Американинг Лотин Америкаси давлатларига нисбатан сиёсати

Американинг Лотин Америкаси давлатларига нисбатан сиёсати

Мавзуга киришишдан олдин Лотин Америкаси ҳақида АҚШнинг собиқ бош котибаси Хиллари Клинтоннинг «Оғир танлов» номли китобида келган баъзи ҳақиқатларни кўриб чиқмоқчиман: Лотин Америкаси 36та давлат ва вилоятни ўз ичига олади. Унинг умумий аҳолиси қариб 600 миллион кишига тенг. АҚШ экспортининг 40 фоизи айни шу Лотин Америкаси давлатларига ва Канадага кетади, 21 фоизи Европа Иттифоқига, 7 фоизи Хитойга, қолгани дунёнинг бошқа минтақаларига кетади. Лотин Америкаси давлатлари иқтисоди Ҳиндистон ёки Россия иқтисодидан уч баробар катта, Хитой ёки Япония иқтисодидан унчалик кам эмас. Унинг ялпи ички маҳсулоти беш триллион доллардан юқори. Лотин Америкаси давлатларидан бирини Қўшма Штатлар билан энг узун қуруқлик чегараси боғлаб туради. Чунки Мексика билан Америка ўртасидаги чегара тахминан 2000 милга етади.

Лотин Америкаси давлатларига нисбатан АҚШнинг ташқи сиёсати:

АҚШ Лотин Америкаси давлатлари билан барқарор сиёсатга мувофиқ муомала қилади. Бу сиёсат Американинг ушбу давлатлардаги сиёсий ва иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилишга ҳамда ушбу давлатларнинг Америка ва унинг хавфсизлигига хавф солувчи таҳдид манбасига айланиб қолишини олдини олишга асосланади. Бу хавф Лотин Америкаси давлатларининг бошқа буюк давлатлар томонидан ишга солиниши орқали келадими ёки улар ички ундовдан келиб чиқиб Америкага хавф соладими, бундан қатъий назар у бунинг олдини олишга ҳаракат қилади. АҚШ бу сиёсатни қуйидаги ишлар орқали амалга оширади:

Биринчи: Халқаро кураш майдонида Лотин Америкаси давлатларини бетарафлаштириш

Бу сиёсат АҚШ президенти Жеймс Монро ташаббуси билан бошланган. У ўзининг 1823 йили берган машҳур баёнотида шундай деган эди: «Қўшма Штатлар ҳеч бир Европа давлатининг Америка қитъаси ишларига аралашишига ва унинг бирон бир қисмини босиб олишига йўл бермайди». Бу баёнот ўша пайтдаги буюк давлатларнинг Америка қитъаси ишларига аралашиш ва Испанияга ўз мустамлакаларини қайтариб олишида ёрдам бериш уринишларига қарши янграган эди.

Шу вақтдан бошлаб Америка ушбу қоидага амал қилиб келди. Ҳатто у, Лотин Америкаси давлатларининг кўпчилигини халқаро кураш майдонида бетарафлаштиришга эришди. Бу билан Европа иттифоқининг таъсири Лотин Америкасидаги айрим давлатлардагина қолди. Лекин бу таъсир халқаро кураш даражасига кўтарила олмас ва Америкага хавф туғдирмас эди. Совет Иттифоқи қулаши билан Америка манфаатлари ушбу давлатлардан келадиган хатардан бутунлай йироқ бўлиб қолди. Чунки бошқа буюк давлатларнинг бу қитъада АҚШ сиёсатига ташвиш туғдирадиган ҳамда қитъа учун ва бутун дунё учун у тайёрлаган лойиҳаларга халақит берадиган ҳарбий базаси, сиёсий фаолияти ва муҳим режаси йўқ эди.

Иккинчи: БМТга ўхшаган халқаро ташкилотлар орқали ҳукмронлик қилиш

Ушбу ҳаракатлар 1889 йили кўзга ташланди. АҚШ Америка қитъаси давлатларини бирлаштирган ҳайъатни ташкил қилишга ҳаракат қилди. Шу мақсадда, 1889 йил октябр ва 1890 йил апрел ойлари орасида Америка пойтахти Вашингтонда биринчи халқаро конференция ўтказилди. АҚШ таклифи билан қитъанинг 18та давлати иштирок этган ушбу конференцияда савдога оид маълумотлар тарқатилишини яхши йўлга қўйиш учун «Америка республикалари халқаро иттифоқи» бюроси таъсис этилди. Кейинчалик бу иттифоқ «Америка давлатлари иттифоқи»га (PanAmericanUnion) ўзгартирилди. Кейин Колумбия пойтахти Боготода ўтказилган йиғинда бу ном «Тўққизинчи умум Америка иттифоқи»га алмаштирилди. Ташкилот устави 1951 йил декабрда кучга кирди. 1970 йил февралда ташкилот «Америка давлатлари ташкилоти бош котибияти» OAS номини олди.

