Амирликлар, Саудия ва Миср раҳнамолигидаги янги дин (5)

Амирликлар, Саудия ва Миср раҳнамолигидаги янги дин (5)

Мисрнинг Исломни ўзгартиришдаги роли

Сисий 2015 йил январда диний хитобни янгилашга чақириб, уламоларга қарата «Аллоҳга қасамки, мен қиёмат куни сизларнинг ёқангиздан оламан. Мен бугун Аллоҳнинг олдидаги жавобгарлигимдан қутулдим. Зеро, бизда бутун дунё билан тўқнашадиган диннинг бўлиши мумкин эмас», деди. Ушбу чақириққа жавобан расмийлар дарҳол Азҳар ўқув дастурларини қайта ишлашга киришишди. Азҳари шариф вакили Аббос Шумон бу тўғрида бундай деди: «Дарҳақиқат, Азҳар шайхлари Азҳарнинг васатийликка (ўртачаликка) асосланган манҳажига зид келувчи фикр ва қарашларнинг пайдо бўлиши сабабли Умматнинг нақадар хатарли босқични бошдан кечираётганини ҳис қилмоқдалар. Шунинг учун Азҳарнинг таълим программасини реформа қилиш ташаббусини кўтариб чиқдилар. Айни шу сабабли, ўз маъносидан бошқача тушунилиши мумкин бўлган текстлар ўчириб ташланди». Аббос Шумон аср билан ҳамқадам юриш ва экстремистик фикрларга қарши курашиш учун Азҳар томонидан ҳар уч йилда бир ўқув дастурлари ўзгартириб турилишини қўшимча қилди. У

«أُمِرْتُ أَنْ أُقَاتِلَ النَّاسَ حَتَّى يَشْهَدُوا أَنْ لاَ إَلَهَ إِلاَّ اللهُ»

«Одамлар Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, дея гувоҳлик бергунларига қадар, уларга қарши уришишга буюрилдим», каби ҳадислар нотўғри тушунилаётгани боис дастурдан олиб ташланганини таъкидлади. У шунингдек, баъзилар бундай ҳадисларни нотўғри тафсир қилаётганини, шу сабабдан ўз маъносидан бошқача тушунилиши мумкин бўлган ҳар бир текст ўчириб ташланганини, ўрнига «ер юзида фасод тарқатиш», «терроризм», «боғийлик» ва «ҳукмдорга қарши чиқишнинг ҳукми» билан боғлиқ сўзлар қўйилганини айтиб ўтди.

Азҳарнинг «Ишонч» қўмитаси ҳам диний таълим программаларини қайта кўриб чиқиб, айрим жумлаларни программадан олиб ташлади. Масалан, мана бу жумлани олиб ташлади: «Бугунги кунда Исроилнинг Фаластин халқига қарши содир этаётган қилмишлари терроризм ва экстремизмнинг энг чўққиси ҳисобланади. Ахир, бутун халқни ўз юртларидан қувиб чиқариб, қочқинга айлантиришни, юртлари ва уй-жойларини вайрон этиб, зўравонлик билан ҳужум қилишни нима деб аташ мумкин?!». Қўмита ўзининг бу ишини оқлаш учун бу жумлалар «Ўрта мактаб ўқувчиларининг ёшига муносиб эмас. Чунки бу каби иборалар болаларнинг ҳис-туйғуларига тўғри келмайдиган шафқатсиз иборалардир», дея билдирди.

Бундан ташқари, хутбаларни бир хиллаштириш, золимларни дуойи бад қилишни жиноят санаш, оғзаки айтилган талоққа қарши курашиш, жума намозини фақат муайян масжидларга чеклаш, ҳатто таровиҳ намозлари учун алоҳида масжид ва имомлар тайинлаш, эътикоф учун фақат мингта масжидни очиб қўйиш, бунга қарши чиққанларни эса, ишдан четлатиш, каби масалалар кўриб чиқилмоқда.

