ИИБ ёшларни телефонларда диний ваъзлар ва мақолалар чиқса жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирмоқда

ИИБ ёшларни телефонларда диний ваъзлар ва мақолалар чиқса жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирмоқда

Озодликка маълум бўлишича, кейинги кунларда Фарғона, Наманган ва Андижон вилоятларида “Диний мухитни соғломлаштириш” бўйича ИИБ, МФЙ ва мактаб ўқитувчилари иштирокида профилактик йиғилишлар ўтказилган. Йиғилишлардан бирида ëзиб олинган аудиофайл Озодликда мавжуд.

Бу аудиодан қўл телефонларида диний радикал ваъзларни эшитаëтган ëшлар ИИБ тарафидан профилактик назоратга олингани тушунилади.

28 минутлик аудиоëзувдаги овозлар ва айтилган гаплардан унинг Андижондаги мактаблардан бирида бўлаëтган мажлисда ëзилгани тушунилади. Мажлис олиб борувчисининг гапларидан у ерда ИИБ профилактика инспектори, Хотин-қизлар қўмитаси ва Ëшлар иттифоқи вакиллари қатнашаëтганини тахмин қилиш мумкин.

ИИБ профилактика инспектори сифатида сўз олган эркак киши "Ëшларнинг қўл телефонларида диний ваъзлар ва мақолалар чиқса жиноий жавобгарликка тортилиши" ҳақида ўқувчиларни огоҳлантиради.

Жиноят ишлари бўйича Андижон вилоят судида ишлайдиган, лавозимида матбуотга гапириш ҳуқуқи бўлмагани учун исми сир тутилишини сўраган мулозимга кўра, "икки йиллик танаффусдан кейин судлар яна диний айблов билан боғлиқ ишларни кўра бошлаган".

Мулозимга кўра, диний айбловлар билан суд қилинаëтганлар олдинги даврдаги каби узоқ муддатларга Озодликдан махрум қилинаëтгани йўқ.

"Жарима, маъмурий қамоқ каби чоралар кўрилмоқда. Яқинда Жиноят ишлари бўйича Андижон вилоят суди судьяси Носиржон Расулов раислигида бўлиб ўтган суд мажлисида «жиходчилар» террористик гуруҳига аъзо бўлган ака-укаларга жазо тайинланди. Ака Н.Э. 4 йил, укаси А.Э. га эса 2 йилу 5 ой жазо тайинланди" — деди суд мулозими.

Суҳбатдошга кўра, кейинги бир ой ичида Сурия ва Ироқ давлатларига кетиш режасини тузган ва “Ўзбекистон Исломий Ҳаракати”, “Исломий Жиҳод Иттиҳоди” ва ИШИД “халқаро террористик” ташкилотларининг жангарилари билан алоқа ўрнатган андижонликларнинг ўндан ортиғи устидан жиноят иши очилган.

Total Views: 2380 ,

Добавить комментарий