Халифалик – бу ечим
بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ
Халифалик – бу ечим
«Муслим Интерактив» жамоаси Гамбург шаҳрида жорий йил 27 апрелда намойиш уюштириб, «Kalifat ist die lösung» (Халифалик – бу ечим) деб ёзилган плакатларни кўтариб чиқди. Намойишда қилинган нутқларда мусулмон юртларидаги ижтимоий муаммоларнинг ечими сифатида Халифаликни барпо этишга даъват қилинди.
Намойиш ортидан Германия ички ишлар вазираси Нэнси Фезер немис оммавий ахборот воситаларига «Халифалик давлатида яшашни истаётган ва бу билан тош асрига қайтиб кетаётган кишилар Германия нуқтаи назарига қаршидирлар», дея интервью берди. У яна «Биз разведка кузатувидан тортиб кенг қамровли текширувларгача бўлган барча воситалардан фойдаланамиз», дея қўшимча қилди. Кейин қуйидагиларни таъкидлади: «Гамбургдаги намойишда Халифаликни орзу қилганлар, айни пайтда хавфсизлик ходимларининг кўз ўнгида эдилар». Кейин яна бундай деди: «Лекин бизнинг ҳуқуқий давлатимизда юқори қонуний талаблар бажарилмагунча, бундай гуруҳларни тақиқлай олмаймиз». Дарҳақиқат, расмийлар намойишга рухсат бериш учун икки жинс ўртасини ажратмаслик, Халифаликка чақирувчи шиорлар билан чиқмаслик, Халифалик байроғини кўтармаслик, яҳудий давлатини инкор этмаслик ёки антисемитизмга чақирувчи ҳайқириқлар қилмаслик каби қатъий шартларни қўйган. Бу ҳақда ички ишлар вазираси бундай деди: «Бу чекловлар намойиш пайтида яҳудийларга қарши ёки Германияда Халифаликни барпо этишга қаратилган провокациялар юз берган тақдирда дарҳол ва кескин аралашувга имкон беради».
Намойишчилар хоҳ исломий шиорларни кўтарсин, хоҳ яҳудийларнинг Ғазо ва Ғарбий Соҳилда содир этаётган жиноятларини ва яҳудий аскарларининг ҳеч кимнинг назоратисиз ва ҳеч қандай масъулиятсиз содир этаётган оммавий қирғинларини қораловчи бошқа шиорларни кўтариб чиқсин, булар сиёсий доиралар ва оммавий ахборот воситаларининг намойишчиларга қарши қилаётган биринчи ғаламисликлари эмас. Нимис режими ҳар доим сўз эркинлиги, намойиш эркинлиги ва фикр эркинлиги тамойилларига зид бўлган айни ҳужжат-баҳоналарни келтирмоқда. Чунки масала мабдага асосланган фикрий кураш ҳақида бўлганда буларнинг барчаси деворга улоқтирилмоқда. Шунинг учун сиёсатчилар, расмийлар ва уларга эргашувчи оммавий ахборот воситалари тезда антисемитизм айбловларини қўйишга киришиб, буни ўз мабдалари, нуфузлари ва манфаатларига таҳдид деб ҳисоблаган инсонларга, ёрқин фикр эгаларига, айниқса, Халифаликка даъват қилаётганларга ёпиштиришмоқда. Ҳатто экстремист экани исботланган бўлса ҳам, яҳудий вужудини ва яҳудий арбобларини шунчаки танқид қилиш ҳам антисемитизм ва яҳудийларга қарши гижгижлаш дея кўриляпти.
Дарҳақиқат, 2003 йилда Германия ҳукумати худди шу сабабларга кўра, Ҳизб ут-Таҳрир фаолиятини тақиқлаган эди. Бунинг учун эса, ўзларининг ҳақиқат овозини ўчириш ҳамда бузуқ назария ва патологик турмуш тарзининг нотўғрилигини фош қиладиган фикрга қарши курашиш истакларига мос келадиган махсус қонун қабул қилишди. Истак ва манфаатларга кўра тартибга солинган ва бугун анави вазира айтаётган қонун ва конституция мана шудир. Кейин яна буни ҳуқуқий давлат дейишади.
Ҳолбуки, бундай тақиқлов бутун тарих бўйича ва дунёнинг бутун минтақасида даъватни етказаётган инсонлар учун янгилик эмас. Бунинг далиллари пайғамбарларнинг сийратлари бўлиб, бу ҳақда Аллоҳнинг китобида оятлар нозил бўлган. Бу оятлар даъват эгаларига ҳақиқат ҳар доим манфаат ва нуфуз соҳибларининг ҳужумига учраганлиги ҳақида хабар беради. Зеро, Фиръавн, Намруд, Абу Лаҳаб ва Абу Жаҳллар ҳамиша ёдимизда.
