Ғарб Халифаликка қарши кураш билан унинг барпо бўлишини тан олиш ўртасида
Ғарб Халифаликка қарши кураш билан унинг барпо бўлишини тан олиш ўртасида
Ислом ўзининг ҳокимият тепасига ва халқаро сиёсат саҳнасига қайтишига қарши глобал кампанияга дуч келди. Бу кампанияга фақат Пайғамбарлик минҳожи асосидаги иккинчи рошид Халифаликни барпо этиш орқалигина қарши туриш мумкин. У давлат сифатида ушбу очиқ урушга қарши тура олади. Биз Ғарбнинг сиёсатчилари, ҳукмдорлари ва ҳарбий операциялар олиб борувчи қўмондонлари орқали айтган баёнотларини келтиришдан олдин асос ҳақида айтиб ўтмоқчимиз. Асоски фитратга мос келади, ақлни қаноатлантиради, қалбни хотиржам қилади ҳамда мусулмонларни ўз ақидаларида мустаҳкамлаб, Роббиларининг ваъдаси ва Пайғамбарларининг башоратларига бўлган иймонини кучайтиради.
Қуръони Карим оятлари мусулмонлар қалбидаги умидсизлик ва тушкунликка қарши кураш ва уларнинг қалбларига умид уруғини экиш учун келди. Яъни Ислом умидсизликни ҳаром қилди ва унинг ўрнига умидни жойлади, пессимистликни ҳаром қилиб, унинг муқобилида оптимистликка буюрди. Шунинг учун биз ожизлардан фарқли ўлароқ, катта умидлар қиладиган, олийҳиммат, меҳнатсевар, ғайратли ва фидокорликка шошилувчи инсон бўлишни афзал кўрамиз. Маълумки, одамларнинг умидлари ва амаллари қанчалик фарқ қилса, эркакларнинг иродалари ҳам шунчалик фарқ қилади. Шоир бу ҳақда бундай деган:
Азму қарор азму қарорлик зотгагина келур
Улуғ ишлар улуғ саховатлигагина берилур
Кичикнинг кўзида кичик ишлар буюклашур
Буюкнинг кўзида буюк ишлар кичиклашур.
Биз Халифалик яқинлашиб қолганини таъкидлар эканмиз, муболаға қилмаймиз ва Уммат яшаётган воқеликни тасвирлашдан нарига ўтмаймиз. Биз бу борада Пайғамбарлик минҳожи асосидаги иккинчи рошид Халифаликнинг қайтиши яқинлашиб қолганини башорат берган шаръий нусусларга таянамиз. Набавий Шариф сийратини ўргансак, шунга гувоҳ бўламизки, Росулуллоҳ ﷺ рисолатни етказган чоғларида машаққат ва азоб-уқубатларга дуч келдилар. Душман у зотни изоляцияга олиб, барча турдаги азобу қийноқларни бошларига солди. Аммо буларнинг барчасига қарамай, у зот сабр қилдилар ва ишни Аллоҳга топширдилар. Ана шунда кўп ўтмай, зулмат ёруғликка, машаққат енгилликка айланди ва одамлар Аллоҳнинг динига тўп-тўп бўлиб кирдилар. Ислом тарихини ишончли манбаларидан ўрганар эканмиз, Ислом тарихининг графиги эгри-букри эканини, кескин пасайиб, кескин кўтарилганини, илоҳий қонунга мувофиқ кўтарилиб, пасайишини кўрамиз. Бу қонун Аллоҳнинг
﴿وَتِلۡكَ ٱلۡأَيَّامُ نُدَاوِلُهَا بَيۡنَ ٱلنَّاسِ﴾
«Бу кунларни (яъни ғалаба ва мағлубият кунларини) одамлар орасида айлантириб турамиз» [Оли Имрон 140]
деган сўзларидир. Ҳақиқатда, мусулмонларнинг иши гоҳ олийликка кўтарилади, гоҳ пастга тушиб кетади. Ўтган баъзи асрларда шу даражада пастладики, ҳатто Ҳажарул Асвад тортиб олинди, уни Қарматийлар зўрлик билан олиб кетишди ва чорак аср ўшаларда қолди. Сўнг яна жойига қайтарилди. Мўғул-татарлар Бағдодни эгаллаб, халифани ўлдириб, Ислом Умматини қаттиқ хорлашган пайтда Ислом тарихи жарга қулади. Бироқ қулаган тарих тезда қайта тикланди. Бир аср ўтмасдан мусулмонлар Австрия пойтахти Вена деворларини забт этдилар. Бундан аввал Андалусни босиб ўтиб Франция жанубига етиб боргандилар. Тўлқинлар ичра тебраниб