Германия ҳукумати Путиннинг сафарбарлик ҳақидаги қарорини кескин танқид қилди

Германия ҳукумати Путиннинг сафарбарлик ҳақидаги қарорини кескин танқид қилди

Германияда Путиннинг қисман сафарбарлик эълон қилиш қарори кескин танқид қилинди. Бу Москвада умидсизлик ҳукм сураётгани ва Путин ниҳоят ниқобини ечганидан далолат беради, дея ҳисоблайди Берлин.

Германия ҳукумати Россияда Украинага қарши урушга қисман сафарбарлик эълон қилган Владимир Путиннинг қарорини кескин танқид қилди. Германия канцлери Олаф Шольц бунга Россия армиясининг Украинадаги муваффақиятсизлиги сабаб бўлганига ишоняпти. Шольц Путиннинг баёнотларини эътиборга олди, деди 21 сентябр, чоршанба куни Берлинда Германия ҳукумати расмий вакили. 

Унинг эслатишича, Путин қўшинларни қайта йиғиб, Киев ҳудудини тарк этди, бироқ Кремл Украина шарқида кўзланган муваффақиятга эриша олмади. «Бу Украина ўз ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини жуда самарали ҳимоя қилаётганининг яққол белгисидир, бу нафақат дунёнинг кўплаб мамлакатлари, хусусан, Германиянинг кенг кўламли ва жиддий қўллаб-қувватлаши туфайли юз берди», дейилади баёнотда. 

Сафарбарлик тўғрисидаги қарор «халқаро қонунларга зид равишда Украинага қарши ҳарбий тажовузни янада кучайтиришга қаратилган қадамдир», деди Германия вице-канцлери Роберт Ҳабек. Унинг фикрича, бу — Кремлнинг «даҳшатли ва нотўғри қадами». Ҳабек таъкидлашича, Берлин «албатта, Украинани тўлиқ қўллаб-қувватлашда давом этади». 

ГСДП ҳукмрон коалицияси таркибига кирувчи Бундестаг депутатлари Россияда қисман сафарбарлик эълон қилинишини Россия раҳбариятининг «ожизлиги белгиси» сифатида баҳолади. «Аммо бу — янги эскалация», деди социал-демократлар фракцияси парламент котиби Катя Маст. Унинг сўзларига кўра, Путин қарори унинг агрессияни давом эттиришга тайёр эканидан далолатдир, шунинг учун ўзини Россия босқинидан ҳимоя қилаётган Украинани қўллаб-қувватлашда давом этиш зарур. 

Бошқа бир ҳукмрон партия – Озод демократик партия (ОДП) вакили Путиннинг бу қарорини умидсизлик ишораси деб билди. Бу Россиянинг катта ҳарбий йўқотишларидан далолат беради, деди ОДП фракцияси вакили Улрих Лехте. «Аста-секин умидсизлик Владимир Путин ва Мудофаа вазирлигини эгаллаб оляпти», деди у dpa’га. Сиёсатчи эскалация янада кучайиши мумкинлигини истисно этмади ва Германия «Украина томонида қатъий туриш»да давом этишини таъкидлади. 

Энг йирик мухолифат фракцияси – ХДС/ХСС раиси ўринбосари Йоҳанн Ваденфулнинг сўзларига кўра, Путин энди ниқобни бутунлай ечиб ташлади. «Украина ўз мамлакатини муваффақиятли ҳимоя қилиш ва Россия томонидан босиб олинган ҳудудларни озод қилиш имкониятига эга», деди у. Шу билан бирга, консерватор жаҳон ҳамжамияти янада жиддий ёрдам кўрсатиши ва Украинага оғир қуроллар етказиб бериши зарурлигини таъкидлади. Консерватив фракциянинг яна бир сиёсатчиси Норберт Рёттгеннинг айтишича, Россияда эълон қилинган сафарбарлик Россия президенти заифлигини кўрсатади. «Путин босим остида. У куч кўринишини сақлаб қолиш учун нимадир эълон қилиши керак эди», — деди у. 

Total Views: 46 ,

Добавить комментарий

Россия президенти Путин Россияда қисман сафарбарлик эълон қилди

Россия президенти Путин Россияда қисман сафарбарлик эълон қилди Россия президенти...

Закрыть