Францияда пенсия ислоҳотлари туфайли норозилик намойишлари бошланди

Францияда пенсия ислоҳотлари туфайли норозилик намойишлари бошланди

Ўқитувчилар, жамоат транспорти ҳайдовчилари, суд ходимлари, тиббиётчилар, авиадиспетчерлар ва бошқа кўплаб соҳалар вакиллари кўчаларга чиқишган. Полициячилар орасида ҳам намойишларга қўшилганлар бор.

Кўплаб мактабларда ўқиш тўхтаб қолган, жамоат транспортида узилишлар юзага келган, кўплаб шифохоналарда жуда кам сондаги ходимлар хизмат кўрсатмоқда.

Сўнгги вақтлардаги энг йириги деб ҳисобланаётган бу намойиш Макроннинг универсал пенсия тизими бўйича таклифига қўшилмаган касаба-уюшмалари билан келишилган ҳолда ташкиллаштирилган.

«Биз иқтисодиётни тўхтатиб қўйишимиз керак. Одамлар жангга отланди», дея сўл кучларнинг Force Ouvriere касаба-уюшмаси етакчиларидан бири Кристиана Грольенинг сўзларини келтирмоқда Рейтерс агентлиги.

Ҳукумат норозилик акциялари ўтказилишидан аввалдан хабардор эди ва транспорт коллапси юзага келиши ва иқтисодиётга жиддий зарар бўлмаслиги учун маълум тайёргарлик ишларини амалга оширди.

Иш ташлашлар давом этиши кутилмоқда, айрим касаба-уюшмалари раҳбарлари Макрон ўз режасидан воз кечмагунча намойишлар давом этишини маълум қилган.

Францияда ўнлаб турли пенсия дастурлари мавжуд. Макрон бу тизим мураккаб ва қимматга тушади деб ҳисобламоқда. У пенсия ҳисоблашнинг ягона механизмини йўлга қўйишни истамоқда.

Президентнинг режаси ҳар бир ишланган кун учун балл қўйиб бориш тизимини назарда тутади. Унга кўра, келгусида пенсия ҳажми тўпланган балларга асосланади.

Янги тизимда кўплаб касблар вакиллари, жумладан, денгизчилар, ҳуқуқшунослар ва ҳатто артистлар пенсия имтиёзларидан маҳрум бўлишади.

Францияда пенсия ёши сўнгги 10 йилда 60 ёшдан 62 ёшга кўтарилди. Лекин шунда ҳам бу тараққий этган давлатлардаги энг паст кўрсаткичлардан биридир. Масалан, Британияда одамлар 66 ёшдан пенсияга чиқишади.

Макрон томонидан таклиф қилинган ислоҳот пенсия ёшини яна оширишга олиб келади, чунки таклиф қилинаётган тартибга кўра 62 ёшда нафақага чиқиш пенсионер ёшидаги фуқаро учун фойдасиз бўлиб қолади. Тўлиқ ҳажмда пенсия олиш учун французлар 64 ёшгача ишлашларига тўғри келади.

1995 йилда ўтказилган иш ташлашлар ҳам пенсия ислоҳотлари туфайли бошланган ва ўшанда уч кун давомида транспорт тизимида коллапс юзага келганди. Ўша намойишлар аҳолининг катта қисми томонидан қўллаб-қувватланган, якунда ҳукумат ортга чекинишга мажбур бўлганди.

Total Views: 163 ,

Добавить комментарий

АҚШ бошқа мамлакатларни Huawei ва ZTE компаниясидан қурилмалар сотиб олмасликка чақирмоқда

АҚШ бошқа мамлакатларни Huawei ва ZTE компаниясидан қурилмалар сотиб олмасликка...

Закрыть