Аллоҳ Азза ва Жалла Фиръавн ҳақида бундай дейди:
﴿فَأَرْسَلَ فِرْعَوْنُ فِي الْمَدَائِنِ حَاشِرِينَ * إِنَّ هَؤُلاءِ لَشِرْذِمَةٌ قَلِيلُونَ * وَإِنَّهُمْ لَنَا لَغَائِظُونَ * وَإِنَّا لَجَمِيعٌ حَاذِرُونَ﴾
«Бас, Фиръавн барча шаҳарларга (аскар) йиғувчиларни жўнатди (ва деди): «Аниқки улар бир ҳовуч ялангоёқлардир. Дарҳақиқат улар бизни ғазаблантирдилар. Шубҳасиз биз эҳтиёт чораларини кўриб тургувчи қавмдирмиз» [Шуаро 53-56]
Даъват эгаларини таъқибга олишни оқлаш учун уларга нисбатан сохта айбловларни қўйиб, терроризм ва экстремизмда айблаш золим ҳумдорларнинг одатидир. Бироқ бу нарсалар то Аллоҳнинг нусрати келгунга қадар даъват эгаларини ўз даъватларини давом эттиришларига тўсқинлик қилмаган.
Исломга динни ҳаётдан ажратувчи ибодат ва маросимлар сифатида эмас, балки мабда, турмуш тарзи ва сиёсий мафкура сифатида даъват қилаётган ёрқин фикрли инсонларнинг ҳолати мана шу. Улар ўзларининг мана шу ёрқин фикрлари ёрдамида Ғарб фикрлари ва тамойилларига қарши курашмоқдалар. Айни шу нарса сабабли, Ғарб ва унинг исломий юртлардаги думлари Ислом олиб келган очиқ ҳақиқатга қарши тура олмайдиган тамойилларининг нуқсонлари ва ғояларининг мўртлиги фош бўлиб қолмаслиги учун Ҳизбни тақиқлашга ва даъват эгаларини қувғин қилишга шошилдилар.
Дарҳақиқат, Аллоҳ Азза ва Жалла бу курашни сифатлаб, бундай дейди:
﴿بَلْ نَقْذِفُ بِالْحَقِّ عَلَى الْبَاطِلِ فَيَدْمَغُهُ فَإِذَا هُوَ زَاهِقٌ ۚ وَلَكُمُ الْوَيْلُ مِمَّا تَصِفُونَ﴾
«Йўқ, (Биз ундай айбу нуқсондан покдирмиз), Биз Ҳақ Қуръонни ботил-жаҳолатнинг устига отурмиз, бас (ҳақиқат ботилни) эзиб-янчиб, баногоҳ (ботил) йўқ бўлур. Сизлар учун эса (мушриклар, Аллоҳни «хотин, боласи бор», деб нолойиқ сифатлар билан) сифатлаганларингиз сабабли ҳалокат бўлур» [Анбиё 18]
Золимларнинг ўз залолатларида давом этишига, қолаверса, конституция ва қонунларини ҳам бузишларига сабаб бўлган нарса шуки, улар «Халифалик – бу ечим» деган даъват фақатгина Фаластин муаммосини ва мусулмон юртларидаги зулм муаммосини ҳал этишни англатмаслигини, аксинча, бутун инсоният муаммоларини ҳал этиш учун бўлган глобал ечим эканини тушуниб туришибди. Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таоло айтади:
﴿هُوَ الَّذِي أَرْسَلَ رَسُولَهُ بِالْهُدَى وَدِينِ الْحَقِّ لِيُظْهِرَهُ عَلَى الدِّينِ كُلِّهِ وَلَوْ كَرِهَ الْمُشْرِكُونَ﴾
«У (Аллоҳ) Ўз Росулини ҳидоят ва ҳақ дин билан – гарчи мушриклар истамасалар-да — барча динларга ғолиб қилиш учун юборган зотдир» [Саф 9]
Уларни қилич яланғочлаб, Халифалик даъватчиларига қарши аскарларини йўналтиришга мажбур қилаётган нарса ушбу даъватнинг дунё миқёсида ёйилганига, халқларнинг рошид Халифалик орқали исломий бошқарувни қайтаришни талаб қилаётганига, энди уларга чириган секуляризм-илмонийлик ёки бузуқ демократия билан ёмонотлиқ қилиш уринишлари ўтмай қолганига гувоҳ бўлаётганликларидир.
Хуллас калом, бугунги кунда Ислом Уммати чорраҳада турибди. Зеро, унга юз йил муқаддам давлати ағдарилганидан бери дуч келаётган зулм ошкор бўлиб, ўзининг заифлиги сабабларини англаб етди. Халқларнинг унга қарши ёпирилиб келаётганига гувоҳ бўлиб, ҳукмдорларнинг кофирлар билан тил бириктираётганини ҳис қила бошлади. Уммат бугун ҳақни қўллаб-қувватлашга чақириб, ўз ҳокимиятини қайта тиклашни талаб қилмоқда. Бу эса рошид халифага байъат бериб, Аллоҳ Субҳанаҳунинг Китоби ва Росули Aнинг суннатларига қайтиш билангина бўлади. Шу билан улар Аллоҳ Субҳанаҳунинг нусратига лойиқ бўладилар:
﴿يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِن تَنصُرُوا اللهَ يَنصُرْكُمْ وَيُثَبِّتْ أَقْدَامَكُمْ﴾
«Эй мўминлар, агар Аллоҳга ёрдам берсаниз, Аллоҳ ҳам сизларга нусрат-ёрдам берур» [Муҳаммад 7]
Юсуф Салома
Роя газетасининг 2024 йил 15 май чоршанба кунги 495-сонидан