Эрдоган Америкага малай, Ислом ва мусулмонларга хоин ҳамда биринчи даражадаги илмонийдир

Эрдоган Америкага малай, Ислом ва мусулмонларга хоин ҳамда биринчи даражадаги илмонийдир

Аллоҳ Таоло Ислом Умматини ҳар қандай неъматдан юксак бўлган Ислом неъмати билан сийлади. Чунки Ислом тақводорларга тайёрлаб қўйилган ва кенглиги еру осмонларча келадиган жаннатга элтувчи йўлни ёритиб берадиган нур ва ҳидоятдир. Шунингдек, у тўғри минҳож ва йўл бўлиб, барча ҳаёт муаммоларини тубдан муолажа қиладиган тўғри низомдир.

Дарҳақиқат Аллоҳ Таоло ҳалолни баён қилиб, унга риоя қилишга, ҳаромни баён қилиб, ундан сақланишга бурди. Ҳалол ва ҳаромни амалларнинг ўлчови қилиб белгилади. Ҳалолга амал қилинади, ҳаром эса, тарк этилади. Нарсалар, сўзлар ва амаллар ҳукмини ҳам мана шу ўлчовга асослади.

Шунинг учун шахсларга нисбатан уларнинг сўзлари ва амалларига қараб ҳукм чиқарилади. Бошқача айтганда, ўз сўзлари ва амалларини Исломдаги амаллар ўлчови (ҳалол ва ҳаром)га кўра юргизяптими, ёки капиталистик манфаат каби бошқа ўлчовга кўра юргизяптими, шунга қараб ҳукм чиқарилади. Дарҳақиқат, Аллоҳ Таоло мусулмонларга барча шаръий ҳукмларга чин кўнгилдан, бирор чеклов ва шартсиз бўйсунишни вожиб қилди. Аллоҳ Таоло айтади:

﴿فَلَا وَرَبِّكَ لَا يُؤۡمِنُونَ حَتَّىٰ يُحَكِّمُوكَ فِيمَا شَجَرَ بَيۡنَهُمۡ ثُمَّ لَا يَجِدُواْ فِيٓ أَنفُسِهِمۡ حَرَجٗا مِّمَّا قَضَيۡتَ وَيُسَلِّمُواْ تَسۡلِيمٗا﴾

«Йўқ, Парвардигорингизга қасамки, то улар ўз ўрталарида чиққан келишмовчиликларда сизни ҳакам қилмагунларича ва кейин сиз чиқарган ҳукмдан дилларида ҳеч қандай танглик топмай, тўла таслим бўлмагунларича-бўйсунмагунларича зинҳор мўмин бўла олмайдилар» [Нисо 65]

Шариатга эргашиш барча шаръий ҳукмларга бўйсуниш демакдир. Хоҳишга қараб уларни айримларини олиб, айримларини тарк этиш жоиз эмас. Аллоҳ Таоло айтади:

﴿أَفَتُؤۡمِنُونَ بِبَعۡضِ ٱلۡكِتَٰبِ وَتَكۡفُرُونَ بِبَعۡضٖۚ فَمَا جَزَآءُ مَن يَفۡعَلُ ذَٰلِكَ مِنكُمۡ إِلَّا خِزۡيٞ فِي ٱلۡحَيَوٰةِ ٱلدُّنۡيَاۖ وَيَوۡمَ ٱلۡقِيَٰمَةِ يُرَدُّونَ إِلَىٰٓ أَشَدِّ ٱلۡعَذَابِۗ وَمَا ٱللَّهُ بِغَٰفِلٍ عَمَّا تَعۡمَلُونَ﴾

«Ё китобнинг бир қисмига ишониб, бир қисмини инкор қиласизми? Ораларингдан ким бу ишни қилса, унинг жазоси бу дунёда расво бўлиш, қиёмат кунида эса қаттиқ азобга дучор қилинадилар. Аллоҳ қилаётган ишларингдан ғофил эмасдир» [Бақара 85]

Шунингдек, Аллоҳ Таоло мусулмоннинг амали шаръий далилдан олинган тўғри сўзига зид бўлишини ҳаром қилди. Масалан мусулмонларнинг ҳукмдорларидан бири Фаластинни озод қилиш вожибдир, дейди. Бу тўғри, лекин уни озод қилиш учун қўшинни ҳаракатга келтирмайди. Аллоҳ Таоло айтади:

﴿يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ لِمَ تَقُولُونَ مَا لَا تَفۡعَلُونَ + كَبُرَ مَقۡتًا عِندَ ٱللَّهِ أَن تَقُولُواْ مَا لَا تَفۡعَلُونَ﴾

«Эй мўминлар, сизлар нега ўзларингиз қилмайдиган нарсани (қиламиз деб) айтурсизлар?! Сизларнинг ўзларингиз қилмайдиган ишни (қиламиз, деб) айтишларингиз Аллоҳ наздида ўта манфур (ишдир)»  [Соф 2-3]