Америка тузган ва у назорат қиладиган ушбу ташкилот Лотин Америкаси давлатларига таъсир ўтказиб, уларнинг устидан ҳукмронлик қилишда ҳамда бу давлатлар сиёсатини АҚШ сиёсатига мувофиқ тартибга келтиришда таъсирли қуролга айланди. Америка Лотин Америкаси давлатларига янада кучлироқ таъсир ўтказиш ҳамда уларни ўз таъсири доирасидан чиқармаслик учун бу ташкилотга қўшимча яна бошқа бир қуролни яратди. Бу қурол «Икки Америка (икки қитъа) саммити» дея номланди. Билл Клинтон 1994 йили ҳар икки қитъадаги давлатларни Маямада олий даражадаги биринчи учрашув (саммит)ни ўтказишга чақирди. У икки қитъадаги Кубадан ташқари барча давлатларни саммитда иштирок этишга таклиф қилди. Таклиф қилинган барча давлатлар иштирокида саммит бўлиб ўтди. Кейин, икки қитъага алоқадор сиёсий ва иқтисодий масалаларни муҳокама қилиш учун ушбу саммитни ҳар тўрт йилда бир мунтазам ўтказиб туришга келишиб олинди. Бу билан Қўшма Штатлар Лотин Америкаси давлатларига таъсир ўтказишнинг қўшимча кучли қуролини яратишга муваффақ бўлди. Бу қурол икки қитъанинг олий даражадаги учрашуви ва унда қабул қилинадиган қарорлардир.

Учинчи: Ҳарбий инқилоблар

Қўшма Штатлар Лотин Америкасининг кўплаб давлатларида ўзига содиқ ҳукмдорларни ҳокимиятга олиб келиш учун шу сиёсатни қўллади. Айниқса, Совет Иттифоқи етакчилигидаги шарқий лагерга қарши курашган пайтида айни шу сиёсатдан фойдаланди. Масалан у, 1976 йили социалистик йўналишда бўлган Аргентина президенти Исабель Перонга қарши ҳарбий инқилобни қўллаб-қувватлади. Бу инқилоб Қўшма Штатлар иттифоқчиси генерал Хорхе Рафаэль Видела етакчилигида бўлган эди. 1983 йилга қадар давом этган ушбу инқилоб тахминан 30 минг кишининг ёстиғини қуритди. Бу давр «жирканч уруш» номи билан танилди. АҚШ президенти Жонсон ҳам 1963 йили Бразилиядаги президент Жуан Гулартга қарши инқилобни қўллаб-қувватлади. Ўша пайтда Қўшма Штатлар Бразилия армияси бош штаб бошлиғи Умберту Кастелу Бранку билан иттифоқ тузган эди. Қўшма Штатларнинг ўша пайтдаги элчиси Линкольн Гордонга кўра, Умберту Кастелу Бранку Бразилия «олтмишинчи йиллардаги Хитой»га айланиб қолмаслиги учун президент Жуан Гулартни қулатди.

Шунингдек, Қўшма Штатлар Панамадаги АҚШ армиясига қарашли коллежда ўқиган Мануэль Норьегани ёллаб, миллий гвардия қўмондони Омар Торрихосни қулатишда унга таянди. Мамлакатнинг амалдаги ҳокими бўлган Омар Торрихос АҚШ армиясини Панамадан чиқариб юборишга ва сув канали назоратини Панаманинг ўзига қайтаришга ҳаракат қилган эди. 1971 йил 7 сентябрда Вашингтонда имзоланган Торрихос-Картер шартномасига кўра, Панама канални бошқариш ҳуқуқини қўлга киритиши ҳамда 1999 йилга келиб АҚШ армияси тўлиқ чиқиб кетиши керак эди. Бу шартнома Вашингтонни ғазабга келтирди ва Вашингтон Торрихосдан халос бўлиш учун Норьегани ишга солди. Норьега 1981 йили Торрихос минган учоқни портлатиш орқали унга суиқасд қилишга муваффақ бўлди. Кейин у 1990 йилга қадар ҳокимиятни эгаллаб келди. Чилида ҳам 1973 йили Қўшма Штатлар иттифоқчиси армия қўмондони Аугусто Пиночет президент саройини қуршовга олиб, президент Сальвадор Альендени ўлдирди. Қўшма Штатлар ушбу давлатларни ўз таъсири доирасидан чиқариб юбормаслик учун баъзи пайтларда яхши хизмат қилмаган, иш тизгинини ушлашга қодир бўлмаган иттифоқчиларидан юз ўгиради. У уларни аро йўлда қолдиради ҳамда маҳаллий ва халқаро маҳкама ўлжасига айлантиради. Масалан, Мануэль Норьегага нисбатан шундай қилган. Катта Буш даврида амалга оширилган ҳарбий операцияда у ҳибсга олинди ва гиёҳванд моддалар савдосида айбланиб, йигирма йил муддатга қамоққа ташланди, кейин Францияга топшириб юборилди. Рафаэль Виделага нисбатан ҳам шундай қилинди ва у 2013 йили Аргентинада қамоқхонада вафот этди. 2003 йили Мануэль Селайя ҳам Гаитидаги саройидан ҳибсга олинди ва Жанубий Африкага сургун қилинди. Аугусто Пиночет ҳам Лондонда қамоққа олинишига ташлаб қўйилди, кейин унга Чилида ҳукм чиқарилиб, 2006 йили вафот этгунига қадар уй қамоғида сақланди.

