги уринишлари:

Маълумки, АҚШ ва Европа тобелари Ливанда қутуриб-изғиб юришади. Шунингдек, АҚШнинг Мишел Аун ва Набих Берри каби бевосита тобеларининг ҳамда Ҳизбуллоҳ каби Эрон орқали билвосита тобеларининг моддий жиҳатдан кучли экани маълум. Европа (Британия ва Франция)нинг тобелари эса, Самир Жаъжаа ва Валид Жонпўлат каби, заиф томон ҳисобланади. Саъд Ҳаририйга келсак, у Европадан ҳам заиф. Чунки унинг бир оёғи Европада, иккинчи оёғи америкапараст Саудияда. Бу тобеларнинг бирортаси мустақил қарор қабул қилолмайди. Балки ҳаммаси иккинчи томонга машаққат туғдирувчи ишлар билан банд. Масалан, 2019 йил 19 октябрда Ливандаги тўртта кучли вазирлар, намойишчилар томонидан истеъфога чиқишлари талаб қилиниши ортидан, ҳукуматдан кетишди. 2019 йил 18 октябрда Саъд Ҳаририй инқирозни ҳал этиш учун 72 соат муҳлат эълон қилди. Кейин у 2019 йил 29 октябрда ўзи истеъфо берди ва унинг истеъфоси давлат президенти истагига ҳамда Ливанда хавфсизлик жиҳатидан ҳукмронлик қилувчи Эрон ҳизби истагига зид равишда бўлди.

Сўнг Франция ўзининг ташқи ишлар вазирлигидаги Яқин Шарқ ва Шимолий Африка масалалари бўлими директори Кристоф Фарнони Ливанга юборди: «У Франция президенти Эммануэл Макрон ва Франция ҳукумати номидан мактуб тақдим этди. Мактубда Франциянинг Ливандаги вазиятдан ташвишда эканини ва бу вазиятда Франция Ливанга ёрдам беришга тайёрлигини билдирди». (Арабийя, 2019 йил 13 ноябр). Аммо француз делегацияси ташрифи Ливандаги америкапарастларга мақбул бўлмади. Ватания расмий ахборот агентлигига кўра, Ливан ташқи ишлар вазири Босил «Мен Франция делегациясига Ливан инқирозига ҳеч бир ташқи томоннинг аралашмаслигини ва ундан фойдаланмаслик шартлигини билдирдим», деган.

Британия ҳам Ливанга Ричард Мурни юборди. Мур Аун билан учрашиб, «Буюк Британия азалдан Ливан учун муҳим ҳамкор ва ёрдамчи бўлиб келган, бунга мисол, ўтган йили Ливан хавфсизлиги, барқарорлиги, гуллаб-яшнаши ва суверенитетини қўллаб-қувватлаш учун 200 миллион доллар сармоя ётқизди», деди. Яна давом этди: «Муҳими, тинч норозилик намойиш ўтказиш ҳуқуқини ҳар доим ҳурмат қилиш лозим. Бирор томоннинг норозилик ҳаракатини зўравонлик ва қўрқитиш орқали бостирилишига йўл қўйиб бўлмайди». (Индепендент арабийя, 2019 йил 25 ноябр).

3 – Европанинг Эрондаги уринишлари:

Эрон режими одатдагидек, хорижий тил бириктирув ва таҳдидларга қарши туришини иддао қилар эди: «Бугун Эрон Инқилоб Қўриқчилари қўмондони генерал майор Ҳусайн Саломий АҚШ, Исроил, Британия ва Саудияга – агар улар Эрон билан муносабатларда «қизил чизиқ»дан ўтишадиган бўлса – бевосита таҳдид йўллашини билдирди. Ҳукуматни қўллаб-қувватловчи намойишчиларга Эрон телевидениеси орқали қилган мурожаатида Саломий «Мен АҚШ, Исроил, Саудлар оиласи ва Британияга айтиб қўяй: сизлар бизни майдонларда қандай туришимизни кўргансиз ва бизга жавоб қайтара олмагансиз, бизнинг тарсакимизни ҳамма эшитган», деди. Яна давом этди: «Уларга айтар сўзимиз: қизил чизиғимиздан ўтманг, агар қизил чизиғимиздан ўтсангиз, сизларни қириб ташлаймиз». (RT, 2019 йил 25 ноябр). Эрон режими воқеликни гўё бу режимдан азоб-уқубатлар тортган одамлар намойиш қилмаётгандек, балки намойишлар ортида ташқи кучлар тургандек кўрсатишга уринди! Маълумки, эронликлар норозилиги уларнинг қалблари ва қонларидан келиб чиқаётгани очиқ кўриниб турибди! Бироқ афтидан, Эрон режими хорижий кучлар ҳақидаги эртак билан ўзини тинчлантираётган кўринади ва ҳозиргина айтганимиздек, Теҳрон имом-хатиби намойишчи шиаларни инглиз шиалари, дея айблади!