Ғарб бут санамлар саноатини пухта ўрганди ва ҳар бир босқич учун ўз санамини тайин қилди. Уммат фикран тубанлашиб, миллатчиликка ғарқ бўлгач, унга Абдунносир номли санамни тиклаб берди. Натижада у миллат қаҳрамони ва арабларнинг ибодат қилинадиган санамига айланди. Сўнгра Исломий Умматнинг фикрлаши юксалиб, унинг фарзандлари орасидан уларга Аллоҳ рози бўладиган тўғри йўлни ва олдин бўлганидек, Пайғамбарлик минҳожи асосидаги Халифалик соясида одамлар учун чиқарилган энг яхши Уммат бўлиш йўлини баён қилиб берадиган кишилар етишиб чиқди. Шунда Ғарб Умматнинг фикрлаш даражаси етиб келган вазиятга мос бошқа санамни, яъни Эрдоганни тайин қилди. Ғарб уни камолчилар илмонийлигидан фарқ қиладиган жозибадор илмонийлик билан қуроллантирди. Чунки камолчилар илмонийлиги Исломга очиқча душман бўлиб, ҳаётнинг барча соҳалари, ҳатто шахсий соҳада ҳам диний кўринишларни инкор қилади. Камолизм дин ҳақидаги кўз қарашида социализмнинг синоними бўлиб, қонунлар ва қонунчиликда унга зиддир. Аммо Эрдоганнинг илмонийлиги шахсий соҳада динни эътироф этади. Шундай экан, шахсни намоз ўқиши, рўза тутиши, қуръон тиловат қилиши ва уни бошқаларга ўргатишига қаршилик қилмайди. Шунинг учун кўрамизки, Эрдоган мусулмон шахс сифатида айрим ибодатларни адо этади. Масалан, ўз тарафдорларининг ҳис-туйғуларини қитиқлаш ва халқ орасида ўз обрўсини кўтариш учун масжидларда мусулмонлар билан бирга намоз ўқийди, Қуръон тиловат қилади, аёли ҳижобда юради, шунингдек, яҳудийларнинг Фаластиндаги қирғини сабабли уларга ғазабини кўрсатади. Лекин у модомики яҳудийларга қарши жанг қилиш учун бирорта ҳам қўшинини ҳаракатга келтирмаётган экан, ҳамда тижорий, ҳарбий ва хавфсизлик соҳаларида яҳудийлар билан келишувларни бекор қилмаётган экан, унинг илмонийлигида бу каби ғазабланиш жоиздир. Аммо давлат ва жамиятдаги ҳаёт қонунларига келсак, Эрдоган буларда барча диний кўринишларни инкор қилади. Уларнинг бирортасида ҳам шаръий ҳукмга рухсат бермайди ва бу борада у камолчилар билан бир хилдир. Илмонийлик динни давлатдан ажратиш демакдир. Бошқача айтганда, одамлар ҳаётида давлат қўллаётган барча қонунлар Аллоҳ Таоло нозил қилмаган ва одамлар томонидан ишлаб чиқарилган қонунлардир. Яъни улар Исломга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган куфр қонунларидир. Эрдоганнинг тарафдорлари уни исломий раҳбар деб, унинг партияси ва давлатини эса исломий деб, унга ортиқча баҳо беришмоқда. Биз қуйидаги сатрларда Эрдоганни Туркиядаги биринчи даражадаги илмоний экани, илмонийлик билан ҳукм юритиши, Исломга қарши курашиши, Афғонистон, Шом, Ливия ва бошқа исломий юртларда кофирлар билан бирга мусулмонларни ўлдираётганини баён қиламиз.

Эрдоганнинг (сиёсий саҳнада) пайдо бўлиши

Ражаб Тоййиб Эрдоган 1954 йили Истанбул шаҳрининг Қосим пошо маҳалласида туғилган. У диний имом-хатиблар тайёрлайдиган мактабни битирган ва Нажмиддин Эрбаканни ўзига устоз деб билади. Истанбул шаҳри ҳукмдори бўлиб тайин қилингунича бир қанча лавозимларда ишлаган. Туркияда Халифалик қулатилганидан буён то Нажмиддин Эрбакан бош вазир бўлиб тайин қилингунича Туркияни камолчилар бошқариб келарди. Лекин Нажмиддин Эрбаканнинг бошқаруви узоқ давом этмади. У бош вазирлик мансабига ўтирганидан ҳеч қанча вақт ўтмай, камолчилар қўлидаги армия инқилоб уюштирди. Камолчиларнинг асосий қўллаб-қувватловчиси Британия эди. Эрдоган ва ундан олдин Турғут Ўзал Америка ёрдамида бош вазирликка эришгач, Америка Туркияда портлаш ва тартибсизликлар уюштиришга муваффақ бўлди. Армия эса ҳали ҳам камолчилар қўлида эди. Америка уларни аввал Ўзалнинг, кейин эса Эрдоганнинг қўлидаги ҳалокатли қуролга эга аксилтеррор бўлинмаларни қабул қилишга мажбур қилди. Улар буни мажбуран қабул қилишди. Бу Эрдоган таянган биринчи қадам бўлиб, кетма-кет портлашлар амалга оширилгани сари Америка бу кучни катталаштираверди. Ҳеч қанча вақт ўтмасдан Эрдоган қўлидаги хавфсизлик кучлари армия устидан назорат ўрнатиб, Эрбакан ва бошқалар даврида бўлганидек ҳукмдориятга қарши инқилобларни амалга ошира олмайдиган қилиб қўйди. Сўнгра Эрдоган Туркия армияси олий ҳарбий кенгаши қонунига кўра, юқори мартабали камолчи зобитларни нафақага чиқара бошлади. Уларнинг ўрнига эса ўзига содиқ кишиларни ёки унга нисбатан бироз меҳр-муҳаббат туйғуларини ҳис қилган камолчиларни тайин қилди. Маълумки, Британия ҳамда унинг ҳар қандай юртдаги малайлари Америка ва унинг малайларига ошкора қарши чиқа олмайдилар, балки яширин иш олиб борадилар. 2016 йил, яъни Туркия олий ҳарбий кенгашининг нафақага чиқаришга қарши йиғилишидан бир ой олдин кекса камолчи зобитлар амалга оширган инқилобнинг муваффақиятсизликка учраши сабаби ҳам айнан шу эди. Улар нафақа масаласини Америка ва унинг малайи томонидан ўзларига қарши қонуний йўл билан амалга ошириладиган катта зарба деб ҳисоблашган эди. Натижада мазкур муваффақиятсиз инқилобни амалга оширишди. Бироқ уларнинг бу ишлари ўзларининг зиёнига бўлди. Эрдоган бу ишдан уларни таъқиб қилиш ва армияни уларга ўхшаганлардан тозалашда фойдаланди.