Динни илмонийлаштиришга бўлган очиқ чақириқ:

Ҳозирги кунда Азҳар Ислом фикрларини ўзгартиришга ҳаракат қилмоқда, Халифалик давлатини барпо этиш ва ҳокимиятни олиш учун даъват қилаётган исломий ҳаракатларга эса, қарши курашмоқда. У Ислом фикрларининг ўрнига исломий ва диний билимларни сиёсатдан узоқ ҳолда ривожлантиришга қаратилган ўзининг программасини жорий қилишни хоҳламоқда. Шубҳасиз, бу – давлатни илмонийлаштиришга қўшимча, Исломни ҳам илмонийлаштиришга бўлган чақириқдир.

Биз собиқ муфти Али Жуманинг армияга мурожаат қилиб, «уларнинг диний даъволаридан қўрқманглар. Чунки дин сизлар билан, Аллоҳ сизлар билан, Унинг Росули сизлар билан ва мўминлар сизлар билан. Булардан сўнг халқ сизларга ёрдамчидир», дея уни тинч намойишчиларни ўлдиришга чақирганини унутганимиз йўқ. Шунингдек,  судхўрликнинг иллати олтин ва кумуш бўлган, биз эса қоғоз пул билан муомала қиляпмиз, деган «ҳужжат» билан банк процентлари ва депозитларини ҳалол қилиб бергани ҳам ёдимизда. Ўзининг мунофиқона чиқишлари билан Миср режимининг фазовий каналларини доимий меҳмони бўлган Саъдиддин Ҳилолийнинг мана бу гапини ҳам асло унутмаймиз: «Аллоҳ икки киши, яъни Мусо ва Ҳорунни юборгани каби яна икки кишини юборди. Аммо мисрликлардан бирортаси уларни Аллоҳ Азза ва Жалланинг росулларидан, деб ўйламади. (وَمَا يَعْلَمُ جُنُودَ رَبِّكَ إلاَّ هُوَ Роббингизнинг қўшинларини фақат Унинг Ўзигина билур)… Мана, Сисий ва Муҳаммадиброҳим чиқди».

Халифаликни тарихда қолган эски мафкура, дея тарғиб қилиш:

Ҳижрий 1441 йил 2-3 жумодулаввал, милодий 2020 йил 27-28 январда Азҳарнинг «Исломий фикрни янгилаш» номли Халқаро конференцияси бўлиб ўтди. «Мисрийюл Явм» газетасига кўра, конференцияда бир баёнот-ҳужжат қабул қилинган бўлиб, газета айни баёнотни нашр қилди. Унда Азҳар уламолари «Ҳар хил фитналарни келтириб чиқариб, юртларни парчалаб ташлашга сабаб бўлаётган, Исломни мана шундай нарсаларга боғлаётган ҳамда биродарлик, тенглик ва демократик шўро қадриятларига зид келаётган ёлғон халифалик шиорларини йўқ қилиш»га қарор қилишган. Кейин айни баёнот сўнггида унда айтилган нарсаларга амал қилиш шартлигини «чунки у давлатнинг табиий принциплари ва демократия асосидаги конституциявий фуқаролик бошқаруви таянчларига чекланганини, демократия эса, тарихий халифалик мафкурасидан узоқ равишда адолат, эркинлик ва тенгликни рўёбга чиқариши»ни таъкидлашди.

