Қирғизистон қаёққа қараб кетмоқда?!

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Қирғизистон қаёққа қараб кетмоқда?!

Қирғизистонда 2021 йил 10 январда муддатидан олдин президентлик сайлови бўлиб ўтди. Унда Садир Жапаров 79 %дан кўпроқ овоз билан ғолиб бўлди. Сайловдан сўнг у халқ турмуш шароитини яхшилаш ва иқтисодиётни ривожлантириш борасида ваъдалар берди. Хўш, бу ваъдаларга ишонса бўладими?

Аввало, Қирғизистондаги бугунги иқтисодий вазиятга бироз тўхталиб ўтмоқ лозим: Қирғизистоннинг давлат қарзи 5 миллиард доллардан ошиб, ялпи ички маҳсулотга нисбатан 68 фоизни ташкил этмоқда… Бюджет камомади 120 миллион доллар миқдорида тасдиқланди, инфляция эса, 2020 йилда 10 фоизни ташкил қилди.

Аслида, янги сайланган Садир Жапаров аниқ бир дастурни таклиф қилгани йўқ. Бошида у ҳукуматнинг бошқарув шаклини ва янги конституция лойиҳасини таклиф қилган бўлди. Лекин Ғарбга малай мухолафат кучлари томонидан кескин танқидларга учраб, чекинишга мажбур бўлди. Жапаровнинг давлатни ислоҳ қилишда қўлламоқчи бўлаётган асосий чораларини қуйидагича мисол тариқасида келтириш мумкин:

Коррупцияга қарши кураш:

Коррупцияга қарши кураш Атамбаев давридан буён юртни ислоҳ қилишнинг асосий омили бўлиб келди. Ўша пайтда «коррупцияга қарши кураш» Атамбаевга ўз рақибларини мағлуб этишида қўл келган. Кейин Жээнбеков даврида ҳам худди шундай бўлди. Жээнбеков Атамбаевни синдиришда шундан фойдаланди. Бугун Жапаров келиши билан бу чорани қўллаш кучаймоқда. Маълумки, Садир Жапаровнинг сиёсий ҳамкори Қамчибек Ташиев Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг раҳбари ҳисобланади. Умуман олганда, бу юртдаги барча ишларни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси назорат қилади. Ҳозир бу қўмита юқори лавозимли коррупциячи-порахўр раҳбарларни ҳамда кичик мансабдорларни қамоққа ола бошлади. Ҳатто Жапаровнинг баъзи тарафдорлари ҳам ҳибсга олинди. Бу орада иқтисодий амнистия тўғрисида қонун чиқарилди. Бу қонунга кўра, агар коррупциячи давлатга етказилган зарарни қоплайдиган бўлса, у қамоққа ҳукм қилинмайди.

Бироқ, коррупцияга қарши кураш расмийлар ваъда қилаётганидек бўлаётгани йўқ. Бунинг бир неча сабаблари бор:

Биринчидан: Қирғиз жамиятида коррупция-порахўрлик ҳаром, деган тушунча мавжуд эмас. Аксинча, манфаатга асосланган капиталистик фикрлар ҳукмрон.

Иккинчидан: Коррупцияга қарши кураш ҳаммага баробар эмас, илгари ҳам шундай эди. Мисол учун, янги ҳукуматни қўллаб-қувватлаётган коррупциячиларнинг аксари жавобгарликка тортилмаган. Бунинг сабаби шуки, тўнтариш ташкилотчилари ва оқ уйни эгаллаб олганлар Ғарбга содиқ кишилар эди. Шунга қарамай, қудратга россияпараст Жапаров келди. Шунинг учун ҳам ғарбпарастлар унга қаттиқ қарши чиқишди. Жапаровнинг айрим порахўр ва олигархларга таянишга мажбур бўлаётганининг сабаби ҳам шунда. Яқинда янги конституция бўйича референдум, кейин парламент сайловлари бўлиб ўтади ва буларнинг барчасида Жапаров ўшаларга таянишга мажбур.

Учинчидан: Юқорида давлатнинг иқтисодий аҳволини айтиб ўтдик. Бундай аҳволда давлат юрт фуқароларига муносиб маош бера олмайди. Шунга қарамай, таъкидлаш лозим бўлган бир нуқта бор: Жапаров ўз интервьюларидан бирида «Бакиев дастлабки икки йил мобайнида яхши натижаларга эришди, аммо кейинчалик давлат бошқарувига ўзининг қариндошларини олиб келди, мен бундай қилмайман», деди.

Дарҳақиқат, Бакиев президентлигининг дастлабки йилларида одамлар ишончини қозониш учун порахўрлар чўнтагига тушган пуллардан катта миқдорини давлатга ўтказган эди. Агар Жапаров ҳам шундай қилса, электр энергияси масаласида бузуқ режаларга барҳам бериш ва инвестициядан тўғри фойдаланиш каби ишларда халққа бир оз фойда бўлиши мумкин. Бу борада халқнинг қўллаб-қувватловидан ҳам фойдаланиш мумкин. Масалан, Атамбаев ўз ҳокимиятини коррупцияга қарши кураш шиори ёрдамида сақлаб турди. Бунинг натижасида, Жээнбеков даврида уч йил давомида халқ безовталиги кузатилмади. Энди Садир Жапаров даврида ҳам шундай бўлиши мумкин. Бугунги кунда ноқонуний хусусийлаштирилган, деган асосда катта ер майдонларини давлатга қайтариш жараёни бошланган. Агар давлат бу ерларни эгаллаб, кейин одамларга бўлиб берадиган бўлса, халққа умид бахш этади.

