Ҳазоратлар – тўқнашувми ёки диалог?

Ҳазоратлар – тўқнашувми ёки диалог?

Қисқача хулоса

Уйғонишни истаган ҳар қандай уммат учун муаммолари ечимларига асос бўладиган, ҳаёти ишларини тартибга келтирадиган асос ва қоидалар керак бўлади. Ушбу асос ва қоидалар коинот, ҳаёт ва инсон ҳақидаги умумий фикратга асосланиши лозим. Бу фикрат ақида бўлиб, у инсондаги энг катта муаммони ҳал қилади ҳамда унинг дунё ҳаётидаги ишларини дунё ҳаётидан илгариги вужудга ва дунё ҳаётидан кейинги ҳаётга боғлаб тартибга келтиради. Ушбу фикрат (яъни ақида) тўғри ёки нотўғри бўлишидан қатъий назар, уйғонишни ва моддий тараққиётни вужудга келтириши табиий. Бироқ, тўғри уйғониш бўлиши учун ақлни қаноатлантирмоғи ва фитратга мос келиб, қалбни хотиржам қилмоғи лозим.

Агар биз ақидаларни (яъни уйғониш учун асос бўлган мабдаларни) кўриб чиқадиган бўлсак, биламизки, бундай мабдалар учтадир. Улар:

1 – Социализм: Ушбу мабда черков зулмининг реакцияси натижасида пайдо бўлди. У ақлни қаноатлантирмади ва ғаризаларни табиий равишда қондирмади. Шунинг учун у ҳаммани қашшоқлаштирди ва уларни давлатга қарам қуролларга айлантирди. Шунингдек, бу мабда фитратга мос келмади. Шунинг учун у ўзидаги қувватга ва моддий ривожланишга қарамай, 70 йилдан ортиқ давом этмади, сўнг якун топди.

2 – Капитализм: У Франция инқилобининг маҳсулидир. Руҳонийлар билан худосиз атеистлар динни ҳаётдан ажратишга келишишганидан кейин капитализм дунёга келди. У ҳозирги 2019 йилга қадар 230 йилдан бери давом этиб келмоқда. Аммо у бугунги кунда тебраниб, қулаш арафасида турибди. Агар унинг клиник ўлимини ниҳоясига етказадиган бошқа ҳазорат бўлганида, у қулаган бўларди. Унинг муаммоларидан энг кўзга кўрингани шуки, у бутун эътиборини шахсга ҳамда у учун ҳаёт қулайликлари ва лаззатларини (агар у шу лаззатларни қадрли деб билса) таъминлаб беришга қаратади. Капиталистлар ўз тузумларининг кемтик жойларини ямаш учун ижтимоий таъминот бўлимларини ва хайрия жамиятларини ташкил қилишди. Шахсий эркинликларга шу даражада йўл берилдики, одамлар ахлоқий бузилиш ва майл истакларини ғайриоддий тарзда қондириш даражасига етиб боришди. Бойликнинг бир гуруҳ одамлар қўлида тўпланиб қолиб, бойларнинг янада бойиши, камбағалларнинг янада қашшоқлашиши, шунингдек, вақти-вақти билан иқтисодий кризислар юз бериб одамларни қийин аҳволга солиши ва бир тўп ширкатларни вайрон қилиши капитализмнинг нуқсонларидандир. Бунга 1925 йили юз берган, ўтган асрнинг ўттизинчи йилларидаги «буюк депрессия» номи билан танилган кризисни, шунингдек, 2008 йили юз берган ипотека кризисини мисол қилиш мумкин. Бошқа жиҳатдан, капитализмнинг ижтимоий томонни эътиборсиз қолдириши натижасида оилалар парчаланди, шаҳвоний ҳирс ва бойлик алоқанинг асосига айланди. Япон миллатига мансуб америкалик муфаккир Фукуяма шундай дейди: «Сиёсатчиларнинг ҳукмронлик қилиши ҳамда пулнинг бир гуруҳ одамлар қўлида тўпланиб қолиши оқибатида демократия аста секин емирилмоқда». У бу гапни демократияга ҳужум қилиб ёзган мунозарали мақоласидан ҳамда шу мақоласи туфайли босимга учраганидан кейин бир неча йил ўтиб, 2015 йили айтган эди. Фукуяма ўзининг ўша мақоласида Америка ҳукумати иккинчи жаҳон уруши пайтида япон миллатига мансуб америкаликларни қамоққа олганини далил қилиб келтиради. Қамоққа олинганлар орасида унинг отаси ҳам бўлган, аммо ўша пайтда унинг отаси талабалик стипендиясида бўлгани учун унга омад кулиб боққан. Ажабланарлиси шуки, бу воқелар Ислом принципига зид принципларга эга бўлган томонлар ўртасида бўлган бўлса ҳам, Фукуяма ўзининг шу мақоласидан кейин Ислом фобияси бўлиб қолди. Бу эса, Исломнинг ҳеч қандай роли бўлмаган ишларда ҳам Исломга доир ҳақиқатларни бузиб кўрсатиш уринишлари кўп бўлишини тасдиқлайди.