турадиган бу тарих тан олиш керак бўлган ҳақиқатдир. Демак, бугунги кунда Ислом Уммати бошига тушган машаққат ва мусибатлар мусулмонни умидсизликка туширмайди. Аксинча, у сабр қилмоғи лозим. Чунки сабр иймоннинг ярмидир. Гарчи Ислом Умматини оғриқли жароҳатлар ва шафқатсиз вазият ўз домига тортаётган бўлса ҳам, бироқ Аллоҳга бўлган ишончимиз чексиз. Чунки қуръоний оятлар ва набавий саҳиҳ ҳадисларда шундай сўзлар борки, қалбларни хотиржам қилади, дилларга умид бахш этиб, Умматга келажак – Аллоҳнинг изни ила – ушбу динники эканлигидан хушхабар беради. Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таоло
﴿فَإِنَّ مَعَ ٱلۡعُسۡرِ يُسۡرًا + إِنَّ مَعَ ٱلۡعُسۡرِ يُسۡرٗا﴾
«Албатта ҳар бир оғирлик-машаққат билан бирга бир енгиллик ҳам бор. Албатта ҳар бир оғирлик-машаққат билан бирга бир енгиллик ҳам бор» [Шарҳ 5-6]
дейди. Росулуллоҳ ﷺ
«بَشِّرُوا وَلَا تُنَفِّرُوا وَيَسِّرُوا وَلَا تُعَسِّرُوا»
«Хушхабар беринглар, нафратлантирманглар. Енгиллатинглар, оғирлаштирманглар». (Бухорий ривояти). Чунки тун қанча узун бўлмасин, албатта Аллоҳнинг изни ила тонг отади. Бас, ушбу Умматда яхшилик – инша Аллоҳ – қиёматгача боқий бўлиб, бу яхшиликни на даҳшатли бўронлар титрата олсин ва на кучли шамоллар. Балки Умматимиз зулмат қанчалар қаттиқ бўлмасин, машаққат ва қийинчиликларни енгиб ўтишга қодир, инша Аллоҳ. У худди ҳар доим бўлиб келганидек, Аллоҳнинг изни ила албатта бирлашиб, бир саф бўлажак.
Росулимиз ﷺ бизга келажак Исломники эканлиги ҳақида башорат берган ҳадислардан:
Биринчи башорат: Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Росулуллоҳ ﷺдан: ё Росулуллоҳ, қайси шаҳар биринчи фатҳ бўлади, Константинополми ёки Римми? деб сўрашди.
«مَدِينَةُ هِرَقْلَ تُفْتَحُ أَوَّلًا»
«Ираклий шаҳри биринчи фатҳ бўлади», деб жавоб бердилар. (Имом Аҳмад ривояти). Константинополь исломий тарихда Исломбул деб танилган ҳозирги Истанбулдир. Саволдан тушуниладики, саҳоба розияллоҳу анҳулар икки шаҳарнинг фатҳ этилишини билганлар, аммо улардан қай бири аввал фатҳ бўлишини билмоқчи бўлганлар ва Ираклий шаҳри, деган жавобни олганлар. Константинополни мусулмон саркарда Муҳаммад ибн Мурод фатҳ этди, у тарихда саркарда Муҳаммад Фотиҳ дея ном қозонган. Ираклий шаҳри ҳижрий 857 йил жумодулаввал ойи, милодий 1453 йил май ойида фатҳ этилди. Маълумки, ушбу буюк фатҳ мўғул-татарлар Бағдодга кириб, Халифаликни ағдаришгандан кейин икки аср ўтиб бўлди. Ўшанда одамлар Ислом тубанлик қаърига кетди деган гумонга боришган эди. Улар Ислом бу дунёда ҳаргиз тугамаслигини унутишди. Чунки, қачон дунёда Ислом тугаса, дунё ҳам тугайди. Чунки қуёш ўчиб, юлдузлар сўнгач, бутун олам тугайди. Ҳамма нарсага қодир ва буюк Аллоҳ Ўзининг азиз Китобида бундай деган:
﴿هُوَ ٱلَّذِيٓ أَرۡسَلَ رَسُولَهُۥ بِٱلۡهُدَىٰ وَدِينِ ٱلۡحَقِّ لِيُظۡهِرَهُۥ عَلَى ٱلدِّينِ كُلِّهِۦ وَلَوۡ كَرِهَ ٱلۡمُشۡرِكُونَ﴾
«У Ўз росулини ҳидоят ва ҳақ дин билан – гарчи мушриклар хоҳлашмаса-да – барча динлар устидан ғолиб қилиш учун юборган зотдир» [Тавба 33]
Башоратнинг кейинги қисми, яъни Римнинг фатҳ этилиши қолди ва бу албатта юз беражак, инша Аллоҳ. Ҳозир инсонлар, Аллоҳга ҳамд бўлсинки, Аллоҳнинг динига тўп-тўп бўлиб кирмоқдалар, шунингдек, Аллоҳнинг фазлу карами ила, Европада инсонлар динимизга ҳар куни кирмоқдалар.