Баёнотда ҳокимият-ҳукм чиқариш мавзусига ҳам тўхталди. Унда Азҳар уламолари исломий жамоаларга ҳужум қилиб, уларга «экстремизм» тамғасини ёпиштириш орқали ҳокимият сўзини ўзининг асл маъносидан бутунлай ўзгартиришди. Чунки бу жамоалар ҳукм чиқариш фақат Аллоҳники, деганда қонун чиқаришга ёлғиз Аллоҳ Субҳанаҳу ҳақли деган маънони берадилар… Яъни, конституция ва қонунлар Қуръони Карим ва Суннати шарифдан истинбот қилиниши лозим, буни эса, ижтиҳод шартлари топилган уламоларгина қила оладилар, деб айтишади. Бироқ, конференциянинг якуний баёнотида Азҳар уламолари исломий жамоаларнинг «ҳокимият Аллоҳники» деган сўзи (бошқарувда одамларга таяниб бўлмайди) деган маънони англатади, дея одамларни адаштиришга уринишди. Гўё Ислом давлати илоҳий давлатдек ёки уни фаришталар бошқарадигандек! Аслини олганда, Исломий давлат башарий давлат бўлиб, уни инсонлар бошқаради. Фақатгина, уни бошқараётганлар Аллоҳ нозил қилган аҳкомлар билан ҳукм юритадилар. Демак, бу давлатда Аллоҳ нозил қилган аҳкомлар бўлади ҳамда шу аҳкомлар билан ҳукм юритадиган инсонлар бўлади. Шу ўринда биз Азҳар шайхидан сўраймизки, сиз ўзингиз айтгандек: «Шариат қоидаларига биноан барпо этилган инсоний ҳукмронлик Аллоҳнинг ҳокимияти-ҳукм чиқаришига зид келмаса, балки Аллоҳ ҳокимиятининг бир қисми» бўлса, унда сиз мақтаган ва ҳимоя қилган шариат қоидалари асосидаги бошқарув қаерда? Аллоҳ ҳокимиятининг бир бўлаги бўлган бошқарув қаерда?

Конференция баёнотида яна бундай дейилди: «Халифалик Росулуллоҳнинг саҳобалари танлаган ва уларнинг замонига мос бўлган бошқарув тузумидир. Бу тузум ўша пайтдаги дин ва дунё ишларига мос келган. Қуръонда ҳам, Суннатда ҳам муайян бир бошқарув тузумини қабул қилиш тўғрисида буйруқ келмаган. Аксинча, шариат одамлар ўртасида адолат, тенглик ва эркинликни таъминлайдиган, динидан ва миллатидан қатъий назар, фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган ва диннинг ўзгармас тамойилларига зид келмайдиган ҳар қандай бошқарув тузумини қабул қилишга рухсат берган». Бу – Аллоҳнинг дини борасида одамларни алдашдан бошқа нарса эмас.

Миср оммавий ахборот воситаларининг роли:

Ҳеч шубҳа йўқки, бу соҳада Миср режими Амирликлар билан Саудияни доғда қолдирмоқда. Бу режим ўз сиёсатини тарғиб қилиш, исломий ҳаракатларни номини қора қилиш, ҳатто оддий диндорни ҳам бадном қилиш ва жамиятда разолату фаҳш тарқатишга қаратилган фильм ва сериалларни ишлаб чиқишда узоқ йиллик тажрибага эга. Бош ролда Актёр Одил Имом ўйнаган «Террорист» ҳамда «Терроризм ва кабоб» фильмлари бунга ёрқин мисолдир. Ёки Мисрдаги суверен доиралар томонидан бу йил ишланган «Ихтиёр» номли сериални мисол қила оламиз. Бу сериалда Ибн Таймияга ҳужум қилиниб, уни оддий фуқароларни ўлдиришга фатво берган террорист қилиб кўрсатилган. Бундан ташқари, Миср газеталари ва телеканаллари ҳам имом Бухорий ва Салоҳиддин Айюбийга ҳужум қилишга журъат қилди. Ёзувчи Юсуф Зийдон теледастурларнинг бирида қўмондон Салоҳиддин Айюбийни «тарихдаги энг пасткаш кимса», деб атади. Ундан олдин «Қуръонда айтилган Масжидул Ақсо Макка яқинида жойлашган, у Қуддусдаги масжид эмас», деган эди. Телебошловчи Ислом Баҳири ўзининг теледастурларидан бирида имом Бухорийга бир неча ой давомида ҳужум қилиб, қоралади… Ниҳоят суд уни қамоққа ҳукм қилди, аммо президент афви билан озодликка чиқди. Афтидан, Сисий бундай шахснинг қамоқда қолишига чидолмаган кўринади. Чунки Баҳири ҳукумат сиёсатининг фаол тарафдорларидан биридир. Зеро, Миср ҳукумати ўз сиёсатини Американинг РАНД ташкилоти томонидан «мўътадил исломий тармоқларни яратиш» номи остида ўнлаб йил муқаддам чиқарилган ҳисобот асосида юритиб келмоқда. РАНД ҳисоботда замон билан ҳам қадам юриш учун «Исломчиларни эмас, балки Исломни тартибга солиш»га чақирилган. Ҳисоботда шунингдек, Исломнинг асослари ва таниқли Ислом уламоларига ҳужум қилиш орқали унинг инфратузилмасига ёриб киришга чақирилган. Миср режими амалга ошираётган сиёсат мана шудир. У ўзининг кўппакларига турли оммавий ахборот воситалари ёрдамида Исломга, унинг рамзларига ва исломий ҳаракатларга ҳужум қилишни буюрмоқда.