«Эрдоганнинг исломий Туркияси» ва «Исломий Адолат ва Тараққиёт партияси», деган чўпчак

Туркияда одамларнинг Исломга очиқчасига қарши бўлган камолчилар ва илмонийлардан нафратланишини ҳамда исломий уйғонишнинг кундан-кунга юксалиб бораётганини кўрган Америка, ўзи исломий юртларда қўллаётган «жиловлаш» сиёсатига кўра, Эрдоганга Ислом либосини кийишини ва ҳукуматни эгаллар экан, айрим исломий туйғуларни намоён этишни буюрди. Эрдоган атрофида одамларнинг жипслашишида бунинг таъсири катта бўлди. Одамлар буни илмонийлик ва камолчилар устидан ғалаба деб ҳисоблашди. Ҳатто айримлар Эрдоганни султон Абдулҳамид деб сифатлади. Айрим кишилар эса уни Халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу йўлидан кетаётган киши деб тасвирлади.

Эрдоган 1994 йили илмоний камолчиларга қарши бундай деган эди: «Туркия низоми асосланган илмоний ақидага барҳам берилиши лозим. Чунки Ислом ва илмонийлик бирга яшай олмайди». Эрдоган бу гапини агар Туркия барча фуқароларини мусулмонлиги билан тан оладиган исломий тузумни қабул қилганда эди, юрт жануби шарқидаги курд муаммосига дуч келмаган бўларди, деб ҳисоблагани учун айтди. Шунингдек, Туркия камолчилар конституциясини танқид қилар экан, «У пиёнисталар томонидан ёзилган» деди. Лекин ҳеч қанча вақт ўтмай, у ўзининг ҳақиқий илмонийлигини кўрсатди. Чунки у ёлғондан кийиб олган исломий либосини ечиб очиқ тарзда: «Илмонийлик демократия кафолатидир», деди. Гўё демократия асос ва тафсилотларида Исломга зид бўлмаган минҳож эмиш. Ҳолбуки, демократия қонун ишлаб чиқариш ҳуқуқини инсонга беради. Аллоҳ Таоло айтади:

﴿أَلَا لَهُ ٱلۡخَلۡقُ وَٱلۡأَمۡرُۗ﴾

«Огоҳ бўлингизким, яратиш ва буюриш фақат Уникидир» [Аъроф 54]

Оятдаги «буюриш» қонун чиқариш маъносидадир. Демак қонун чиқарувчи ёлғиз Аллоҳ бўлиб, инсонлар у зотнинг қулидир ва ўз ишларини ўша зотнинг шариатига кўра юргизишлари лозим. Эрдоган шунингдек, ўзининг илмонийлигини тарғиб қилишда чалғитишга таянди ва уни нотўғри талқин қилди. Аввалига уни Исломга зид, иккиси ёнма-ён яшаши мумкин эмас, деб талқин қилган бўлса, кейинроқ уни динга зид эмас, деб таъкидлади. Бу икки фикр бир-бирига зид бўлиб, биринчиси Ислом етакчисини гавдалантирадиган хаёлий қаҳрамонни ифодалайди. Иккинчиси эса, Эрдоганнинг ҳақиқий башарасини очиб беради ҳамда ёлғон ва ҳийла найранглари орқали илмонийликни тарғиб қилаётган илмоний эканини кўрсатади. Чунки у ҳеч қанча вақт ўтмай, ўз партиясининг исломийлигини ҳам инкор қилиб: «Баъзилар бизни исломий партия деб, номлаётган ва баъзилар мўътадил Ислом деб ўйлашаётган экан, лекин биз на исломий ва на мўътадил исломий партиямиз. Биз диний партия эмас, аксинча демократияни ҳимоя қилувчи партиямиз, одамлар буни яхши билиб олишлари лозим», деди. Лекин ажабланарли жойи шундаки, унинг тарафдорлари ҳамон уни исломий раҳбар деб, Адолат ва Тараққиёт партиясини эса исломий партия деб санашмоқда. Эрдоган Туркиясини эса, Исломий давлат, деб ҳисоблашмоқда.

