Германия Киевга яна 400 млн евролик ҳарбий ёрдам беришини эълон қилди
Германия Киевга яна 400 млн евролик ҳарбий ёрдам беришини эълон қилди
Германия ҳукумати Украинага 400 миллион евро миқдорида навбатдаги ҳарбий ёрдам пакетини тайёрлади. Бу ҳақда Германия мудофаа вазири Борис Писториус 18 сентябр, душанба куни чоп этилган Германиянинг Bild газетасига берган интервьюсида маълум қилди.
Писториуснинг сўзларига кўра, янги пакетга портловчи ва миномёт ўқ-дорилари, шунингдек, реактив снарядлар киради. «Чунки ўқ-дорилар — шафқатсиз босқинчилик урушига қарши мудофаа курашида Украинага энг зарур нарса», деб таъкидлади у. Бундан ташқари, Украина қишда зарур бўладиган зирҳли техникалар, миналардан тозалаш тизимлари, шунингдек, иссиқ кийим-кечак ва генераторлар олади, дея қўшимча қилди вазир.
Шу билан бирга, Писториус Германия Украинага парвоз масофаси 500 кмгача бўлган Taurus қанотли ракеталарини жўнатадими, деган саволга жавоб беришдан бош тортди. Германия Мудофаа вазирлиги раҳбарининг таъкидлашича, федерал ҳукумат ҳали ҳам бу масала устида ўйланмоқда ва кўп жиҳатларга аниқлик киритиш зарур.
Германия ҳукумати маълумотларига кўра, жорий йилда Германиянинг Украинага ҳарбий ёрдами ҳажми 5,4 миллиард еврони ташкил қилади. 2022 йилда бу кўрсаткич 2 миллиард еврони ташкил қилган.