Улар айтаётган «диний хитобни янгилаш» ортида қандай мақсад бор?

Мен бу ҳужумлардан инсонлар дилларида ўрин олган шаръий аҳкомларга зарба бериш мақсад қилинганини кўрдим. Бу билан мусулмон ўзининг ўзлигини йўқотиб, яратувчисидан узоқлашади ҳамда давлат манфаатларига мос келадиган, вазият-шароитга ва сиёсатчиларнинг хоҳишларига қараб ўзгарадиган баъзи бир шаръий буйруқ-қайтариқлар билан чекланиб қолади. Охир оқибат бу ҳужум Ислом асосларига етиб боради. Натижада, ҳижоб кийиш бу шаръий нусус томонидан ўрнатилган шаръий қоида эмас, балки фазилатли бир амалга айланиб, буни бажармаган одам айбдор бўлмай қолади. Намоз ҳам шахсий ишга, Қуръон терроризмга қарши китобга айланади. Барча эски тафсирлар бекор қилиниб, замонга мос равишда Қуръонга янги тафсирлар ёзилади. Шундоқ ҳам, йўл-йўлакай қилинган намойишларда баъзи бир исломий китоблар ёқиб юборилди. Шу тарзда Исломнинг қадр-қимматини мусулмонлар қалбидан бутунлай ўчиришга уринишмоқда. Бу хусусда шайх Фаҳд Ажлон бундай дейди: «Агар шариат буйруқларига мажбурийлик туси берилмаса, қайтариқларига тақиқ қўйилмайдиган бўлса, бу йўл сизни илмонийлик дарвозасига олиб бориб қўяди. Гарчи уни лаънатлаган ва унга тупурган бўлсангиз ҳам. Илмонийлик динни давлатдан ажратишни англатади. Бошқача қилиб айтганда, одамлар риоя қилишлари лозим бўлган умумий тузумдан шариат аҳкомларини узиб ташлашни англатади. Агар шаръий аҳкомлар унга бўйсунганлар мақтовга лойиқ бўладиган, тарк қилганлар эса, жазоланмайдиган ва бирор тузум ёки ҳокимиятга алоқаси бўлмаган шахсий иш бўлиб қолса, биз илмонийликнинг марказида қолган бўламиз».

Ҳомид Абдулазиз

Total Views: 120 ,

Добавить комментарий

АҚШ Мянмага ажратиладиган иқтисодий ёрдам дастурини қайта кўриб чиқади

АҚШ Мянмага ажратиладиган иқтисодий ёрдам дастурини қайта кўриб чиқади Қўшма...

Закрыть