Эрдоган тарафдорлари ва ёлғон гувоҳлик

Эрдоганнинг аксар тарафдорлари уни исломий раҳбар, Туркияни эса, исломий давлат ҳамда Адолат ва Тараққиёт партиясини исломий партия деб ҳисоблашади. Бу мусулмонларни адаштиришдир, токи улар ҳақиқий исломий лойиҳа, яъни Халифаликни ҳамда уни тиклаш учун фаолият олиб бораётган Ҳизб ут-Таҳрирни билмасин. Бу яна ёлғон гувоҳлик бўлиб, Ислом бундай гувоҳликни ҳаром қилган. Аллоҳ Таоло айтади:

﴿وَٱجۡتَنِبُواْ قَوۡلَ ٱلزُّورِ﴾

«… Ва ёлғон сўздан йироқ бўлингиз!» [Ҳаж 30]

﴿مَّا يَلۡفِظُ مِن قَوۡلٍ إِلَّا لَدَيۡهِ رَقِيبٌ عَتِيدٞ﴾

«У бирон сўз талаффуз қилмас, магар (талаффуз қилса) унинг олдида ҳозиру-нозир бўлган бир кузатгувчи (фаришта у сўзни ёзиб олур)»   [Қоф 18]

﴿وَٱلَّذِينَ لَا يَشۡهَدُونَ ٱلزُّورَ وَإِذَا مَرُّواْ بِٱللَّغۡوِ مَرُّواْ كِرَامٗا﴾

«Улар (яъни Раҳмоннинг суюкли бандалари) ёлғон гувоҳлик бермаслар ва лағв (беҳуда сўз ё амал) олдидан ўтган вақтларида, олийжаноблик билан (яъни ундан юз ўгирган ҳолларида) ўтурлар» [Фурқон 72]

Эрдоган биринчи даражали илмонийдир

Эрдоган нафақат илмоний, балки у Туркиядаги биринчи даражали илмоний бўлган илмонийлик намунасидир. Биз қуйироқда огоҳ қалб эгаси бўлган ёки сидқидилдан қулоқ тутган киши учун бунга қатъий далилларни келтирамиз.

Эрдоганнинг илмонийлик билан фахрланиши ҳамда ўз партияси ва давлатини исломийлигини рад этиши:

Эрдоган ўзининг илмонийлиги ҳамда Адолат ва Тараққиёт партиясининг Туркияда илмонийликни ҳимоя қилиши билан фахрланади. У ўзининг кўплаган баёнотларида ўзи ҳамда партияси ва давлати илмоний эканини муҳокамага ўрин қолдирмайдиган даражада қатъий шаклда тасдиқлаган. Масалан, 2009 йил 12 декабрда Ливаннинг Сафир газетаси унинг интервьюсига асосланиб шундай ёзади: «Адолат ва Тараққиёт партияси исломий партия эмас. У ўз ҳукуматининг ташқи сиёсатини янги Усмоний сиёсат дейишдан бош тортади. Шунингдек, Ғазога ҳамдардлигини исломий деб ҳисоблашни ҳам рад этади». Эрдоган ўзининг ушбу баёнотида Адолат ва Тараққиёт партиясини исломий, деб ҳисоблашларидан бош тортди. У илмонийликни мақтар экан, бундай дейди: «Илмонийлик демократиянинг кафолатидир». Маълумки, демократия куфр низоми бўлиб, уни қабул қилиш, татбиқ этиш ва унга чақириш ҳаромдир. Чунки у ўзи суянадиган асосида ҳамда келтирган низом ва қонунларида Исломга зиддир.

Эрдоган Туркиядаги мусулмонларни илмонийлик асосида бошқаради

Албатта Туркия давлати Халифалик қулатилганидан бугунги кунгача, яъни юз йилдан бери илмонийлик асосида ҳукм юритиб келмоқда. Унинг конституцияси илмоний бўлиб, Исломга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Барча муассасалари ўз ишларини одамлар томонидан чиқарилган қонунлар орқали юргизади ва бу қонунлар мутлақо исломий эмас. Туркия Сайкс-Пико шартномасида кўрсатилган мустамлакачилик чегараларини ҳимоя қиладиган давлатдир. Демак у Исломий давлат эмас. Чунки Исломий давлат барча мусулмонлар учун ягона давлат бўлиб, унинг вилоятлари орасида ҳеч қандай чегара бўлмайди. Кофирлар билан бўлган чегараси ҳам барқарор бўлмайди. Чунки у доим жиҳод ва кенгайиш ҳолатида туради. Унинг асосий иши Исломни даъват ва жиҳод орқали оламга етказишдир. Исломий давлатнинг энг кўзга кўринган сифатларидан бири у мусулмонларни одамлар томонидан ишлаб чиқилган қонунлар билан эмас, аксинча, исломий шариат ҳукмлари билан бошқаради. Унинг бошқарув низоми илмоний республика ёки қироллик низоми эмас, балки Халифалик низомидир. Усмоний Халифалик Эрдоганнинг илмоний давлати каби фақат туркларнинг эмас, балки барча мусулмонларнинг давлати бўлган эди. Миср, Шом, Ироқ, Ҳижоз, Яман ва бошқа юртлар исломий Халифаликнинг вилоятлари бўлиб, уларнинг ўртасини ҳеч қандай чегара ажратган эмас. Эрдоган эса, Туркиянинг илмонийлигини тасдиқлаётганини ва уни исломий, деб ҳисоблашларидан бош тортаётганини кўриб турибмиз. У ўз давлатини қатъий шаклда илмонийлигини тасдиқлаш учун фақатгина янги Усмоний давлат деб номланишини рад этмоқда. Эрдоган бу билан Усмоний давлатга ўхшаш ёки унинг давомчиси бўлишни рад этмоқда.

