Бозор иқтисоди ва глобаллашув афсонадан бошқа нарса эмас

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيمِ

Бозор иқтисоди ва глобаллашув афсонадан бошқа нарса эмас

АҚШ Савдо вазирлиги Хитойнинг Huawei номли гигант компаниясини экспорт бўйича қора рўйхатга киритиш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу рўйхат бўйича, Huawei АҚШ компанияларидан хизматлар ва товарлар сотиб олишдан маҳрум бўлади. Ҳақиқатдан ҳам, Google каби Америкадаги йирик компаниялар ўз маҳсулот ва хизматларини Huaweiга сотишни бевосита тўхтатиб қўйди.

Капиталистик тузум дарғалари жаҳон савдо эркинлиги, мол ва бозор глобаллашуви, мол ва товарларнинг эркин ҳаракатланиши каби нарсалар тўғрисида тинмай оғиз кўпиртириб келишади. Бироқ бу тузум дарғалари ва Ғарб ошиқлари инкор қилиб, тортишиб келган нарса Huawei компанияси билан бўлган муомалада очиқ юзага чиқди-қолди. Яъни, глобаллашув АҚШ ва Ғарбий Европа истаган тизимдир. Улар глобаллашув баҳонаси билан максимал даражада молиявий даромадларга эга бўлишни кўзлашган бўлиб, бу билан ўз компанияларининг Жаҳон бозорларига кириб олишини, товар ва хизматларини ҳеч қандай солиқ ёки божхона тўсиқларисиз сотилишини ҳамда дунёнинг турли бурчакларидаги маблағлар ўшаларнинг гигант компанияларига қарашли банкларга келиб тушишини исташади. Америка ҳам, капитализм дарғалари ҳам бир нарсани, яъни дунёда айнан мана шу глобаллашув тизимидан фойдаланадиган бошқа гигант компаниялар етишиб чиқишини мумкинлигини, улар ҳам ўз товар ва хизматларини Америка ва Европада сотишни, маблағларни қарама-қарши йўналиш бўйича ҳаракатлантиришни исташини ҳисобга олишмади. Масалан, Huawei ва ZTE каби компаниялар қилаётгани каби. Шу ерда Америка бозор ва глобаллашув қонунларига зид равишда дабдурустдан Huawei компаниясини ўзи ясаган қора рўйхатга киритилганини, эркин савдо қила олмаслигини эълон қиляпти.

Америка ва капитализм тузуми дарғалари доим сиёсий ва иқтисодий ўйин режасини ўзлари тузишга, ўйин қоидаларини ўзлари ишлаб чиқишга одатланишган. Бунинг даромадини аввалу охир ўзларининг гигант компаниялари кўришини исташади. Яъни, уларга кўра, товар ва хизматлар бой шимолдан фақир жанубга оқишда давом этиши, ундан олинган маблағ оқими тўппа-тўғри ўйинбошилар ва ўйинни ўйлаб топганларга келиб тушиши лозим. Энди, ўйин мувозанати салгина бузилса, Америка ва унинг капиталист шериклари ўйин қоидасини ўзгартиришга ёхуд ўйиндаги томонлардан бирини чиқариб юборишга ўтишди. Чунки у катта фойда кўраётгани ва ўйинбошларидан бирига айланаётгани кўриниб қолди. Чунки Huawei компанияси бозорнинг катта қисмини ўз назорати остига ола бошлади. Америка эса, уни ўзига чайқовбозор қилиб олган. Шу боис, Америка Huaweiга юзсизлик билан орқа ўгирди, барча ўйин қоидаларини бебошлик билан бузиб, эркин иқтисод, глобаллашув, нарх-наво қурилмаси каби қонунларини ортга улоқтирди.

Оқибатда иқтисод ўйини тизгинини қўлида маҳкам ушлаб турган давлат Америка бўлиб қолмоқда. Ҳеч бир томоннинг – агар АҚШ компаниялари ва даромад манбаларига таъсир қилса – жаҳон бозоридаги даромаднинг бирор қисмини эгаллашига йўл қўймаяпти. Энди, бу томон Америкага энг катта иқтисодий рақобатчи бўлиб турган Хитой бўлсачи, нима бўлиши мумкин ахир?!