Америка ҳарбий инқилобларни амалга ошириш сиёсатини бугунги кунда ҳам қўллашда давом этиб келмоқда. У 2009 йили Гондурасда президент Мануэль Селайяга қарши инқилобни қўллаб-қувватлади. Мануэль Селайя тунги ётоқ кийимида ҳибсга олиниб, Коста-Рикага сургун қилинди. Бу Лотин Америкаси давлатлари нафратини шу даражада қўзғадики, ҳатто иш Гондурасни Америка давлатлари ташкилотидан чиқаришгача етиб борди. Лекин Қўшма Штатлар уларнинг ғазабини сўндиришга ва ўз мақсадига етишга эришди. Мақсад, унинг сиёсатига қарши чиқувчи Селайяни четлатиб, иттифоқчиси Порфирио Лобони оқилона йўл билан олиб келиш эди. Қўшма Штатлар Селайяни Гондурасга қайтариш ва сайловларгача юртни бошқарадиган миллий бирлик ҳукуматини тузиш устидаги келишувга раҳбарлик қилди. Кейин, Гондурас конгресси томонидан кўпчилик овоз билан Селайянинг ҳокимиятга қайтиши рад этилишини уюштирди. Мана шу пайтда Селайя ўйинда ютқазганини тушунди ва Гондурасни тарк этиб Доминиканга чиқиб кетди. Кейин сайловлар бўлди ва сайловда Қўшма Штатлар иттифоқчиси, Селайянинг собиқ рақиби Порфирио Лобо ғолиб бўлиб, президентлик мансабини эгаллади. Мана шундан кейин Қўшма Штатлар Гондурасни Америка давлатлари ташкилотига қайтарди.

Америка айни шу кунларда ҳам Венесуэлада армиядаги айрим зобит ва генераллар ёрдамида президент Николас Мадурога қарши исён кўтарган парламент спикери Хуан Гуайдони қўллаб-қувватламоқда. Венесуэла мавзуси тафсилотига киришган киши биладики, 2019 йил 23 январда Хуан Гуайдо ўзини мамлакатнинг муваққат президенти деб эълон қилиши биланоқ, уни биринчилардан бўлиб АҚШ президенти тан олди. Гуайдонинг эълонидан бир неча дақиқа ўтганидан кейин АҚШ президенти уни тан олгани ҳақида ўзининг твиттер саҳифасида ёзди ва дунёнинг бошқа давлатларини ҳам ўзига эргашишга чақирди. Кейин, Қўшма Штатлар президент Мадурони қулатиш учун бевосита аралашишга ўтди. Мадуро армияга мурожаат қилди ва армия уни қўллаб-қувватлади. Американинг босими кучли ва тил бириктируви катта бўлишига қарамай, ҳозирги лаҳзагача армия унинг қулатилишини олдини олиб келмоқда. АҚШ тил бириктирувларига қуйидагиларни мисол қилиш мумкин:

– АҚШ президенти Доналд Трамп Венесуэла армиясидан президент Мадурони қўллаб-қувватлашдан бош тортишни бевосита талаб қилди. Унга қарши мудофаа вазири Владимир Падрино шундай баёнот берди: «Ҳокимиятни эгаллашни истаганлар аввало ҳарбийлар жасадлари устидан ўтишлари керак бўлади. Агар улар бизга шантаж қилишни исташса, майли шантаж қилишсин ва агар санкция жорий қилишни исташса, майли жорий қилишсин. Лекин биз ватанни ҳимоя қилишда давом этамиз». Шунингдек, у президент Доналд Трампнинг гапларини «мутакаббирларча айтилган номақбул ва маъносиз» деб атади ва президент Мадурони қўллаб-қувватлашни тўхтатиш талабини рад этди.

– АҚШ президенти Венесуэлага ҳарбий аралашув билан таҳдид қилди. Доналд Трамп Венесуэлага ҳарбий кучларни юбориш вариантлардан бири эканини ҳамда президент Мадуронинг у билан учрашиш талабини рад этганини билдирди.

– Америка Венесуэланинг PDVASA давлат нефт компаниясига санкция жорий қилди, унинг 7 миллиард доллар қийматидаги активларини музлатди ва бу компания билан алоқа қилишни тақиқлади. Бу билан қашшоқликдан ва сунъий келтириб чиқарилган инфиляциядан азият чекиб келаётган мамлакатда иқтисодий кризисни кучайтирди.

– Американинг миллий хавфсизлик маслаҳатчиси Жон Болтон ўзининг твиттер саҳифасида билдиришича, Венесуэланинг БМТдаги ҳарбий атташеси полковник Педро Чиринос Хуан Гуайдони Венесуэланинг муваққат президенти деб расман тан олган.