Эрондаги бу норозилик намойишлари биринчи марта бўлаётгани йўқ ва охиргиси ҳам эмас, албатта. Кучли эҳтимолга кўра, у ўз-ўзидан табиий келиб чиқди ва хорижий қўлларни кўрсатувчи ҳеч қандай далил йўқ. Эрон намойишлари ҳам Сурия намойишлари кабидир. У Уммат ишларини бошқаришда ёмон сиёсат олиб борувчи тоғут ҳукмдорларга қарши кўтарилган халқнинг намойишидир.

Учинчи: АҚШнинг бу уч давлатдаги малайларини алмаштиришига келсак, бунинг баёни қуйидагича:

1 – Бу уч давлатдаги таъсир-нуфуз Американики. Европа (Британия ва Франция) эса, айни нуфузни Америка билан баҳам кўришга муваффақ бўлолмади.

2 – То Уммат Ислом асосида тўғри қўзғалиб, ҳақиқий ўзгариш ясагунга қадар, бу уч давлат ҳукмдорлари ўз хўжайинлари бўлган Американинг уларни алмаштириш ёки ушлаб туриш сиёсатига бўйсунишда давом этишади.

3 – Мустамлакачи кофир давлат истайдики, малай ҳукмдор уларнинг манфаатларига ишласин. Қачон ўша ҳукмдор даврида одамлар қўзғалиб, вазият беқарорлашиб қолса, унга маълум вақт беради. Агар унинг шу вақт ичида ҳокимиятдаги ўз ишини тартибга солиш қўлидан келмаса ва хўжайинига хизмат қилолмай қолса, ана шунда хўжайин уни ўзгартиради. Ўзгартиришдаги қуроли эса, демократия дейишаётган нарса бўлади ҳамда янги малайнинг юзи ҳайдалган малайнинг юзичалик қора бўлмайди. Бунинг учун инқироз ўта мураккаб бўлмаслиги керак. Акс ҳолда, ўзгартиришдаги қурол ҳарбий бўлади, худди 2011 йил Мисрда ва 2019 йил Суданда бўлгани каби.

Тўртинчи: Ушбу уч давлатдаги воқеа-ҳодисаларни кўриб чиқиш натижасида биз кутилаётган ўзгаришни қуйидагича баён қиламиз:

1 – Эрон: Америка Эрондаги режимни ўзгартиришни истамаётгани тўғрисида кечаю кундуз баёнот бермоқда. Яъни, намойишчилар ҳар қанча ўлдирилса ҳам, Америка режимни менга хизмат қилади, деб билмоқда! Масалан, Эрон режими томонидан мусулмонлар қони оқизилаётган бир пайтда, америкалик расмийлар режимни сақлаб қолиш тўғрисида баёнотлар беришди: «Якшанба куни Оқ уй расмийларидан бири унинг давлати Эрон режимининг ўзгаришини истамаётганини маълум қилди». (Арабийя нет, 2019 йил 17 ноябр). Демак, худди ўтган йилги норозиликлар сабабли режимда алмашиш бўлмагани каби, 2019 йил ноябр ойидаги бу норозиликларда ҳам Эрон режимида ҳеч қандай ўзгариш кутилмайди.

2 – Ливан: Айтиб ўтганимиздек, Ливанда Америка тобелари ва Европа тобелари мавжуд бўлиб, Америка тобелари кучли. Унинг кучлилиги эса, ўртача ечимга мувофиқ, кучсизнинг ён беришини осонлаштиради. Америка билан Европа техно-сиёсий ҳукумат ва технократ ҳукумат борасида айрича фикрда! Нима бўлганда ҳам, кўпроқ эҳтимол шуки, Америка Ливанда бошқарув мезонини ўзгартиради ва пасанги Америка тобелари томонга оғади, Европа тобелари эса, унинг тобеларига шерик бўлишади, аммо жуда оз шаклда… Кейин намойишни тинчитиш учун намойишчилар вакилларини ҳам ҳокимиятга шерик қилинади.