3 – Ислом: Коинот, инсон ва ҳаётни яратган яратувчига имон келтиришда, шунингдек, Қуръон Аллоҳнинг каломи, Муҳаммад A Аллоҳнинг элчиси эканига имон келтиришда ақл ишлатиш орқали Исломнинг ҳақлигига қаноат ҳосил қилинади. Росулуллоҳ Aнинг мўъжизакор Қуръонни ваҳий орқали олиб келишлари у зотнинг пайғамбар эканлигига ақлий далилдир. Бундан ташқари, у зотнинг ўз замонасида муайян ҳолатларда кўрсатган мўъжизалари ҳам бўлган. Бироқ, бу мўъжизалар ўша вақтга хосдир. Ислом ҳаққонийлиги билан ақлни қаноатлантиради ва ўз аҳкомлари билан ғаризаларни табиий, тўғри қондиришда қондиради. Шунингдек, у фитратга мос келади. Чунки инсон табиатан ноқислик ва ожизликни ҳамда ҳаёти ишларини тартибга соладиган зотга муҳтожлигини ҳис қилади.

Юқорида айтилганлардан кўриниб турибдики, Исломда саноат ва илм-фан соҳасидаги уйғониш, шунингдек, ижтимоий тараққиёт ақидавий фикрий асосга қурилади. Бу асос Росулуллоҳ Aнинг даврида Мадинада амалда қўлланди, сўнг араб ярим оролига ёйилди ва Росулуллоҳ Aнинг вафотларидан кейин халифалар даврида ер юзининг бошқа ҳудудларига ёйилди. Европа қолоқлик, жаҳолат ва залолат ботқоғига ботиб турган вақтда Исломий давлат етакчи давлат ва олам маёғи бўлди. Бу давлат ҳижрий 1 йилдан бошланиб ҳижрий 1342, милодий 1924 йилга қадар давом этиб келди. Агарда ташқаридан Ислом давлатига қарши тилбириктирувлар бўлмаганида, шунингдек, шахсий манфаатларни ҳамма нарсадан устун қўйган малайлар бу давлатга қарши ташқи душманлардан ёрдам сўрашмаганида кофирлар уни қулата олмаган бўлишарди.