– Собиқ ҳарбий разведка раҳбари Уго Карвахал Нью-Йорк Таймсга берган интервьюсида Америка кўрсатмаси билан Венесуэла генералларини Мадурога садоқат кўрсатмасликка ва унга исён қилишга чақирди. Ушбу нозик мансабни ўн йил давомида эгаллаб келиб, 2012 йили нафақага чиққан Карвахал Мадуродан воз кечганини эълон қилди ва уни диктатор деб атади.

– Америка ўзининг иттифоқчиси Хуан Гуайдони қўллаб-қувватлаш учун Венесуэлага куч билан инсонпарварлик ёрдамларини олиб киришга уринди. Бу ёрдамлар киритилишини Қўшма Штатлар кўрсатмаси билан Хуан Гуайдо талаб қилган эди. Бундан мақсад тартибсизликни ҳамда халқ билан ҳарбийлар ўртасида қонли қарама-қаршиликни келтириб чиқариш эди. Ўз навбатида, армия ҳам ёрдамлар киритилишига тўсқинлик қилишга ва намойишларни куч билан бостиришга ҳаракат қилди. Американинг истаги ҳам шу эди. Чунки бу ҳолат Николасни қулатиш учун фуқароларни ҳимоя қилиш баҳонасида ҳарбий аралашувни амалга ошириш имконини беради. Лекин Николас чегарани назорат қилишга муваффақ бўлди. У Кариб денгизидаги Голландияга тегишли Ураба, Кюрасао ва Бонайре ороллари билан бўлган чегарани ёпиб қўйди. Кейин Бразилия ва Колумбия билан бўлган чегарани ҳам ёпди. Шунингдек, у бир неча одамнинг ўлим топишига ва яраланишига сабаб бўлган тартибсизликларни назорат қилишга ҳам муваффақ бўлди.

– Америка Николасга қарши халқаро босимларга етакчилик қилмоқда. Бу босимлардан мақсад Николас Мадурони истеъфога чиқишга ҳамда ҳокимиятни вақтинча Гуайдога топширишга мажбур қилишдир. Бу режага мувофиқ, Гуайдо муваққат президентга айланганидан кейин мамлакатда президентлик ва парламент сайловларини ташкиллаштиради. Мадурога қарши халқаро босимлар, Европа Иттифоқи қўллови ҳамда Хитой ва Россиянинг ожизларча қўллаб-қувватлаши манзарасида Американинг уни четлатишга муваффақ бўлиши кутилмоқда. Лотин Америкасидаги аксар давлатлар, айниқса Венесуэлага чегарадош давлатлар, шу жумладан Америка таъсири остида бўлган Колумбия ҳам бунга рози бўлади.

Тўртинчи: Тартибсизлик ва муаммоларни келтириб чиқариш ҳамда қуролли гуруҳларни қўллаб-қувватлаш

Америка бу сиёсатни Лотин Америкаси давлатларининг аксарида қўллади. У шарқий лагерга қарши курашган даврида ҳам, шарқий лагер қулаганидан кейин ҳам шу сиёсатга таяниб келмоқда. Бу сиёсатдан мақсад ушбу давлатлардаги одамлар турмушини беқарорлаштириш ва бу давлатларни ўз хавфсизлигини сақлашда Америкага муҳтож бўладиган омадсиз давлатларга айлантиришдир. Шунингдек, ушбу давлатларнинг башарий ва табиий ресурслардан самарали йўлда фойдаланишларига йўл бермасликдир. Чунки ресурслардан самарали йўлда фойдаланиш ушбу давлатларда сиёсий ва иқтисодий соҳада ҳеч бўлмаганда Америка қитъасининг ўзида бўлса ҳам Америка билан рақобатлашишга мойилликни пайдо қилади. Бу сиёсатга Никарагуадаги «Эрон-Контра можароси»ни ҳамда Гватемала, Колумбия, Гаити, Чили, Боливия, Эквадор ва Лотин америкасидаги бошқа давлатларда юз берган воқеаларни, шунингдек айни пайтда Гондурас ва Мексикада юз бераётган воқеларни мисол қилиш мумкин. Бу сиёсат юз минглаб бегуноҳ кишиларнинг ўлим топишига, миллионлаб кишиларнинг ўз юртидан кўчиб кетишига ва ушбу давлатларнинг вайрон бўлишига олиб келди. Масалан, Гватемалада ушбу сиёсат ўтган аср давомида 200 минг кишининг ўлим топишига сабаб бўлди. Гондурасда ўтган йили ушбу сиёсат туфайли аҳолининг оммавий кўчиб кетиши юз берди. Оммавий ахборот воситалари бу ҳолатни «бутун бир халқнинг оммавий кўчиши» деб атади. Гаитида бу сиёсат очарчиликка, 80 фоиз аҳолининг қашшоқлашишига ва юз минглаб кишининг бошпанасиз қолишига сабаб бўлди.