Иккинчи башорат: Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу Росулуллоҳ ﷺнинг бундай деб марҳамат қилганларини ривоят қилади:
«تَكُونُ النُّبُوَّةُ فِيكُمْ مَا شَاءَ اللَّهُ أَنْ تَكُونَ، ثُمَّ يَرْفَعُهَا إِذَا شَاءَ أَنْ يَرْفَعَهَا. ثُمَّ تَكُونُ خِلاَفَةٌ عَلَى مِنْهَاجِ النُّبُوَّةِ فَتَكُونُ مَا شَاءَ اللَّهُ أَنْ تَكُونَ، ثُمَّ يَرْفَعُهَا إِذَا شَاءَ اللَّهُ أَنْ يَرْفَعَهَا. ثُمَّ تَكُونُ مُلْكًا عَاضًّا، فَيَكُونُ مَا شَاءَ اللَّهُ أَنْ يَكُونَ، ثُمَّ يَرْفَعُهَا إِذَا شَاءَ أَنْ يَرْفَعَهَا. ثُمَّ تَكُونُ مُلْكًا جَبْرِيَّةً، فَتَكُونُ مَا شَاءَ اللَّهُ أَنْ تَكُونَ، ثُمَّ يَرْفَعُهَا إِذَا شَاءَ أَنْ يَرْفَعَهَا. ثُمَّ تَكُونُ خِلاَفَةً عَلَى مِنْهَاجِ النُّبُوَّةِ. ثُمَّ سَكَتَ».
«Сизларнинг орангизда Аллоҳ хоҳлаганича пайғамбарлик давом этади. Сўнг Аллоҳ хоҳлаган пайтда уни кўтаради. Сўнг пайғамбарлик минҳожи асосида Халифалик бўлади ва у Аллоҳ хоҳлаганча давом этади. Сўнг Аллоҳ Ўзи хоҳлаганда уни кўтаради. Сўнг раиятига зулм ва адолатсизликлар етадиган подшоҳлик бўлади ва у Аллоҳ хоҳлаганча давом этади. Сўнг Аллоҳ Ўзи хоҳлаганда уни кўтаради. Сўнг золим-зўравон подшоҳлик бўлади ва у Аллоҳ хоҳлаганча давом этади. Сўнг Аллоҳ Ўзи хоҳлаганда уни кўтаради. Сўнг пайғамбарлик минҳожи асосидаги Халифалик бўлади. Кейин Пайғамбар ﷺ сукутга чўмдилар». (Имом Аҳмад ривояти). Ушбу ҳадис Халифаликнинг албатта келишини ҳамда шак-шубҳага борувчилар, Ислом ва мусулмонларни ёмон кўриб, душманлик қилувчилар истамасалар-да, Ислом албатта барпо бўлишини, чунки у бутун инсониятга яхшилик улашувчи ҳақ ва адолат дини эканини баён қилмоқда.
Учинчи башорат: Савбон Росулуллоҳ ﷺнинг бундай деганини ривоят қилади:
«إِنَّ اللَّهَ زَوَى لِيَ الْأَرْضَ فَرَأَيْتُ مَشَارِقَهَا وَمَغَارِبَهَا وَإِنَّ أُمَّتِي سَيَبْلُغُ مُلْكُهَا مَا زُوِيَ لِي مِنْهَا»
«Аллоҳ ерни менга йиғиб кўрсатди. Шунда унинг кун чиқишидан кун ботишигача барча жойларини кўрдим. Аниқки, Умматим мулки менга йиғиб кўрсатилган жойларгача етиб боради». (Имом Муслим ривояти). Ушбу ҳадис Ислом давлати кенгайиб, Шарқу Ғарбни, яъни бутун ер юзини – Аллоҳнинг изни ила – ўз ичига олажаги хушхабарини айтмоқда.
Тўртинчи башорат: Росулуллоҳ ﷺ бундай дедилар:
«لَا تَزَالُ طَائِفَةٌ مِنْ أُمَّتِي ظَاهِرِينَ عَلَى الْحَقِّ لَا يَضُرُّهُمْ مَنْ خَذَلَهُمْ حَتَّى يَأْتِيَ أَمْرُ اللَّهِ وَهُمْ كَذَلِكَ»
«Умматимдан бир тоифаси ҳақ устида ғолиб ҳолда давом этади. Ёрдамсиз ташлаб қўйганлар уларга зарар етказолмайди ва албатта улар шу зайл турганларида Аллоҳнинг амри келади». (Имом Муслим ривояти). Яна бир ривоятда
«لَا يَضُرُّهُمْ مَنْ خَالَفَهُمْ إِلَّا مَا أَصَابَهُمْ مِنْ لَأْوَاءَ حَتَّى يَأْتِيَهُمْ أَمْرُ اللَّهِ وَهُمْ كَذَلِكَ»
«Уларга қарши чиққанлар уларга зарар етказолмайди, фақат ўзларига етган мусибатдан бошқа. Улар шу зайл турганларида Аллоҳнинг амри келади», дейилган. Ё Росулуллоҳ, улар қаерда бўладилар? дейилганди
«بِبَيْتِ الْمَقْدِسِ وَأَكْنَافِ بَيْتِ الْمَقْدِسِ»
«Байтул Мақдисда ва Байтул Мақдис атрофида», дедилар. (Имом Аҳмад ривояти). Бу ерда Росули акрам ﷺ ушбу Умматда яхшилик – инша Аллоҳ – то қиёматга қадар қолишини баён қилмоқдалар. Шунингдек, Қуддусда ва Қуддус атрофида яшовчи мусулмонларни мақтаб, инша Аллоҳ, улар орасидан бир мансур тоифа чиқишини, Қуддус, Умматга етган шунча мусибатларга қарамай, қиёмат кунигача Ислом қалъаси бўлиб қолишини, чунки унинг аҳли Фаластиндаги исломий муқаддасотларни Ислом Уммати вакили сифатида мудофаа қилувчи ўқ бўлиб туришини айтдилар.