3 – Ироқ: Америка Ироқни парда ортида туриб, деярли бевосита бошқаряпти. Масалан, унинг Бағдоддаги элчихонасида ўн олти минг нафар мулозимлари бор… Улар барча ироқлик вазирлар ишларини – айниқса, нефт ва хавфсизлик соҳасида – кузатиб туришибди. Америка элчихонаси дунёда энг катта элчихона ҳисобланади. Унинг Ироқда ҳарбий базалари ҳам кўп бўлиб, улардан энг машҳури Анбар вилоятидаги «Айн асад» номли базадир. Ўтган ойнинг сўнгги ҳафтасида Америка Ироққа жуда кўп сафар уюштирди: 2019 йил 23 ноябрда АҚШ вице-президенти Пенс кутилмаганда «Айн асад»га келди. Унинг Ироқ сафаридан бир ҳафта ўтмай, 2019 йил 27 ноябрда АҚШ Бирлашган штаб қўмондонлари раиси Марк Майли Бағдодга сафар қилди. Бу эса, Американинг Ироқни диққат билан кузатиб турганини англатади. Ироқ Америка учун жуда нозик давлат. Айниқса,  у ерни босиб олган ва Ироқни тараққиётга олиб чиқишини даъво қилиб, аммо уни беқарорлик ва вайронадан бошқа нарсага олиб боролмаган бир давлат учун Ироқ муҳим давлатдир. Энди эса, инқироз кетидан инқироз келиб чиқяпти. Шунинг учун, агар яқин вақт ичида вазият тинчимайдиган бўлса, Американинг Ироқда ҳарбий йўл билан ўзгариш ясаши ва намойишчиларни унга шерик қилиши кутилмоқда. Масалан, Миср ва Судан каби давлатларда қилгани каби. Дарҳақиқат, Ироқдаги америкаликлар қўли билан тузилган ва энг янги ҳарбий анжомлар билан таъминланган «Терроризмга қарши кураш хизмати»нинг норозиликларни бостириш сиёсатидан узоқ экани кузатилди. Афтидан, Таҳрир майдонидаги намойишчилар ҳам айни кучлар бизни коррупциячидан қутқаради, деб ҳисоблаётган кўринади. Чунки улар «Терроризмга қарши кураш хизмати» қўмондонларидан бири генерал Абдулваҳҳоб Соидий президент томонидан ишдан бўшатилгандан кейин унинг улкан суратини кўтариб чиқишди. Гўё намойишчилар наздида Ироқдаги бу куч ечимни амалга оширишда рол ўйнайдигандек. Бу бир жиҳатдан. Бошқа жиҳатдан, мудом Америка Бағдодда ҳарбий учрашувлар ўтказиб, бунинг учун делегатларини юбораётган экан, бундан ташқари, Бағдодда унинг катта элчихонаси фаолият қилаётган экан, буларнинг барчаси Американинг зарур пайт учун маълум бир режани захирада ушлаб турганини кўрсатади.

Бунга президент Абдулмаҳдийнинг истеъфога чиқарилиб, янги муваққат президентнинг келиши таъсир қилмайди ва у муаммони ҳал қилмайди ҳам, аксинча, бу вақтинчалик нарса. Яъни, яра битиб-тузалиши учун очиқ қолдирилади!

Нима бўлганда ҳам, ушбу уч давлатдаги оммавий ҳаракатларнинг плюс ва минус жиҳатлари бор. Плюс жиҳати, улар ўз-ўзидан табиий келиб чиқди ва ҳамон шундай давом этаётир. Минус жиҳати эса, бу ҳаракатлар Аллоҳ Субҳанаҳу учун холис, Росулуллоҳ ﷺга содиқ ва ҳақиқий рошид Халифаликдан иборат Ислом бошқарувига олиб борувчи йўлни ёритиб-кўрсатиб берадиган бир етакчиликни ҳамон ушлагани йўқ. Агар оммавий ҳаракат холис етакчиликсиз давом этса, сўнг нотўғри йўлга бурилиб кетса, у ҳолда – худди ўзи тўқиган нарсасини пишиқ-пухта бўлганидан сўнг парча-парча қилиб бузиб-чуватиб ташлаган хотинга ўхшаб – унинг бутун саъй-ҳаракати ва берган қурбонлари беҳуда кетади…! Аллоҳнинг Ўзи тўғри йўлга бошловчидир.

                                                                        6 робиус-соний 1441ҳ

                                                                                  4 декабр 2019м

Total Views: 112 ,

Добавить комментарий

Мусулмонларни йиртқичларча қирғин қилаётган Трампнинг Афғонистонга халоскор сифатида кириши ақлданми?!

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ Мусулмонларни йиртқичларча қирғин қилаётган Трампнинг Афғонистонга...

Закрыть