Имрон Хон норозилик намойишлари орқали нимани хоҳлаяпти?!
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Имрон Хон норозилик намойишлари орқали нимани хоҳлаяпти?!
Покистон собиқ бош вазири Имрон Хон ўз тарафдорлари парламент биноси олдида полиция билан тўқнашганидан сўнг норозилик намойишларини тўхтатди. Аммо агар ҳокимият олти кун ичида қайта сайлов бошламаса, яна намойишга қайтишлари билан огоҳлантирди. У намойишларни тўхтатишга Покистон ҳукуматининг Исломободда йиғин ташкил қилишни тақиқлаши, Имрон Хоннинг тарафдорларини бутун мамлакат бўйлаб бостириб, юзлабини ҳибсга олиши ортидан қарор қилди. Исломободда йиғин ташкил этишни тақиқлаш қарори сешанба куни Имрон Хон тарафдорларидан бирининг уйига бир полиция бостириб кирганда у полиция зобитига қарата ўқ узиб ўлдириши ортидан чиқарилди. Ички ишлар вазири Саноуллоҳ Хон «Имрон Хоннинг Исломободдаги тинчликни издан чиқаришига йўл қўймаслиги»ни таъкидлаб, қайта намойиш бошлайдиган бўлса, керак бўлса қамоққа олиш билан огоҳлантирди. Аввалда ҳам Саноуллоҳ Имрон Хоннинг ички урушга ўхшаган бир муҳитни пайдо қилишга уринаётганидан огоҳлантирган эди. Маълумки, ўтган ҳафта Имрон Хон ўз тарафдорларини Шаҳбоз Шариф ҳукуматига босим қилиш учун Ислободда кўп сонли норозилик юришига чақирган эди. Ҳозирда у муддатидан олдин сайлов ўтказиш эълон қилинмагунча намойишларни давом эттиришини таъкидламоқда.
Армиянинг Имрон Хонни ишдан олишига армия муассасасида содир бўлган можаронинг ҳам табиий таъсири бўлган. Айниқса, ўшанда армия бош қўмондони генерал Бажва билан собиқ ҳарбий разведка қўмондони генерал Файз Ҳамид ўртасида можаро юзага келган эди. Бажва Файзни ишдан бўшатиб, уни қарор қабул қилиш маркази бўлмиш пойтахтдан узоқроққа жўнатиб юборган эди, яъни Пешовардаги корпус қўмондони қилиб тайинлаганди. Файз Ҳамид ўрнига генерал Надим Анжум разведка қўмондони сифатида тайинланиши керак эди, бироқ Файз билан Бажва ўртасидаги келишмовчиликнинг кучайиши сабабли маълум муддат тайинланмай қолиб кетди. Чунки Имрон Хон Анжумнинг Файз ўрнига тайинланиши тўғрисидаги қарорни имзоламаган эди. Бунинг сабаби шу бўлганки, Имрон Хоннинг 2018 йилдаги сайловларда муваффақият қозонишига Файз Ҳамиднинг хизмати катта бўлган. Ўшанда Файз сайловларни сохталаштириб, Навоз Шариф партиясидаги мухолафатнинг Имрон Хон билан рақобатлашишига тўсқинлик қилганди. Шунинг учун Имрон Хонни генерал Файз Ҳамид бошчилигидаги армиянинг генерал Бажвага қарши қаноти қўллаб-қувватлаган бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Зеро, генерал Файз Ҳамид Бажвадан кейин армия қўмондонлигига ўтиришдан умидвор бўлиб келаётган эди. Шу боис, бу норозилик намойишлари армия қўмондони Бажвага босим ўтказиб, у билан генерал Файз Ҳамид ўртасида келишувни пайдо қилиш учун қилинган бўлиши ҳам мумкин.