Ушбу башоратлар истиқбол – инша Аллоҳ – шу динники эканлигини таъкидламоқда. Шунинг учун биз Исломнинг қайтишидан ва унинг мабдаси яна олам узра зафар қучишидан асло умидсиз бўлмаймиз. Чунки Росулуллоҳ ﷺ бундай дедилар:
«لَيَبْلُغَنَّ هَذَا الْأَمْرُ مَا بَلَغَ اللَّيْلُ وَالنَّهَارُ، وَلاَ يَتْرُكُ اللَّهُ بَيْتَ مَدَرٍ وَلاَ وَبَرٍ إِلَّا أَدْخَلَهُ اللَّهُ هَذَا الدِّينَ بِعِزِّ عَزِيزٍ أَوْ بِذُلِّ ذَلِيلٍ، عِزًّا يُعِزُّ اللَّهُ بِهِ الْإِسْلَامَ، وَذُلاًّ يُذِلُّ اللَّهُ بِهِ الْكُفْرَ»
«Бу иш кеча ва кундуз етиб борган жойгача етиб боради. Аллоҳ биронта ҳам ўтроғу кўчманчининг уйини қолдирмасдан унга бу динни азизнинг азизлиги ёки хорнинг хорлиги билан киритади. Азизликки, у билан Аллоҳ Исломни азиз қилади. Хорликки, у билан Аллоҳ куфрни хор қилади». (Имом Аҳмад ривояти). Ушбу ҳадис Аллоҳ Таолонинг Қуръони Каримдаги ушбу каломига тасдиқ сифатида келган:
﴿هُوَ ٱلَّذِيٓ أَرۡسَلَ رَسُولَهُۥ بِٱلۡهُدَىٰ وَدِينِ ٱلۡحَقِّ لِيُظۡهِرَهُۥ عَلَى ٱلدِّينِ كُلِّهِۦ وَلَوۡ كَرِهَ ٱلۡمُشۡرِكُونَ﴾
«У Ўз росулини ҳидоят ва ҳақ дин билан – гарчи мушриклар истамасалар-да – барча динлар устидан ғолиб қилиш учун юборган зотдир» [Соф 9]
Мана, Роббимиз каломидан иқтибос келтирдик ва унинг ортидан нафс-ҳаводан сўзламайдиган зотнинг сўзларини келтирдик. Энди, Ғарбнинг муҳим сиёсий шахслари ва раҳбарларининг Халифалик ҳақидаги баёнотлари ва огоҳлантирувларидан мисол келтирамиз. Булар Исломга қаттиқ юзсизлик қилган, очиқ тарзда курашган ва Умматимизни энг қаттиқ қирғинбарот қилган кимсалар ҳисобланади. Жумладан, собиқ АҚШ президенти Барак Обама баёнотида «жиҳодчиларга Сурия ва Ироқ ерларида Исломий Халифалик давлати пайдо қилишларига асло йўл қўймаслиги»ни таъкидлади. Бу баёнот бекорга айтилмади, балки у сўнгги йилларда Ғарб дунёси раҳбарлари ўртасида очиқ эълон қилинган сафарбарлик ҳолатига нисбатан акс-садо сифатида янгради. Бу билан бешинчи рошид Халифалик барпо бўлишидан огоҳлантирилди. Чунки аксар мусулмонлар Халифаликка интиладиган ва унинг Шом диёрларига қайта келиши тўғрисидаги нусусларга таянган ҳолда уни кутадиган бўлиб қолдилар.
Обамадан олдин АҚШ собиқ раҳбари Жорж Буш Ироқ босиб олиниши ортидан кўп тадбирларда Исломий Халифаликни барпо этишга даъват қилаётган гуруҳлар кучайиб бораётганидан ва улар халқнинг қўллаб-қувватловини қозонаётганидан огоҳликка чақирди. 2005 йил 6 октябрдаги баёнотида «агар фундаменталистлар битта давлатга ҳукмрон бўлишса, бу кўплаб мусулмонларни бирлаштиришларига ва минтақадаги барча режимларни ағдариб, Испаниядан то Индонезиягача бўлган Ислом фундаменталистик империясини ўрнатишларига олиб келади», деди.
Британия собиқ бош вазири Тони Блэр 2005 йил 16 июлда Лейбористлар партияси умумий конференцияси олдидан сўзлаган нутқида ҳаммадан кўра очиқроқ ва нафратланувчироқ эканини намоён этди: «Бизнинг қаршимизда шундай ҳаракат турибдики, улар Ислом Уммати учун Халифаликни барпо этиш орқали Исроил давлатини йўқ қилишга, Ғарбни Ислом оламидан қувиб чиқаришга ва Ислом оламини шариат қонунлари билан бошқарадиган Ислом давлатини барпо этишга интилмоқдалар». Ўша пайтда АҚШ ва Британиянинг Ироқдан чиқиб кетиш оқибатларидан огоҳлантириб, «Ироқдан ҳозир чиқиб кетиш Яқин Шарқда Халифалик барпо бўлишига олиб келади», деди.