Исломда Ғарбнинг эътиборини тортган энг муҳим томон оилавий жипсликни тамсил этган ижтимоий низом бўлса керак. Британия мусулмонларнинг оилавий ҳаётини ўрганиш учун мусулмон оилалар билан насроний оилаларни аралаштириш орқали буни ўз халқига кўчиришга ҳаракат қилди. Чунки у оилавий келишмовчиликлардан азият чекиб келмоқда ва қаровсиз қолган кекса ёшдагиларни қариялар уйида сақлаш унга қимматга тушмоқда. Собиқ АҚШ президенти Никсон «Исломнинг туб моҳияти» номли китобида хоссатан Америка жамиятининг, умуман Ғарб жамиятларининг воқеълигини шундай ифодалайди: «Аслини олганда дунёга хавф солаётган нарса шуки, бизнинг мамлакатимиз молга бой бўлиши мумкин, бироқ биз руҳан қашшоқмиз. Чунки таълим ва тарбия ёмонлиги, жиноятчиликнинг кўплиги, зўравонлик кучайиши, этник бўлинишлар ўсиши, гиёҳвандликнинг тарқалиши, ўйин-кулги маданияти, вазифани адо этишдаги масъулиятсизлик ва руҳий бўшлиқнинг кенгайиши… буларнинг барчаси америкаликларнинг парчаланишига, юртидан, динидан ва бир-биридан узоқлашишига ҳисса қўшди».

Американинг собиқ миллий хавфсизлик маслаҳатчиси Збигнев Бжезинский шундай дейди: «Шаҳвоний истакларга берилиб кетган жамият – Америка жамияти – дунё учун ахлоқий қонунни қабул қила олмайди. Ахлоқий етакчиликни таъминлай олмаган ҳар қандай цивилизация йўқ бўлиб кетади». Собиқ давлат котиби ва собиқ президентликка номзод Хиллари Клинтоннинг «Оғир танлов» номли китобида айтган гапи Американинг ахлоқий жиҳатдан дунёга етакчилик қила олмаслигини кўрсатади. Клинтоннинг китобида келишича, бир журналист ундан: сиз чақираётган эркинлик нима? – деб сўраганида «гомосексуаллар ҳуқуқи», деб жавоб берган.

Мусулмонларнинг давлати бўлган пайтдаги давлат томонидан татбиқ қилинган иқтисодий низом ҳам Ғарбнинг эътиборини тортди. Зеро, бу низом шахсларнинг ҳамда жамият ва давлатнинг эҳтиёжларини ҳар томонлама қондиради. Шунингдек, бу низом иқтисодда одамларга шундай бир аҳкомларни юклайдики, бу аҳкомлар одамлар ўртасида улардан ҳеч бирининг ҳаққини тортиб олмасдан бойликнинг тақсимланишини таъминлайди. Айрим Ғарб зиёлилари 2008 йилги ипотека кризисини ҳал қилиш учун фоиз ставкасини нольга, солиқларни 2,5 %га туширишни талаб қилишди. Яъни, улар Исломнинг афзаллигини тан олмаган ҳолда Исломдаги ҳукмлар жорий қилинишини талаб қилишди.

Исломда инсон муаммоларини муолажа қиладиган ижтимоий, иқтисодий ва бошқа низомлар мавжуд экан, бу низомларни татбиқ этадиган ва уни муҳофаза қиладиган бошқарув низоми ҳам Ислом ақидасидан балқиб чиққан бўлмоғи лозим. Бундай низом Халифалик низоми бўлиб, у ичкарида Исломни татбиқ этади, одамларнинг ишини ғамхўрлик билан бошқаради ва бу билан у бутун дунё учун эргашиладиган намунавий давлат бўлади. Мана шундан кейин у Исломни бутун дунёга рисолат ва раҳмат сифатида кўтариб чиқади.

Исломий давлат гуллаб-яшнаган даврда илм-фан ва саноат соҳасининг ривожланганига доир айрим мисолларни қайта кўриб чиқишдан олдин тарихимизни бузиб кўрсатилган суратидан ажратган ҳолда билмоғимиз лозим. Тарихни билиш қуйидаги икки иш билан бўлади:

– Тарихни бузиб кўрсатилган суратидан ажратган ҳолда, ривоят орқали (ривоятга таяниб) ўрганиш.

– Исломни тушунишда унинг манбаларига таяниш.