Лекин Имрон Хон мансабдан бўшатилиб, режимга бошқа бир фронт тайинланиши ортидан унинг бу хатти-ҳаракатлари зоҳирда сўйилган қўйнинг ҳаракатига ўхшаяпти. Бироқ, бу зоҳирда шундай кўриняпти, холос. Чунки Имронхон гарчи армия қўмондони Бажвага қарши қанот томонидан қўллаб-қувватланаётган эсада, бироқ у ҳукмдорларнинг юртдаги ҳақиқий сиёсат эгалари томонидан мансабга танлаб олинишини, сўнг бу қарор Оқ уйдаги хўжайинлар томонидан маъқулланишини яхши билади. У шунингдек, Покистондаги демократик тузумнинг дунёдаги бошқа демократик тузумлардан фарқ қилмаслигини, раҳбар ва конституция эркин сайловлар орқали келадигандек кўринишини, аслида эса, давлат ортидаги давлат томонидан белгиланишини ҳам яхши билади. Сиёсатчиларни ўйнатаётган ҳам, ҳарфма-ҳарф бажаришлари керак бўлган сиёсатларни уларга белгилаб берадиган ҳам, қачон мана шу буйруқлардан оғишса ёки бошқаларга содиқ бўлиб қолишса, айнан шу давлат ортидаги давлат уларни ё ишдан бўшатишини ёхуд сургун қилишини ёхуд керак бўлса ўлдириб юборишини ҳам билади! Бунга биргина Покистон тарихида ҳам мисоллар талайгина. Беназир Бхуттонинг йўқ қилиниши ҳам буни очиқ тасдиқлаб турибди. Аммо бош вазир ва вазирлардан иборат рувайбизаларнинг қамоққа олиниши ёки сургин қилиниши ягона танлов эмас, балки энг юмшоқ танловдир. Чунки бу рувайбиза ҳукмдорлар давлат ортидаги давлат ва америкалик хўжайинлари наздида баъзилар ўйлаганидан ҳам кўра паст ҳисобланишади. Бироқ ўзлари бундан ибратланишмаяпти. Агар ибратланиб-сабоқ чиқаришганда эди, ўзининг тарихи мобайнида мустамлакачи кофирга малайлик қилиб келган бузуқ режимда хор бўлиб ишлашга рози бўлишмас эди. Дарҳақиқат, Имрон Хоннинг бош вазирликдан бўшатилишига унинг армия сиёсатини бажаришда қулоқсизлик қилгани, ўзига буюрилган вазифаларни ҳарфма-ҳарф бажармагани ва юртдаги амалий хўжайин бўлган армия муассасасига итоат қилишдан кўр-кўрона бош тортгани сабаб бўлди. Шундай бўлса-да, Имрон Хон иши уни Беназир Бхутто каби ўлдириб юборишни ёки Навоз Шариф каби сургун қилишни тақозо қилмади. Унинг иши булардан бирортасини талаб қилмади, балки армия уни ишдан олиш билан кифояланди ва ўрнига илгари коррупцияга оид ишлар билан судланган коррупционер Шаҳбоз Шарифни тайинлади.