Франциянинг собиқ президенти Николя Саркози ва бир қатор европалик сиёсий ва ҳарбий раҳбарлар ҳам 2001 йил 11 сентябр ҳодисаларидан кейин қатор йиллар давомида берган баёнотларида Буш ва Блэрга эргашишди. Барчасининг бир-бирига уйғун мазмунда берган баёнотлари у ёки бу раҳбарнинг шунчаки бир ташвиши эмас, балки тадқиқотларга асосланган жиддий сўзлардир. Айни тадқиқотлардан энг муҳими 2005 йил «Руби Лаффоон Париж нашриёт фонди» томонидан чиқарилган ҳисобот бўлса керак. «АҚШ разведкаси 2020 йилни қандай кўрмоқда?» номли бу тадқиқотда бир қатор америкалик экспертларнинг тахминлари келтирилди. Бу тахминлар бошида социолог ва келажакни башорат қилиш бўйича бош эксперт, «Келажак зарбаси» китоб муаллифи Элвин Тоффлер, шунингдек, БМТ тайёрлаган «Минг йиллик» лойиҳасининг бош эксперти Тед Гордон ва Вашингтондаги Марказий Разведка Бошқармаси (МРБ) учун икки йил ишлаган бошқа америкалик машҳур экспертларнинг тахмини туради. Улар ўзларидаги далилларга таяниб ўша кундан бошлаб 15 йилдан кейинги дунёнинг ҳолати ҳақида жиддий ҳисобот чиқаришди. Ҳисобот хулосасида ўша йилдан бошлаб 2020 йилга қадар сиёсий Ислом глобал миқёсда кенг тарқалиши ҳамда этник ва миллий исломий ҳаракатлар бир-бирлари билан боғланиб, миллий чегаралардан ташқарида ҳокимият барпо этишга интилишлари таъкидланган.
Шундай қилиб, Америка ва унинг ғарбий лагердаги иттифоқчилари Исломий Халифаликнинг қайтишига йўл қўймаслик йўлида вақт билан пойга ўйнашга киришиб, барча имкониятларини ишга солишди. Ҳатто бунинг учун Ғарб давлатлари, Араб давлатлари ва Эрон ўртасида халқаро коалиция тузишга тўғри келди ҳамда мабдага асосланган бирор жамоанинг ҳокимиятга келишини ва минтақадаги тузумларни ўзгартиришига имкон берадиган ривожланган қуролларга эга бўлишини олдини олиш учун кечаги шериклар қайта бирлашди.
Бу билан Америка бир қатор экспертлар маслаҳатидан юз ўгирди. Улар воқеликдаги фактга рози бўлиш зарурлигини ва қайтиши муқаррар бўлган Исломий Халифалик билан қандай муносабатда бўлиш кераклигини Оқ уйга маслаҳат беришган. Улар жумласидан, америкалик ёзувчи Жей Толсоннинг фикрича «Ғарб Халифалик мафкурасини нотўғри тушунди, уни ўзига таҳдид туғдирувчи мавҳум тушунча деб ҳисоблади. Бироқ, Халифалик Ислом оламининг маданий хотирасида чуқур илдиз отган». Америкалик сиёсий таҳлилчи ва ёзувчи Жон Ши ўша пайтдаги АҚШ президенти Обамага мактуб ёзиб, уни бешинчи рошид Халифалик билан муроса эшигини очишга чақирди. Чунки Америка кучлари Халифаликка қарши курашга ёки уни даф қилишга қодир эмаслигини таъкидлаб, жумладан, бундай деган: «Очиқ ҳақиқат шуки, дунёдаги ҳеч бир армия – қанчалик яхши қуролланган бўлмасин – ақидавий мафкурани асло мағлуб қилолмайди. Буни тан олишимиз керак. Чунки биз Яқин Шарқдаги ҳар бир давлатда Халифалик мафкураси етакчиларини қамаб, уларнинг китобларини ёқиб тугата олмаймиз. Чунки мусулмонлар ўртасида бу фикрга ижмо қилинган. Бугун Яқин Шарқ Европа давлатларининг бирлашган иқтисодий қудратига дуч келяпти ва бу ҳақиқат. Бироқ шуни унутмайликки, эртага Ғарб ҳам бешинчи рошид Халифаликнинг бирлашган қудратига дуч келади».