Эрдоганнинг Туркия ташқарисидаги илмонийликка хизмат қилиши

Илмонийликка ишонадиган ва Туркияни ўша илмонийлик асосида бошқараётган Эрдоган ташқарига илмонийликни тарғиб қилиш, уни ҳимоя қилиш ва унинг йўлида қурбонлар бериш учун ҳаракат қилади. У араб баҳори қўзғолонларидан кейин Миср, Тунис ва Ливия каби давлатларнинг янги ҳукмдорларини илмоний Туркия андозасига юришларига ундади.

Аммо Туркия ташқарисидаги илмонийликни ҳимоя қилиши масаласига келсак, Туркия Американинг Суриядаги режасини ижро қилди, яъни Сурия қўзғолонини ўз йўналишидан буриб юборди. Чунки қўзғолончилар Суриянинг 70 %дан ортиқ ерини эгаллаб, Халифаликни тиклаш сари отланишган эди. Улар режим ва унинг илмонийлигини абадий ағдариш арафасида эдилар. Эрон, Сурия режими ва Россия Сурия аҳлига қарши қанча хунрезликларни амалга оширмасин, уларнинг иродасини синдира олмади. Улар шунингдек, қотилликлар, қирғинлар ва узоқ давом этган қамал ҳамда бомба ёғдиришлар орқали ҳам Шом аҳлини ўз мақсадидан қайтара олишмади… Шунда Эрдоган Америка кўрсатмасига биноан Сурия режимини ҳимоя қилиш ва Шомдаги илмонийликни қулашдан сақлаб қолишга киришди ҳамда бу ишни ҳийла ва найранглар орқали амалга оширди. Эрдоган ўзини тоғут режимга қарши Сурия қўзғолончилари билан бирга қилиб кўрсатди. Айрим қўзғолончиларни ўзига оғдира олгач, уларни музокара ва чекинишларга етаклади. Сўнг режим қайтариб ололмаётган минтақалардан қўзғолончилар чекиниши учун сохта жанглар уюштирди. Ҳалабда эса, режим олти ойдан бери шаҳарни қамал қилса-да, қўзғолончилар қамални ёриб, режимни мағлубиятга учратган ва у ердаги куч мезонини ўзларининг фойдасига ҳал қилишган эди. Шунда Эрдоган жангчиларни Ҳалабдан чиқариш учун 2016 йили Боб шаҳрида Фурот қалқони жангини уюштирди. Жангчилар Ҳалабдан чиқиб кетгач, Эрон ва Россия ёрдамида режим Ҳалабни қулатиб, у ерда энг хунук хунрезликни амалга оширди. 2018 йилда эса Зайтун новдаси операцияси орқали 25 минг жангчини Афринга кўчирди ва Шарқий Ғута режим қўлига ўтди. Эрдоган 2019 йили «Тинчлик манбаи» номли операцияси орқали жангчиларни курдлар билан жанг қилиш учун Сурия шимолига кўчирди ва ушбу минтақалар ҳам режим қўли остидаги минтақалар таркибига қўшилди. Ушбу минтақалар саккиз йилдан бери қўзғолончилар қўлида бўлиб, режим уларни қайтариб ололмаётган эди. Лекин қўзғолоннинг белини синдирган ва қўзғолончилар қўлида бўлган кўплаган минтақаларни режим ихтиёрига қайтарган Эрдоганнинг ҳийласи туфайли режим ушбу минтақаларни қайта эгаллаб олишга муваффақ бўлди. 2020 йили эса, худди шундай ҳийла ва найранглари орқали Идлиб вилоятидаги қўзғолончиларни охирги қароргоҳи бўлмиш Сароқиб шаҳрини тортиб олди. Ҳар қандай ақли бор киши учун очиқ кўриниб турибдики, Эрдоган Шом аҳлини қатл қилишда тоғутга шерик, балки жиноят борасида Башарни ортда қолдирди. Чунки у тоғутни қулашдан қутқариб, илмонийликни қулашидан асраб қолди.