Ислом ҳазоратининг айрим кўринишларини кўриб чиқишдан мақсад ўтмишга йиғлаш эмас. Балки, қандай бўлганимизни ва Ислом амалда қандай қўлланганини билиш ҳамда ўтган ишлардан фойдали хулоса чиқариб, кўзланган мақсад сари ҳаракат қилишга эътибор қаратишдир. Шунинг учун уйғонишни рўёбга чиқарган ҳамда саноат ва илм-фанда муҳим из қолдирган босқичларнинг айримларини айтиб ўтишишимиз лозим. Жумладан:

– Росулуллоҳ A қилич ясашни ўрганишлари учун одамларни Яманга жўнатдилар.

– Румликлардан девонлар тизими олинди ва у бошқалардан олинган нарсаларнинг энг кўзга кўринганидир.

– Илм-фан соҳасида олдингиларнинг китоблари таржима қилинди, асослари ўрганилди ва тузатиш мумкин бўлган хатолари тузатилди. Масалан, ернинг шакли ҳақидаги хато тузатилиб, унинг шарсимонлиги исботланди. Шунингдек, ривожлантириш мумкин бўлган нарсалар ривожлантирилди. Масалан, магнит стрелкаси олиниб, у аниқ даража ва бурчакларга эга бўлган компасга айлантирилди.

– Уламолар ёлланди ва уларнинг сўзлари таржима қилиниб ўрганилди. Масалан халифаларнинг бири математикани яхши билган ҳинд математикларидан бирини олиб келтирди.

Маълумки, кўплаб шарқшунослар мусулмонларнинг порлоқ тарихини инкор этишади. Бироқ уларнинг орасида немис шарқшуноси Сигрид Хункега ўхшаган инсофлилари ҳам бор. У ўзининг «Аллоҳнинг қуёши Ғарбда порлади» деб номланган китобида илмий уйғонишда мусулмонларнинг афзаллигини эътироф этади. Сигрид Хунке кейинчалик ўша китобининг номини ўзгартириб, «Араблар қуёши Ғарбда порлади» деб номлаган. Биз қуйида айрим мисолларни келтириш билан бир қаторда унинг сўзларини ҳам келтирамиз:

– Европалик олимлар сифатида танилганларнинг айримлари мусулмонларнинг китобларини олиб, муаллифининг номини ўчиришган ва ўзларининг номини ёзишган. Масалан, Ибн Ҳайсамнинг китобига нисбатан шундай қилинган.

– Мусулмон олим Ҳоразмийнинг дунёга «алгоритм» номи билан танилган математика фани ривожлантирилди. Бу термин бугунги кунга қадар қўлланилмоқда. Биз ернинг диаметрини ўлчашга муваффақ бўлган ҳамда алгебра ва кимё каби фанлардан амалда фойдаланган Берунийни ҳам унутганимиз йўқ.

– Автоматика (механика) фани. Бу соҳадаги энг таниқли олимлардан бири Муҳаммад ибн Мусодир. Шунингдек, мусулмонларнинг бу соҳадаги ихтироларидан бири Аббосийлар даврида ўзиюрар (механик) соатнинг ихтиро қилинишидир.

– Оптика (физиканинг ёруғлик қонунларини текширадиган бўлими) соҳасидаги энг таниқли олимлардан бири Ибн Ҳайсамдир.

– Денгизларни ўрганган олимлардан бири Ибн Можиддир.

– Тиббиёт соҳасида жарроҳлик қуроллари, игна ва микроциркуляция воситалари ихтиро қилинди. Бу соҳадаги таниқли олимлар: Ибн Ҳайсам, Ибн Нафис, Розий ва Ибн Синодир.

Биз Англия, Швеция ва Норвегия қироли Жорж олтинчи халифа Ҳишомга юборган тарихий мактубни ҳам унутганимиз йўқ. Ушбу мактубда шундай келади: (Англия, Швеция ва Норвегия қироли Жорж иккинчидан Андалус мамлакатидаги мусулмонларнинг буюк подшоҳи олий мақом халифа Ҳишом учинчига… Билдирилган ҳурмат ва эҳтиромдан кейин… Биз сизнинг юртингиздаги илм-фан ва саноат маъҳадлари унинг соф файзидан баҳраманд бўлаётган буюк тараққиёт ҳақида эшитдик. Шунинг учун ушбу фазилатлар намуналаридан бизнинг фарзандларимиз ҳам олишини истадик. Токи, бу – тўрт тарафдан жаҳолат ўраб олган юртларимизда илм нурларини ёйиш учун сизларнинг изингиздан эргашишда гўзал бошланиш бўлиб қолсин…

