Давлатхўжа Назиров: ИШИДнинг чегара заставасига ҳужуми ҳақидаги версия ишончсиз

Давлатхўжа Назиров: ИШИДнинг чегара заставасига ҳужуми ҳақидаги версия ишончсиз

Тожикистон давлат хавфсизлик органлари фахрийси Давлатхўжа Назиров 6 ноябрь куни айнан ИШИД жангарилари Тожикистон-Ўзбекистон чегарасидаги Ишкобод чегара заставасига ҳужум қилганига ишонмаяпти. Бу ҳақда Asia-Plus ёзмоқда.

«ИШИДчиларнинг 20 кишидан иборат гуруҳи Афғонистоннинг Тожикистон билан чегарасини яширин равишда кесиб ўтгани эҳтимолдан йироқ нарса. Бундан ташқари, уч кун давомида улар Қубодиёндан Рудакий вилоятига қадар 200 километр масофани босиб ўтиб, мамлакат ҳудуди бўйлаб сездирмасдан юришгани ва деярли пойтахтга яқинлашишга муваффақ бўлишгани умуман ишониш қийин бўлган ҳолат», — деди давлат хавфсизлиги органлари фахрийси Asia-Plus’га берган интервьюсида.

Шунингдек, у жиноий гуруҳ тезда йўқ қилинганига шубҳа билдирди.

«Жангарилар кутилмаганда ҳужум қилиш имконига эга эди, улар бундан фойдаланмаган. Бундан ташқари, барчага маълумки, ИШИД жангарилари Тожикистон хавфсизлик кучлари тезкор равишда бостирган юқоридаги каби ҳужумни ўта уқувсизлик билан ташкил этишмайди», — дейди эксперт.

Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси берган маълумотга кўра, Тожикистон-Ўзбекистон чегарасида жойлашган чегара заставасига ҳужум қилган шахслар ИШИД гуруҳи жангарилари бўлган. Улар Тожикистонга Афғонистон томондан ўтиб келишган.

Аммо вазиятдан яхши хабардор бўлган Афғонистон куч ишлатиш тузилмалари ходимлари ИШИД жангарилари Тожикистонга Афғонистон ҳудудидан ўтганлиги ҳақидаги бу таъкидни рад этди.

«ОАВ хабарида тилга олинган, ИШИД жангарилари Тожикистонга Қундуз вилоятининг Қалаи Зол уезди орқали кириб келганлиги айтилган давлат чегараси участкаси Афғонистон томонидан ҳам, Тожикистон томонидан ҳам қаттиқ қўриқланади. Бизнинг хизматларимиз нафақат 20 кишилик гуруҳ, балки бир кишининг ҳам чегарадан ўтишга уринишини сезган ва бунга йўл қўймаган бўларди. Шуни ҳам унутмаслик керакки, Қалаи Золдаги чегара участкасини ноқонуний равишда кесиб ўтиш жуда мушкул: жангарилар бунинг учун Панж дарёси орқали ўтишлари керак бўларди, бу эса ишонинг, осон эмас, айниқса йигирма кишилик гуруҳга», — деди афғонистонлик куч ишлатиш тизими ходимларидан бири.

«Бу бўлмағур гап. Уларнинг чегарадан ўтишганини биз ҳам, тожик ҳамкасбларимиз ҳам билган бўларди. Бизнинг агентура имкониятларимиз чегара атрофидаги ҳудудларда нималар содир бўлаётгани ҳақида тўлиқ маълумот олишга етади», — деди яна бир афғон махсус хизмати ходими.

Total Views: 247 ,

Добавить комментарий