«Аста секинлик» чўпчагининг қулаши

Эрдоганнинг тарафдорлари унинг давлатининг исломийлиги ва у исломий шариатни аста-секин татбиқ қилишига ҳаракат қилаётганига ишонишди. Эрдоган армияни қўлга олгач, улар «энди у исломий давлатни эълон қилиб, Ислом ҳукмларини татбиқ қилади», деб ўйлашди… Лекин уларнинг орзулари чиппакка чиқиб, ноумид бўлишди. Мана Эрдоган бир неча йилдан бери ҳукмдориятда, армия ва хавфсизлик унинг қўлида. Туркиядаги одамлар эса Ислом билан ҳукм юритилиши ва унинг ҳукмларига кўра юришга тайёр. Шундай экан, нима учун Эрдоган илмоний режимга барҳам бериб, Ислом давлатини эълон қилмайди? Нима учун ҳаётнинг бирча соҳаларида Ислом ҳукмларини татбиқ қилмайди? Ахир Исломий Уммат уни қўллаб-қувватлайди-ку. Нима учун илмонийликка барҳам берилишини ва Ислом ҳукмларини тикланишини сабрсизлик билан кутаётган унинг тарафдорларининг умиди рўёбга чиқмаяпти? Бу саволларнинг жавоби шуки, Эрдоганни Ислом билан ҳукм юритишидан тўсаётган нарса иккитадир:

Биринчиси: Эрдоганнинг илмонийликка бўлган чуқур ишончи ва ундан қаноатланишидир. Чунки илмонийлик унинг ҳаётда юрадиган программаси бўлиб, у Туркиядаги одамларни тўла қаноат, розилик ва хотиржамлик билан ўша илмонийлик орқали бошқаради. Шунинг учун у ўз давлатини исломий, деб номлашларига қаршидир. Эрдоган буни очиқ айтади. У давлатини исломий, деб аташларига рози эмас экан, қандай қилиб Ислом билан ҳукм юритиши мумкин? Ахир бу унинг илмонийлик ақидаси ва одамлар томонидан ишлаб чиқарилган қонунларига зид программа-ку?

Иккинчиси: Эрдоганнинг Америкага малайлиги ҳамда Туркиянинг ичкарисию ташқарисида унга чизиб берилган режаларни ижро қилишидир. Илмонийликни татбиқ қилиш, унга тарғиб қилиш, уни ҳимоя қилиш, унинг йўлида қурбонлар бериш, Америка манфаатларини қўриқлаш ва хатар туғилганда ваҳима кўтариш, буларнинг барчаси ўша режалар жумласидандир. Эрдоган буларни том маънода амалга оширмоқда.

Бундан ташқари, «аста-секинлик» хаёлий тушунча бўлиб, рўёбга чиқмайдиган ишдир. Чунки икки ишнинг бири бўлади, ё Ислом ҳукмлари татбиқ бўлади ёки бошқаси унинг ўрнини эгаллайди. Агар судхўрлик ставкаси 14 % бўлса, бир мунча вақт ўтгач, 8 %гача пасайса, кейин 2 %гача тушган бўлса, буларнинг барчаси судхўрликдир. Бу куфр бошқаруви бўлиб, Ислом ҳукмларига зид келади. Исломда рибо бутунлай ҳаром қилинган, фоизининг кўп ёки оз бўлишининг фарқи йўқ. Ислом билан ҳукм юритиш дегани унинг барча ҳукмларини бирданига татбиқ қилишни англатади.

Эрдоганнинг илмонийликни сақлаб қолиш учун куфр тарафида туриб жанг қилиши ва ер юзида Ислом ҳукмлари қайта тикланишига қаршилик қилиши

Дарҳақиқат, Туркия камолчилар даврида НАТОга аъзо бўлди ва ўшандан бери Афғонистон ва бошқа жойлардаги мусулмонларни қатл қилишда ушбу иттифоқ сафида фаолият қилиб келмоқда. Туркия икки марта НАТОга раислик қилди, ўшалардан бири Эрдоганнинг даврига тўғри келади. Демак у минглаган мусулмонларни қатл қилишда кофирлар билан шерикдир. Шариатда маълумки, Аллоҳнинг ҳузурида битта мусулмоннинг қони беҳуда тўкилганидан кўра каъбанинг бузиб юборилиши енгилроқдир. Шундай экан, Роббимиз Аллоҳ, Росулимиз Муҳаммад ва минҳожимиз Ислом дейишдан бошқа гуноҳи бўлмаган минглаган мусулмонларни қатл қилишда шериклик қилаётган киши ҳақида нима дейиш мумкин?!

Эрдоган бир неча асрлар Усмоний Халифалик маркази бўлиб келган Туркияни ҳалокатли қуроллар, жумладан ядровий каллакларга эга Америка ҳарбий базасига айлантирди. Масалан Инжирлик ҳарбий базасида Американинг 90та ядровий каллаклари мавжуд. Кофирлар Ислом ва мусулмонларга қарши урушларида ракета ва учоқлар ҳамда турли ҳалокатли қуролларни ишга солишмоқда. Мусулмонлар тоғут Башарга қарши қўзғалиб, Халифаликни тиклашни мақсад қилишган Шомда, Ироқда ва Афғонистонда қанчалаган учоқ ва ракеталар мусулмонларни қатл қилди. Қанчадан қанча Россия учоқлари ва ҳалокатли ракеталари Туркия ҳаво ҳудудидан ўтиб, Шомдаги мусулмонларни шафқатсизларча қирғин қилди, уйлари, мактаб ва масжидларини вайрон қилди. Бу нарса уларнинг қалбларидаги Ислом, мусулмонлар ва Халифаликка қарши нафратларига далилдир. Эрдоган эса, Шомдаги мусулмонларнинг покиза қонини тўкишда жиноятчи Россияга шерикдир.