Шу нуқтаи назардан, энг йирик компанияларнинг фақат АҚШ капиталига эга эканини, баъзан уларнинг Британия, Германия ва Швеция каби Европа давлатлари билан ҳамкорлик қилаётганини кўрсак, ажабланмаймиз. Шунингдек, АҚШнинг миллий даромади билан дунё давлатларининг ҳатто Европанинг даромади ўртасида улкан фарқ мавжудлиги ҳам ажабланарли ҳол эмас.

Бир пайтлар, иқтисодий кризислар юз бермаган, АҚШ-Хитой ўртасида савдо урушлари аланга олмаган даврда, Хитой маълум вақт ўз компанияларини АҚШ капитали билан ишлатиб келди. Чунки Америка Хитойни сармоя ўрни деб билар, унинг саноати менга қайтади, деб ҳисоблар эди. Бироқ Хитой саноат бунёд этиш босқичини муваффақиятли тамомлаб, ўзининг махсус молия ва саноат муассасаларини бино қилишга қодир давлатга айлангач эса, иқтисодий сиёсий ўйинга таҳдид туғдирадиган бўлиб қолди. Ҳолбуки, иқтисодий сиёсий ўйин қоидаларини усталик билан тузган Америка молия муассасаларидир.

Huawei компанияси Американинг Motorola, Lucent каби телеком компаниялари манфаати учун ишлаган пайтда бу компанияга худди қаср хизматкорлари каби қарар эди, масалан лаззатли ва тансиқ таомларни еб-ичаверади, аммо уларнинг эгаси бўлолмаган хизматкор каби. Бу ҳолат янги аср бошларида шундай эди. Бироқ Хитой компанияси зум ўтмай, назорат ва тарқатиш қурилмаларидан бошлаб, уяли қурилмаларга қадар барча телеком бозорига ҳукмрон бўла бошлади… Ана шунда Америка – энди Huawei капиталистик ўйин ичида бўлишга ҳаққи йўқ, деб билди, Huawei эса, глобаллашув ва эркин бозор рост нарса, улардан фойдаланиш мумкин, деб ўйлади. Уларнинг афсона ва ёлғон эканини, фақат мустамлакачилик ҳукмронлигини зўрлаб ўтказишда фойдаланадиган қуроллигини, бу ўйиндан ўз ихтиёри билан чиқиб кетиши кераклигини, акс ҳолда, чиқариб юборилишини билмади.

Шу ерда бу ўйиннинг аслида ва ҳақиқатдан сиёсий ўйин эканлигини, у мабда-системалар ўртасидаги қақшатқич курашга асосланганлигини билиш лозим. Чунки ким жаҳон бозорида бирор нарса сотишни истаса, у албатта дунёда халқаро даражада мустақил бўлиши шарт бўлади. Чунки бу жаҳон бозори ҳамма учун очиқмас ва у ердаги тижорат ҳам эркин эмас. У ерда товар ва хизматлар билан савдо қилиш – баъзилар ўйлаганидек – қўлингда харидоргир товаринг борми, тамом, сотиб фойда қиласан, дегандек осон эмас. Йўқ, жаҳон бозорида ундай эмас. Бу бозор худди Лас-Вегас каби шаҳарлардаги казинога жуда ўхшаб кетади… Ўйинчи казино қонунига мувофиқ ўйнайман, шу эълон қилинган ўйин қоидасига амал қилсам, бўлди ё ютаман ёки ютқазаман, деб ўйнайди. Лекин аслида, ундай бўлмайди. Казинода фойдани доим казино ва унинг эгаси кўради, ўйинчи эса, казино эгалари истамаса-да, мен юта оламан, деган гумонда ўйнайверади.