Имрон Хоннинг хатти-ҳаракатлари юртда муддатидан олдин сайлов ўтказишни талаб қилишдан нарига ўтмайди. Гарчи бу хатти-ҳаракатлари хорларча ишдан бўшатилишига қарши ўзини оқлаш учун билдирган реакцияси бўлиб кўринаётган бўлса-да, бироқ бу норозилик намойишлари Покистон аҳлига зиёндан бошқа нарсани келтирмайди. Имрон Хоннинг эркин ва тирик ташлаб қўйилиши фақат унинг ўзига фойда. Зеро, унинг бу хатти-ҳаракатлари режимга ўзининг ҳақиқий мухолифларини йўқ қилишда жуда қўл келяпти. Улардан 400дан зиёдини қамоққа олингани бунга мисол бўлади. Агар бу бостиришлар буюк ғоя йўлида бўлганида эди, биз Имрон Хоннинг хатти-ҳаракатларини қораламаган бўлардик. Бироқ воқелик тамоман бунинг аксини кўрсатмоқда. Яъни одамлар тўлаётган бадал фақатгина муддатидан аввал сайлов ўтказиш учун тўланмоқда. Ваҳоланки, Уммат учун бунинг заррача фойдаси йўқ. Фаразан, режим айни сайловга рози бўлди ҳам дейлик… Хўш, сайловлар натижаси нима бўлади?! Одамларнинг азоб-уқубатлари сабабчиси бўлмиш тузум ва конституцияни ўзгартирадими ёки ҳокимиятдаги башараларни ўзгартиради холосми?! Имрон Хоннинг сайловда ютиб чиқишини – гарчи бу деярли амри маҳол бўлса ҳам – фараз қилайлик, хўш, бу кимсада юртни кризисдан қутқарадиган бирор сиёсий ва иқтисодий қараш мавжудми?! Бунинг жавоби албатта «йўқ» деган жавобдир. Агар Имрон Хонда биз айтган қараш бор бўлганда эди, ҳокимиятдалиги пайтда уни татбиқ қилган бўларди. Бироқ у ҳам ўзидан олдинги рувайбизалар ва мана шу тузумдан туғилажак келаси рувайбизалар каби абгор кимсадир.
Имрон Хоннинг ҳаракатлари режимнинг зарарига эмас, балки фойдасига хизмат қилмоқда. Чунки режим намойишчиларни саробни талаб қилишга ундаб, Умматни мана шу режимнинг йиқилиши ва харобалари узра Пайғамбарлик минҳожи асосидаги Халифаликнинг барпо этилишидан иборат ҳақиқий ўзгаришни талаб қилишдан узоқлаштирмоқда. Имрон Хон инфляция ва ишсизлик даражаси осмонга чиқиб кетган бир пайтда, бу намойишлари билан одамларни юртдаги бундай иқтисодий ва сиёсий бузуқ вазият учун режимдан ҳисоб талаб қилишдан адаштиряпти. Шу сабабдан бу кимсанинг қилаётган ва қилмоқчи бўлаётган ишлари коррупцион режимга хизмат қилиш ва унинг умрини узайтириш йўлидаги унинг сиёсий фаолиятининг давоми бўлиб, бу билан режимнинг айбларини беркитиб, муаммони ўзининг ҳақиқатидан бошқача қилиб кўрсатиб бермоқда. Имрон Хоннинг асл талаби ва уринишлари мана шу. Биз бу ишларни билмасдан қиляпти, демаймиз. Чунки Аллоҳ нозил қилган аҳкомлардан бошқа қонунлар билан – бир кун бўлса ҳам – ҳукм юритган ҳукмдор тўғрисида асло яхши гумон қилинмайди.
Шунинг учун ушбу намойишларда қатнашаётган ва мамлакатда сукут қилиб яшаётган сиз холис кишилар ҳақиқий ўзгаришни талаб қилмоғингиз лозим. Ҳеч кимга фойда келтирмайдиган арзимас-майда талабларингиз орқали ҳукуматнинг ёки мухолафатдаги бирор томоннинг ўз жиноятлари жавобгарлигини сизларнинг елкангизга юклаб қўйишига йўл қўйманг. Уларнинг ёққан олови учун ёқилғи бўлиб қолишдан сақланинг. Шунингдек, холис куч-қудрат эгалари ҳам армия қўмондонлигидаги мансаблар устида бир-бирлари билан курашаётган хоинлардан ўз сафларини тозаламоқлари ҳамда сиёсий ва ҳарбий муассасадаги раҳбарларни ағдариб, давлат ортидаги давлатни ҳам, Ғарбнинг юртларимиздаги нуфузини ҳам супуриб ташламоқлари ва албатта, азизлик ва зафар давлати бўлмиш Пайғамбарлик минҳожи асосидаги Халифалик давлатини барпо этиш учун Ҳизб ут-Таҳрирга нусрат-ёрдам қўлини чўзмоқлари даркор.
Устоз Билол Муҳожир
Роя газетасининг 2022 йил 1 июн чоршанба кунги 393-сонидан