Аллоҳ Таоло айтади:

﴿وَمَن يَقۡتُلۡ مُؤۡمِنٗا مُّتَعَمِّدٗا فَجَزَآؤُهُۥ جَهَنَّمُ خَٰلِدٗا فِيهَا وَغَضِبَ ٱللَّهُ عَلَيۡهِ وَلَعَنَهُۥ وَأَعَدَّ لَهُۥ عَذَابًا عَظِيمٗا﴾

«Ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннам бўлиб, ўша жойда абадий қолажак. Ва у Аллоҳнинг ғазаби ва лаънатига дучор бўлган, Аллоҳ унинг учун улуғ азобни тайёрлаб қўйгандир»   [Нисо 93]

Бу битта мўминни ноҳақ ўлдирган кишининг гуноҳи ҳақида оятда зикр қилинган сифатлардир. Оятда бундай киши дўзахда абадий қолиши ҳамда Аллоҳнинг ғазаби, лаънати ва азобига дучор бўлиши ҳақида айтилмоқда. Шундай экан, минглаган мусулмонларни ўлдирган ёки уларни ўлдиришга шерик бўлган кишининг аҳволи қандай бўлиши мумкин?! Эрдоган бир неча йил олдин ўз қўшинларини Ливияга юборди. Бу қўшин 70 йилдан кўпроқ вақтдан бери Фаластинни босиб олиб, ўн минглаган мусулмонларни қатл қилган яҳудийлар вужудининг ёнидан ўтиб кетди. Эрдоган улар билан жанг қилиш учун бирорта ҳам қўшин юборган эмас. Аксинча, Бу қўшинлар Британия нуфузини синдириб, Ҳафтар орқали ўзининг нуфузини тиклашга ҳаракат қилаётган Америка режаларини бажариш мақсадида мусулмонларни қатл қилиш учун Ливияга йўл олди. Бу мустамлакачи кофирларни рози қилиш учун ҳар икки томондан мусулмонлар қони тўкиладиган бемаъни урушдир. Эрдоган эса, ўша урушларда мусулмонларни қатл қилишда кофирларга шерикдир.

Эрдоганнинг Фаластин ва унинг аҳли масаласидаги хиёнати

Эрдоган бошқа ҳукмдорлар каби Фаластин халқи учун сайловлардаги баландпарвоз нутқларидан бошқа ҳеч нарса қилмади. У Фаластин ва унинг аҳлига хиёнат қилди. Яҳудийлар билан жанг қилиш ва Фаластинни уларнинг ифлосликларидан тозалаш учун бирорта ҳам қўшин юбормади. Ҳатто 2010 йили яҳудийлар «озодлик» кемасидаги тўққизта туркни қатл қилганда ҳам улар учун қасос олмади. Эрдоган бунинг ортидан ўзининг сайловолди рейтингини оширишни мақсад қилган эди. Ҳалок бўлган тўққиз турк аскари ҳамон унинг зиммасида қолмоқда. Эрдоганнинг яҳудий вужуди билан бўлган алоқаси эса, дўстона ва қайноқ ҳолда давом этмоқда. Эрдоган улар билан тижорий, ҳарбий ва хавфсизлик алоқаларини тўхтатмади. Бу уч томонлама алоқалар Эрдоган даврида олдингиларга қараганда сезиларли даражада ортди. Туркия давлати яҳудий вужудини 1948 йилдаёқ биринчилардан бўлиб тан олган илмоний давлатдир. Бу нарса бугунги кунгача давом этиб келмоқда. Туркиядаги яҳудий вужудининг элчихонаси Эрдоган ва муборак Фаластин ерини босиб олган яҳудий етакчиларидан иборат унинг дўстлари ўртасидаги қайноқ алоқаларнинг далилидир. Эрдоган яҳудийларга Туркия ҳукуматидаги олдинги ҳукмдорлардан кўра кўпроқ хизмат қилди. 2016 йил (Исроил)да ёнғинлар бошланганда Амирликлар каби давлатлар уни ўчира олмади. Шунда яҳудийлар Фаластин ва унинг аҳлига қилган ишларига жазо тарзида ҳалок бўлишларига оз қолди. Лекин уларнинг ишончли дўсти Эрдоган уларни қутқаришга шошилиб, бунга муваффақ ҳам бўлди. Шу тариқа яҳудийларнинг Фаластин халқини ўлдириш, уйларини вайрон қилиш ва экинзорларини пайҳон қилишини давом эттиришлари учун яна йўл очилди. Бу билан Эрдоган 2016 йилги ёнғинлардан яҳудийларни қутқариб қолиш билан уларнинг Фаластин борасидаги қатор жиноятларига шерик бўлди. Шуниси қизиқки, Эрдоган Сурия режими Ҳамага ўт қўйганда ва Россия минтақаларни ёққанда уларни ўчиришга шошилмади. Аксинча: Биз иккинчи Ҳама бўлишига йўл қўймаймиз деди-ю, лекин иккинчи, учинчи ва тўртинчиси ҳам бўлиб ўтди. Эрдоган ҳеч нарса қилмади. Россиянинг Шомдаги ваҳшиёна жиноятларига қарамай, Эрдоган Аллоҳнинг душмани Путин етакчилигидаги Россия билан қайноқ алоқаларни давом эттириб келди.