АҚШ собиқ президенти Обаманинг ички хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Муҳаммад Эбиари ҳаммасидан ўтиб тушди. У Американи Исломий Халифалик барпо этилишига қарши туришдан огоҳлантириб, Қўшма Штатлар учун ягона имконият Халифаликни Европа каби уюшган тузилмага айлантириш эканлигини таъкидлади. Унинг даъвосича шундай. Аммо бунга йўл бўлсин. Чунки Халифаликни жиловлашнинг имконияти йўқ. Ахир у ўзига мустақил вужуд. Унинг ўхшаши йўқ яшаш тарзи бор. Шунингдек, АҚШнинг собиқ бош вазири Генри Киссинжернинг Кэмп-Дэвид шартномаси имзоланиши ортидан ўша пайтдаги яҳудий бош вазири Менахем Бегинга берган маслаҳатини асло унутмаймиз. У жумладан бундай деган эди: «Мен сенга ухлаётган бир умматни беряпман. Муаммо шундаки, у ухлаяпти, ўлгани йўқ. Бас, қўлингдан келганча ухлаётган пайтидан самарали фойдаланиб қол. Чунки у уйғонадиган бўлса, асрлар давомида йўқотган нарсасини бир оз йиллар ичида қайтариб олади». Шундай қилиб, яҳудийлар Ислом Умматининг ўнлаб йиллар давомидаги уйқусидан фойдаланиб, Фаластин заминига ҳукмрон бўлишди ҳамда кўплаб Ғарб давлатлари раҳбарларини ва қўшни араб давлатлари ҳукмдорларини яҳудий вужудининг хавфсизлиги ва манфаатининг ҳимоясига ўз халқлари хавфсизлиги ва манфаати ҳимоясидан кўра кўпроқ ташвишланадиган қилишга эришишди. Бироқ улардан аксари бугун Киссинжернинг огоҳлантирувларидан ҳар қачонгидан кўпроқ қўрқиб қолишди. Чунки ўзлари кўриб туришибдики, ер юзининг мағрибу машриқидаги мусулмонлар бир асрдан ортиқ вақт давомида Ислом Уммати бошдан кечирган хорлик ва хўрликдан тўйганликларини эълон қилмоқдалар ҳамда Пайғамбарлик замонидан сўнг рошид Халифалик замонида бўлган шон-шарафларини қайта тиклашга интилмоқдалар. Уларнинг ушбу шон-шарафлари Умавийлар, Аббосийлар ва Усмонийлар даврларида ҳам, то 1924 йил Халифалик қулатилгунга қадар давом этди. Дарҳақиқат, мисрлик қибтий ёзувчи доктор Рафиқ Ҳабиб ўз мақоласида қуйидагиларни таъкидлайди: «Ягона Ислом давлатини тиклаш ғояси Ғарб давлатлари наздида буюк давлат тузилмасини қуриш лойиҳасини англатади. Бунинг замирида ушбу давлат бугунги кунда дунёнинг буюк кучлари бўлган Ғарб ва Америкага қарши курашади, деган маъно ётибди. Ғарб ўзининг турли давлатлардан устунлигида абадий қола олмайди. Чунки Исломий бирлик давлати бунёд этилса, тез вақтда Ғарбнинг жанубий чегараларида жойлашиб олади ва Ғарбни қолган дунё давлатларидан узиб қўяди, оламнинг юрагини эгаллайди. Бас, қачон Ислом давлати барпо бўлса, Ғарб йирик державалигида давом этолмайди. Бундан ҳам энг муҳими, Ғарб цивилизацияси (ҳазорати)нинг дунёда ҳукмронлик қилаётган цивилизация сифатидаги роли тугайди. Шунинг учун мустамлакачи Ғарб давлатлари бу ютуқни Халифаликни қайтариш олдида реал тўсиқ бўлган сабаблар, шарт-шароитлар ва режалар билан ўраб олишлари табиий ва кутилган иш эди. Ким мустамлакачи Ғарб кучларининг Халифалик давлатининг тарихига ва унинг кутилаётган келажагига бўлган қарашларини англаб етса, айни кучларнинг ушбу давлатнинг қайтиши олдига тўсиқ қўйишга қанчалик қаттиқ эътибор қаратаётганини ҳам тушуниб етади. Агар ягона Ислом давлати барпо бўлса, глобаллашув орзуси, яъни либерал Ғарбнинг дунёга гегемонлик қилиш орзуси тугайди. Чунки Ислом давлати албатта дунёнинг салмоқли қисмига ҳукмрон бўлади. Бу билан Ғарб цивилизациясига қарши рақобатлашувчи бошқа ҳазоратни олиб келади ҳамда Ғарб цивилизациясининг дунёга гегемонлик қилиши олдига тўсиқ қўяди. Ягона Ислом давлати орзуси Ғарбга турли даврлардаги Ислом давлати билан бўлган тарихини хотирлатмоқда. Ўшанда Ғарб Исломий Халифалик давлати ағдарилмагунича ўз гегемонлиги ва глобал етакчилигини рўёбга чиқаролмаган. Зеро, Халифалик давлати Ғарб давлатларига оламшумул ҳазорий хатар эди».
Доктор Рафиқ Ҳабиб айтганидек, Ғарб Халифаликнинг барпо этилишига йўл қўймаслик учун мусулмонлар олдига тўсиқлар қўйишни мақсад қилган. Шу боис, мустамлакачи давлатлар Халифаликнинг қайтишига йўл қўймаслик ва унинг ғоясига қарши курашиш учун кўп йўл ва усулларни қўллашди. Улардан айримларини келтириб ўтамиз:
1 – Сиёсий адаштириш. Бу услуб барча мусулмон юртларида умумий сиёсат сифатида Ғарбга бўйсунишга олиб келди. Оқибатда режимлар Ғарбга янада кўпроқ қуллик қиладиган бўлди ҳамда уларнинг мустамлакачилик кишанидан озод этиш имкониятини озайтирди.