Бешинчи: Американинг нуфузи ва ҳукмронлигига қарши чиққан давлатларга санкция ва қамал жорий қилиш сиёсати

Америка ўз сиёсатига қарши чиққан ҳар қандай давлатга жазолаш услубини қўллайди. У ўз сиёсатига қарши чиққан давлатга босим ўтказади ва иқтисодий санкциялар жорий қилади. Бу санкциялар ушбу давлатларни, уларнинг халқини қийин аҳволга солиб қўяди ва қашшоқлаштиради. Бундан икки мақсад кўзланади: Биринчи: Халқларнинг ўз ҳукмдорларига қарши қўзғолон қилиши, кейин АҚШ сиёсатига монанд қадам ташлайдиган ва унга бўйсунадиган ҳокимларнинг ҳокимиятга келиши. Иккинчи: Ушбу давлатлар ҳукмдорларининг таслим бўлиб, АҚШ сиёсатига мувофиқ иш тутишга рози бўлиши. Масалан, олдин Кубага нисбатан шу сиёсат қўлланган бўлса, айни пайтда Венесуэлага нисбатан қўлланмоқда. Шундай қилиб, Америка сиёсатига қарши чиқишга бирортаси журъат қила олмайдиган бўлиб қолиши учун, у ўз сиёсатига қарши чиққан давлатларга қарши шу сиёсатни қўллайди.

Олтинчи: қуйидаги турли номлар остида ушбу давлатларнинг ички ишларига аралашади

«Гиёҳванд моддалар ва қуролли гуруҳларга қарши курашишда ёрдам кўрсатиш:

Бунга Бил Клинтон президентлиги даврида ишлаб чиқилган «Колумбия режаси»ни мисол қилиш мумкин. Бу режа «Колумбиядаги демократик режимни қуролли гуруҳлар ва гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланувчилардан ҳимоя қилиш» номи остида ҳар икки партия томонидан қўлловга эришди. Бу соҳада Колумбия президенти Пастрана қўллаб-қувватланди ва гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланувчи тўдалар ҳамда Фарк номи билан танилган сўлчи исёнчи гуруҳларга қарши курашишда ёрдам кўрсатиш учун унга тахминан миллиард доллар берилди. Кичик Буш президентлиги даврида бу режа Пастрананинг вориси Альваро Урибе билан биргаликда кенгайтирилди. Кейин бу ҳолат Барак Обама президентлиги даврида ҳам шундай давом этди. Бундан мақсад Колумбиядан Қўшма Штатлар сиёсатини қўллаб-қувватлашни талаб қилиш эди. Хиллари Клинтоннинг президент Урибе билан учрашган пайтида айтган гапи шуни кўрсатмоқда. У шундай деган эди: «Биз Колумбия ва Американинг БМТ хавфсизлик кенгашида халқаро масалалар устида ҳамкорликда қандай ишлаши мумкинлиги ҳамда савдо алоқаларини кенгайтириш йўллари ҳақида суҳбатлашишга вақт ажратдик». Америкада таҳсил олган Хуан Мануэлнинг ҳокимиятга келиши билан икки мамлакат ўртасида савдо алоқалари янада кенгайди.

Кичик Буш президентлиги даврида у билан Мексика президенти ўртасида имзоланган «Миради режаси»ни ҳам бунга мисол қилиш мумкин. Бу режага мувофиқ Қўшма Штатлар гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланувчи тўдаларга қарши курашиш учун Мексикага молиявий ва ҳарбий ёрдам кўрсатиш мажбуриятини олди. Чунки Мексика Америкага гиёҳванд моддаларнинг кириб келишида асосий йўлак ҳисобланар эди. Албатта булар қуруқ баҳоналардир. Аслида эса, Америка бу давлатларга ёрдам кўрсатиш орқали уларга нисбатан содир этаётган жиноятларини ва уларнинг ишларига аралашаётганини яширади ҳамда уларни ўз таъсири доирасида ҳаракат қилишга мажбур қилади.

Обама президентлиги даврида давлат котибаси бўлган Хиллари Клинтоннинг баёноти ушбу ҳақиқатларни очиқ кўрсатиб беради. У «гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланувчи тўдалар ишлатаётган қуролларнинг 90 фоизи Қўшма Штатларда ишлаб чиқилган» деб баёнот берган эди. Мексика президенти Фелипе Кальдероннинг Хиллари Клинтон билан учрашган пайтида айтган гаплари ҳам буни очиқ кўрсатиб беради. У шундай деган эди: Бу тўдаларга чегарада қуроллар сотилишига сизлар қаршилик қилмаётган бир пайтда, мен гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланувчи, яхши қуролланган тўдаларга қандай чек қўя олишим мумкин?! Сизларнинг айрим штатларингизда марихуана (наша) истеъмоли қонунийлаштирилган бир пайтда, мен қандай гиёҳванд моддалар савдосига чек қўя олишим мумкин?! Менинг фуқароларим, полиция ходимлари ва солдатлар бундай шароитда нега ўз ҳаётини таҳликага қўйиши керак?!