Исломий давлатнинг қулаш омиллари

Исломни татбиқ этадиган, у билан уйғониб, уни оламга ёядиган давлатни барпо қилиш омиллари мавжуддир. Шунингдек исломий давлат башарий давлат бўлиб, у илоҳий давлат эмас. Шунинг учун агар мусулмонлар ўз давлатларини уйғотиш омилларидан воз кечиб, уни қулашга олиб борадиган омилларга бўйсуниб қолсалар давлатнинг қулаши табиийдир.

Ушбу омиллар:

Биринчи: Ички омиллар. Масалан:

– Одамларга Ислом ҳукмларини ёмон татбиқ этиш.

– Тартибсизликларни куч билан бостириш, одамларга бирлик ҳақидаги Ислом ҳукмларини, шунингдек ҳукумат билан ҳамкорлик қилиш аҳкомларини тушунтиришда фикрни ишга солмаслик. Араб тили қувватини исломий қувватдан ажратиш. Турк тилини расмий тил қилиб белгилаш орқали турклаштириш сиёсатига таяниш араб тили қувватини Ислом қувватидан ажратиш ҳаракатининг сўнгги нуқтаси бўлди.

– Ижтиҳод эшигининг ёпилиши ҳамда ҳаётдаги ишлар янгиланиб, уларга қандай муносабатда бўлишни билиш учун улар ҳақида изланиш олиб бориш ва ижтиҳод қилиш керак бўлишига қарамасдан давлат тарафидан ижтиҳод эшигининг қайта очилмаслиги.

Иккинчи: Ташқи омиллар. Масалан:

Германияда Европа давлатлари ўртасидаги ўзаро урушларни тўхтатиш ҳамда Исломнинг Европага кенгайишига қарши туриш учун Вестфалия конференцияси ўтказилган. Конференцияда Насроний давлатлар лигаси таъсис этилган. Бу лига бугунги кунда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти номи билан танилган бўлиб, бу ташкилот Исломнинг барча шаклларига қарши курашишда ҳамон асосий рольни ўйнаб келмоқда. Бу соҳада Ғарб амалга оширган ишларнинг энг хатарлиси 1650 йили бошланган бўлса керак. Чунки ўша йили, мусулмонлардаги қувват ва заифлик омилларини излаш бошланди ва улар мусулмонлар қуввати уларнинг ақидасида яширинган, чунки, Исломни ёйиш, жиҳод, қурбонлик бериш, бирлик ва биродарлик аҳкомлари, шунингдек, бошқарув низоми, ижтимоий ва иқтисодий низом тафсилотлари шу ақидадан балқиб чиқади, деган хулосага келишди. Шунинг учун, Ислом ақидасини ва ундан балқиб чиққан аҳкомларни бузиш ҳамда Ислом давлатига барҳам беришни осонлаштириш учун режа ишлаб чиқишга азм қилишди. Улар бу ишда ютуққа эришишди ва бу режа Ислом юртларига шарқшуносларни юборишда намоён бўлди. Шарқшуносларнинг роли қуйидаги ишларда гавдаланади:

1 – Хос турда араб тилини, умумий турда бошқа тилларни ўрганиш.

2 – Исломни теран ўрганиш. Ҳатто уларнинг айримлари аҳкомларни сохталаштириш ва Исломга қарши иғво уюштириш учун ҳукмларни истинбот қилиш даражасига етиб боришди.

3 – Тарихни бузиб кўрсатиш учун уни ўрганиш ҳамда мусулмонлар ўртасидаги курашни ҳокимият ва бойлик устидаги кураш қилиб, жиҳодни бошқа давлатлар бойликларини талаш, деб кўрсатиш.