2 – Мафкуравий адаштириш. Бу Ислом Умматига Ғарб фикрларини Ислом тўнини кийдириб сингдиришдир. Бу таълим дастурлари, оммавий ахборот воситалари орқали ҳамда Ғарб фикрларига ишониб, уни тарғиб қилувчи ғарбпараст ҳизблар орқали, шунингдек, ёзувчилар ва нопок сарой уламолари орқали амалга оширилади.
3 – Оммавий ахборот воситалари ва қаттиқ назорат. Ушбу назоратни Ғарб кучлари Халифалик мафкураси, лойиҳаси ва айни лойиҳага алоқадор барча тадбирлар, фаолият ва фикрларга қарши ўрнатган.
4 – Ғарб кучлари ўқдонида қолган энг охирги найза мўътадил дейишаётган исломий ҳаракатлардир. Улар бу ҳаракатлар орқали номи исломий, аммо Ғарбга содиқ бўлган, Халифалик лойиҳасини йўқ қиладиган бошқарув моделини яратишга ҳаракат қилишди. Бунинг учун Умматга уни намуна қилиб кўрсатмоқда. Бироқ Уммат тез орада бу намунанинг бесамарлигини, тобелигини ва Ислом мабдаидан узоқлигини фош этади.
Биз Ғарб сиёсатчилари ва раҳбарларининг Халифаликка қарши кураш ва ундан огоҳлантиришга оид баёнотларини келтирганимиздан сўнг, янада муҳимроқ баёнотлари ва ҳаракатларини эслатиб ўтамиз. Бу баёнот ва ҳаракатлар мустамлакачи Ғарб кучларининг Халифалик қайтишидан нақадар қўрқишаётганини, уни кечиктириш учун минтақада уруш оловини ёқиш йўлига ўтишганини кўрсатмоқда. Лекин улар бунга эриша олмайди. Чунки аллақачон вақти келган мафкуранинг ва рўёбга чиқиши белгиланган лойиҳанинг қаршисида асло туриша олмайди. Мазкур баёнотлардан асосийси Байденнинг Покистон ҳақида «мени кўпроқ хавотирга солаётган нарса на Афғонистон, на Ироқ ва на Эроннинг ядровий кризиси, балки Покистондир», деган сўзлари бўлди. Кейин «Биламан, Покистон катта юрт, қўлида отиши мумкин бўлган ядровий қурол бор, у ерда экстремистик аҳолининг ҳақиқатда муҳим озчилиги яшайди», деди. Унинг айни баёноти кўплаб расмийлар ва экспертларнинг қатор хавотирли баёнотлар беришлари ва Покистон келаётган Халифаликнинг марказий нуқтаси бўлишидан огоҳлантиришлари манзарасида янгради. 2009 йил 24 ноябрда Аризонадаги «Форт Хуачука»даги армия разведка маркази қўмондони генерал-майор Жон М. Кастер Вашингтон Таймс газетасига берган интервьюсида бундай деди: «Эски ҳарбий қўмондонлар бизни яхши кўришади, Америка маданиятини тушунишади ва бизни душман эмаслигимизни билишади. Бироқ улар энди қуролли кучлардан ташқарида». МРБ Бош қўмондони Дэвид Петреуснинг маслаҳатчиси Дэвид Килкуллен ўзининг 2009 йил март ойида «Вашингтон Пост» газетасида чиққан баёнотида бундай деди: «Покистонда 173 миллион аҳоли, 100та ядровий каллаклар ва АҚШ армиясидан катта армия бор… Биз Покистон режими олти ой ичида қулаши мумкин бўлган даврга етиб келдик… Экстремистларнинг бу режимни қулатиши бугунги кунда терроризмга қарши кураш учун кўрган барча чораларимизни чилпарчин қилади». 2009 йил 2 декабрда Покистоннинг “Geo” каналида АҚШ давлат котиби Хиллари Клинтон Покистондаги Халифалик учун кетаётган фаолиятдан хавотирда эканини билдирди.
Бу баёнотлар оммага ошкор бўлиб бўлган. Бундан ўнлаб йил аввал айтилганига қарамай, уларнинг бугун бўлмаса, эртага унинг барпо бўлишини тахмин қилишаётгани сабабли ушбу кутилаётган Халифаликдан қўрқишаётгани яққол маълум бўлмоқда. Баъзилари уни 2020 йилда барпо бўлишини башорат берди, масалан, МРБнинг Виржиниядаги миллий разведка идораси чиқарган «Глобал келажакни хариталаш» номли ҳисоботда ва Россия давлат Думаси раисининг собиқ ўринбосари Михаил Юрьев баёнотида келгани каби.