Собиқ давлат котиби Рекс Тиллерсон ва собиқ ички хавфсизлик вазири Жон Келлининг ташрифи ортидан Мексика ички ишлар вазири Мигель Анхель Осорионинг Мексика радиосига берган интервьюси Американинг нақадар худбин эканлигини ифодалайди. У «Мексика бунга ўхшаган шартномалар имзоланишидан олдин кучли давлат эди, менинг юртим Американинг молиявий ёрдамларига муҳтож эмас», деган эди. У буни АҚШ президенти Доналд Трампнинг ўша пайтда чиқарган қарорларига қарши раддия сифатида айтганди. Чунки Трамп ўтган беш йил давомида Қўшма Штатлар ўзининг жанубий қўшнисига қанча молиявий ёрдам кўрсатганлиги ҳақида ҳисобот тайёрлашга буйруқ берган эди. Шунингдек, у ўша пайтда ноқонуний иммиграцияни олдини олиш учун Мексика-Америка чегарасига девор қуриш лозимлиги ҳақида бир неча бор гапирди.

Сайлов орқали ҳокимиятга келган демократик режимни ҳимоя қилиш:

Гаитида 1990 йили сайланган президент Жан Аристидга қарши инқилоб қилган инқилобчиларга қарши АҚШ етакчилигида ҳарбий инқилоб амалга оширилди. Қулатилган президент Аристид 1994 йили қайта ҳокимиятга келгунига қадар Америкада яшади. У «демократлаштириш» дея номланган амалиёт пайтида АҚШ ҳарбийлари ҳимоясида бўлди. Асл мақсад, Америка даъво қилганидек демократияни ҳимоя қилиш эмас, балки Франциянинг ушбу минтақадаги нуфузини тугатиш эди. «Кариб денгизи гавҳари» дея номланган ушбу минтақа мустамлакачиларнинг кирдикорлари туфайли жаҳаннамга айланди. Маълумки, Америка Чилида президент Сальвадор Альендега қарши инқилобни қўллаб-қувватлаган. Ҳолбуки, у сайлов орқали ҳокимиятга келган эди. Лекин у социалист бўлиб, Американинг Лотин Америкаси давлатлари устидан ҳукмронлик қилишига қарши чиққанди. Шунинг учун Америка 1973 йили армия қўмондони генерал Аугусто Пиночетни унга қарши қўллаб-қувватлади. Пиночет президент саройини қуршовга олиб, Сальвадор Альендени ўлдирди ва 1990 йилга қадар президентлик мансабини эгаллаб турди. Лекин у 1998 йилга қадар армия қўмондони бўлиб қолди.

Хулоса қилиб айтганда, Америка Лотин Америкаси давлатларининг ўз маҳсулотлари учун бозор бўлиб қолишини ҳамда унинг қитъадаги ва бутун дунёдаги сиёсатини қўллаб-қувватловчи бўлишини жуда истайди. У орқа ҳовлисида (Лотин Америкасида) ўйин қилишга ҳамда уни Қўшма Штатларнинг қитъадаги ва бутун дунёдаги сиёсатига муаммо туғдирувчи майдонга айлантиришга уринувчилар йўлига тўсиқ қўйиш учун бор кучини сарфлайди. Шунингдек, у бу давлатларни, хусусан унинг Лотин Америкаси давлатларидаги сиёсатига рақобатчи бўлиши мумкин бўлган ҳамда бунинг учун керакли ресурсларга эга бўлган Бразилияга ўхшаган давлатларни ўзининг таъсири доирасида бўлган давлатга айлантиришга ҳаракат қилади. У бунинг учун биз мавзу давомида айтиб ўтган услуб ва режаларни ишга солади. Бундан ташқари, у халқаро ташкилотлардан фойдаланади. Бундай ташкилотларнинг асосийси Америка давлатлари ташкилотидир. Биз Барак Обама президентлиги даврида давлат котибаси бўлган Хиллари Клинтоннинг «Оғир танлов» дея номланган китобида келган маълумотлардан фойдаланиб – гарчи Хиллари Клинтон бунда баъзи нарсаларни яширишга уринган бўлса-да – Американинг ушбу ташкилотларни қўллашда қандай жирканч ишларни амалга оширганини фош қиламиз.

АҚШ давлат котибаси Хиллари Клинтон кунларнинг бирида Америка давлатлари ташкилотининг йиллик йиғинида иштирок этиш учун Гондурасга ташриф буюради. Анъанага кўра, ҳар йили қитъа давлатларидан бири йиғин иштирокчиларини қабул қилиб олар эди. Бу сафар иштирокчиларни қабул қилиш навбати Гондурасга келган эди. Гондураснинг майдони Миссисипи штати майдонига тенг бўлиб, унинг аҳолиси қарийб 8 миллиондир. Лотин Америкасидаги бошқа давлатларга таққослаганда, Гондураснинг аксар аҳолиси қашшоқликда кун кечиради.

