Байден АҚШни қайта тикламоқчи

Байден АҚШни қайта тикламоқчи

АҚШ Президенти Жо Байден 31-март куни мамлакатда янги ишчи ўринларини яратиш ва инфраструктурани модернизациялашга доир режани эълон қилди. Дастур қиймати 2 триллион долларга тенг.

“Инфраструктурамиз барбод бўлмоқда”, — деди Оқ уй раҳбари Пенсилвания штатининг Питсбург шаҳрида сўзлар экан.

Байденнинг таъкидлашича, унинг режаси мамлакат иқтисодини энг қудратли, энг мустаҳкам ва инновацион иқтисодга айлантиради.

Президентнинг тушунтиришича, режа АҚШ “нонини еяётган” Хитой ва бошқа мамлакатларни ортда қолдиришга хизмат қилади.

“Рақибларимиз ушбу муҳим инфраструктура қурилишини хавотир билан қаршиламоқда. Америка ялпи ички маҳсулотининг қисқариши бошқа мамлакатларнинг бизга етиб олиши, жуда тез етиб олиши учун қулай фурсат бўлиши мумкин”, — деди Байден.

Ҳукумат ҳисоб-китобларига кўра, 2020-йилда КОВИД-19 пандемияси туфайли АҚШ иқтисоди 3,5 фоизга қисқарган.

Президент режаси навбатдаги саккиз йил мобайнида 32 минг км узунликдаги автойўллар, иқтисодий жиҳатдан стратегик аҳамиятга эга 10 та йирик ва 10 мингта кичик кўприкларни таъмирлашни назарда тутади. Шунингдек, дастурга сув таъминоти тизимида хавфли саналган қўрғошин қувурларни олиб ташлаш, электр қувватини олиш ва тарқатишни янги босқичга кўтариш, компьютер технологиялари ва транзит тизимларини модернизация қилиш киритилган.

“Аминманки, агар биз ҳозир қадам ташласак, орадан 50 йиллар ўтиб одамлар ортга қараганида бу даврни Америка келажак ғалабаси учун пойдевор ўрнатган давр деб ёдга олади”, — деди АҚШ раҳбари.

Корпоратив солиқ ставкалари собиқ президент Дональд Трамп тарафидан 21 фоиз қилиб белгиланган эди. Байден инфраструктура дастурини қисман ана шу солиқларни 28 фоизга кўтариш ҳисобидан қопламоқчи.

Бироқ республикачи қонунчилар наздида, бундай чора Америка ишчиларига салбий таъсир кўрсатади, иқтисодий ўсишни секинлаштиради ва компанияларнинг жаҳон бозоридаги рақобатбардошлигини заифлаштиради.

Total Views: 77 ,

Добавить комментарий

АҚШлик фаоллар пандемия даврида ижара ҳақини бекор қилишга чақирмоқда

АҚШлик фаоллар пандемия даврида ижара ҳақини бекор қилишга чақирмоқда АҚШда...

Закрыть