Бу баёнотлар биз таъкидлаган Халифалик яқинлашаётганининг ягона далили эмас. Балки бунинг энг кучли ва аниқ далили Уммат яшаётган воқеликдир. Чунки бугун Ислом Уммати Халифаликка, бирлашишга, ҳаётнинг ҳамма соҳаларида шариатнинг татбиқ этилишига қаттиқ интиладиган бўлиб қолди. У Исломига ҳар қачонгидан кўра қаттиқроқ амал қиладиган, унинг йўлида ҳар қанча қурбонликлар беришга тайёр турадиган Умматга айланди. Бунга уни ундаётган нарса ақидавий тушунчасининг кенгайгани ҳамда бундай ёмон воқеликдан қутулишнинг ягона йўли Ислом давлатининг барпо этилиши деб билаётганидир. Бугун Умматда «Бу иш бошида нима билан ислоҳ бўлган бўлса, бугун ҳам ўша нарса билан ислоҳ бўлади» деган шиор амалий тушунчага айланди. Ислом Умматининг бўйнига осилиб олган анави ҳукмдорларнинг ҳам айблари кундек аён бўлиб, Уммат ва унинг ҳазорий лойиҳасига ошкора душманга айланишди. Улар Исломга қарши курашда АҚШ ва Ғарбга шерикдир. Нафақат ҳукмдорлар, балки Ғарб кучларининг кимлиги очилиб, шунча катта ҳарбий техникага эга эканига қарамай, армиялари ҳам, ҳарбий қудратлари ҳам мўрт эканлиги фош бўлиб қолди. НАТО Афғонистонда шундай даҳшатли тушни бошдан кечирдики, унинг тинчини армия ва Уммат бузмади, балки бир гуруҳ мусулмонлар бузди. Ҳатто НАТО қўшинлари орасида Афғонистондаги мужоҳидлар ҳужумларидан ҳимояланиш учун тўлов тўлаб келганларини ҳам гувоҳи бўлдик. Биз, шунингдек, яҳудий вужуди армиясининг, Ғарбдан шунча куч ва қурол-яроғ билан таъминланаётганига қарамай, оз сондаги ғазолик мужоҳидларга дуч келган пайтда орқаларига қарамай қочиб қолишганига гувоҳ бўлдик ва ҳануз гувоҳ бўляпмиз. Бу мағлуб кофир Ғарбнинг психологик ва жанговар воқелиги бўлса, буниси азоб-уқубатда яшаётган бир Умматнинг воқелигидир ва бу Ислом Уммати яқинлашиб келаётган Халифалик давлатини ўз бағрига олишга тайёр эканини тасдиқлаб турибди. Чунки Халифалик унинг наздида хаёл ва орзу эмас, эртага эришилажак реал воқеликка айланиб бўлди.
Ва ниҳоят, Ғарб сўнгги йилларда ўтказган кўплаб сўровлар мусулмонлардан 70 %и Исломий Халифаликнинг қайтишига интилаётганини, улардан кўпчилиги Халифалик кўз очиб юмгунча барпо бўлади деб ҳисоблаётганини кўрсатди. Шундай экан, Ғарб дунёси, яхшиси, бу борадаги ҳисоб-китобини бошқа кўриб чиққани маъқул. Ўзининг ақлирасо фуқаролари бераётган маслаҳатларга қулоқ тутсин. Тахт ҳимояси учун урушга киришни маслаҳат бераётган кимсаларнинг алжирашларига қулоқ солмасин. Чунки улар билган нарсаларининг барчасини унутиб юборадиган энг тубан кунни кўришга (яъни, ўзини бошқара олмайдиган кексалик пайтидаги ҳолатга) қайтарилган кимсалардир. Масалан, Фиръавн халоскор пайғамбар чиқишини олдини олмоқчи бўлди ва иймон келтирганларнинг янги туғилган ўғилларини битта қўймай қатл қилишга буюрди. Бироқ Аллоҳ ўз иродаси ила, уни шарманда қилди ва Мусо алайҳиссалом Фиръавннинг ўз хонадонида ва хотинининг бағрида ўсиб улғайишини, ҳатто унинг ўлими ҳам Мусо алайҳиссаломнинг қўли билан бўлишини тақдир этди. Бечораҳол инсонларга иноят қилиб, уларни Фиръавннинг салтанати, саройлари ва хазиналарига меросхўр қилди.
Хулоса: Биз Ғарб муфаккирларининг баёнотлари ичида европалик Бернард Шоунинг баёнотидан кўра очиқроғини топмадик. У бундай деган: «Бугун бутун олам Муҳаммад ﷺдек бир кишига муҳтож. Чунки у олам муаммосини бир пиёла қаҳва ичаётибоқ ҳал этиб қўйган». Бу гап дунё барча социалистик ва капиталистик мафкуралардан воз кечганлигидан яққол далолатдирки, олам фақат шу динни ўрганиши, саййидимиз Муҳаммад ﷺнинг рисолатига иймон келтириши ва Ислом асосларини татбиқ қилиши лозим. Ана шунда бутун инсоният Аллоҳнинг изни ила тинч хотиржам ҳаёт кечиради.
Қози Абдуллоҳ – Яман вилояти