Амирликлар, Саудия ва Миср раҳнамолигидаги янги дин (3)

Амирликлар, Саудия ва Миср раҳнамолигидаги янги дин (3)

Саудиянинг Исломни ўзгартиришдаги роли

Саудия режими ўзининг кўплаб мусулмон ўлкаларга ёйишга ҳаракат қилган ваҳҳобийлик ғояси ортига яшириниб, ўнлаб йиллардан бери мусулмонларга ўзини шариатга асосланган исломий режим сифатида тақдим этиб келди. Лекин Уммат фарзандларидан кўпчилиги унинг асл башарасини яхши билар эди. Шундай бўлса-да, у ўзининг бу асл башарасини – гарчи сиёсий режимнинг Исломга зидлиги яққол кўриниб турса-да – лекин жамиятда кенг тарқалган айрим диний кўринишлар ортига яширишга муваффақ бўлди. Бироқ, сўнгги йилларда бу режимда кескин ўзгариш, яъни, Саудия жамиятини суръат билан ғарблаштириш сари ҳаракат намоён бўлди ва бу нарса кўплаб кузатувчиларни ҳайрон қолдирди.

2017 йил 20 майда Трампнинг Саудия сафари ортидан бу режимда ўзгаришлар, баёнотлар ва позициялар кескин суратда кўзга ташлана бошлади. Бу унинг режимни тўлиқ ғарблаштириш ва илмонийлаштириш учун АҚШ чизиб берган режага итоат қилишида очиқ намоён бўлди. Дарҳақиқат, Саудия режими валиаҳд шаҳзода Муҳаммад ибн Найфни ҳокимиятдан четлатиб, ички ишлар вазири лавозимидан бўшатди ва 32 ёшли ёш шаҳзода Муҳаммад ибн Салмонни валиаҳд қилиб тайинлади. Ибн Салмон бундан олдин ўз ҳокимиятини мустаҳкамлашни, ўзини ислоҳотчи ва ёшларнинг орзу-умиди сифатида тақдим этишни бошлаган. Саудия исломий ишлар, даъват ва иршод вазири шайх Абдуллатиф ибн Абдулазиз Оли Шайх 2020 йил 27 январда Қоҳирада фаолият бошлаган «исломий мафкурани янгилаш бўйича халқаро Азҳар конференция»да нутқ сўзлаб, бундай деди: «Саудия Арабистони диний хитобни янгилаш, мўътадиллик ва бағрикенглик тушунчаларини кенгайтириш, экстремистик хитоблар ва адашган ҳизбларга қарши курашишни ўзининг устувор вазифаларидан бирига айлантирди. Жумладан, ўғил-қизлардан иборат ёшларга ғамхўрлик қилиш, малакаларини ошириш, жамиятга таъсир ўтказишда асосий куч саналган иқтидорли ва қобилиятлиларига имкониятлар яратиб бериш ҳам ушбу устувор вазифалардан ҳисобланади».

Афтидан, Муҳаммад ибн Салмон модернизация бўйича Амирликларнинг моделини, яъни, идеология юкидан холи авторитар моделни ўзи учун энг қулай деб билмоқда. Саудия ҳолатида мамлакат елкасига оғир юк бўлиб тушаётган ва ғарбию шарқини қийин аҳволга солган ушбу ваҳҳобийлик идеологиясини бўлажак қирол денгизга улоқтириб ташлаб, илмонийлик ёки либерализмни даъво қилувчи авторитаризмни қабул қилмоқчи.

Дарҳақиқат, Муҳаммад ибн Салмон амри маъруф ҳайъатини кўнгилочар ҳайъатга айлантирди. Ушбу янги ҳайъатнинг юлдузи порлади ва Саудиянинг ўнлаб йиллик даврида амал қилиб келинган анъанавий одатларни парчалаб, концерт дастурлари ва театрлаштирилган намойишларни ташкиллаштирди. Бугунги кунда мамлакатнинг Риёз, Жидда ва Даммам шаҳарлари қатор араб ва хорижий қўшиқчи санъаткорларнинг қибласига айланди. Шунингдек, бу шаҳарлар кўплаб Голливуд юлдузлари ва машҳур эркин кураш чемпионларининг ҳам марказига айланди.

Бир томондан бебош ёшларни шошилинч модернизация қилиш кампаниялари олиб борилса, бошқа томондан Салмон Авда, Аваз Қарний ва Абдуллоҳ Моликий каби таниқли даъватчи шахсларни кенг кўламда қамоққа олиш кампанияси олиб борилди. Бу репрессив давлат остида содир этилаётган бундай қамоққа олишларни бирорта ҳам мезон билан ўлчаб бўлмайди. Бу режим бутун мамлакатни илмонийлик ботқоғига ғарқ қилиш сари жадал қадамлар билан кетаётган экан, ўз йўлига анави «консерватив» шайхлардан бирортасининг қарши чиқишини истамаяпти.