Ушбу саммитда Лотин Америкасининг айрим давлатлари Кубадан санкцияларни олиб ташлаш ва 1962 йилги қарорни бекор қилиб уни ташкилот аъзолигига қайтаришни овозга қўймоқчи бўлишди. Техник жиҳатдан ташкилот аъзоларининг учдан иккиси Кубани ташкилот аъзолигига қайтаришни қўллаб овоз берса, у яна ташкилотга қайтиши мумкинлигини Америка тушуниб етди. Лотин Америкаси давлатларининг кўпчилиги Кубанинг аъзолигини тўхтатишга зарурат йўқ, уни ташкилотга ва халқаро оилага қайтариш лозим деб ҳисоблар эди. Улар Кубага иқтисодий қамал ва сиёсий изоляция жорий қилинганида унга хайрихоҳ бўлишганди. Америка эса, буни истамасди ва уни жазоламоқчи ҳам эмас эди. Чунки Обама президентликка келишидан олдин янги бошланишни (ҳаммасини янгидан бошлашни) ваъда қилганди. Ҳақиқатан ҳам икки мамлакат ўртасида почта алоқалари ва иммиграция амалиётида ҳамкорлик қилиш қайта тикланди. Обама «совуқ уруш» ҳақидаги фойдасиз тортишувлар тўхтатилиши кераклигини очиқ билдирди ва бу саммитдан олдин бўлган эди. Лекин Хиллари Клинтоннинг «оғир танлов» номли китобида билдиришича, бундай қарорнинг айни шу вақтда ва айни шу йўсинда чиқарилиши АҚШ режасининг муваффақиятсизликка учрашига олиб келади. Чунки Америка бунинг бир неча босқичда, ён беришлар эвазига амалга ошишини ва бу масалада ҳал қилувчи сўз ўзиники бўлишини, шунингдек ички ва халқаро сиёсий саҳнада кўпроқ фойдани қўлга кирита олиши учун бу иш муносиб вақтда амалга ошишини истарди. Бундан ташқари, у ўзи қарши чиқиб турган бир пайтда ташкилот томонидан бундай қарорнинг чиқарилишига йўл бермаслик лозим, деб биларди. Чунки бу келажакда Лотин Америкаси давлатлари учун АҚШ таъсири доирасидан халос бўлиш имкониятини пайдо қилиши мумкин эди. Шунга кўра, Америка ўзининг олдида икки вариант борлигини билди:

Биринчи вариант: Бошқа давлатлар Кубани ташкилотга қайтишига рози бўлиб турган бир пайтда, Американинг буни рад этиши. Агар у буни рад этадиган бўлса ёлғизланиб ажралиб қолади ва қарор ижросини ман қила олмайди. Иккинчи вариант: Кубанинг ташкилотга қайтишига рози бўлиши. Агар бунга рози бўлса ташкилот қарорига бўйсуниб, таҳқирланган бўлиб қолади. Қолаверса, ака-ука Кастролар ҳам саммитда иштирок этиб, ўзлари учун ташкилотга қўшилиш ёки қўшилмасликнинг фарқи йўқлигини билдиришди. Шу боис, Америка бу икки вариантдан қутулиш учун ҳийла излади. Бу ҳийла Хиллари Клинтоннинг ушбу сўзларида ўз ифодасини топди: «Биз Куба ташкилотга қайтадиган кунни орзиқиб кутяпмиз. Бироқ, ташкилотга аъзо бўлиш масъулиятларга ҳамроҳ бўлиши керак. Биз демократик меъёрларни, тўғри бошқарувни қўллаб-қувватлаш учун бир-биримизни қўллаб-қувватлашимиз лозим. Чунки қитъамизни демократик меъёрлар ва тўғри бошқарув ривожлантиради. Масала ўтмишга эмас, келажакка боғлиқдир. Ташкилот аъзолари ташкилотнинг асосий принципларига содиқ бўлиши лозим». Олдин, Кубанинг марксизм-ленинизмни маҳкам ушлагани ва шарқий лагер билан бир сафда бўлгани уни ташкилотдан чиқаришга баҳона бўлган эди. Энди эса, бу ўтмишда қолиб кетди, шунинг учун Америка бошқа баҳона топиши керак бўлиб қолди.