Аҳолини иш билан таъминлаш:

Аҳолини иш билан таъминлаш аввалгидек такрорланади. Яъни, конларни чет эллик инвесторларга, хусусан, руслар ва хитойларга ўтказиш орқали яна иш ўринлари яратилиши мумкин. Бу йўналиш Атамбаев президентлиги даврида кучайди. Аммо Жээнбеков даврида Ғарб малайлари маҳаллий аҳоли туйғусидан фойдаланиб, Россия компанияларининг уран қазиб олишини ва Хитой компанияларини олтин қазиб олишини тўхтатиб қўйишди. Ҳозир эса, агар янги ҳукумат парламентга ўзининг одамларини киритса, бу компаниялар яна қайта иш бошлашади, фақат шартномалар бошқа ном билан аталади, асос эса ўшандай қолади. Бошқаларга бу ишларининг қандайлигини-моҳиятини ўрганишга йўл қўйилмайди. Лекин бу услуб озгинагина иш ўринлари яратади, холос. Бироқ, хорижда ишлаётганларни юртга қайтишлари учун етарли бўлмайди. Бундан ташқари, бу услубда халқимиз эксплуатация қилиниб, бойликлари ташиб кетилади ва атроф-муҳитга жиддий зарар етади. Садир Жапаровнинг Қумтор олтин конидаги чет эллик сармоядорларга қарши чиққанлиги кўпчиликка маълум. У ушбу олтин конини миллийлаштириш масаласини кўтарган… Бироқ ҳозир «Қумторда олтин жуда оз қолган» деган баҳона билан бу даъвосидан воз кечди!

Кадрлар масаласи:

Янги ҳукумат кадрлар масаласида муаммоларга учраши аниқ. Чунки агар эски кадрлардан фойдаланадиган бўлса, улар Акаев замонидан қолган коррупциячиларни ташкил қилади. Агар ёш кадрлардан фойдаланмоқчи бўлса, уларнинг деярли барчаси Ғарб сақофатидан таъсирланишган ва бу ишда ҳеч қандай тажрибалари йўқ.

Салбий сальдо:

Қирғизистоннинг ўртача ташқи салбий сальдоси 3 миллиард долларга етди. Юртга пояфзал, телефон ва синтетик матолар Хитойдан импорт қилинади ва бу асло ўзгармайди. Ёқилғи ва металл маҳсулотлари Россиядан импорт қилинади ва бу ҳам ҳеч қачон ўзгармайди. Йўлга қўйилган нарса енгил озиқ-овқат саноати бўйича маҳаллий маҳсулотлар ишлаб чиқаришдан иборат, холос. Халқ айрим имтиёзларни олиши мумкин бўлган йўл фақат мана шу.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, Садир Жапаров халққа Қумтор орқали танилган. Аммо у пайтда халқ ҳаракати давом этарди. Кейинчалик Жапаров айни иш сабабли қийинчиликларга дуч келди, бироқ уларни қатъийлик билан қарши олди. Мана шундай машаққатлар билан Жапаровда одамларга хизмат қилиш ҳисси пайдо бўлган бўлиши мумкин. Унинг отаси исломий киши бўлган ва унинг ўзи ҳам исломий туйғудаги инсон. Шунинг учун ҳам бошида уни исломий туйғудаги одамлар қўллаб-қувватлаб, кўчаларга такбирлар билан чиқишди ва майдонда намоз ўқишди.

Ҳақиқатдан ҳам, бу одамлар Исломга муштоқ. Бироқ унга қандай етиб боришни тушунмаяптилар. Жапаровнинг дўсти Қамчибекда ҳам исломий туйғулар мавжуд. У вазир ва ўринбосар бўлиб ишлаган эса-да, коррупциячилар иши бўйича унинг номи чиқмаган. Туғилган ерида ҳам яхши обрўга эга. У қийинчиликка учраган одамларга процентсиз қарз бериб келган. Сайловчилар наздида, у яхши ишлар қилиб, ўз обрўсини сақлаб қолган саноқли сиёсатчилардан биридир. Шундай бўлса-да, у диктаторлик бошқарувига мойил шахсдир.

Қирғизистон халқи ўз етакчиларида бир оз бўлса ҳам ғамхўрлик бўлишини истайдилар. Шунинг учун улар юқорида айтилган яхши сифатлар сабабли раҳбарлардан яхшилик умид қилмоқдалар. Бироқ бу юрт аҳли англаб етиши лозим бўлган ҳақиқий ва туб ўзгариш Аллоҳнинг шариатини ҳоким қилишдир.

Устоз Ҳаврун Аблулҳақ қаламига мансуб

Роя газетасининг 2021 йил 20 январ чоршанба кунги 322-сонидан

Total Views: 176 ,

Добавить комментарий

Доллар курсининг пастлаши сабаблари

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ Доллар курсининг пастлаши сабаблари Валюта курсининг...

Закрыть