Шунинг учун Хитой Америка билан кураш, аслида, иқтисодий молиявий кураш эмаслигини, балки жаҳон бозорига мустақил эгалик қилиш устидаги кураш эканини, яъни мабда-системалар ўртасидаги сиёсий курашлигини англамоғи керак эди. Хитой сиёсий қараши заифлиги ва системалар қоидасига риоя қилмаслиги сабабли воқени тўғри кўра олмади. Инида ётган ва ўйингоҳида турган шер билан беллаша оламан, деб ўйлади… Аммо ўйин ҳам, кураш ҳам ўрмон шерининг манфаатига қараб ўзгариб, алмашиб туришини билмади.

Ниҳоят, шуни таъкидлаш лозимки, фақат мабда-системаси бор давлатгина бундай аччиқ воқени ўзгартириши мумкин. Системага эга давлатгина молия ва иқтисод оламида янги усул яратишга қодир бўлади, бу усул мулкдорлар хатти-ҳаракатини ва АҚШ иқтисодини фалаж қилиб, эркин бозор ва глобаллашув, деган афсоналарни йўққа чиқаради. Албатта бунга рошид Халифалик давлатигина қодир. Чунки Ислом мабдаси Халифалик давлатига нопок ва зулмкор ўйинлар қоидасини ишлатмасликка ундайди. Зеро, ушбу давлат эртага судхўрлик, акциялар ва қимматбаҳо қоғозлар муомаласини тақиқлаган пайтда, АҚШдаги мулкдорлар Халифалик давлати молларига босим қилиш ёки ҳукмронлик қилиш имкониятидан маҳрум бўлишади. Халифалик давлати пул учун асос сифатида доллар билан еврога орқасини ўгириб, кескин равишда олтин ва кумушни асос қилиб олган пайтда, Америка молиявий тизимдаги асосий ҳукмронлик қуролидан ажрайди. Ушбу давлатимиз дорул ҳарб билан муомала қилиш ва савдо олиб бориш билан боғлиқ қонунларни табанний қилган пайтда, Америка глобаллашувни ҳам йўқотади, йўқотганда ҳам, бутун географик жиҳатдан узоқ-узоқларга йўқотади.

Шундай қилиб, демак, оламни оламий капитализм ёвузлигидан ва очкўз капиталистлар ёмонлигидан фақат битта давлат қутқара олади. У ҳам бўлса, тузуми Ислом, асоси адолат, манбаи ваҳи бўлган давлатдир. Ушбу ваҳи Ўз бандалари ҳолатини билгувчи одил Аллоҳдан келган.

Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таоло бундай марҳамати қилади:

﴿لَقَدْ أَرْسَلْنَا رُسُلَنَا بِالْبَيِّنَاتِ وَأَنزَلْنَا مَعَهُمُ الْكِتَابَ وَالْمِيزَانَ لِيَقُومَ النَّاسُ بِالْقِسْطِ وَأَنزَلْنَا الْحَدِيدَ فِيهِ بَأْسٌ شَدِيدٌ وَمَنَافِعُ لِلنَّاسِ وَلِيَعْلَمَ اللَّهُ مَن يَنصُرُهُ وَرُسُلَهُ بِالْغَيْبِ إِنَّ اللَّهَ قَوِيٌّ عَزِيزٌ﴾

«Қасамки, Биз Ўз пайғамбарларимизни аниқ ҳужжат-мўъжизалар билан юбордик ва улар билан бирга Китоб ҳамда одамлар адолатни барпо қилишлари учун мезон-тарози туширдик. Яна Биз темирни туширдик-яратдик. Унда куч-қувват ва одамлар учун манфаатлар бордир. Аллоҳ ғайбда (бандалари кўзига кўринмасдан) турган ҳолида Ўзига ва пайғамбарларига (Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш билан) ёрдам берадиган кишиларни билиш учун (темирни яратди). Албатта Аллоҳ кучли, қудратлидир»  [Ҳадид 25]

Доктор Муҳаммад Жилоний

Роя газетасидан олинди

Total Views: 152 ,

Добавить комментарий