Ибн Салмон ўзининг улкан «Неом» (ақлли ва трансчегаравий туристик шаҳар) лойиҳасини эълон қилиш муносабати ўтказилган суҳбатда экстремизм тўғрисида берилган саволга «Саҳвани йўқ қилиш сари жиддий ҳаракат қиляпман», деди. Саҳва, деганда у ўтган асрнинг етмишинчи йиллари пайдо бўлган ҳамда молиявий ва фикрий жиҳатдан Саудия мамлакати томонидан қўллаб-қувватланган маърифий салафий ҳаракатни назарда тутмоқда. Ибн Салмоннинг ўз баёнотида Саҳвани йўқ қилмоқчилиги тўғрисида очиқ гапириши ўзининг золим менталитетини тан олаётганини англатади. Хусусан, бу кимса ўша пайтда «коррупцияга қарши кураш ҳайъати» тузаётган эди. Кейинчалик бу ҳайъат мамлакат тизимидаги иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий куч марказларини йўқ қилди.

Мана шундай кескинлик даврида ёш шаҳзода мамлакат хотин-қизларига ўтган ўнлаб йиллардан бери асоссиз равишда ман қилинган машина ҳайдаш ҳуқуқини берди. Шунда бутун мамлакат ва унинг иттифоқчилари оммавий ахборот воситалари оёққа туриб Ибн Салмонни олқишлашди… Гўё у аввалгилар беролмаган нарсани бергандек! Ибн Салмон бу билан ўзининг мисрлик «эгизаги» Сисийга ўхшаб стратегик маъруза тактикасини қўлламоқчи. Зеро, Сисий мисрлик аёлларнинг ҳис-туйғуларини қўзғашга ишқибоз бўлиб, шу йўналишга туртки берадиган қарор ва фармонлар чиқариш орқали аёллар орасида машҳур бўлишни яхши кўради.

Маккани модернизация қилиш ва Исломга хос ёдгорликларни йўқ қилиш:

Саудлар оиласи билан унинг режалаштирувчиларининг Маккадаги Масжидул Ҳарам атрофида нималар қилишаётганини тасаввур қилишнинг иложи йўқ. Чунки бу кимсалар барча исломий ёдгорликларни бузишни ва ўрнига қават-қават кенгайтирилган қурилишлар бино этишни бошлашди. Ваҳоланки, бу қурилишларда на бир меъморий эстетика бор, на умра зиёратчиларига енгиллик яратувчи транспорт воситаси. Чунки умра зиёратчилари саудияликлар қурган бетон блоклар орасида узоқ масофани босиб ўтиш билан қийналмоқдалар. Ҳатто шаҳар ҳам Масжидул Ҳаромдан жуда узоқда жойлашган бўлиб, унинг инфратузилмаси жуда заиф ва қолоқ аҳволда. Шаҳар аҳолисига тоза ичимлик сувини ҳамон ижарага олинган машиналар ташиб беради ва агар бу машиналар тўхтаб қолгудек бўлса, улар баклажкадаги сувни сотиб олишга мажбур бўладилар. Канализация тармоқлари, йўллар ва жамоат транспорти мусулмонлар учун муқаддас саналган энг буюк шаҳарга лойиқ даражада эмас.

Масжидул ҳаром чор атрофига иншо этилган меҳмонхоналарни кўрган киши шунга гувоҳ бўладики, уларнинг барчаси хунук, беўхшов суратда қурилган, ҳарамга шаклан ҳам, меъморий жиҳатдан ҳам, хусусият ёхуд исломий моҳият жиҳатидан ҳам ярашмайди ҳамда Ҳарам зиёратчиларига руҳий ва моддий хотиржамлик яратадиган зарур томонларига эътибор берилмаган!

Чиндан ҳам саудияликлар илмонийлашадими?!

Ибн Салмон худди Амирликлар каби, сиёсий Ислом олдида пайдо бўладиган расмий дин моделини яратиш орқали мамлакатни модернизациялаш ва илмонийлаштиришни зўрлаб тиқиштиришга муваффақ бўлди, деб фараз қилайлик. Бироқ, унда модернизациянинг энг муҳим асос ва пойдевори йўқ бўлгани учун бу ишда муваффақиятга эришишини асло башорат қилиб бўлмайди. Бу муҳим асос ва пойдевор сиёсий эркинликлар ва партиялар қуришга рухсат беришда гавдаланади. Натижада, у модернизация ва маърифат учун Форс Кўрфазининг носоз илмоний моделини қабул қилишга мажбур бўлади.

Шуни таъкидлаш лозимки, Оқ уй тепасига кўрфаз пулларини соғиб олувчи товламачи менталитет сифатида Трампнинг келиши Муҳаммад ибн Салмонга Муҳаммад ибн Найфни четлатиб, ўрнига валиаҳд бўлиб олишига ёрдам берди. Чунки Ибн Салмоннинг енгилтак ва сиёсий калтафаҳм кимса бўлгани учун Трампга жуда мос келиши табиий. Бўлмасамчи, ахир Муҳаммад ибн Салмондан ҳам бебош ва қаллоб йигит қаердан топилсин. Бундай аҳволга Судайснинг ушбу баёноти жуда мос келади: «Саудия Арабистони билан Америка Қўшма Штатлари тинчлик, хавфсизлик ва барқарорлик борасида дунёнинг икки қутби бўлиб турибди. Бу — подшоҳимиз Салмон ва президент Трампнинг саъй-ҳаракатлари сабаблидир»!