4 – Мусулмонларни уларнинг ҳазорати Ислом асосида эмас, балки, Ғарб ҳазорати асосида шаклланган деган хаёлга олиб бориш учун осори атиқаларни ўрганиш.

5 – Шарқшунослар Исломни даъво қилганларидан кейин Уммат орасида муфаккир, археолог, тарихшунос ва шариатни билувчи олим сифатида Ҳамда исломий давлат жисмидан ажралиб чиқиш учун бошланган мустақиллик ҳаракатларини бошқарувчи етакчи сифатида олдинга чиқди.

6 – Давлат илм-фан ва саноат соҳасида кучсиз бўлиб турган бир пайтда Ғарбнинг бу соҳадаги ютуқларига маҳлиё бўлган айрим мусулмонларни ҳамда давлатнинг мусулмон бўлмаган бошқа фуқароларини жалб қилиб, уларни Ғарб сақофатини ўрганишлари учун Европага юбориш. Бунинг натижасида, улар Ғарб сақофати билан суғорилиб, жамият ва давлатни парчаловчи қуролларга айланадилар.

7 – Обрўли кишилар, тўдалар ва етакчиларни сотиб олиб, уларни ўзларининг манфаатлари учун хизмат қиладиган малайларга айлантириш учун разведка идораларига боғлаш. Бундай етакчилардан энг кўзга кўрингани Сауд оиласидир.

8 – Иқтисодни вайрон қилиб, юртни ҳолдан тойдириш. Бунинг учун улар темир йўлларни портлатиш, экинзорларни ёқиш, тўғонларни портлатиш каби ишларни ва булардан бошқа бир қанча ишларни амалга оширишди. Масалан, Шариф Ҳусайн Туркия-Ироқ-Қувайт темир йўлини портлатди.

9 – Давлатдаги етакчи ўринларга чиқиш. Султон Абдулҳамид иккинчи ўзининг хотира дафтарида «Ҳатто менинг бош вазирим Британия малайидир» деб ёзади.

10 – Армия ичига кириб, ундаги етакчи ўринларни эгаллаш. Мустафо Камол худди шундай қилган ва у дўнма яҳудийларидан бўлган.

11 – Халифалик давлатининг араб, барбар, турк, амозиғ, болқон, форс ва булардан бошқа миллат вакиллари бўлган фуқаролари ўртасида миллатчиликни қўзғаш.

12 – Қўзғолонларни амалга ошириш ва давлат жисмидан ажралиб чиқиб мустақил бўлишни талаб қилиш ҳамда давлатни босқинчи ва ноқонуний деб тасвирлаш.

13 – Абдулҳамид иккинчи 1911 йили тахтдан олинди ва Бану Усмон халифаларининг охиргиси бўлган Абдулмажид иккинчи 1924 йили тахтдан ағдарилди.

14 – Ҳижрий 1342 йил 28 ражаб, милодий 1924 йил 3 март, эрталаб соат 10:10да Халифалик бошқарувини бекор қилиш ва илмонийликни татбиқ қилиш эълон қилинди.

1905 йили ўтказилган Кэмпбелл конференцияси: Ветфалия конференциси мақсадларининг амалга ошгани кўриниб қолганидан кейин мусулмонларнинг қандай ҳолатда бўлиши лозимлигига аниқлик киритиш ҳамда Ислом давлатининг қайта тикланиши олдига тўсиқ қўйиш учун Кэмпбелл конференцияси ўтказилди. Бу конференцияда қуйидаги қарорлар чиқарилди:

1 – Мусулмонлар юртларини зиддиятли чегаралар билан ажралиб турадиган давлатчаларга бўлиш. Бу Сайкс-Пико шартномаси билан амалга ошди.

2 – Мусулмонларнинг бирлашишига йўл қўймаслик.

3 – Мусулмонларнинг ҳақиқий илмий уйғонишни амалга оширишларига йўл бермаслик ва чекланган уйғониш амалга оширилишига монеълик қилмаслик.

