Душанбеда «Осиё юраги – Истанбул жараёни» конференцияси бўлиб ўтди

Душанбеда "Осиё юраги – Истанбул жараёни" конференцияси бўлиб ўтди

"Осиё юраги – Истанбул жараёни" мулоқотининг Душанбе шаҳрида 29-30-март кунлари ташкил этилган навбатдаги, 9-вазирлар конференциясида пандемия шароитига қарамай барча иштирокчилар фаол қатнашди. «Тинчлик ва тараққиёт учун келишувни мустаҳкамлаш» деб номланган Душанбе йиғилишининг аҳамияти нимада? Бу йиғилишнинг асосий мақсади – Афғонистон муаммосини ҳал этиш йўлидаги самараси ҳақида кузатувчилар фикри қандай?

Конференсиянинг 15 иштирокчи давлатлари, етакчи ва донор давлатлар, шунингдек, онлайн иштирок этган давлатлар ҳамда минтақавий ва халқаро ташкилотлар вакиллари Афғонистонда тинчлик ўрнатиш масаласида фикр алмашишди. Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш ҳамда унинг ижтимоий-иқтисодий тикланишига ёрдам бериш мақсадида хавфсизликни таъминлаш ҳамда минтақавий иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш, шунингдек, иштирокчи мамлакатлар ўртасида ўзаро ишончни мустаҳкамлаш чораларини кучайтириш масалаларига бағишланган муҳокамалар ташкил этилди. Афғонистон муаммосини тинч йўл билан ҳал қилиш, “терроризм” ва гиёҳванд моддалар ноқонуний айланишига қарши кураш масалалари муҳокама этилди. Шунингдек, 2020-йилнинг 12-сентябрида Доха шаҳрида бошланган Афғонистоннинг ички тинчлик музокараларига алоҳида эътибор қаратилди.

Маълумки, Дохада толиблар билан тузилган битим шартларига кўра, АҚШ 2021-йилнинг 1-майига қадар Афғонистондан ўз қуролли қўшинларини олиб чиқиши шарт эди. Ўтган ҳафта АҚШ Президенти Жо Байден техник сабаблар туфайли битимда келишилган муддатларга риоя қилиш мушкул эканлигини айтди.

Кузатувчилар фикрича, АҚШ қўшинлари Афғонистонни тарк этиш-этмаслиги ягона масала эмас. Афғонистон тупроғида таъсир кучига эга бўлган ёки учинчи давлат “қўлини тортишини” талаб қилаётган бошқа давлатлар ҳам бор. Бу давлатларнинг аксарияти минтақада Афғонистон билан қўшни ва улар ўзаро мулоқот қилишлари учун ҳам “Осиё юраги – Истанбул жараёни” конференсияси қулай имконият яратиб беради.

Сиёсатшунос Жўрабек Маҳмудовнинг айтишича, пандемия шароитига қарамай Душанбедаги йиғилиш баъзи давлатларнинг ўзаро мулоқоти учун ҳам яхши имконият бўлди.

“Масалан, Эрон томони Афғонистондан АҚШ чиқиб кетиши тарафдори. Ҳиндистон ҳам “афғон халқи ўз тақдирини ўзи белгилаши” лозимлигини таъкидлайди ва Покистон Афғонистон ички ишларига аралашмаслигини истайди. Аммо Покистон Афғонистондан воз кечиб кетишни истамайди. Шунинг учун Ҳиндистон ҳам Афғонистонда қолмоқда ва турли лойиҳаларни амалга оширмоқда. Душанбедаги мулоқотлар ана шундай томонларнинг фикр алмашиши, балки ўзаро келишиб олиши учун қулай имконият бўлди. Аммо давлатлар орасидаги ўзаро келишувлар тафсилотлари ёки уларнинг қанчалик самара бериши ҳақида гапиришга ҳали эрта”, — дейди таҳлилчи.

Таъкидлаш лозимки, Афғонистон тинчлигига йўналтирилган бу халқаро платформанинг навбатдаги йиғилиши Тожикистонда ўтказилиши ҳам бежиз эмас. Тожикистон узоқ йиллардан бери турли халқаро йиғилишларда Афғонистон тинчлиги муаммосини муҳокамага тортиб келади. Жорий конференсия жараёнида ҳам Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон Афғонистон Президенти Ашраф Ғани билан мулоқоти пайтида Тожикистонда тинчлик ўрнатилишида Бурҳониддин Раббоний ва марҳум афғон қўмондони Аҳмадшоҳ Масъуднинг хизмати беқиёс эканлигига ишора қилиб, 1997-йил “Тожикистонда тинчлик битими имзоланишида Афғонистоннинг ўша пайтдаги давлат раҳбарларининг ёрдами катта” эканлигини таъкидлади.