Амри маъруф ва наҳи мункар ҳайъати ваколатларини чеклаш:

Трамп Саудияга сафар қилганидан сўнг мамлакатнинг маъруфга буюриш ва мункардан қайтариш ҳайъатига чеклов қўйилди, хотин-қизларга машина ҳайдашга рухсат берилди. Бу эса, Трампнинг келиши мамлакатда ўзгариш жараёнига туртки берганини англатади. Бу ҳақда саудиялик сиёсий таҳлилчи Абдулмажид Жалол «DW арабийя» телеканали билан бўлган суҳбатда қуйидагиларни таъкидлади: «Шубҳасиз, Саудия билан Форс Кўрфази давлатлари экстремизм масаласидан ва экстремизмни қўлловчи давлат, деган айбловдан узоқлашишни исташади. Шу боис Трамп даври уларнинг айни истакларини рўёбга чиқишида қулай имкониятдир». Муҳаммад ибн Салмон ўзининг «2030 йил учун Саудия қарашлари» номли ислоҳот лойиҳасини эълон қила бошлади ҳамда модернизация ва ислоҳотларни амалга ошириш бўйича режаларини тақдим этди. Унинг Миср ва Иордания билан бирга йирик қўшма «NEOM» лойиҳаси ҳам мавжуд.

Риёзда «Келажакда инвестиция ташаббуси» номли форум доирасида бўлиб ўтган мулоқот учрашувида Муҳаммад ибн Салмон ўзининг мамлакатдаги диний муассасага чеклов қўйиш ҳаракатини оқлаш мақсадида бундай деди: «Биз ўзимизга қайтяпмиз, яъни, барча динлар учун очиқ бўлган Ислом динимизга қайтяпмиз». Яна бундай сўзларни айтди: «Биз ҳаётимизнинг ўттиз йилини бузғунчи фикрлар билан шуғулланиб ўтказмаймиз, уларни бугун ва бир зумда йўқ қиламиз», «Яқин орада экстремизмни бартараф этамиз». Буни оқлаш учун у ижтимоий даражадаги ажойиб ўзгаришларнинг бир қисми сифатида, хотин-қизлар масаласини илгари сурди. Бундан ташқари, мамлакатда кинотеатрлар очди, қибтлар-котоликларга бағрикенглик қилди, Мисрдаги православларнинг папа қароргоҳини зиёрат қилди, пойтахт Риёзда биринчи марта пасха байрами ўтказилишига рухсат берди… Кузатувчилар бу ҳаракатларни Ибн Салмоннинг Ғарбга яқинлашиш истаги ўлароқ талқин қилишди.

Амри маъруф ва наҳи мункар ҳайъатини кўнгилочар ҳайъатга айлантириш:

2016 йил 7 майда қиролнинг фармони билан ташкил топган ушбу оммавий кўнгилочар ҳайъат Саудиядаги охирги кўнгилочар сиёсатни мамлакатни Ғарб стилида ғарблаштириш томон йўналтирди. Бунинг учун мамлакатнинг ўнлаб йиллар қўллаб келган расмий қонун ва урф-одатларидан воз кечиш учун бир қатор қарорлар қабул қилинди. Масалан, эркак-хотинлар аралаш оилавий концерт зиёфатларини ўтказишга рухсат бериш, аввалда эркаклар учун хос бўлган иш ўринларини аёлларга бўшатиб бериш, расмий телевидениеда концертлар намойиш қилиш каби. 2019 йил октябр ойи бошида пойтахт Риёзда биринчи марта аёллар эркин кураши бўйича кўргазма ўйини ўтказилди. Суратларда иккала курашчи аёлнинг узун енгли спорт костюми ва шимини кийиб олишгани кўриниб турибди. Бундан мамлакатнинг аёллар кийимларига оид сиёсатининг ажнабий табиатга мослашгани кўриниб турибди.

2019 йил июнда барча ижтимоий тармоқларда Жидда шаҳрида, Амирликлардаги «White Dubai» дискотекасига тақлидан, биринчи марта тунги дискотека очилгани тўғрисидаги хабарлар тарқалгани шов-шув бўлди. 2018 йил март ойида ўттиз йилдан бери тақиқланиб келинган кинотеатрларни лицензиялаш бўйича биринчи регламент тасдиқланди. 2018 йил февралда мамлакатда биринчи марта «Антар ва Абла» номли опера намойиш этилди. Бу – мамлакат тарихида биринчи марта опера театри қуриш қарори эълон этилишининг эртасигаёқ бўлиб ўтди. Шу ойнинг ўзида эса, Риёзда биринчи жаз фестивали бўлиб ўтди.

Ҳомид Абдулазиз

Total Views: 126 ,

Добавить комментарий

Экспертлар: АҚШ АСЕАН ташкилоти билан яқинроқ ишлаши лозим

Экспертлар: АҚШ АСЕАН ташкилоти билан яқинроқ ишлаши лозим  20-январдан президентликка...

Закрыть