4 – Жамиятдаги озчиликларни дискриминация қилиш ва уларнинг жамият таркибидаги бошқа қисмлар билан бўлган алоқаларини минималлаштириш (энг қуйи даражага тушириш) орқали жамият тузилмасини парчалаш.

Кофир Ғарб Ислом давлатини қулатишга эришганидан кейин, Британия бош вазири Британия умум палатасида Туркияга мустақиллик берилишига билдирилган эътирозларга жавобан шундай дейди: «Биз Усмоний давлатга барҳам бердик ва у асло тиклана олмайди. Чунки, биз икки муҳим ишга барҳам бердик. Улар: Ислом ва Халифаликдир». Ўшандан бери бизнинг устимиздан Ғарб ҳукмронлик қилиб келмоқда.

Қайта уйғониш:

Биз юқорида қулаш омилларини кўриб чиқиб муҳокама қилдик. Агар биз яна қайта уйғонишни ҳамда ўз рисолатимизни бутун оламга мукаммал етказа олиш учун яна қайта биринчилик ўрнини эгаллашни истасак… бу фақат қуйидаги ишлар билан бўлади:

1 – Умматда биринчи Ислом давлатининг тикланишига асос бўлган тўғри фикрни ва соғлом фикрлаш тариқатини вужудга келтириш лозим. Чунки, Исломни, унинг аҳкомларини ҳамда Исломни яна қайта ҳаётга қайтариш кайфиятини тушуниш фикрлашнинг соғлом тариқати асосида бўлади.

2 – Динни ҳаётдан ажратишга асосланган Ғарб фикрларига ва шу фикрлардан балқиб чиққан ҳаёт низомларига зарба берилиши лозим.

3 – Биздан олдингилар давлатни Ислом асосида қандай бошқарганларини билиш учун тарихни тўғри англаш лозим.

4 – Одамлар билан қандай муносабатда бўлиш кераклигини билиш учун олдинги Ислом давлатида яшаган халқлар табиати ҳамда мусулмонларнинг ўтмишдаги ва ҳозирги пайтдаги аҳволи ўрганилиши лозим.

Сўзимиз якунида айтамизки, мусулмонларни яна қайта уйғотишни истаган киши иккита программага эга бўлиши керак:

Биринчи: (Ўзгартириш программаси). Бу программа тузумни шариат аҳкомларига мувофиқ ўзгартириш учун ҳокимиятга етиш кайфиятини баён қилиб беради.

Иккинчи: (Давлат программаси). Бу программа Исломдаги бошқарув низоми, унинг тафсилотлари ва уни татбиқ қилиш кайфияти ҳақидаги қарашларни ўз ичига олади.

Бу фақат Исломга асосланган онгли, холис жамоа билангина амалга ошади. Аллоҳ Таоло айтади:

قُلْ هَـٰذِهِ سَبِيلِي أَدْعُو إِلَى اللَّـهِ ۚ عَلَىٰ بَصِيرَةٍ أَنَا وَمَنِ اتَّبَعَنِي ۖ وَسُبْحَانَ اللَّـهِ وَمَا أَنَا مِنَ الْمُشْرِكِينَ ﴿١٠٨

«Айтинг: Менинг йўлим шудир. Мен Аллоҳга даъват қиламан. Мен ва менга эргашган кишилар аниқ ҳужжатга-ишончга эгамиз. (Ҳар қандай шерикдан) Аллоҳни поклайман. (Зеро) мен мушриклардан эмасман» [Юсуф 108]

Биз Қодир Аллоҳдан «Пайғамбарлик минҳожи асосидаги Халифалик» тикланишини тезлаштиришини сўраймиз. Зеро, Халифалик Роббимиз шариатини қоим қилиб, бизни бирлаштиради ва бутун оламга эзгуликни ёяди.

Total Views: 255 ,

Добавить комментарий

Дания 2020 йилдан НАТОнинг Ироқдаги ўқув миссиясига раҳбарлик қилади

Дания 2020 йилдан НАТОнинг Ироқдаги ўқув миссиясига раҳбарлик қилади Дания...

Закрыть