“Мустақиллик неъматлари биз учун жуда қимматга тушди. Мамлакатимизда миллий ярашиш жараёни беш йилга чўзилди. Мен бу ерда севимли миллатимнинг ҳаёти, маънавий ва моддий йўқотилишлари ҳақида гапириб ўтирмайман. Мен, шунчаки, ўша оғир кунларда ўша пайтдаги афғон раҳбарлари бошқа дўст мамлакатлар қатори тожикистонликларнинг тинчлик жараёнини қўллаб-қувватладилар ва бизга самимий ва қардошлик ёрдам кўрсатдилар”, — деди Тожикистон президенти.

Айни пайтда Тожикистон томони Афғонистон минтақадаги муҳим ҳамкор бўлиб қолишини таъкидлаш баробарида, қўшни мамлакатдаги ҳарбий таранглик, айниқса, Тожикистон билан чегара ҳудудларда “террорчиларнинг” фаоллашуви ва гиёҳванд моддалар ноқонуний айланиши ташвишланарли эканлигини таъкидлади.

Конференсияда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ҳам нутқ сўзлаб, Афғонистонда тинчлик ўрнатилишидан Ўзбекистон ҳам манфаатдор эканлигини таъкидлади.

“Ўзбекистон Афғонистоннинг тинч, мустақил ва ўзини ўзи таъминлайдиган давлат сифатида шаклланишидан манфаатдор. Афғонистон заминида тинчлик мустаҳкам бўлса, бу бутун Марказий Осиё учун барқарорлик ва фаровонлик гарови ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон Афғонистонга нисбатан яхши қўшничилик, ўзаро ҳурмат ва тенглик тамойилларига асосланган дўстона сиёсат юритмоқда”, – деди Абдулазиз Комилов.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидан берилган маълумотга кўра, Комилов Афғонистон можаросини сиёсий йўл билан ҳал этишнинг муҳимлигини таъкидлаб, Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамият билан Афғонистондаги инфратузилма ва иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш, хусусан, “Сурхон – Пули-Хумри” электр узатиш линияси ва “Мозори-Шариф – Қобул – Пешовар темир йўлини қуришнинг муҳим жиҳатларини қайд этиб ўтган.

“Осиё юраги – Истанбул жараёни” Афғонистон ва Туркиянинг қўшма ташаббуси бўлиб, унинг биринчи конференцияси 2011-йил 2-ноябрда Истанбулда ташкил этилганди. “Осиё юраги – Истанбул жараёни” вазирлар конференциялари 2012-йил Қобулда, 2013-йил Олмаотада, 2014-йил Пекинда, 2015-йил Исломободда, 2016-йил Амритсарда, 2017-йил Бакуда ўтказилган. 2019-йил 9-декабрда Истанбулда “Тинчлик, шериклик, фаровонлик” мавзусида ташкил этилган бўлиб, ўтган “Осиё юраги – Истанбул жараёни” конференциясида навбатдаги йиғилиш 2021-йил Тожикистонда ўтказилишига келишиб олинган эди.

Ижтимоий-сиёсий масалалар бўйича таҳлилчи Абдулло Расулов фикрича, Душанбе анжуманидан кўп нарса кутмаслик керак.

“Албатта, Афғонистонда тинчлик ўрнатилиши йўлида Тожикистон тажрибасини қўллаш ҳақида кўп гапирамиз. Аммо ўтган асрнинг 90-йиллари Тожикистонда кузатилган фуқаролар уруши билан Афғонистондаги вазиятни қиёслаб бўлмайди. Афғонистонда ҳолат жуда мураккаб ва у ерда тинчлик ўрнатилиши номаълумлигича қолмоқда. Айни пайтда Душанбеда ўтказилган мулоқотлар, албатта, яхши, аммо бундай мулоқотлардан катта натижалар, самаралар кутиш ҳам тўғри эмас. Бу мулоқотни шу йўлдаги навбатдаги бир қадам, деб баҳолаш мумкин, холос, ундан ортиқ эмас. Тинчликка эришиш учун яна қанча йўл бор, бу ҳам номаълум”, — дейди таҳлилчи.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигидан берилган маълумотга кўра, “Осиё юраги — Истанбул жараёни” вазирларининг тўққизинчи конференцияси давомида кузатилган яна бир тарихий воқеа Жаҳон банкини ушбу жараён учун халқаро донор ташкилот сифатида қабул қилишга қарор қилингани бўлди.

Тожикистон ва Афғонистон ташқи ишлар вазирлари Сирожиддин Муҳриддин ва Муҳаммад Ҳанифа Атмар раислигида ўтказилган конференция сўнгида “Тинчлик, сиёсат ва хавфсизлик масалаларида ҳамкорлик”, “Гиёҳванд моддаларга қарши кураш”, “Қочқинлар ва ватанга қайтганлар”, “Иқтисодий ҳамкорлик”, “Минтақавий ва халқаро ташкилотларнинг аҳамияти”, ”Ишончни мустаҳкамлаш чоралари” масалалари бўйича Душанбе декларацияси қабул қилинди.

Total Views: 59 ,

Добавить комментарий

Байден АҚШни қайта тикламоқчи

Байден АҚШни қайта тикламоқчи АҚШ Президенти Жо Байден 31-март куни...

Закрыть