Фоҳишалик марказлари ва нудист пляжларини ташкил этиш

Туркияда мусулмонларни бузадиган фоҳишалик марказлари Эрдогандан олдин ҳам мавжуд бўлган, лекин улар Эрдоган даврида янада кенгайди. Фоҳишалик марказларидан бирига эгалик қиладиган аёллардан бири Эрдоган президентлик лавозимини эгаллаганидан сўнг, унинг ғалабасидан хурсанд бўлиб, «Эрдоганнинг ҳукмдорият даврида бизнеси ривожлангани учун унинг номзодини кўрсатганлигини» айтган эди: Айрим ҳисоботларга кўра, Туркиядаги фоҳишалик марказлари дунёдаги энг йирик пул йиғиш марказларидан бирига айланган. Шундай экан, Туркия иқтисодиёти сўнгги йилларда сезиларли даражада ошганлигидан ажабланмаса ҳам бўлади.

Аммо Эгей денгизи соҳилларидаги нудист пляжларига келсак, Эрдоган 2009 йили унинг очилиш тасмасини кесиш маросимида қатнашди. Муҳаммад Фотиҳ ва Султон Абдулҳамид юртида бу каби пляжларнинг бўлиши нақадар аянчлидир. Афсуски, бу маълумотлар 100 % тўғри бўлиб, бу нарса Туркияда шов-шувга сабаб бўлгач, Эрдоган иффат пляжларини очишга киришди.

Хулоса: Албатта Эрдоган Америкага малай, Россия ва яҳудий вужудининг дўсти ҳамда Ислом ва мусулмонларга хоин ва Туркияда биринчи даражадаги илмонийдир. Унинг ишлари Ислом назарида оламлар Роббиси, коинот, инсон ва ҳаётнинг Яратувчиси ҳамда оламдаги барча нарсалар Холиқи бўлган Аллоҳнинг ғазабини қўзғайдиган жиноят ҳисобланади. Уммат вақт ўтиб пушаймон бўлиб қолмасидан олдин ушбу ҳақиқатларни идрок этиши лозим. Шунингдек, исломий юртлардаги режимларни, жумладан Эрдоган режимини қулатиш учун Ҳизб ут-Таҳрир билан фаолият қилиши ҳамда ҳақиқий ўзгартириш кемасининг капитани буюк олим Ато ибн Халил Абу Рушта ортидан ўз сафларини мустаҳкамлаши лозим. Бундан ташқари, мусулмонларни қутқариш ва уйғотиш йўлида пайғамбарлик минҳожи асосидаги рошид Халифаликни тиклаш учун Ҳизб ут-Таҳрир билан бирга фаолият қилиши лозим.

﴿وَعَدَ ٱللَّهُ ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ مِنكُمۡ وَعَمِلُواْ ٱلصَّٰلِحَٰتِ لَيَسۡتَخۡلِفَنَّهُمۡ فِي ٱلۡأَرۡضِ كَمَا ٱسۡتَخۡلَفَ ٱلَّذِينَ مِن قَبۡلِهِمۡ وَلَيُمَكِّنَنَّ لَهُمۡ دِينَهُمُ ٱلَّذِي ٱرۡتَضَىٰ لَهُمۡ وَلَيُبَدِّلَنَّهُم مِّنۢ بَعۡدِ خَوۡفِهِمۡ أَمۡنٗاۚ يَعۡبُدُونَنِي لَا يُشۡرِكُونَ بِي شَيۡئًا وَمَن كَفَرَ بَعۡدَ ذَٰلِكَ فَأُوْلَٰٓئِكَ هُمُ ٱلۡفَٰسِقُونَ﴾

«Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларга худди илгари ўтган (иймон-эътиқодли) зотларни халифа қилганидек, уларни ҳам ер юзида халифа қилишни ва улар учун Ўзи рози бўлган (Ислом) динини ғолиб-мустаҳкам қилишни ҳамда уларнинг (аҳволини) хавфу-хатарларидан сўнг тинчлик-хотиржамликка айлантириб қўйишни ваъда қилди. Улар Менга ибодат қилурлар ва Менга бирон нарсани шерик қилмаслар. Ким мана шу (ваъда)дан кейин куфрони (неъмат) қилса, бас улар итоатсиз кимсалардир»  [Нур 55]

Саид Аднан – Яман

Total Views: 184 ,

Добавить комментарий

Илҳом Алиев Европага газ экспортини оширмоқчи

Илҳом Алиев Европага газ экспортини оширмоқчи Жаҳон бозорига энергия етказиб...

Закрыть