Хиллари Клинтоннинг Лотин Америкаси ишлари бўйича маслаҳатчиси, ғарбий ярим шар ишлари бўйича ёрдамчиси Томас Шеннон ёрдами билан янги баҳона топилди. Томас Шеннон давлат департаментидаги катта зобит бўлиб, бешта президент маъмурияти даврида ишлаган ва Кондализа Райс билан бирга Лотин Америкаси ишларини бошқарган. Бундан кўриниб турибдики, Қўшма Штатлар Лотин Америкаси давлатлари ишларига жиддий эътибор билан қарайди. Топилган ушбу янги баҳона инсон ҳуқуқлари бузилишига эътибор қаратишдир. Чунки инсон ҳуқуқларининг бузилиши ташкилот уставига зиддир. Бу билан Америка ўз одатига кўра учинчи вариантни ёки ўртача ечимни белгилади. Бу вариантга кўра, Куба ташкилотга қайтишини илтимос қилиб, демократик ислоҳотлар ўтказишга ваъда берсагина ташкилотга яна қайта аъзо бўлади. Хиллари Клинтон ва унинг ёрдамчиси Лотин Америкасидаги ўзлари таъсир ўтказа оладиган Чилига ўхшаган давлатларни бунга кўндиришди. Обама Бразилия президенти Луис Инасиу Лула билан учрашиб, ундан демократияни ҳимоя қилиш учун ушбу ечимни қўллаб-қувватлашини талаб қилди. Лотин Америкасидаги кўпчилик давлатлар Американинг ушбу ҳийласига алданишди ва муаммо шу билан ечилади деб ўйлашди. Улар шуни тушуниб етишмадики, Америка ўзининг бу режаси Кубани ғазабга келтиришини била туриб, шу режани танлади. Яъни, Куба ғазабга келиб, уни рад этади ва бу билан муаммонинг ҳал бўлишига АҚШ эмас, Куба қарши чиққан бўлади.

Айни пайтда, ушбу режа Венесуэла ва Никарагуани ташкилотдан чиқиб кетиш билан таҳдид қилиб, Американи ноқулай аҳволга солиб қўйиш имкониятидан маҳрум қилди.

Шундай қилиб, Америка мақсадига етди ва Америка давлатлари ташкилотини олдин қандай бўлган бўлса шундайлигича сақлаб қолди. Яъни у олдингидай бу ташкилот орқали ўз сиёсатини юргизаверадиган бўлиб қолди. Америка бир томонда, Лотин Америкаси давлатлари иккинчи томонда бўлиб қолиши ҳам мумкин эди. Лекин Америка бундай бўлишига йўл бермади. Бу билан Америка ва Лотин Америкасининг кўпчилик давлатлари бир томонда, Венесуэла, Гондурас ва Бразилия иккинчи томонда бўлиб қолди. Чунки Америка, Кубанинг ташкилотга қайта аъзо бўла олмаслигига, унинг ўзини сабабчи қилиб кўрсата олди. Бу билан Лотин Америкаси давлатлари Кубани ташкилот аъзолигига қайтариш мавзусини кўтариб, Америкага босим қилиш имкониятидан маҳрум бўлишди.

Америка фақат ўз манфаатини сақлаб қолиш учунгина, дунё давлатлари билан ва уларнинг халқлари қисмати билан шундай ўйин қилади. У ўз манфаатини сақлаб қолиш учун қон тўкишга, гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланувчи тўдаларни қўллаб-қувватлашга, қуролли можароларни келтириб чиқаришга, халқларни қашшоқлаштириб тартибсизлик ва вайронагарчиликни келтириб чиқаришга доим тайёр туради… Капиталистик низомга раҳбарлик қилаётган Америка ушбу низомни қабул қилган жиноятчи ҳукуматлар ёрдамида бундай ёвузликларни давом эттираверар экан, Лотин Америкаси давлатлари бу фалокатлардан қутула олмайди… Лотин Америкаси давлатлари ва бутун башарият Исломий Халифалик давлати тикланиши билангина бу фалокатлардан халос бўлади. Чунки бутун башариятни Американинг ёвузликларидан фақат Халифалик қутқаради. Вайронагарчиликларни келтириб чиқараётган капиталистик низомдан бутун дунёни фақат Халифалик халос этади. Халифалик бутун башариятни куфрдан, жаҳолатдан, зулмдан, қашшоқликдан ва танг-бахтсиз ҳаётдан қутқаради. Аллоҳ Таоло айтади:

قَالَ اهْبِطَا مِنْهَا جَمِيعًا ۖ بَعْضُكُمْ لِبَعْضٍ عَدُوٌّ ۖ فَإِمَّا يَأْتِيَنَّكُم مِّنِّي هُدًى فَمَنِ اتَّبَعَ هُدَايَ فَلَا يَضِلُّ وَلَا يَشْقَىٰ ﴿١٢٣﴾ وَمَنْ أَعْرَضَ عَن ذِكْرِي فَإِنَّ لَهُ مَعِيشَةً ضَنكًا وَنَحْشُرُهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ أَعْمَىٰ ﴿١٢٤

«(Аллоҳ) айтди: Ундан (яъни жаннатдан) ҳар иккингиз тушингиз. Айрим (зурриётларингиз) айримларига душмандир. Бас, сизларга Мен тарафдан ҳидоят келганида ким Менинг ҳидоятимга эргашса, йўлдан озмас ва бахтсиз бўлмас. Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, бас, албатта унинг учун танг-бахтсиз ҳаёт бўлур ва Биз уни қиёмат кунида кўр ҳолда тирилтирурмиз» [Тоҳа 123-124]

Доктор Иброҳим Тамимий

Total Views: 372 ,

Добавить комментарий

Саудия Арабистони ҳукумати эрта никоҳларга тақиқлов киритди

Саудия Арабистони ҳукумати эрта никоҳларга тақиқлов киритди Саудия Арабистони ҳукумати эрта...

Закрыть